Колумбни адаштирган мил


Сақлаш
13:59 / 03.02.2026 17 0

Италян саёҳатчиси Христофор Колумб Шарққа (Ҳиндистон ва Хитойга) ғарб томондан денгиз йўли орқали етиб бориш мумкин деб ишонган. Бу ғоя ўша давр учун хавфли ва шубҳали эди, океанлар ҳақидаги билимлар чекланган, саёҳат эса жуда катта таваккалчиликни талаб қиларди. Шунга қарамай Колумб ўз ишончи ва қатъияти билан Испания қироллик ҳокимиятини экспедицияни молиялаштиришга кўндирди. 1492 йилда амалга оширилган биринчи саёҳат натижасида Кариб денгизи оролларига етиб борди. У бу ерларни Осиёнинг бир қисми деб ҳисоблаган. Айнан шу саёҳат Европа ва Америка ўртасида доимий алоқанинг бошланишига сабаб бўлди. Бу эса савдо, миграция, маданий алмашинув билан бирга, колониализм ва маҳаллий аҳолининг фожиали тақдирига ҳам олиб келди.

 

Христофор Колумб сафар давомида ал‐Фарғонийнинг меридиан 1 градуси узунлиги 56⅔ милга тенг бўлган маълумотларига таяниб  иш кўрган. Шу тариқа, ал-Фарғонийга нисбат берилган “қисқа градус” (56⅔ мил) аслида қисқа эмас, балки меридиан градусининг ҳақиқий узунлигига жуда яқин бўлган. Колумб бир градуснинг узунлигини 56 2/з итальян милида ҳисоблайверди, ҳолбуки итальян мили араб милидан 384 метр қисқа эди. Шундай қилиб, бир градуснинг узунлиги 22 км кам ҳисобланди ва Ғарбий Европа билан Шарқий Осиё қирғоқлари орасидаги масофа аслига қараганда анча қисқа кўринди. Унинг таҳлилларида араб ва итальян милларидан чалкаш фойдаланиш фарқли ўлчамларни келтириб чиқарганди. Агар арабларнинг 1 мили 1973 метрга тенг деб олсак, меридианнинг 1 градуси 111,8 км га баравар бўлади. Бу қийматни замонавий ўлчов бирликларига айлантирганда, Колумб ҳисобича Ер айланаси 30 185 километрга (18 756 милга) тенг бўлган, бу эса ҳақиқий қиймат – 40 010 километр (24 861 мил)дан тахминан 25 фоизга камдир. Хато ал-Фарғонийда эмас, балки Колумбда эди: у араб милининг итальян денгиз милидан анча узун эканини билмаган ҳолда, градус узунлиги учун 56⅔ мил қийматини қабул қилди ва эҳтимол, аввалданоқ ўзи ишониб келган назарияни асослаш учун ундан фойдаланди. Агар унинг биргина шу кичик хатоси бўлмаганда ва ҳақиқий масофанинг тўғри қийматларини аниқлай олганида, балки бундай узоқ сафарга отланишга журъати етмаган бўлармиди? Географ, шарқшунос Наллино Колумб йўлга чиққан кемаларнинг кичик ўлчамда бўлгани ҳақида маълумот берган. Бу ҳам Колумбнинг ўз ҳисоб-китоблари аниқлигига ишончи комил бўлганидан далолат беради. Тарихий метрологияда ҳар қандай ўлчов бирлиги давр ва ҳудудда қўлланилишига қараб фарқ қилиши милга ҳам алоқадор эди. Унинг қиймати ва қаерда фойдаланилганига Колумб ва италиялик математик Тосканелли аҳамият беришмаган, шу туфайли баъзи ноаниқликлар юзага келган. Уларнинг ҳисобларидаги хатолик сабаби ҳам шунда эди. Яъни, милнинг қаерда қўлланилгани инобатга олинмаган. Христофор Колумб ҳисобларида рим милини қўллагани боис координаталар ўзгариб кетган. Бу эса ҳар икки мил қийматлари орасида ўртача 300-400 м атрофида фарқни юзага келтирган. Шу ўринда манбалар ўрганилганда матнда учраган ўлчов атамаларининг тўғридан тўғри қабул қилиниши ёки таҳлиллардаги чалкаш маълумотлар ҳам шу каби ҳолатларни юзага келтирган.

 

Тарихий метрологияда ҳар бир ўлчов бирлиги ўзининг узоқ ва қизиқарли ўтмишига эга. Шу жумладан мил ҳам. Бу атама кўҳна ўлчовлардан саналиб, лотин тилида минг қадам маъносини англатган, Европа ва Осиё мамлакатларида кенг муомалада бўлган. Қадимда мил қадамлаб ёки инсон кўзи билан чамалаб ўлчанган. Милга асосланган узунликлар йўл четида ўрнатилган устун, тош каби воситалар орқали белгиланган. Ўтмишда масофаларни ўлчаб, йўл четига тошларни белги сифатида қўйиш илк маротаба шарқда бошланган. Араблар милни доим аниқ бир узунлик сифатида эмас, балки кўз билан кўриладиган энг узоқ масофа сифатида тушунганлари, йўл бўйидаги устунлар орасидаги масофа ҳам мил деб аталгани ҳақида маълумот берган. Яъни, мил инсон кўзи билан кўра оладиган масофа ва бу масофада бирор бир жисмни фарқлаш мумкин. Йўл бўйидаги белгили устунлар тахминан 10 тирсак баландликда қурилган. Шарқ манбаларида мил тўрт минг зироъ (тирсак), баъзи тадқиқотларда эса тўрт минг туянинг қадамига тенг бўлгани ҳақида маълумотлар учраган. Ал‐Яъқубийнинг “Китаб ал‐булдан”, Ибн Рустанинг “Китаб ал-а‘лақ ан-нафис”, Идрисийнинг “Нузҳат ал-муштақ фи ихтирак ал-афоқ” каби манбаларида бу бирлик сув ва қуруқлик масофаларини ифодалашда кенг қўлланилган. Н.Лыкошин “Тарихи Бухоро”ни таржима қилиб, унда учраган ўлчовларга баъзи изоҳларни қолдирган: “Мил атамаси деганда ёй ўқининг учиб ўтган масофаси тушунилган, бошқа маълумотларда эса инсон кўзи билан чамалай оладиган узоқлик келтирилган. 1 мил фарсахнинг ⅓га тенг бўлган”. Мил бугунги кунда ҳам АҚШ, Англия каби давлатларда амалда бўлган бирликлардан саналади. Ҳозир 1 мил – 1609 м, 1 денгиз мили эса – 1852 м.га тенг.

 

Биргина ўлчов бирлигининг таъсири Колумбнинг режалари ва мақсадлари ўзгаришига сабаб бўлган. Тарихий метрологик тадқиқотларда конверсияга жиддий аҳамият бериш лозим. Яъни, бир бирлик бошқа бир бирликка ўгирилаётганда давр ва ҳудудга эътибор қаратилиши лозим.

 

Ниҳола НАРЗУЛЛАЕВА,

ЎзР ФА Шарқшунослик институти илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30626
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//