“Ўқ ҳам қўрғошиндан бўлади, жиян” – Собиқ ҳарф терувчи ва қўрғошин сири


Сақлаш
17:20 / 03.02.2026 10 0

Тоғам бизникига келган ўша куни ҳали мактабга чиқмагандим. Мен учун борлиқ уч хона ва олди очиқ айвонли чўпкори уйимиз, кўча устидаги оғзига тунука бостирилган бақай тандиримиз, тос суяклари айридек чиқиб турган оқ сигиримиз, қулоқлари шалпайган ҳайбатли итимиз, кўча бўйлаб бўй чўзган тераклар, ота-онам ва укамдан иборат эди. Бироз одамови эдим.

 

Кўчада болалар пайпоқдан ясалган тўп тепар, қизлар ҳаппак, гоҳ биргалашиб яшинмачоқ ўйнарди. Уларга камдан-кам қўшилардим. Менинг ҳам севимли машғулотим бор эди: уйимиз ёнидаги супага расм чизардим. Қўлимга чўп олиб, ота-онам, укам, уйимиз ҳамда дарахтларни чизардим, ўзимни ҳам қўшиб қўйишни унутмасдим. Мен учун бу ўхшар-ўхшамас, майишиб-қайишган тасвирлар санъат асари эди.

 

Кейин бу асар устидан бир гала тенгқурларим югуриб ўтиб кетарди, тўхтатиб қолишга журъатим йўқ. Улар баъзида билмасдан, баъзан атайлаб мени таҳқирларди. Зинҳор ота-онамга шикоят қилмасдим. Фойдаси ҳам йўқ. Кўпинча арз-додим бирор юмуш, масалан, сигирга ўт териб бериш билан барҳам топарди.

 

Шундай кунларнинг бири эди. Қуёш қишлоғимиз осмонига осилиб қолгандай қимирламас, теракларнинг учи силкинади-ю шамол сезилмасди. Мен қўлимдаги чўп билан тупроғи кўпчиган супага аллақандай расм чизардим. Бу ишга киришиб кетганимдан қаршимда турган одамни ҳам пайқамабман.

 

Бош кўтариб, қаршимда басавлат кишини кўриб, учиб тушдим. У эгар ортига каттакон ёғоч қути ортилган кулранг велосипедга суяниб, мулойим жилмайиб турарди. Қалин қошлари остидаги кўзлари самимий боқар, юзида мамнуният балқиб турарди. Оппоқ сочлари улуғворлик улашиб, устидаги катак-катак, ёқали кўйлаги хокисорлик бағишларди. Шу ҳолатни ҳозир эсласам, тоғамнинг Ҳемингвайга қуйиб қўйгандек ўхшаш бўлганлигини сезаман. Фақат қиртишланган соқолини айтмаганда. Бу албатта биринчи учрашув эмас, тоғамлигини билардим. Унинг қучоғига отилдим, ҳарна-да, ота томондан ҳам, она томондан ҳам бобо меҳрини туймаган болага, тоға ҳам бўлаверади.

 

У мени даст кўтариб бағрига босди, юзимдан ўпди. Тағин мен чизган суратга маҳлиё бўлди. Бизнинг суҳбатимизни эшитиб, уйдан ота-онам чиқиб келди. Улар ҳол сўрашаётганда тоғам келтирган “жўхори қаламчалари”дан бирини укамга беришга шошилдим.

 

Дастурхон атрофида ўтирганимизда тоғам ота-онамга мен ҳақимда, аниқроғи, келажакда рассом бўлишим мумкинлиги борасида гап очди. “Рассом” сўзини тушунмасам-да, энди ҳар ҳафта тоғам менга қоғоз олиб келишини, фақат қоғозга расм чизишимни эшитиб, рассом бўлиш ёмонмаслигини билиб олдим. У тағин таҳририятда қоғоз кўплиги-ю хоҳлаганча сарфлаш мумкинлигини айтди. Бу “таҳририят” деганларини шу қадар яхши кўриб кетдимки, ўша жойда отам ҳам ишлаганда эди деб бироз ғашландим.

 

Тоғам биз билан хайрлашиб, шимининг ўнг балоғини қистирғич билан тишлатаётганда, велосипед эгаридан оёқ оширганда, педални вазмин-вазмин босганда укам иккимиз у кичрайиб-кичрайиб, муюлишда ғойиб бўлгунча ортидан тикилиб турдик.

 

У кетар олдидан менга бир тутам қоғоз тутқазди. Ҳа, бу зўр иш бўлди. Қўлимдаги сарғиш қоғозлар кўзимга мен кашф этадиган дунёнинг хомашёси бўлиб кўринди. Энди бу қоғозларда қалбимни қамраб олган тасвирларни ифодалашим мумкин эди. Дейлик, учар одам, қўли бор ўрдак, икки оёқда юрадиган сигир, оёғи бор уй, хуллас, нимани истасам ва қандай бўлишини хоҳласам бас. Муҳими, энди ҳеч ким бу қоғозлар устидан юриб ўтолмайди, ўчириб ташлолмайди!

 

Уйдагилардан сўраб билиб олдим, етти марта ухлаб турсам тоғам келаркан. Отам бахиллик қилмади, бозордан рангли қалам кўтариб келди. Назаримда атрофимдагилар менга меҳр беришда кимўзарга баҳслашарди. Укам қаламлар учини чиқариб берар, онам чизган расмларимни олқишларди. Орзуларим ушала бошлагач, янги орзу пайдо бўлди. Қанийди, дердим хаёлан, ҳеч қачон чироқ ўчмаса-да, орқа уйда ухламасдан расм чизсам. Бунинг имкони йўқ экан… Майли, яхшиям беминнат қуёш бор, беминнат мойчироқ бор, шишаси қунт билан артилса, анча равшанлашади.

 

Биринчи гал қоғоз уч ухлаб турганимда тугади. Демак, шошмашошарлик қилибман. Тоғам учинчи марта қоғоз олиб келганда буни ҳам изга тушириб олдим. Унинг айтишича, ўша қоғоз сероб бўладиган таҳририятда тоғам ҳарф тераркан. Мен нодон буни далада ўт теришдай тасаввур қилгандим, йўқ, бу ҳарфлар кичик қўрғошинларга муҳрланган эмиш. Тоғам қаршисидаги дастгоҳда қайси ҳарф кераклигини танласа, темир қўллар ўша ҳарфни оларкан-да, юқорига кўтариб, кетма-кет қўйиб кетавераркан. Сўнг сўзлар, ундан кейин гаплар ҳосил бўларкан. Гарчи бу дастгоҳни умрим бино бўлиб кўрмаган бўлсам-да, бу жараён жуда қизиқ туюлди.

 

Тиззасида ўтириб, укам иккимиз тоғамни мароқ билан тинглардик. У зангори экрандаги Қундуз амакидек хотиржам сўзларди. Онам мактабдан кўтариб келган дастурхондек газета ўша, тоғам таърифлаган қўрғошин ҳарфларнинг маҳсули экан. Тағин дастурхонга фотиҳа қилинар, тағин тоғам шимининг ўнг балоғини елим қистирғич билан тишлатар, тағин муюлишгача унинг ортидан қараб қолардик.

 

Дарвоқе, тоғам қўшни қишлоқда яшайди. У ишга бориш учун туман марказигача йигирма чақирим юриши керак. Борди-ю, бизнинг қишлоқ билан айланса, яна беш чақирим қўшилади. Бундан кейинроқ хабар топдим. Бир сафар онам билан уларникига меҳмонга бордик. Икки қишлоқ орасидаги Хўжа ариқнинг лойқа суви пишқириб оқарди, мен шу баҳона тасаввуримни бойитиб олдим, уларни кейинги расмларимга киритиб ўтдим.

 

Бизни кутиб олган иморат ҳашаматли эмас, бироқ файзли эди. Тоғамнинг биздан бир ёш катта ўғли укам иккимизни ўйинчоқлар, янги ўйинлар, уйидан бекитиб олиб чиқилган ширинликлар билан сийлади. Тоғам ишдан қайтганда бизни кўриб севиниб кетди, бағрига босиб, пешонамиздан ўпди. Юзимга соқолини ишқалаганди, тикандек ботди. Укам уларнинг меҳмонхонасидан ғаройиб бошкийим кўтариб чиқди. Бу худди “Денгизчи Папай” деган мултфилмдаги кепканинг ўзгинаси эди. Тоғам уни укамга совға қилди.

 

Ўша куни тоғамнинг денгиз флотида хизмат қилганини билиб олдик. Гўё мени тақдир тинимсиз сийларди. Шусиз ҳам ғаройиботга бой таҳририятда, қўрғошин ҳарфлар ичида, ҳарф терувчи темир қўллар билан тил топишиб олган тоғамнинг флотда хизмат қилгани мен учун катта топилма эди. Охири кўринмайдиган уммон ҳамда улкан кемалар ҳақида гапирса, нигоҳларида олис ўтмиш йилтиллар, у ўша кемада чағалайларга термулар, ватан соғинчи, тўлқинлар шовқини ва чексиз бўшлиқ ҳақида гапираётгандек туюларди. Укамнинг сабри чидамайди, Милтиғингиз ҳам бўлганми? дейди чаккасини қашиб. Тоғам улкан гавдасини силкитиб кулади-да, “Ҳа, жиян, бўлган, – дейди бош бармоғини маънилатиб. – Зўри бўлган!”. Укам яна саволга тутади: “Ўқи ҳам бўлганми?”, “Ҳа, ўқи ҳам бўлган!”. Бироз ўйланиб қолган укам “Ўқи қанақа бўлган?” дейди эзмаланиб. Тоғам кулади, “Эй тинмас жиян-е, ўқи қўрғошиндан бўлган-да!”

 

Эътироз билдираман, “Тоға, тоға, ҳарф қўрғошиндан бўлади, ўқ эмас!”. Бир лаҳза менга қараб ўйланиб қолади, сўнг бир хўрсиниб, “Ўқ ҳам қўрғошиндан бўлади, жиян” дейди.

 

Уйга қайтгач, тобимиз қочди. Кўрпа-тўшак қилиб ётишга тўғри келди. Бунинг асл сабабини болалар ҳеч қачон катталарга ошкор қилмайди. Ахир кун бўйи ўйин-кулгидан терга ботиб, муздай сув ичаверганини, тоғачалари музқаймоқ билан сийлаганини, улар ҳам эртани ўйламай, қўлига тушганни оғзига тиққанини айтиб бўлмайди-ку!

 

Укам денгизчилар бошкийими билан қўшни болаларнинг оғзини очириб қўйди. Мен ҳам етти марта ухлаб, қоғозга эришишда, уларни суратга тўлдиришда давом этдим. Билмайман, бу қачонгача чўзилди, аммо туман таҳририяти “истеъдодим”ни яхшигина қурбонликка  тайёрлаётган эди.

 

Мактабда ўқиб юрган кезларимда замонавий компютерлар кириб кела бошлади. Қўл телефонлари оммалашди. Бундай цивилизация тоғамнинг ишини тортиб олди. Менга эса отам аллақачон расм чизишдан фойда йўқлигини уқтира бошлаганди. У қаршилик қилмаган тақдирда ҳам тушгача мактаб, кейин мол боқиш ёки ўт териб келишнинг ўзиёқ ҳолдан тойдирарди. Мойчироқ ёруғида уйга вазифаларни тайёрлаб бўлгач, тарашадай қотиб ухлардим.

 

Йиллар жуда тез ўтди. Ҳеч нарсага улгуриб бўлмас, ўн саккиз ёшида ўлган укам учун аза тутишга ҳам вақт йўқдек эди. Аммо “таҳририят” сўзини эшитсам, этим жимирлаб кетар, ҳатто менинг ўрним ўша ерда деб ўйлардим. Бундай лаҳзаларда маҳбубасини узоқдан кўриб қолган ошиқдек энтикиб-энтикиб нафас олардим. Коллежни битириб, университетга имтиҳон топширдим. Бу кўнгилсиз воқеани эслашни истамайман. Хуллас, мактабдаги аълочилик бу ерда иш бермади.

 

Тақдир экан, шаҳарда яшай бошладим, тўғрироғи, қишлоққа қайтишга юзим чидамай, кун кўрардим. Газета тарқатувчи бўлиб ишлардим. Вақт ўтгани сайин машаққатлар унутилади. Бироқ тоғамга газета олиб бориб, у умрини бағишлаган соҳага ҳисса қўшаётганимни айтганимда кўзлари ёшланди. Ўша пайтлардагидек бағрига босди, энди қиртишланмай қўйган оппоқ соқоли юзимни силаб қўйди. Газетани ҳидлаб кўрди, сўнг варақлади, нималарнидир эслашга уринди. Тағин гавдасини силкитиб-силкитиб кулиб, шунча ривожланган технология билан бўғинни тўғри кўчирмаётганимиздан ранжиди.

 

Ҳар соҳадан бир шингил ўрганиб, пойтахтга етиб келдим. Бу ерда республика даражасидаги газетчиликнинг илмини ола бошладим. Қишлоққа бориб, тоғамга саргузаштларимни айтиб берардим. Тақдирга тан бериб, косиблик қила бошлаган собиқ ҳарф терувчи ҳар бир сўзимни эътибор билан тингларди. Бир гал сиёсий саҳифанинг рукни “Буни ҳаёт дейдилар” бўлиб кетганини айтганимда, тоғам шунақа кулдики, йўталавериб, қизариб кетди. Анча вақтгача “Ҳа, жиян-а, вой жиян-е, боплабсан-ку” деб қўлидаги бигизни оғзи очилиб ётган бошмоққа ботирарди.

 

Ўшанда тоғамнинг товони ёрилиб кетганига кўзим тушди. Тарсиллаб-тарсиллаб ёрилиб кетганди. Бир оёғини боғлаб олган. Бу ҳақида гаплашишни истамади. Гапни расм чизишим кераклигига, бу истеъдод ҳаммага ҳам берилавермаслигига бурди. Чизган бир-иккита расмимни телефоннинг галереясидан кўрсатдим. У қалин шишали кўзойнагини кўйлагининг барига артиб, бурнининг устига қўндириб, бироз тикилди-да “Яхши, сен буни қўйма, бу кўнгилни тозалайди” деди. Тоғамнинг ўғли тоғачамдан отасининг қанд касалига чалинганини билиб олдим.

 

Пойтахтда ташвишлар кўпайди. Тақдир тақозоси билан эрта уйлангандим, бир пасда болалар улғая бошлади, ҳар хил тадбирлардан бошим чиқмай қолди. Расм ишлаш кўнгилга сиғмасди. Молбертдаги икки ой олдин бўёқ урилиб, тугамай қолиб кетган картина яна уч ой шу ҳолида ётди. Қишлоққа ҳам гоҳида олти ойлаб боришга фурсат топилмас, тўғрироғи, ҳафсала йўқ эди. Очиғини айтсам, қишлоқ сафарининг турган-битгани азобдан иборат.

 

Ҳар гал борганда бирор қариндошим ўлган бўлади. Унинг болалик нигоҳимга муҳрланган сурати кўз олдимда жонланади. Менга дўкондан нимадир олиб бергани ёки қандайдир ҳикматга бой ҳикояси. Сўнг қайтиш олдидан тоғамнинг уйига кираман, ўнг оёғини борган сари юқорига қараб кесиб бораётганини кўраман. Бу ҳақида оғиз очишни хоҳламайди. Ногиронлар аравачасида косиблик ишини давом эттираётган собиқ ҳарф терувчи “Газет чиқаяптими? Олиб келдингми? Қани? О, зўр замонлар келди-да. Рангли расмлар, жимжимадор ҳарфлар. Эҳ, жиян. Навоий кўчасидаги нашриёт ишлаяптими? Ўшанда ҳам ишлаганман, бизни ёрдамга чақирган…” деб, кўпроқ ҳикояларимга қулоқ тутади.

 

Унинг оёғини яна кесишди, кесмаса бўлмаяпти. Ҳа, ҳали яна кесишади. Унинг оёғи ва рассомлигим жуда ёқимсиз ташбеҳ. Унинг оёғи – менинг рассомлигим. Унинг оёғи – менинг рассомлигим… Чўчиб уйғонаман, болаларнинг устини ёпаман. Олти ойдирки, ижодхонамда тугалланмай қолиб кетган расмга мунғайиб боқаман. Шам ёниб турибди, акси деразага тушган, дераза ортида оқшом – бу расм одамга умид беради, бироқ бу умид қанд касалига чалинган, унинг оёғи чириб кетаяпти, кесмаса бўлмаяпти. Қонга ўтиб кетиши мумкин. Ногиронлар аравачасида бўлса ҳам хийла узоқроқ яшайди.

 

Охирги марта кўргали борганимда тоғам мени эслолмади. Дард енгибди. Тўшакда боладек илжайиб ётарди. Ҳеч кимдан норози эмасди. Унинг кесадиган оёғи қолмаган, бу сафар шифокорлар ҳам бошқа келманглар дейишган. Тоғачамнинг сочлари оқариб, кўзлари киртайиб қолган. Унга ҳам осонмас дейман ичимда, бир йил олдин онасини тупроққа қўйди, уч йилдирки, отаси тўшак тортиб ётибди, хотини темир экан, келин бўлиб тушгандан буён бурнини жийирмай касал боқади… Мўминнинг имтиҳони тугамайди деганларидек, мендан бир ёш катта шу бечора тоғачамнинг косаси оқармаяпти. У отасига тортди, бировни ранжитмайди, кулиб тураверади. Савлатдан ҳам Худо берган.

 

Ҳовлига чиққач тоғачам билан ўша, қайта-қайта айтилса ҳам бадга урмайдиган воқеани эсладик. Мустақиллик йилларининг бошларида “Ўзбекистон” нашриёти ҳарф терувчилар етишмагани боис вилоятлардан ёрдам сўрайди. Ўша кўмаклашувчи гуруҳда тоғам ҳам бўлган, ишдан бўйин товламаслиги ва шинавандалиги нашриёт бошлиқларига маъқул келиб, мукофотга ҳам тавсия қилган. Вилоят ҳокими мукофотни топшириб, тоғамнинг қўлини дўстона сиқиб қўйган. Тоғам бу воқеадан сўнг ўша, ҳоким билан кўришган қўлини ҳоким даражасига чиқариб, кимни кўрса “Ҳоким ушлаган қўлни ушлаб қўйинг!” деб ишонч ва самимият билан таъкидлаган. Бу воқеани нега яхши кўришимни биласизми? Бу ҳангома “фалонча ўзи содда одам эди, ҳаёт уни муғомбир қилиб қўйди” деган бетайин ҳикматни томири билан суғуриб ташлайди. Инсоннинг шакли ўзгариши мумкин, бироқ руҳи дунёга келганида қандай бўлса, қайтаётганида ҳам худди шу ҳолда бўлади. Инчунин, икки елкасидаги бироз савоб ва гуноҳни айтмаганда, собиқ ҳарф терувчи ҳам шунақасидан эди.

 

Қишлоғидан чиқиб кетган одам борки, бемаҳал телефон бўлса, юрагини ҳовучлаб жавоб беради. Бу сафар ҳам ҳадигим ҳақ бўлиб чиқди. Ярим кечаси йўлга чиқдим. Тонгда етиб бордим. Ҳовли тўла одам, бу манзилда қандай бахтиёр дамларимиз ўтмаган дейсиз. Денгизчилар бошкийимини кийиб олган укам, бўйи узун ва озғин тоғачам, ортига ёғоч қути маҳкамланган кулранг велосипед, савлати одамни эсанкиратиб қўядиган тоғам, кулиб турган янгам, катта қизи. У биздан ўн ёшлар катта эди, шу сабаб у билан ўйнаб бўлмасди. Аммо ширинликлар билан сийлашни канда қилмасди… Тағин тобутни елкаладик, қабристонга ошиқдик, тупроққа топширдик. Бошимиз хам бўлиб ортга қайтдик. Қабристон йиғилиш ўтказди, орамиздан тоғамни танлаб олиб қолди. Худди болалигимдаги, девлар ҳақидаги уйдирмага ўхшайди бу. Дев бир қишлоқни босиб олади-да, ҳар гал қорни очқаганда уларнинг орасида биттасини танлаб олиб кетади.

 

Эътироз билдираман, “Тоға, тоға, ҳарф қўрғошиндан бўлади, ўқ эмас!”. Тоғам бир лаҳза менга қараб ўйланиб қолади. Сўнг бир хўрсиниб, “Ўқ ҳам қўрғошиндан бўлади, жиян” дейди… Алаҳсираб уйғонаман, терлаб кетибман. Бу тушни иккинчи марта кўришим. Худди ўшандагидек, тоғамнинг ҳовлиси, укам бошига денгизчилар бошкийимини қўндириб, қўзиқоринга ўхшаб қолган. Тоғамнинг эгнида чорхона кўйлак, бутун юзи, қошлари, кўзлари, бурни, лаби, ҳамма-ҳаммаси табассум қилиб турибди. Воҳ тоғам-а! Мен таниган дунё ҳарф терувчи ва қўрғошин ҳарфлардан воз кечди. Энди жами қўрғошиндан ўқ ясаб, Ғазо болаларининг устига ёғдирмоқда.

 

Жойингиз жаннатда бўлсин, собиқ ҳарф терувчи. Омин!

 

Бек АЛИ

 

Маънавий ҳаёт журнали, 2025 йил 4-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

13:02 / 03.02.2026 0 19
Колумбни адаштирган мил





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30632
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//