Қурбондан ҳазар қиладиган тафаккур қаердан пайдо бўлди? – Туркияда ўзбек аёлига қилинган суиқасддан кейинги ўйлар


Сақлаш
15:31 / 28.01.2026 17 0

Туркияда 37 ёшли ўзбек аёлининг ўз ватандошлари томонидан шафқатсизларча ўлдирилиши фитратида инсонийлик чиримаган аксарият кишини даҳшатга солди. Зиёлилар, жамоатчилик фаоллари турли платформалар орқали азалдан тарбия, ахлоқ, маънавият, оила, қадрият деган тушунчалар аримайдиган жамиятдан ёввойи нусхалар ўсиб-улғайиб, кўпайиб бораётганидан ташвиш-хавотир билдирди. Дурдонага, аслида, етти ёт бегона турк аёллари, унинг ори, шаъни учун кўчаларни тўлдирди. Умуман, қандай қилиб одам зоти шундай вахшийликка бориши мумкин?

 

Кўпчилик шу ҳайратда ўзига савол бераётганда, бошқа бир хунук, ғайриинсоний, ғайриҳуқуқий тенденция ҳам кўзга ташланиб қолди: айни хабар остидаги изоҳларда айримлар (кўпчилик дейишга қўлим бормади) жиноят ёки жиноятчиларни эмас, ўлдирилган заифани қоралаяпти!? “Ўзидан ўтгандир”, “Мен ҳам шу ишни қилардим”, “Жамиятни бундайлардан тозалаш керак” ва ҳоказо мазмундаги фикрлар, шунчаки, даҳшат. 

 

Савол туғилади. Хўш, жон олишни, қотилликни оқлаб-сувайдиган жамиятнинг кир парчалари қаердан чиқяпти, жиноят ёки жиноятчидан жирканмай, қурбондан ҳазар қиладиган тафаккур қаердан пайдо бўлди?

 

Жавобни виждонимдан, ҳаётий тажрибамдан, медиа-кузатувларимдан, яширмайман, сунъий интеллектдан ҳам қидирдим. Топганларимдан ўзим уялдим, ҳайратга тушдим, оғриндим, қўрқдим.  Хулосаларим шундай бўлди:

 

Ишончсизлик. Одамларда суд-ҳуқуқ тизимига ишонч, юмшоқ қишлиб айтганда, катта эмас. (Давлатимиз раҳбарининг кечаги йиғилиши ҳам фикримизни тасдиқлайди). Шундан бўлса керак, айримларда ўзбошимчалик билан суд қилиш — самосуд бу норма ва тўғри йўл, деган қараш сингиб бораётгандек.  Тармоқларда у билан боғлиқ кейслар кўпайган, биз фикр етакчилари, деб атайдиган баъзилар оғзидан “суд ишламаса, ўзим самосуд қиламан” деган қўланса чиқишларни ҳам эшитдик. 

 

Меҳрсизлик. Кундалик ҳаёт ташвишларидан ортиб тарбия учун вақт ажратиш катта бир жасорат бўлиб қолди ҳозир. Хорғинлик, ишдаги қўйди-чиқди, бозордаги ғала-ғовур ҳовури  — фарзандларга меҳр улашиш, улар билан суҳбатлашиш, уларни эшитиш, йўл кўрсатиш билан эмас, кимнингдир “тарихи”ни титкилаш, “рилс” айлантириш билан чиқариляпти. Таъбир жоиз бўлса, қаҳрни — меҳрсизлик тарбиялаяпти.  

 

Медиа. Бу ҳақда катта илмий тадқиқот қилиш мумкин. Биргина, жуда қиммат прайм-вақтларда қўйилаётган сериалларни олайлик.  Хулоса-ҳикмат — зино, фаҳш, тийиқсизлик мавзулари фонида тақдим этиляпти, кишини фикрлашга ундайдиган, маърифат, илм, диёнат ёки тарихни улуғлайдиган ҳеч вақо кўринмайди. Одамлар “поччасига кўз қисган қайинсингиллар” кўпайиб кетяпти, деган рўёга ишониб қолаяпти. Нафратнинг бир учи шундан, эҳтимол.

 

Психопат тафаккури. Сингапурда ўтказилган тадқиқот натижалари, ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларда одатда интеллекти паст, нарцист ёки руҳияти бузуқ одамлар ўзларини агрессив тутиши, шу орқали бошқалар эътиборини тортишга интилиши, ўзини устун кўрсатиш мумкин бўлган виртуал муҳитни жуда севишини кўрсатган. Тушунарлидир.

 

“Адолатли дунёга ишониш” феномени. Инсонлар онг остида “дунё адолатли, яхши одамларга яхшилик келади, ёмонларга эса — ёмонлик” деган ишонч яшайди. Дейлик, агар жиноятчи мутлақо айбсиз, яхши одамни ўлдирган бўлса, демак, бу ҳолат ҳар кимнинг, жумладан, ўша изоҳ ёзаётган одамнинг ҳам бошига тушиши мумкин. Қўрқади. Ундан қочиш учун мия қурбоннинг айбини қидира бошлайди. “У ўзи ёмон бўлган, шунинг учун ўлдирилган” деган хулоса инсонга сохта хавфсизлик ҳиссини беради: “Мен “яхши” бўлганим учун менга ҳеч ким  тегмайди".

 

Анонимлик ва “Оломон эффекти”. Экран ортида ўтирган одам ўзини жавобгарликдан ҳоли ҳис қилади. Жамиятда очиқ айта олмаган энг тубан, ҳайвоний инстинктларини интернетда ҳайиқмай, баралла ёзади. Биттаси бошласа, бошқаси эргашади.

 


Яна, зўравонлик, ғайриинсонийликни оқлаб-кўклаб бераётганлар, одатда ўзининг ит-ичини кемираётган ёввойи нафс ёки гуноҳлардан азоб чекадиган одамлар бўлади. Яъни, инсон ўзидаги “қоронғилик”ни кўришдан қўрқади ва уни бошқаларда қидиради. Аёлни “енгилтаклик”да айблаб, унга тош отаётган, ачинмаётган нусха, аслида ўзидаги ҳайвоний ҳирсни қурбонга “юклаётган” бўлади. 

 

Хуллас, яна бошқа ўнлаб сабаблар бўлиши мумкин ва юқоридагилар менинг (айримлари сунъий интеллектнинг) шахсий мулоҳазаларим. Ҳинд киносида Муннабой ўта ёвуз, разил, ахлоқсиз кимсаларни ҳам “сеҳрли қучоқ” билан даволайди.

 

Болаларимизни кўпроқ бағримизга босайлик. 

 

Дилшод НУРИЛЛОҲ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//