Ҳирот шаҳри қадимда Афғонистоннинг ғарбий қисмидаги Херируд дарёси бўйида жойлашган бўлиб, унинг номи қадимги форс манбаларида Хараива, “Авесто” ва юнон матнларида Ариа, Ареиа шаклида учрайди. Араблар томонидан забт этилгунига қадар бу шаҳар эфталийлар назорати остида бўлган. Араблар 651 йилда Хуросонни эгаллагач, Ҳирот ҳам уларнинг қўлига ўтди.
Хуросон ва Туркистон минтақаларида арабларнинг ҳокимияти заифлашгач, Ҳирот шаҳрини дастлаб тоҳирийлар ва саффорийлар назорат қилди. Саффорийлар ва сомонийлар ўртасида юз берган тўқнашувда саффорийлар енгилгач, Ҳирот шаҳри сомонийлар тасарруфига ўтди. Хуросонда ғазнавийлар сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилгач, бу шаҳар ғазнавийлар назорати остига ўтди.
Ғазнавийлар сулоласи даврида Ҳирот валиаҳд шаҳзодаларга тақдим этилган. Хусусан, 1017 йилда Султон Маҳмуд Ғазнавий ўғли ва тахт вориси бўлган Масудни Ҳиротга волий (ҳоким) этиб тайинлайди ва вазир Абусаҳл Муҳаммад аз-Завзанийни унга оталиқ қилиб бирга юборади. Шу сабабли Ҳирот шаҳри сиёсий жиҳатдан муҳим стратегик марказлардан бирига айланди.
Ҳирот шаҳри салжуқийлар ва хоразмшоҳлар даврида ҳам муҳим шаҳарлардан бири бўлиб қолди. 1221 йилда Чингизхоннинг ўғли Тулуйхон томонидан босиб олинди. Жалолиддин Мангубердининг мўғулларга қарши Хуросонда эришган ютуқларидан хабар топган шаҳар халқи мўғулларга қарши қўзғолон кўтарди. Аммо қўзғолон мўғуллар томонидан бостирилиб, аҳолининг катта қисми қирғин қилинди, омон қолганлар эса Шарқий Туркистон ва Хитой ҳудудларига сургун қилинди. Натижада, Ҳирот шаҳри ҳаробага айланди.
Темурийлар даври: Ҳиротнинг “Олтин асри”
Ҳирот 1381 йил Амир Темур томонидан забт этилгач, шаҳарнинг гуллаб-яшнаш даври бошланди. Ҳиротнинг санъат ва маданий жиҳатдан энг муҳим даври темурийлар даврига тўғри келди. Темурийлар даврида юзага келган Ҳирот санъат мактаби бутун ислом санъат ва маданият марказларига таъсир қилди. Шоҳруҳ мирзо даврида Ҳирот шаҳри темурийларнинг асосий марказига айланди.
Хусусан, Шоҳруҳ ва аёли Гавҳаршодбегим даврида Ҳирот шаҳрида кўплаб боғлар, саройлар, масжид ва мадрасалар бунёд этилди. Жумладан, 1410 йилда барпо этилган Боғи Сефид саройининг деворлари Хитойдан олиб келинган нефрит тошлари билан қопланган ва бу тошлар нақш ва расмлар билан безатилган эди. Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида адабиёт ва санъат янада ривожланди. У турли дарахтлар ва гуллар билан безатилган боғи мавжуд бўлган Жаҳонаро саройини, шунингдек, унинг номи билан аталган масжид ва мадрасани қурдирган. Унинг ҳукмронлиги даврида Шифоия номли тиббиёт мактаби ва касалхона ҳам қурилган. Айни шу даврда Ҳиротнинг ҳар томонлама ривожланишида ҳукмдорнинг вазири бўлган Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган. Ҳусайн Бойқаро вафотидан кейин Хуросонда темурий шаҳзодалар ўртасида ички зиддиятлар бошланди.
Хуросон – Шайбонийлар ва Сафавийлар ўртасидаги кураш майдони
1507 йил 19 майда Хуросоннинг Ёзяйлоқ ноҳиясига қарашли Марал майдонида Муҳаммад Шайбонийхон ҳамда ака-ука Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзоларнинг қўшинлари ўртасида жанг бўлиб ўтди. Марал жангида Муҳаммад Шайбонийхон ғалаба қозонди. Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзолар Ироқ ва Озарбайжон томонларга қочди. Натижада, Ҳирот Муҳаммад Шайбонийхон қўлига ўтди.
Аммо Ҳирот узоқ вақт шайбонийлар қўл остида қолмади. 1510 йил 2 декабрда Муҳаммад Шайбонийхоннинг Шоҳ Исмоилдан мағлубиятга учраши натижасида бутун Хуросон ҳудуди, шу қатори Ҳирот шаҳри ҳам сафавийлар қўлига ўтди. Шундан сўнг шайбоний хонларининг ташқи сиёсатдаги асосий вазифаларидан бири Хуросонни яна шайбонийлар тасарруфига қайтариш бўлди. Убайдуллахон даври ҳам Хуросон учун сафавийлар билан сиёсий қарама-қаршиликларга бой бўлган даврга айланди. Муҳаммад Шайбонийхон ўлдирилганидан кейин хонлик тахтига Кўчкинчихон ўтқазилса-да, Убайдуллахон ёш, жасур ва кучли ҳарбий салоҳиятга эга бўлганлиги сабабли ҳарбий ҳокимият Убайдуллахон қўлига ўтди. Шу боис шайбонийларнинг Хуросонга юришларга Убайдуллахон бошчилик қилди. Умуман олганда, Убайдуллахон Хуросонни шайбонийлар тасарруфига киритиш мақсадида 1513-1539 йиллар давомида 8 маротаба юриш уюштирди. Бу ҳарбий юришларнинг баъзилари муваффаққиятли бўлган бўлса, баъзилари муваффаққиятсизликка учради.
1512 йил ноябрь ойи охирларида Ғиждувон жангида қизилбошлар ва Бобур мирзо устидан қозонилган ёрқин ғалаба шайбоний султонлар, хусусан Убайдуллахон кўнглида Хуросонни ҳам эгаллаш ҳавасини уйғотди. 1513 йилда Убайдуллахон ва Темур султон биргаликда Тус ва Машҳад сари қўшин тортдилар. Ўзбекларнинг келаётгани хабарини олган Марв ва Машҳад ҳокими Дудабек бу вилоятларни ташлаб Ироқ томонга қочди. Натижада, шайбонийзодалар бу ҳудудларни жангсиз эгаллайди.
Бу воқеалар баёни ҳиротликларга ҳам маълум бўлгач, у ердаги қизилбош амирлари ва аскарлари ҳам Ҳиротни мудофасиз қолдириб, Ироқ ва Озарбайжон томонларга қочди. Шундан сўнг Убайдуллахон Машҳад ва унинг атрофларида, Темур Султон эса Ҳиротда бошқарувни қўлга олди ва катта қўшинни сақлаб туриш катта харажатларни талаб қилгани учун қўшинни тарқатиб юборди. Аммо, шу аснода Шоҳ Исмоил катта қўшин билан Хуросонга келгани ҳақида хабар тарқалди. Шайбонийзодалар қўшинларини тарқатиб юборгани учун Ҳирот ва Машҳадни ташлаб, Убайдуллахон Бухорога, Темур султон эса Самарқандга қайтди.
Убайдуллахон 1521, 1526, 1528-йилларда Хуросонга юриш қилиб, Хуросоннинг бир қанча шаҳарларини қўлга олса-да, Ҳиротни эгаллай олмайди. Айниқса, 1528 йил Жом шаҳри яқинида шайбонийлар қизилбошлар томонидан оғир мағлубиятга учрайди. Жангда Убайдуллахон бир неча бор жароҳат олди.
Аммо Убайдуллахон 1529 йил бошида яна Хуросонга юриш қилди. Дастлаб Машҳад эгалланиб, у ерга ўзбеклардан ҳоким тайинланиб, Ҳирот сари юрди. Ҳирот ҳокими Ҳусайнхон бир неча ой шаҳарни мудофаа қилгач, Убайдуллахонга сулҳ тузиш мақсадида Хўжа Исҳоқ Сиёвушон бошчилигида элчилар юборди. Сулҳга кўра, Убайдуллахон Ҳиротдан бир неча масофа ортга чекиниши ва Ҳусайнхон ҳамда бошқа қизилбошлар эса бу вақтда шаҳарни ташлаб чиқиши керак эди. Сулҳ Убайдуллахонга ҳам маъқул келгач ўзбек қўшинлари ортга чекинди ва Ҳусайнхон бошчилигидаги қизилбошлар ва шиа бўлган аҳоли шаҳарни тарк этиб, Систон томонга кетди. Шаҳар эса Убайдуллахон қўлига ўтди.
1529 йил куз фаслида Шоҳ Таҳмасб 70 минг қўшин тўплаб, Убайдуллахонга қарши Хуросон сафарини бошлади. Убайдуллахон Марв қалъасига чекиниб, Турондан ёрдам келишини кутди. Аммо Кўчкинчихон вафот этиб, ўрнига хон бўлган ўғли Абусаидхон Хуросонга юриш қилишдан бош тортди. Бошқа шайбонийзодалар ҳам Убайдуллахонни қўллаб-қувватламагач, Убайдуллахон ҳам Бухорога қайтишга мажбур бўлади.
Убайдуллахон 1534 йилда Хуросонга қилган муваффаққиятсиз юришидан сўнг, 1536 йили яна Хуросонга отланди. Дастлаб, Машҳадга юриш қилди. Машҳад қамали бошлангач, Ҳирот ҳокими Сўфён Халифа Убайдуллахонга қарши курашиш ва ўзбекларнинг Хуросонга юришларини тўхтатиш учун 3 минг қизилбош аскари билан Машҳадга келди. Машҳад яқинида бўлган жангда Убайдуллахон ғалаба қозонди ва Сўфиён Халифа асир олиниб, қатл этилди.
Сўфиён Халифанинг мағлубиятга учраб ўлдирилгани хабари Ҳиротга етиб келгач, Сўфиён Халифа Машҳадга кетишидан олдин Ҳиротни бошқаришга тайинлаган одами Хизир Чалабий шаҳар мудофасига киришди. Аммо Сўфиён Халифа ва унинг одамлари томонидан халққа кўрсатилган жабр-зулм натижасида халқ Убайдуллахонга хайрихоҳлик билдириб, уни Ҳиротни эгаллашга даъват этди. Бир неча ой давом этган қамалдан сўнг Ҳирот эгалланиб, Хизир Халифа ва бошқа қизилбошлар ўлдирилди. Убайдуллахон ўзбек аскарларига халқни талаш ва ўлдиришни тақиқлаб, Ҳиротни ободонлаштириш ишларига киришди. Убайдуллахон 14 ой Ҳиротни назорат қилди.
1538 йилда Шоҳ Таҳмасп Ҳиротни қайтариб олиш мақсадида Хуросон томон юрди. Бу хабар Убайдуллахонга етгач, Убайдуллахон барча шайбоний султонларни тўплаб машварат ўтказди. Убайдуллахон Шоҳ Таҳмасб қўшини қиш мавсумида узоқ йўлдан келаётгани учун қизилбош қўшини қаттиқ чарчаганини таъкидлаб, шоҳ билан жанг қилишни маслаҳат қилди. Лекин бошқа шайбоний султонлар эса қизилбош қўшинларининг сони кўплигини иддао қилиб, Ҳиротни ташлаб Туронга қайтишни тўғри деб билди. Убайдуллахон шайбоний султонларни қизилбошлар билан уришишга кўндиролмагач, ноиложликдан Бухорога қайтишга мажбур бўлди.
1540 йил 17 мартда Убайдуллахон 53 ёшида вафот этди. Унинг вафотидан кейин шайбоний султонлар орасида бошланган тахт учун курашлар натижасида шайбонийларнинг Хуросонга бўлган курашлари сусайди. 1550 йил Бароқхон ва Абдулатиф султон Амударёдан кечиб ўтиб, Ҳиротга юрди. 1550 йил 22 майда Бароқхон ва бошқа султонлар Ҳиротга етиб келди. Бароқхон бир неча муддат Ҳиротни қамал қилгач, Бухорода Абдулазиз вафот этганини эшитиб, Бухорони қўлга олиш мақсадида Ҳиротдан қайтиб кетди.
Абдуллахон бутун Туркистон ҳудудида ўз ҳукмронлигини ўрнатгандан сўнг бор эътиборини Хуросонга қаратади. 1587 йил баҳорида Абдуллахон мамлакатнинг барча ҳудудларидан қўшин тўплаб, Хуросон юришига отланди. Абдуллахон Мурғоб вилоятига етиб келганида, Балхдан валиаҳд Абдулмўмин султон ҳам етиб келади. Дастлаб Абдулмўмин бошчилигида ўзбек қўшинлари юриш ҳаракатларини Ҳирот сари бошлаб, шаҳар қамалига киришади. Шу йилнинг ёзида Абдуллахон бошчилигидаги қўшинлар ҳам етиб келади. Абдуллахон кимда-ким таслим бўлса жони ва молига тегинмаслиги ҳақида фармон беради.
Натижада, кўплаб ҳиротликлар таслим бўлади. Қалъани қўлда сақлаб қолишга кўзи етмаган сафавий амирлари ва аскарлари қалъани ташлаб, Сабзавор ва Қандаҳор томонларга қочади. Абдуллахон уларни тақиб қилдириб, Қандаҳор вилояти яқинида уларга етиб олади. Икки ўртада бўлган жангда ўзбеклар ғалаба қозониб, кўплаб ўлжаларни қўлга киритади ва ортга қайтиб асосий қўшинга қўшилади. Ҳирот Абдуллахон томонидан қўлга олиниб, шайбонийлар назоратига ўтади.
Ҳирот яна шайбонийлар қўлига ўтгач, Абдуллахон унинг ҳокимлигини ўзининг энг яқин ва ишончли одамларидан бўлган Қулбобо Кўкалтошга беради. Қулбобо Кўкалтош ўз даврининг доно, илмли ва маърифатпарвар амирларидан бўлгани сабабли Ҳирот яна тараққий эта бошлади.
1598 йил февралида Абдуллахоннинг ўлими ва Ҳирот ҳокими Қулбобо Кўкалтошнинг Абдуллахон ўлимидан сўнг хон бўлган Абдулмўмин томонидан ўлдирилиши Хуросондаги вазиятни кескинлаштириб юборди. Бир неча ойдан сўнг Абдулмўминнинг ҳам ўлдирилиши натижасида ҳам Туркистонда, ҳам Хуросонда ҳокимият учун курашлар бошланиб кетди. Мана шундай оғир вазиятда Абдуллахоннинг жияни, моҳир саркарда Дин Муҳаммад кураш майдонига чиқди. Дин Муҳаммад маданиятли, илм-фан ва санъатни қадрловчи инсон бўлиб, ҳатто ўз ҳузурида хаттотларга нафис безакли қўлёзмалар тайёрлатган. Ҳирот ҳокими ва ҳиротликлар Дин Муҳаммаднинг саркардалик қобилиятидан хабардор бўлгани учун Ҳиротни сафавийлар босқинидан ҳимоя қила оладиган шахс сифатида кўради.
Бу орада сафавийлар ҳукмдори Шоҳ Аббос Абдулмўминнинг ўлдирилганини эшитиб, Хуросонни эгаллаш мақсадида Машҳад сари юради. Нишопур шаҳри унга қаршиликсиз бўйсунади. Шу пайтда сафавий амирларидан Фарҳодхон бошчилигидаги ўн икки минг кишилик эронлик лашкар Машҳад яқинидаги Радқонга етиб келганда, Машҳадда Дин Муҳаммад томонидан ҳоким этиб тайинланган Абу Муҳаммад Машҳадни ташлаб, Ҳиротга қочиб келади. Дин Муҳаммад зудлик билан тўрт юз кишилик қўшин юбориб, Машҳадни сақлаб қолишга уринди, бироқ улар жуда кеч етиб бордилар. Фарҳодхон шаҳар ҳимоясиз қолганлигидан фойдаланиб, уни эгаллаб олади.
Пули Салор жанги ва Ҳиротнинг бой берилиши
Дин Муҳаммад қандай бўлмасин Хуросондан эронликларни қувиб чиқариб, бу ердаги ҳокимиятини мустаҳкамлашни хоҳлар эди. Аммо у Шоҳ Аббоснинг ўзи ҳам Хуросонда эканидан ва Машҳад томонга тезлик билан яқинлашаётганидан мутлақо бехабар эди. У ҳолатни муҳокама қилиш учун амирларини йиғди, бироқ уларнинг фикрлари кескин фарқ қилди. Баъзилари унга вақтинча Хуросонни эронликларга топшириб, ўрнига хонликнинг қолган қисмларида ҳокимиятни мустаҳкамлашни маслаҳат берди. Бошқалар эса атиги ўн икки минг кишилик лашкар билан юриш қилаётган Фарҳодхонга бу вилоятни топшириш тўғри бўлмаслигини айтиб, эронликларга қарши ғалаба Дин Муҳаммаднинг мавқеини мустаҳкамлаб, Бухоро сари юришда унга катта сиёсий қудрат беришини таъкидлади.
Дин Муҳаммад айнан шу иккинчи фикрни қабул қилди, бироқ бу қарор Шоҳ Аббоснинг ҳақиқий ҳаракатлари ҳақида ҳеч қандай тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан қабул қилинган эди ва бу хато унга қимматга тушди. Амирларнинг сафавийлар борасидаги разведка фаолияти самара бермади, чунки Шоҳ Аббос ўз юришини сир тутган, озчиликка маълум бўлган йўлдан яширин тарзда ва ҳатто ниқоб остида ҳаракатланаётган эди.
Шоҳ Аббос ҳатто ўз аждоди Шоҳ Исмоил Марв жангида Муҳаммад Шайбонийхонга қарши қўллаган ҳийласига ўхшаш найрангга ҳам мурожаат қилди. У Дин Муҳаммадни Ҳиротда узоқ муддатли қамалгача тайёргарлик кўришига тўсқинлик қилиш мақсадида, гўёки Усмонлилар Эронга ҳужум қилгани сабабли Шоҳ Аббос Хуросонга юришини тўхтатиб, Фарҳодхонни ҳам ортга қайтариб олаётгани ҳақида сохта хабар тарқатди. Ҳатто у Фарҳодхонга орқага чекинишни сохталаштиришни буюрди. Бу ҳийла аъло даражада иш берди.
Худди Муҳаммад Шайбонийхон сингари, Дин Муҳаммад ҳам орқага чекинаётган душманни таъқиб қилишни бошлади ва Шоҳ Аббоснинг тузоғига тушди. Дин Муҳаммад ўн беш-йигирма минг кишилик қўшин билан Ҳиротдан тахминан йигирма беш километр узоқлашганда, кутилмаганда Шоҳ Аббос ва Фарҳодхон бошчилигидаги тўқсон мингдан ортиқ қўшин билан юзма-юз келди.
Вазият ниҳоятда оғир эди, бироқ Дин Муҳаммад амирларининг орқага чекиниш ҳақидаги маслаҳатларини қатъиян рад этди. У бундай йўлни на донолик, на шарафга мос деб билди ва ўз ўрнида қолиб, аскарлари билан бирга жасорат ҳамда қатъият билан жанг қилишни танлади. Ўзбеклар қўшинини ўнг ва чап қанот қисмларига бўлиб, ўнг қанотга укаси Боқи Муҳаммад ҳамда амирларидан бўлган Мирзо Абдуллоҳ Манғит ва Ҳожи Муҳаммадни тайинлади, чап қанотга эса бир гуруҳ ўзбек амирлари билан ўзи жойлашди. 1598 йил 9 августда Пули Салор (Салор кўприги) деган жойда бўлиб ўтган жангда у ҳатто Шоҳ Аббоснинг ўзини ўлдириш даражасига яқинлашди, бироқ якунда оғир мағлубиятга учради. Унинг тўрт мингга яқин аскари ҳалок бўлди, Дин Муҳаммаднинг ўзи эса яраланиб, орадан кўп ўтмай вафот этди. Жангдан сўнг Ҳирот шаҳри Шоҳ Аббос қўлига ўтди ва у аста-секин Хуросоннинг бутун ҳудудини қайта эгаллади.
Ҳирот асрлар давомида ўзбек давлатчилиги ва маданиятининг ажралмас қисми бўлиб келди. Эфталийлардан тортиб то темурийлар ва шайбонийлар давригача бу шаҳар нафақат сиёсий марказ, балки маданият ва маънавият бешиги бўлди. Бироқ 1598 йилги Пули Салор жанги тарихда туб бурилиш ясади. Дин Муҳаммаднинг ушбу жангдаги мағлубияти билан Ҳирот устидан минг йиллик ўзбек ҳукмронлиги бутунлай якун топди. Шундан сўнг шаҳар бошқа ҳеч қачон ўзбек ҳукмдорлари томонидан бошқарилмади. Шунинг учун ҳам бу тарихий нуқта биз учун нафақат бир жанг бой берилиши, балки бутун бир давр билан видолашув бўлиб қолди.
Абдуллажон УСМОНОВ,
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти
Тарих
Тил
Тил
Тарих
Мафкура
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ