Ахборот уруши – ядро урушидан хавфлироқ ёхуд биз кўринмас «радиация» ичидамизми?


Сақлаш
12:05 / 28.01.2026 53 0

Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбалари инсоният тарихидаги энг даҳшатли фожиалардан бири эди. Улар шаҳарни кулга айлантирди, биноларни вайрон қилди. Аммо ХХI асрда инсоният ундан-да хавфлироқ, кўзга кўринмас қуролни кашф этди. Бу қурол биноларни бузмайди, шаҳарларни олов ичида қолдирмайди. Тўғридан-тўғри инсоннинг қалби ва онгини нишонга олади. Унинг номи – ахборот.

 

Бугун биз яшаётган дунёда урушлар майдонда эмас, балки смартфонлар экранида, ижтимоий тармоқларнинг «лента»ларида ва янгиликлар сайтларида бормоқда. Машҳур футуролог Элвин Тоффлер ўтган асрдаёқ огоҳлантирган эди: «Ким ахборотни назорат қилса, дунёни ўша бошқаради». Хўш, бугунги «ақллар жанги»да вазият қандай?

 

«Кўринмас радиация» механизми

 

Россиялик сиёсатшунос Игор Панарин ахборот урушини «давлатларни парчалашнинг геосиёсий қуроли» деб атайди. Агар ядро қуроли инсоннинг жисмоний танасини йўқ қилса, ахборот уруши унинг ўзлигини, қадриятларини ва тарихий хотирасини ўчириб юборади. Бу худди кўринмас радиацияга ўхшайди: сиз унинг таъсирини дарҳол сезмайсиз, аммо вақт ўтиши билан жамият ўзлигидан бегоналашиб, «зомби»га айланади. Америкалик машҳур геосиёсатчи Збигнев Бжезинский ўз вақтида шундай башорат қилган: «Биз шундай даврга кириб боряпмизки, унда жамият устидан назорат элита қўлида бўлади ва улар замонавий технологиялар ёрдамида ҳар бир фуқаронинг хатти-ҳаракатини кузатиб, бошқара олади». Бугун ўша давр келди. Бизнинг смартфонимиз – бизнинг жосусимиз, янгиликлар лентаси эса – онгимизни бошқарувчи пультга айланди.

 

«Ҳақиқат иллюзияси» эффекти. Радиациянинг энг хавфли томони – унинг тўпланиш хусусиятидир. Ахборотда ҳам шундай. 1977 йилда психологлар (Ҳашер, Голдштейн) томонидан ўтказилган тадқиқот шуни исботладики, инсон мияси такрорланган ёлғонни ҳақиқат деб қабул қилишга мойил. Масалан, ижтимоий тармоқда бир хил ёлғон хабар (фейк) турли манбалардан 3-4 марта такрорланса, миямиздаги «танқидий фильтр» ўчади ва уни автоматик равишда «ҳақиқатaн тўғрига ўхшаяпти» деб қабул қилади. Бугунги «ботлар фабрикаси» айнан шу «такрорлаш эффекти» орқали жамоатчилик фикрини заҳарламоқда.

 

Дофамин қопқони: Биз мижоз эмасмиз, биз – маҳсулотмиз

 

Психологларнинг аниқлашича, ижтимоий тармоқлардаги Like ва изоҳлар инсон миясида худди ширинлик егандаги каби дофамин (ҳузур гормони) ишлаб чиқаради. Тадқиқотларга кўра, инсон бир кунда ўртача 2600 мартадан кўпроқ телефонига тегади. Нейробиологияда дофамин – бу «истак ва кутиш» ифодасидир. Масалан, сиз шоколад еганингизда эмас, балки уни кўрганингизда ва ейишни ўйлаганингизда мияда дофамин энг юқори даражага чиқади.

 

Худди шундай, телефон жиринглаганда ёки «билдиришнома» келганда, мия: «ким ёзди, нима ёзади», «Қандай муносабат билдирди» деган сигнал келганда дофамин отилиб чиқади. Биз хабарни ўқиш учун эмас, ўша дофамин дозасини олиш учун телефонга «ёпишамиз». Натижада эса, биз маълумотга «қарам» бўлиб қоламиз.

 

Ҳозир ахборот оқими шунчалик тезки, миямиз таҳлил қилишга улгурмайди. Бу ҳолат фанда «Танқидий фикрлашнинг сўниши» деб аталади. Ёки яна бир ҳолат «чексиз тасма» – тўхташ белгисининг йўқлиги.

 

Газета ёки китоб ўқилганда унинг саҳифаси якунланади. Бу эса мияга «бўлди, тўхта» деган сигнал беради. Маълумотлар хулосаси шаклланиб, фикрлар теранлашади. Интернетда эса ундай бўлмайди.

 

Ушбу технология муаллифи Аза Раскин кейинчалик афсусланиб, шундай деган: «Биз инсон психологиясидаги заифликни топдик ва ундан фойдаландик. Мен ўз ихтиром (чексиз scroll) орқали инсониятнинг миллионлаб соат вақтини ўғирлаганимдан афсусдаман». Тадқиқотчининг иқрори қандай бўлмасин, инсоният хоҳлайдими йўқ, аллақачон ахборот гирдобида. Тайёр овқат, дангаса мия, мудроқ онг билан «кун ўтмоқда.»

 

Машҳур файласуф ва тилшунос Ноам Хомский оммавий ахборот воситалари орқали манипуляция қилишнинг «10 та усули»ни ишлаб чиққан эди. Улардан энг асосийси – «чалғитиш стратегияси». Хомский айтишича: «Одамларни муҳим ижтимоий муаммолардан чалғитиш учун уларни майда-чуйда, шов-шувли ва кераксиз ахборотга кўмиб ташлаш керак».

 

The Washington Post ёки The New York Times глобал геосиёсатда «кун тартиби»ни белгилаётган бир пайтда, оддий одамлар ижтимоий тармоқларда қайсидир «юлдуз»нинг жанжали ёки маиший видеоларни муҳокама қилиш билан банд. Бу тасодифми?

 

Сиз ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун Instagram ёки Facebookга аъзо бўлиш бепул? Тўғри, сиз интернет-трафик (мегабайт) учун пул тўлайсиз, лекин бу пул алоқа оператори чўнтагига кетади. Илова эгалари эса сиз миллиардлаб долларлик технологияни ишлатганингиз учун бир сўм ҳам сўрамайди. Бу сахийликми? Йўқ.

 

Чунки рақамли бозорда ҳақиқий товар – бу сизсиз. Аниқроғи, сизнинг диққатингиз ва вақтингиз. Соддароқ тушунтирганда ижтимоий тармоқ бу – савдо маркази. Кириш бепул. Кондиционер ишлаб турибди, мусиқа, чиройли муҳит. Сотиб олаётган трафик эса, бензин. Сиз у ерга бориш учун машинангизга бензин қуясиз (бу пул бензин шохобчасига кетади, савдо марказига эмас). Савдо маркази сиздан «кириш ҳақи» олмайди, чунки унинг мақсади – сиз ичкарига кириб, рекламага қарашингиз ва охир-оқибат нимадир сотиб олишингиз ёки шунчаки томоша қилиб, бошқаларни жалб қилишингиздир. У ерда исталганча сайр қилишингиз, вақт ўтказишингиз мумкин. Сизнинг фойдангиз қандай ёки зарарингиз не чоғлик. Бироқ уларнинг фойдаси аниқ.

 

Рақамлар тилга кирганда: Ўғирланган 6 йил ва миллиардлар

 

Биз «интернет текин» деб ўйлаймиз. Аммо иқтисодчилар бунинг нархини аллақачон ҳисоблаб чиқишган. Data Reportal маълумотларига кўра, инсон ўртача кунига 2 соат 23 дақиқасини ижтимоий тармоқларда ўтказади. Бу инсон умрининг 6 йил-у 8 ойи демакдир! Тасаввур қилинг, ҳаётингизнинг салкам 7 йилини бировнинг ҳаётини томоша қилишга сарфладингиз.

 

Келинг, буни «пулга чақамиз». Иқтисодиётда «бой берилган имконият қиймати» (Opportunity Cost) деган тушунча бор. Агар ўртача ўзбекистонлик ёш мутахассис ўз устида ишлаш ўрнига кунига 2 соатини «сcролл» қилишга сарфласа, у йилига миллионлаб сўмлик потенциал даромадидан қуруқ қолади. Калифорния университети профессори Глория Марк янада даҳшатли фактни келтиради: битта хабар (нотифиcатион)га чалғиган мия ўзининг асл ишчи ҳолатига қайтиши учун 23 дақиқа вақт сарфлайди. Демак, биз нафақат вақтимизни, балки интеллектуал салоҳиятимизни арзон лайкларга алмашмоқдамиз.

 

Манипуляцияга қарши иммунитет

 

Манипуляция технологиялари давоси бизнинг Шарқона ҳикматимизда яширинган. Биз ота-боболаримиздан мерос қолган тўрт қоидани рақамли дунёга кўчириш шарт.

 

«Ҳар қандай хабарнинг «санади»ни (манбасини) сўрамай туриб ишонма» – Имом Бухорий.

 

Бу ерда гап замонавий факт-чекинг ҳақида кетмоқда. Аллома биргина ҳадисни тўғри ёки нотўғри эканини билиш учун ойлаб йўл юрган. У нафақат матнни, балки уни айтган одамни (ровийни) ҳам текширган: Бу одам ёлғончи эмасми? Хотираси жойидами? Кимдан эшитган? Агар занжирда битта шубҳали одам бўлса, хабарни рад этган. Демак, ҳар қандай хабарни ўқиганда, савол бериш керак: «Санади (манбаси) борми?» «Бир танишим айтди», «интернетда ёзибди» деган ноаниқ манбаларга эмас, расмий ташкилотнинг муносабати ёки маълумотига ишониш керак. Наҳотки, Имом Бухорийдек инсон бир жумла учун минглаб километр масофа босганида, биз биргина тугмани босиб, манбани текширишга эринсак?

 

Амир Темурга душман ҳақида ваҳимали хабар келганда, у дарҳол буйруқ бермаган. «Кенгаш» (Машварат) чақирган ва ҳиссиётни жиловлаб, ақл билан қарор қилган. «Ғазаб келса – ўтир, ўтирган бўлсанг – ёт» деган нақл бежиз эмас. Бу – қарор қабул қилишдан олдин «психологик пауза» олишдир. Ижтимоий тармоқда «қонингизни қайнатадиган» видео ёки хабар кўрдингизми? Изоҳ ёзишга шошилманг. 1 соат танаффус қилинг. Манипуляторнинг мақсади – сизни дарҳол реакцияга (сўкишга, ваҳимага) ундаш. Сиз сукут сақласангиз, унинг режасини бузган бўласиз. Замонавий тилда айтганда, провокацияга учманг.

 

Нақшбандия ҳикмати: «Ҳуш дар дам» (Ондаги ҳушёрлик). Ушбу таълимотда «Ҳуш дар дам» (Ҳар бир нафасда ҳушёр бўлмоқ) қоидаси бор. Яъни, инсон ўз ҳаёлини назорат қилиши, ҳар бир сонияда нима ҳақида ўйлаётганини англаб туриши керак. Ғафлатда қолмаслик – манипуляциядан ҳимояланишдир. Ижтимоий тармоқда «лентани» айлантириб ўтирган вақтингиз савол беринг: «Мен ҳозир нима қиляпман? Бу маълумот менга нима учун керак?» Агар бу саволни бера олсангиз, сиз «зомби» ҳолатидан чиқасиз ва алгоритм сизни бошқара олмайди.

 

Ибн Сино парҳези: у ўз тиббий асарларида ваҳима ва қўрқув инсон иммунитетини тушириб юборишини айтган. Табиб машҳур тажрибасида бўрининг ёнига қўйилган қўзи емоқ-ичмоғи жойида бўлса ҳам, қўрқувдан ўлиб қолганини исботлаган. Ахборот урушининг мақсади – сизни доимий стресс ва қўрқувда ушлаш (масалан, «Уруш бошланармиш», «Нарх ошармиш»). Худди шу каби кераксиз, салбий, ваҳимали каналлардан чиқиб кетиш лозим. Бу жоҳиллик эмас, бу – руҳий саломатликни сақлашдир. Аллома таъбири билан айтганда ваҳима – заҳар.

 

Агар биз шу «зирҳ»ни кия олсак, ҳеч қандай сунъий интеллект ёки алгоритм бизнинг онгимизни забт эта олмайди, дейиш мумкин.

 

Шоҳиста Юнусалиева,

журналист

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

11:01 / 26.01.2026 0 27
Эркин Орол ижодига чизгилар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30339
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//