ХХ асрнинг ўрталарида Туркистон ҳудудида юз берган миллий озодлик ҳаракатлари, сиёсий қатағонлар ва оммавий зулмлар минтақавий ва умумтуркий тарихнинг энг оғриқли саҳифаларини ташкил этади. Жараёнлар узоқ йиллар давомида совет мафкураси таъсирида ёпиқ қолиб, тарихий хотирадан сиқиб чиқарилди. Ана шундай шароитда хорижда, хусусан, Туркия ҳудудида чоп қилинган даврий матбуот нашрлари Туркистон тарихи ва миллий хотирасини сақлаб қолишда муҳим манба сифатида майдонга чиқди. Шулар орасида “Булоқ” журнали алоҳида ўрин тутади.
“Булоқ” – миллий туйғуларни уйғотиш, коммунистик тузум зулмини фош этиш ва Туркистон миллий озодлик курашларининг хотирасини сақлашга хизмат қилган хотиравий-манбашунослик нашридир.
“Булоқ” саҳифаларида журнал номига шундай таъриф берилган: “Манбаи табиат қаърида бўлган, заиф бир нуқтани топгач, ер юзига чиққан, атрофига ҳаёт ва файз сочувчи. Шоирлар, дардлилар ва ғарибларнинг тўхташ жойи, қўлида кўза ва челак тутган, сочлари ўрилган шод қизлар-у келинлар макони, бўрилар, кийиклар, жайронлар сув ичадиган маскан ҳақида саҳифалар тўла достонлар ёзилган, атрофида ўтовлар қурилган, жанг қўшиқлари айтилган, қалқонлар тозаланиб, қиличлар қайралган; бошлари дарахтзор, этаклари намлик бўлган булоқ ва чашмалар номи – “Булоқ”дир.
Қайд этилишича, журналнинг биринчи сони 1959 йил март ойида нашр этилган. Дастлаб журнал 16 саҳифада чоп этилган бўлса, 1962 йилга келиб унинг ҳажми 20 саҳифага етказилган. Таъсисчиси Бедри Ҳужант, масъул муҳаррири эса Аҳмет Туркели бўлган. Журнал Адана шаҳрида жойлашган “Zemin Matbaasi Komandit Şirketi” босмахонасида чоп этилган. Нашрни даврий ва барқарор равишда йўлга қўйиш мақсадида “Булоқ” мажмуаси учун махсус обуна тизими ташкил этилган.
Журналнинг “Нима учун чиқяпмиз?” сарлавҳали дастурий мурожаати унинг ғоявий йўналишини очиқ-ойдин белгилайди. Унда “Булоқ” ўзини миллатпарвар журналлар сафига қўшиб, туркий халқларга хос фазилатлар, миллий урф-одатлар ва маънавий қадриятларни тиклашни бош мақсад қилиб қўйган. Журнал адабий ёки публицистик нашр бўлиши билан бирга, миллий хотира майдони вазифасини ҳам бажарган.
Журналда “темир парда ортида қолган Туркистон ўлкаларидаги вазиятни жамоатчиликка етказиш” асосий вазифа сифатида белгиланган. Айниқса, совет бошқаруви остидаги зулмлар, диний ва ахлоқий қадриятларни йўқ қилишга қаратилган сиёсат, оммавий қатллар ва Сибирга сургун қилиш амалиётлари ҳақидаги маълумотлар катта ўрин эгаллайди.
Муҳим жиҳати шундаки, “Булоқ” бу воқеликларни расмий-сиёсий тилда эмас, уларни бошидан кечирган инсонларнинг хотиралари орқали ёритади. Бу эса журнал материалларини хотиравий тарих нуқтаи назаридан қийматини оширади.
“Булоқ” саҳифаларида Иккинчи жаҳон уруши мавзуси ҳам Туркистон миллий озодлик курашлари хотираси билан узвий боғланган ҳолда ёритилади. Хусусан, Олмонларга асир тушиб, кейинчалик совет тузумига қарши жанг қилган Туркистонликлар тақдири журналнинг муҳим мавзуларидан бири ҳисобланади. Ушбу хотиралар совет тарихнавислигида “хоинлик” сифатида талқин қилинган бўлса-да, “Булоқ”да улар миллий озодлик учун қилинган мажбурий танлов сифатида баҳоланади. Журнал муқобил тарихий тафаккурни шакллантиришга интилган. Яъни “Булоқ” туркистонликларнинг уруш давридаги фаолиятини мустамлака зулмидан қутулиш йўлидаги уриниш эканлигини таъкидлайди.
Журналда Туркистон миллий озодлик курашлари турли мазмундаги мақолалар, шеърлар, хабар ва эълонлар орқали тарихий ҳодисалар, инсон тақдири, шахсий хотира ва халқнинг умумий дарди эканлиги ёритилади.
Туркистонда аянчли воқеалар давом этаётган, азалдан келиб чиққан асирликдан қутулиш ва миллий озодликни таъминлаш мақсадида олиб борилган курашлар тарихида ҳар бир шахснинг ҳиссаси беқиёс аҳамиятга эга. Шулардан бири Анвар Пошодир. У Туркистонга бориб, қўзғолонларни бошқарган ва ўн бир ой давомида душманга қарши шахсан жанг қилиб, шаҳид бўлган.
Унинг штабида хизмат қилган ва бир кун ҳам ёнидан айрилмаган хотиралар соҳиби ҳақиқий исми Мирзо Пурнафас бўлиб, яқинлари уни “Нафиз” деб атаган. Туркия фуқаролигини олгач, исми Аҳмад Нафиз Туркерга айланган. Беш фарзанднинг отаси ва Ичел вилояти Тарсус туманида истиқомат қилган, аслида у бухоролик бўлган.
Мирзо Пурнафаснинг хотиралари Туркистон миллий озодлик курашларининг муҳим даврларига тўғри келади. Ушбу хотираларда Анвар Пошонинг Туркистон инқилобига қўшилиши ва уни ўн ярим ой давомида қандай бошқаргани ҳақида барча маълумотлар қамраб олинган.
Ҳодисаларнинг ҳақиқий тарихи кўпинча ҳужжатлар ва далиллар етишмаслиги, шунингдек, воқеаларнинг ёзувчи тасаввурларига боғлиқлиги сабабли сир қолган. Туркистон инқилобининг кўп қисмлари тарих учун номаълум бўлиб қолмоқда, ҳам рус, ҳам қизил ҳокимиятлар томонидан амалга оширилган зулмлар, шаҳар ва қишлоқлар бўйлаб қилинган қирқинлар эса кўпинча тарихий манбаларда акс этмаган. Мирзо Пурнафас Туркистон миллий озодлик курашлари ва Анвар Пошо билан боғлиқ воқеаларни тарихга муҳрлаш мақсадида ёзган. Ёзувчи эмаслиги сабабли матнда хатоликлар учрайди, аммо бу ҳужжатлар ва маълумотлар Туркистон халқининг тарихи, анъаналари ва озодлик курашлари ҳақидаги қимматли манба ҳисобланади.
“Булоқ” журналида эълон қилинган “Туркистон миллий курашларидан хотиралар” рукнида мустамлака ҳукуматига қарши олиб борилган миллий озодлик курашлари ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Хусусан, журналнинг 1-сонидаги хотираларда қайд этилишича, Туркистон Шарқда Хитой ва Ҳиндистон, Ғарбда Каспий денгизи ва Урал, Шимолда Сибир, Жанубда Афғонистон ва Тибет билан чегарадош ҳудудни қамраб олган. Унинг майдони тахминан 5,5 миллион квадрат километр, аҳолиси эса тахминан 30 миллион кишини ташкил этган, аҳоли асосан туркий тилда сўзлашган.
Туркистон тарихида Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Сомонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва Бобурийлар каби давлатлар туркий халқлар сиёсий, иқтисодий ва маданий ривожланиши учун асосий рамзий ҳамда амалий майдонни яратган. Бу давлатлар ҳудудда давлатчилик анъаналари, маданий мерос ва иқтисодий алоқаларни шакллантириб, Туркистоннинг барқарор тарихи ва туркий маданий цивилизация ривожига хизмат қилган.
ХIХ асрда Туркистон Россия империяси ҳузурига кириши миллий озодлик курашларининг турли босқичларини белгилади. Манба маълумотларига кўра, бу даврда маҳаллий аҳоли турли ҳудудларда кенг кўламли қаршилик ҳаракатларини амалга оширган: 1812–1827 йиллари Бўкей Ўрда ҳаракатлари, 1840–1845 йилларда Кенесари Султон қўзғолонлари, 1853–1857 йиллари Нур Али ўғли Хон Хўжа Ботир қўзғолони, 1860–1873 йиллари Манғишлоқ қўзғолонлари, 1868 йили Самарқанд ва Бухородаги озодлик курашлари, 1876 йили Фарғонада Абдураҳмонбек Офтобачи исёни, 1891–1896 йиллари Фарғонанинг турли ҳудудларида содир бўлган қўзғолонлар ва 1898 йили Андижонда Дукчи Эшон қўзғолони шу жараёнларнинг асосий воқеалари ҳисобланади. Шунингдек, 1916 йили бутун Туркистонда оммавий ишчилар қўзғолони, 1918–1923 йиллари советлар томонидан “босмачилик” деб номланган, аслида эса миллий кураш ва мустақиллик уруши хусусиятига эга қаршилик ҳаракатлари ҳамда 1922–1923 йиллари Анвар Пошонинг иштирокидаги истиқлол ҳаракати ҳам мазкур миллий ҳаракатлар тарихида муҳим ўрин тутади.
“Юқорида кўрсатилган исёнларнинг ҳар бири туркистонликларга жуда қимматга тушди: шаҳарлар, қасабалар (шаҳарчалар) ёниб, юз минглаб аёл ва эркак туркистонликлар ўлдирилди, миллионлаб бойлик мусодара қилиниб, Москвага ташиб кетилди. Ҳозирча Туркистонда бирор ҳаракат кўринмаётган бўлса-да, қизил қотилларнинг (болшевикларнинг) нонвойхона эшикларини темир пардалар ва қалин деворлар орқасидан қулфлаб қўйиши натижасида, ҳар қандай озодлик ҳаракатига киришганлар иккинчи куниёқ очлик билан юзма-юз келишлари сабабли, одамлар интиқом ҳисларини қалбларида сақлаб, илк фурсатда жонини фидо қилишга тайёр, камида 5 миллион мужоҳид (миллий озодлик курашчилари – М.Д.) ватанидан узоқда, бегона юртларда уфқдан туғиладиган ҳуррият қуёшини кутмоқдалар.
Туркистон инқилобига муқаддима (замин) бўлган ҳодисаларга тўлалигича назар ташлаш лозим. Шу сабабли хотирамизни 1916 йилга қайтарайлик:
Биринчи Жаҳон урушининг иккинчи йилида Чор ҳукуматининг қуролли кучлари Кавказ ва Карпат фронтларида жанг қилмоқда эди. Бу фронтларда истеҳком, йўл ва орқа хизматларда ишлатиш мақсадида Туркистондан мажбурий ишчилар тўпланиб, армияга қўшилиши ҳақида буйруқ берилди. Бу буйруққа биноан, турли жойлардан қуролли миршаблар назорати остида ишчилар тўплана бошлади ва уларга бериладиган иш ҳақи халқдан солиқ сифатида ундирила бошланди.
Туркистондан тўпланадиган ишчилар сони йигирма мингдан ортиқ катта миқдорни ташкил этгани ва бунча одамнинг иш ҳақи халқдан ундирилиши даҳшатли акс-садо берди. Чидаб бўлмас бу солиқларнинг кети узилмас эди. Шу сабабли халқ орасида норозилик бошланди. Бу вазият қаршисида руслар ғазабланиб, кўп жойларда куч ишлатишга мажбур бўлдилар. Жойларда, шаҳар ва қишлоқларда турли воқеалар юз бера бошлади. Тошкент, Самарқанд каби катта шаҳарларда ишчи мажбуриятини ҳарбий мажбуриятга айлантириш, тўпланган халқнинг машқ майдонларида таълим кўриб, қуроллантирилиши ҳақида Чор ҳукуматига таклиф берилган бўлса-да, бу таклиф рад этилди. Энди ўқ ёйдан чиққан эди.
Илк бор Самарқандда, Жиззахда исёнлар бош кўтарди. Буни Олмаота ва Қорақум аҳолиси давом эттирди. Кейинроқ Қизилқум ва Хива атрофи, Фарғонанинг турли қишлоқ ва шаҳарчаларида ҳам умумий исён ҳаракати бошланди. Мунтазам қуролланган Рус қўшинларига қарши Турклар болта, кетмон ва бобомерос эгри қиличлар билан курашга киришдилар. Ишчи тўплашга ҳаракат қилаётган қуролли кучларга пистирма қўйиш орқали уларни йўқ қилиб, қуролларини тортиб олардилар.
Шу тариқа сони кўп бўлмаган Рус қўшинлари гарнизонларидан чиқа олмай қолдилар. Ҳукумат маҳаллий кучлар билан бу ҳаракатни бостириб бўлмаслигини англагач, Осмонли (Туркия) фронтини кучайтириш учун Кавказга жўнатилаётган Сибир армиясини бу фронтга юборишдан воз кечиб, Генерал Куропаткин қўмондонлигида Туркистонга жўнатди. Бу золим генералнинг ваҳший қўшинлари исён минтақасига ҳужум қилди. Қаттолларча бир ғайрат билан қишлоқ ва шаҳарчаларни оловга берди. Йўлида учраган минглаб бегуноҳ аёл, эркак ва болаларни истисносиз қатл қилдилар. Уйлар, мол-мулклар мусодара қилинди.
Икки ойча давом этган шиддатли уруш сонида кўплаб қишлоқ ва шаҳарчалар бутунлай йўқ қилинди. Шарқий Фарғона ва Олмаота атрофидаги мужоҳидлар Шарқий Туркистонга қочиш учун чекиндилар. Қизилқум, Самарқанд ва Ғарбий Фарғона мужоҳидлари эса чўл ва тоғларга яшириндилар.
Шарқий Туркистонга қочмоқчи бўлган Еттисув ва Олмаота мужоҳидлари бир туман Рус отлиқлари томонидан таъқиб қилиниб, Урумчи йўналишида қисиб қўйилди. Бу ҳудудда мудҳиш жанглар бўлди. Чекинаётган 80 мингга яқин инсон 200 мингдан ортиқ ҳайвонлари билан мустамлака қўшинларига таслим бўлишдан кўра ўлимни афзал кўриб, тўп-тўп бўлиб ҳайвонларини олдига солганча империя қўшинларига ҳужум қилдилар. Милтиқ овозларидан ҳурккан ҳайвонларнинг типирчилаши, рус пулемётларининг ўқларига қарамай атрофни чанг-тўзонга белаб душман устига бостириб бориши бир лаҳза уларни шошириб қўйди. Катта талофатларга қарамай, бир ҳовуч турк мужоҳидлари Урумчига ва бир қисми Оқсувга қочиб ўта олди, аммо юз берган бу жангларда 60–70 минг инсон ва 300 мингга яқин ҳайвон қурбон бўлди”.
“Мунтазам рус қўшинлари, сон-саноқсиз қирғинлардан сўнг Туркистонда юз берган бу қўзғолонни жуда оғир талафотлар билан бостира олдилар. Лекин қалблардаги ватан ишқини, миллият мафкурасини сўндира олмадилар. Туркистон, босқинчи кучларнинг катта қисмига мозор бўлган эди. Бу хизмати эвазига Генерал Куропаткиннинг Тошкентда ҳайкали ўрнатилди. Русларнинг жазолаш амалиётидан жон сақлаб қолган минглаб мужоҳидлар, қуролларини топширмасдан гуруҳ-гуруҳ бўлиб тоғларга чекиндилар. Мана шу кучлар Туркистон инқилобининг асосини ташкил этди”.
Журналнинг 4-сонида келтирилишича, 1919 йилда Килиф қасабасида (ҳозирги Туркманистоннинг Керки ҳудуди – М.Д.) содир бўлган воқеа Туркистондаги миллий озодлик курашлари тарихидаги энг оғир босқичлардан бири бўлган. Мақолада зиндон ва ундаги қийинчиликлар ҳам очиб берилган бўлиб, бу воқеа ерлик аҳолининг миллий ўзлик ва мустақилликка бўлган интилишини намоён этгани билан аҳамиятли ҳисобланади.
“... Мен бу қасабага жун сотиб олиш учун келган эдим. 1919 йил 15 июнь куни қасабанинг бозори эди. Бозорга келтирилган жунлардан маъқул келганларини олиб, савдо билан машғул бўлиб турганимда, ёнимга икки нафар хавфсизлик ходими келиб, волий (ҳоким – М.Д.) мени кўрмоқчи эканини айтдилар. Ишларимни битиргач боришимни айтсам-да, рухсат бермай, мени мажбурлаб волийнинг ҳузурига олиб бордилар. Волий мендан ким эканлигимни сўради. Чилли Гуллу туркманларидан эканимни айтдим. Бунинг устига волий менга бақирди:
– Сен жадидсан!
– Буни қаердан билдингиз? – деб сўрадим.
– Туркман бўла туриб, самарқандликлардек кийингансан. Салланг кичик, жадидча услубда. Шариатга хилоф равишда соқолингнинг учи қирқилган? Айниқса, қаламингни қулоғинг устига қўйибсан-ки, бу жадидлар қиладиган ҳаракатдир.
Жавоб беришимга ҳам имкон бермай, зиндонга олиб боришни буюрди. Ичида ўн икки кун қолганим зиндонни таърифлаб берай: Зиндон Қўрғоннинг Амударёга қараган томонида эди. 16 зинапоя пастга тушилгач, катта ва занглаган темир эшикдан ўтиб, ҳеч қуёш кўрмайдиган, тор ва узун йўлакка кирилади. Бу йўлакнинг икки томонида кичик ва ифлос эшиклар билан бир-биридан ажратилган тор ҳужралар бор. Ҳар бир ҳужранинг ўртасида қалин эман кундалари ўрнатилган бўлиб, бу кундалар устида 20 сантиметр чуқурликда, инсон оёғи сиғадиган ўйиқлар очилган. Ўйиқлар орасига темир халқалар қоқилган, халқа ва темир орасидан кунда бўйлаб узун юмалоқ темир ўтказилган. Бунинг бир учи кундага, иккинчи учи эса халқага улкан қулф билан боғланган. Маҳбуснинг оёқлари кунданинг ўйиғида ва унинг устидан ўтказилган темир орасида қолгач, ҳеч қаерга қимирлай олмайдиган ҳолатда соқчиларнинг инсофини кутишга мажбур бўлади. Мана мен ҳам бит, бурга ва бошқа ҳашаротларга тўла бу ҳужрада ёлғиз бошимга 12 кун қисматимни кутдим.
1919 йил 27 июнь тонгида ҳужрамнинг эшиги очилди. Ичкарига кирганлар ҳар кунгиларга ўхшамасди. Иккиси ҳам баланд бўйли, қорача юзли эдилар. Кўзлари қизарган, қон қуйилгандек эди. Ўнг белбоғларида биттадан ханжар осилиб турарди. Улар волийнинг жаллодлари эканини тахмин қилдим. Оёқларимни боғлаб турган кундадан халос қилдилар. Бири олдимда, иккинчиси орқамда зиндондан чиққач, сиёсат майдонига (маҳкумларга жазо бериладиган жой – М.Д.) келдик. Зинанинг охирги поғонасига тушганимда, мох босган тош деворларга урилиб оқаётган Амударёни кўрдим. Бу манзара менга қутулиш илҳомини берди. Бир лаҳзада порлаган ҳуррият чақмоғи берган жасорат билан, икки жаллоднинг орасидан отилиб чиқдим ва бир неча метр олдинда мавжланаётган дарёнинг кўпикли сувларига ўзимни отдим...”.
“...Орқамдан ҳайрат билан қараб қолган жаллодлардан анча узоқлашгач, ўзимни Афғонистон соҳилига отишга ҳаракат қилдим. Бир муддатлик курашдан сўнг, дарё соҳилидаги Афғон гарнизонидан бир километрча ғарбда соҳилга чиқдим. Сузишимга халақит бермаслиги учун кийимларимни сув ичида ечган эдим. Ярим яланғоч ҳолатда гарнизонга паноҳ сўраб бордим. Бир неча йил жун ва пахта мавсумида бу ерларда ишлаганим учун муҳитга бегона эмасдим. Афғонистон фуқароси бўлган туркманлар орасида савдо-сотиқ сабабли танишларим кўп эди. Афғон гарнизони қўмондони мени жуда яхши кутиб олди.
Иссиқ кийимларимни алмаштиришим учун менга ёрдам берди. Устимга кийишга кийим-кечак топиб берди. Гарнизон яқинидаги қишлоқлардан (овлоқлардан) бирида бўлган Сейит Вали оға исмли танишимнинг гарнизонга келишини таъминлашини ундан илтимос қилдим. Қўмондон дарҳол икки аскар юборди ва оқшомгача дўстим келиб, менга кафил бўлди. Энди қутулган эдим. Биргаликда Сейит Вали оғанинг уйига кетдик. Унинг уйида тўрт кун меҳмон бўлдим.
1919 йилнинг 1 июль куни Афғонистоннинг Туркистон вилояти маркази бўлган Мозори Шарифга кетиш учун Сейит Валининг уйидан айрилдим. Дўстим мени ёлғиз қолдирмади. Мозори Шарифгача менга ҳамроҳлик қилди.
Мозори Шарифда маҳаллий ҳукумат раиси – “Ноиб ул-ҳукумат”га бошпана сўраб, гарнизон қўмондонлиги томонидан берилган ҳисоботни тақдим этдим ва бўлиб ўтган воқеаларни оғзаки тушунтирдим. Ноиб ул-ҳукумат менга шаҳар ичида бир турар жой ажратиш фикрида эканини айтди. Қатған вилояти ҳудудида қариндошларим борлигини, агар маъқул кўрилса, Хонобод шаҳрига боришга ижозат беришларини илтимос қилдим. Бу илтимосим қабул қилинди ва керакли расмиятчилик ишлари якунланиб, Сейит Валининг кафиллиги ишончли деб топилди. Қатған вилоятининг Имом Соҳиб қишлоғида яшовчи қариндошларимникида қолишга рухсат берилди. Шу тарзда ЖАДИД тамғаси билан ўлимдан қутулиб қолган эдим...”
Умуман олганда, журнал саҳифаларида чоп этилган мақолалар Туркистон миллий озодлик курашлари ҳақидаги тарихий хотирани сақлаш, қайта тиклаш ва маънавий мерос сифатида келажак авлодга етказишга хизмат қилади. Журнал “булоқ” каби халқ хотираси қаъридан чиққан ҳақиқатларни юзага чиқариб, Россия империяси ва совет ҳокимияти томонидан амалга оширилган қатағон сиёсати тарихини ўрганишда асосий илмий манба вазифасини ўтайди.
Фойдаланилган манба ва адабиётлар:
1. “Bulak”. “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 1. 20 Mart 1959. S. 2.
2. Bulak. Niçin Çikiyoruz. “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 1. Mart 1959. S. 3.
3. Türkistanlı Mirza Purnefes. Türkistan Millî Mücadelelerinden Hatıralar: Önsöz. “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 1. 20 Mart 1959. S. 9.
4. Nafiz TÜRKER. Türkistan Millî Mücadelelerinden Hatıralar. “Bulak” Dergisi. Yil : 1. Sayı : 1. 20 Mart 1959. S. 9–15.
5. Nafiz TÜRKER. Türkistan Millî Mücadelelerinden Hatıralar. “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 2. 20 Nısan 1959. S. 9.
6. Nafiz TÜRKER. Türkistan Millî Mücadelelerinden Hatıralar: Zindan. “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 3. 20 Mayıs 1959. S. 9.
7. Nafiz TÜRKER. Türkistan Millî Mücadelelerinden Hatıralar: Zindan. “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 4. 20 Haziran 1959. S. 9.8. Nafiz TÜRKER. Türkistan Millî Mücadelelerinden Hatıralar. “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 5. 20 Temmuz 1959. S. 9.
Машҳурахон ДАРМОНОВА,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Мафкура
Санъат
Фалсафа
Тарих
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ