Исҳоқ Ғозиев 1896 йил Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида туғилган. Аввал эски мактабда – жадид мактабида таълим олди. Сўнг рус тузем мактабида ўқиб рус тилини ўрганди. 1910 йилгача Фарғона шаҳрида хусусий дўконларда савдо ишчиси, 1910–1917-йилларда хусусий дўкондорларга иш юритувчи (приказчик) бўлиб хизмат қилган. 1917-1918 йиллар Андижон шаҳрида йирик пахта савдоси идораларида идора ходими-приказчик бўлган. Туркистон Мухторияти эълон қилинганда унинг хизматига шошилди. Афсуски, Туркистон Мухторияти қонга ботирилганидан сўнг 1918 йил кузида Қизил армия сафига оддий аскар сифатида киришга мажбур бўлди. Ёшлигидан кўзи меҳнатда пишган, тажрибали Исҳоқ Ғозиев ҳарбий хизматдан Фарғона шаҳар инқилобий комитетига комиссар сифатида ишга олинади. У 1920–1923-йилларда ВЧК органларида терговчи, Фарғона ва Жалолобод шаҳар комитетларида сиёсий бюро бошлиғи, кейинроқ Андижон уезд инқилобий комитетининг раҳбари вазифаларида иш олиб боради.
1923 йил ноябрь ойида XII Туркистон ўлка мусулмонлар қурултойига делегат бўлиб келган Исҳоқ Ғозиев 1924 йилни 14 январидан Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси Халқ комиссарлар советида Адлия халқ комиссари ва Республика Бош Прокурори сифатида иш бошлайди. Шундан сўнг онаси, укаси ва синглиси билан Тошкентга кўчиб келади.
Қаҳрамонимиз Адлия халқ комиссари бўлган давр Туркистонда улкан сиёсий ўзгаришлар юз берди. Москвада Шўролар давлати раҳбарлари Туркистонни турли республикаларга бўлиб ташлаш учун миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказиш ҳаракатини бошлайди. 1924 йилнинг 12 июнида Сталин таклифига асосан РКП (б) Марказий комитети сиёсий бюросининг “Ўрта Осиё республикаларини миллий-ҳудудий чегаралаш тўғрисида”ги махсус қарори чиқарилди. Қарор 1924 йил 27 октябрда Москвада қабул қилинди. Мазкур қарор асосида 1925 йил 17 февралда Бухорода “Ўзбекистон совет социалистик республикасини ташкил этиш тўғрисидаги декларация” эълон қилинди. Декларацияга мувофиқ Ўзбекистон ССР таркибига Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё, Зарафшон, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тожикистон АССР киритилди. 1926 йил 29 сентябрда Ўзбекистон ССРда янги маъмурий чегараланиш ўтказилиб, Хоразм, Бухоро, Ўрта Зарафшон, Самарқанд, Тошкент, Хўжанд, Қўқон, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарёдан иборат 10 та округ, 87 та туман ва 1720 та қишлоқ шўроси тузилади. Республикани бошқарадиган олий орган Ўзбекистон ССР Марказий ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлар совети тузилади. Уларнинг раҳбарлари қилиб Йўлдош Охунбобоев ва Файзулла Хўжаевлар сайланади. Ўзбекистон ССР ташкил топган пайтда, 1925 йилнинг февраль-апрель ойларида Бухоро шаҳри пойтахт бўлди. 1925 йилнинг апрелидан 1930 йилнинг 20 сентябригача Самарқанд шаҳри республиканинг пойтахтига айлантирилади. Бу пайтда Тошкент шаҳри Шўролар давлатининг Ўрта Осиёдаги янги тузилган республикаларни назорат қиладиган ташкилотлари – ВКП(б) Марказий комитети Ўрта Осиё бюроси, Ўрта Осиё инқилобий кенгаши, Туркистон фронти, Ўрта Осиё ҳарбий округи жойлашган марказ вазифасини ўтади.
1924 йилнинг 26 ноябрида Туркистон АССР Адлия халқ комиссарлиги ўрнида Ўзбекистон ССР Адлия халқ комиссарлиги ташкил этилади. Исҳоқ Ғозиев Ўзбекистон ССР Халк Комиссарлар Советининг тавсиясига мувофиқ Ўзбекистон ССРнинг биринчи Адлия халқ комиссари қилиб тайинланади ва айни пайтда республика Давлат Прокурори вазифасини ҳам бажаришга киришади. Ўша вақтда Адлия халқ комиссариати учта: суд қурилиши ва назорат, прокуратура, қонунчилик бўйича таклифлар киритадиган бўлимлардан иборат эди.
1925 йилнинг майида Адлия Халқ Комиссариатининг янги Низоми тасдиқланади. Бу Низомга кўра комиссариат барча суд муассасалари, прокуратура, тергов органлари, нотариат, суд ижрочилари устидан бошқарув ишларини бажарувчи ва уларга кўрсатмалар берувчи маҳкама, деб белгиланган эди. Шу билан бирга комиссарлик зиммасига суд ходимларининг вазифаларини тасдиқлаш, ер ишлари бўйича комиссиялар ва судлар фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилотларнинг фаолиятини назорат қилиш, аҳолига ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам берадиган муассасалар ва адвокатлар ишларини кузатиш, адлия соҳасидаги муаммоли масалаларни ҳал этиш, Республика Советларининг Марказий Ижроия Комитети ва Халқ комиссарлар совети томонидан ҳуқуқий йўналишда киритадиган таклиф ҳамда мулоҳазаларининг қонуний асосларини белгилаш, қонун устуворлигини таъминлаш, амалдаги қонунлар моҳиятини аҳолига тушунтириш, ҳуқуқ масаласи билан боғлиқ тўпламларни, республика ҳукуматининг фармойишлари ва қарорларини чоп этиш каби ишлар ҳам юкланади. Исҳоқ Ғозиев мазкур вазифада иш олиб борар экан Адлия соҳасидаги долзарб вазифалар, мавжуд муаммолар ҳамда халқнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида миллий матбуот саҳифаларида кўплаб мақолалар билан чиқди.
Исҳоқ Ғозиев 1927 йил 6 апрелида Ўзбекистон ССР Адлия халк комиссари ва Бош Прокурори лавозимларидан озод қилинади. Шундан кейин 1927–1929-йилларда Фарғона шаҳридаги ипакчилик корхонаси директори бўлди. 1929 йил фарғоналик йирик бой – пахта савдогари, қайнатаси Шобобо Иноғомовнинг уй-жойларининг мусодара этилишига йўл қўймаган, деган айблов билан Коммунистик партия сафидан ҳам чиқарилади. Кўп ўтмай Тошкентга келиб Республика ипакчилик трестида бўлим бошлиғи бўлади.
Ер ишлари халқ комиссарлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғининг ўринбосари бўлган Исҳоқ Ғозиев 1937 йил 16 ноябрь куни ЎзССР ЖКнинг 63, 67-моддалари билан “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ҳаракатининг аъзоси сифатида қамоққа олинади. Албатта, собиқ адлия комиссарини “ўз айбларига” иқрор қилиш осон кечмади. Қанчалик қийноқларга солишмасин ўзига қўйилган барча сохта айбловларни тан олмайди. Қарийиб уч йил давом этган ҳибс азоблари ортидан 1940 йил 9 февралда машъум “учлик” томонидан 5 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади.
Исҳоқ Ғозиев ноҳақ жазони 1940 йил май ойидан Свердлов вилояти, Тевда шаҳридаги ИИХКга қарашли лагерда ўтай бошлайди. Жазо муддати 1937 йил 16 октябрдан ҳисоблангани учун 1942 йил 16 ноябрда озодликка чиқади.
Уруш шароити туфайли ватанига қайтарилмайди, 1945 йил ноябрь ойигача Тевда шаҳридаги ҳарбий бўлим назорати остидаги кўмир шахтасида иш олиб боради. 1946 йил февралда Фарғонага – оиласи бағрига қайтишга муваффақ бўлади. Исҳоқ Ғозиев 1948 йилгача кассир бўлди, бироқ яна айрим кимсаларнинг изига тушганини пайқаб Тошкентга кўчиб келади. Шундан сўнг Тошкент вилояти, Бўка туманидаги “Янги турмуш” колхозига омборчи бўлиб ишга жойлашади.
Исҳоқ Ғозиев 1949 йил 23 декабрь куни берилган ордер асосида эски айбловлар билан такрор қамоққа олинади. Бу вақтда оила аъзолари: 80 ёшли онаси Тожихон Маюсупова, турмуш ўртоғи Фотимахон (1907) ва фарзандлари Исмоил (1921), Искандар (1929), Асқар (1933) ва Нафисахон (1947)лар Тошкент шаҳри, Оқилон кўчаси, 5-уйда истиқомат қилган.
Исҳоқ Ғозиев тергов жараёнида яна ўзининг мутлоқ айбсизлигини таъкидлаб туриб олади. 1950 йил 6 январь куни сўнгги сўроқда ҳам ўзига нисбатан бўҳтон билан жиноят иши очишганини ёзади.
1950 йил 19 апрель куни суд Исҳоқ Ғозиевни ҳеч бир айби исботланмаганига қарамай муддати кўрсатилмаган ҳолда Красноярск ўлкасига сургун қилади.
Сталин вафотидан сўнг, 1956 йил 11 октябрда Исҳоқ Ғозиевга нисбатан барча айбловлар бекор қилиниб тўлиқ оқланган...
***
Исҳоқ Ғозиев ўз дасхати билан ёзган таржимаи ҳолида қуйидагиларни баён этган: “1896 йил декабрь ойида Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида туғилганман. Ота-онам деҳқончилик билан шуғулланган. 2 гектар еримиз ва чоғроқ уйимиз Фарғона шаҳрининг руслар яшаётган қисмида жойлашган, оиламиз қийин аҳволда яшаган. 1907 йил декабридан 1919 йилгача, яъни коммунистик партия сафига киргунимга қадар Фарғонанинг Скобелев, Қўқон, Норин, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида оддий хизматчиликдан тортиб иш юритиш соҳаларида мулозимлик қилганман. Маошим 5 рублдан 20 рублгача бўлган. Кейинчалик империалистик урушнинг 1914, 1915, 1916 йиллар даврида иш ҳаққим 60 рублгача кўтарилган. Февраль тўнтарилиши вақтида кооперативда хизмат қилганимда эса 500 рублгача маош олганман. 1919 йил 7 майида Фарғона шаҳри – Скобелевда партия сафига кирдим. 1919 йил 1 июнда Марғилон уезд шаҳар партия ва уезд революцион комитетларига аъзо бўлдим. Уезд озиқ-овқат бошқармаси комиссари, область мусулмонлар бюроси аъзоси бўлдим. Фарғона области сиёсий бўлимининг мусулмон гуруҳида ташкилотчилик қилдим. 1920 йил 20 февралигача социал таъминот комиссари бўлиб хизмат қилдим.
Област мусулмон бюроси мени Фарғона области сиёсий бўлимига ташкилотчи сифатида сафарбар қилди. Бу ерда мен ташкилотчи сифатида хизмат қилдим. Фарғона области партия комитети мусулмон бюроси мени мусиқали драмтеатрга ташкилотчи қилиб тайинлади. Ўша ерда ишладим – режиссёрга ёрдамчилик қилдим. 1920 йил 13 ноябрда Фарғона област партия комитети менинг номзодимни Наманган уезди ва шаҳрида Фавқулодда комиссариат мудирлигига тавсия этди. Аммо саводхонлигим етарли бўлмагани учун, очиғи бу лавозимда ишламадим. Фарғона обкоми буни тўғри тушуниб мени аввалги лавозимда – босмачилар бўлими бўйича терговчи вазифасида қолдирди. 1921 йил 1 январда мени Марғилон сиёсий бюросига бошлиқ ўринбосарлигига қўйди. Сиёсий бюро бир вақтнинг ўзида терговчилик билан машғул бўлган. Агентура, ахборот бошлиғи, комячейка масъул котиби ва революцион комитет аъзоси, совет ходимлари профсоюз раиси ўринбосари бўлиб хизмат қилдим. 1921 йили 1 майда мен Андижон уезди Жалолободга сиёсий бюро бошлиғи лавозимига қўйилдим.
1922 йил 20 февралида Фарғона шаҳрига юборилдим. Бу ерда Марғилон уезди ва шаҳарда сиёсий бюро бошлиғи бўлдим, бу ерда ГПУ ташкил топди, у ерда мен Фарғона ОГПУни Марғилон уезди бўйича вакил бўлдим. 1923 йил 1 июнда Фарғона обкоми талаби билан мен Андижон уезди шаҳар ҳарбий революцион комитети лавозимига қўйилдим, бу ерда мен 1924 йил 2 январда бўлиб ўтган Бутунтуркистон советлари съездида Туркистон республикаси адлия халқ комиссари қилиб тайинландим. Миллий чегараланишдан сўнг Ўзбекистон революцион комитети аъзоси ва адлия халқ комиссари этиб тайинландим.
Бутунўзбек советларининг 1-съезди қарори билан советларнинг марказий ижроия комитети аъзоси бўлиб сайландим ва кейинчалик Ўзбекистон советлари МИҚ Президиуми аъзоси этиб тасдиқландим. Шундан бери ЎзССР Юстиция халқ комиссари бўлиб хизмат қилиб келмоқдаман.
Ғозиев. “11 март” 1925 йил. Тошкент шаҳри[1]
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Тил
Тил
Тарих
Тарих
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ