Догматик тасаввурларни синдирадиган бадиий-ижтимоий даъво – “Фонус”


Сақлаш
13:10 / 27.01.2026 139 0

Шу кунларда Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Фонус” лойиҳаси доирасида суратга олинган 4 та қисқа метражли фильмлар намойиши бўлиб ўтди. Жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, муаммолар, миллий ғурур, бирдамлик ҳақида ҳикоя қилувчи “Чегара”, “Ичан Қалъа”, “Қўшнилар” ва “Фонус” фильмлари томошабинларда турли мулоҳазаларни уйғотди.  Oyina.uz ушбу қисқа метражли фильмлар ҳақида билдирилган фикрларни бир жойга жамлади.

 

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА, санъатшунос:

“Фонус” – бу шунчаки қисқа метражли фильмлар тўплами эмас. Бу Маънавият ва маърифат маркази ҳақида йиллар давомида шаклланган догматик тасаввурларни синдирадиган бадиий-ижтимоий даъводир. Керакли даъво!   Анъанавий тарғибот – воизликнинг ҳам ўрни йўқ эмас. Аммо кино санъати орқали халқ қалбига йўл топиш – тарғиботнинг энг самарали, энг ишончли ва энг барқарор шакли экани, шубҳасиз.

 

“Чегара”, “Ичан Қалъа”, “Қўшнилар” ва “Фонус” фильмларининг ҳар бири мафкуравий илдизга эга. Шокир Холиқовнинг лойиҳага жалб этилгани жуда тўғри қарор бўлган. Холиқов ғояни инсоний дард ва ички самимият билан етказади, баландпарвоз пафос йўқ – ўй бор, савол бор, жавобни ҳиссиётга ғарқ бўлган томошабиннинг ўзи излайди. 

 

 

“Чегара” фильмида мустақилликдан кейинги илк маъмурият сиёсати бадиий идрок этилган бўлса, “Фонус” фильми пахта қуллиги орқали совет тизими сиёсатини очиб беради ва таълимсиз Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиб бўлмаслиги ғоясини соф инсоний ҳислар билан ифодалайди.

 “Қўшнилар” фильмида геосиёсий масалалар маиший ҳаёт фонида табиий акс этган. Ижодий гуруҳнинг бу қадамига алоҳида раҳмат айтаман.  Дарвоқе, фильм финалидаги янги уй фонини кимдир Янги Ўзбекистон рамзи деб қабул қилар, яна кимдир Янги Туркистон – келгусидаги Буюк Осиё деб талқин қилар… Орзуга айб йўқ!

 “Ичан Қалъа” эса томошабинни ўткир саволлар қаршисида қолдиради: қонун инсон учунми ёки инсон қонун учунми? Қонунлар инсонга ёрдам бериш учун яратиладими ёки унинг ҳаётини янада мураккаблаштириш учунми?

 Тўрт фильм – тўрт дард. Ҳар бири мафкуравий илдиздан ўсган, ижтимоий ҳаёт саҳнида кечинилган изтироб. Ва ҳар бири – зулмат ичида йўл излаётган инсон учун ёқилган алоҳида фонус.

 

Дадахон МУҲАММАДИЙ, шоир:

Буюрма асарни ҳафсала билан, самимий ёзса бўлади. Ватан ҳақида аюҳаннос солмасдан ҳам гапириш мумкин. Юртни севишингни иддао қилмасдан ҳам айтса бўлади. Буюртма кинони ҳам дид билан, кўнгилга етиб борадиган қилиб тасвирга олиш мумкин. Албатта, қип-қизил бўлиши шарт эмас. Кеча режиссёр дўстимиз Шокир Холиқовнинг 4 та қисқа метражли фильмлари премьерасида бўлдик. Шокир ўз йўлини аллақачон топди, ўзига хослигини яратди: унинг киноларида одамлардан кўра деталлар, тасвирлар, нигоҳлар, ҳолатлар гапиради. "Чегара" фильмидаги кечинмаларни бошидан ўтказган қирғизистонлик ўзбеклардан, андижонлик дўстларимиздан эшитганман. "Ичан қалъа" фильмидаги ҳолатни кўриб ичим эзилди. Бир одамга эмас, йўлини йўқотиб қўйган қанча одамларга... "Қўшнилар"да яширилган (аслида яширилмаган) мажозларни кўриб, сезиб, ҳис қилиб, бошимиздан ўтказиб ўтирибмиз. Ҳали бу миллатнинг қанчадан-қанча "Фонус"ларга эҳтиёжи борлигини "Фонус" фильмини кўриб ҳис қилдим. Йиғладим. Премьерадан чиққач режиссёрга бироз "дакки" ҳам бердик. Киноларни бу қадар таъсирли ишлайверманг, деб. Гапимиз бошидаги гап – гап: агар буюртма фильмларни шу қадар самимий, табиий, ишонарли ишлаш мумкин экан, бу албатта давом этиши керак...

 

 

 Қозоқбой ЙЎЛДОШ, адабиётшунос:

"Фонус" менга ёқди. У кўрувчининг кўнглига ёқилган чироқ каби таъсир қилади. Кўрсатилган тўрт кино ҳам самимий ва астойдил ишланган. Айниқса, "Чегара", "Фонус" кўнгилларни забт этарлик бўлган. Бугунги одамга эмпатия – ўзгага кўнгилдош бўлиш етишмайди. Кинолар айни шу хусусиятни шакллантиришга хизмат қилади. Барака топинглар!

 

Гулмира МУСАЖОНОВА, журналист: 

 Бир неча кундан бери Республика Маънавият ва маърифат марказининг  “Фонус” лойиҳаси доирасида суратга олинган қисқа метражли фильмларнинг таъсирида  юрибман. Тадбирга йўл олганимда  бундай самимий, тоза, тирик фильмларни кўраман, деб ўйламагандим. Очиғи, кутмагандим. Негаки, маънавият тарғиботчилари ҳақида кўпчилигимизда маълум фикр, тушунча шаклланган. Узр. Аммо айнан шу лойиҳа ижодкорлари миямдаги бу фикрни синдириб ташлашди. Қойил. “Чегара”, “Ичан Қалъа”, “Қўшнилар”, “Фонус”. Фильмлар айнан шундай кетма-кетликда  намойиш қилинди. Ва бу бежиз эмасдек туюлди менга.

 

Бахтли, тинч яшаш ва истаган пайтида яқинларини кўриш  имконидан ҳам маҳрум бўлган оддий инсонлар тақдири.... “Чегара”да ҳудуд, ер ресурслари, дунёга устун бўлиш учун курашлар – глобал миқёсдаги сиёсий ўйинларнинг қўрқинчли таъсирини бир оила ҳаёти мисолида кўрамиз.

 

“Ичан Қалъа” – эҳтимол, билиб-билмасдан қилинган хато оқибатида издан чиққан ҳаётни тиклаш учун курашаётган фуқаронинг тизим олдидаги  ожизлиги, оиласига яна бош бўлишга интилаётган инсон қисмати. Ота-она  боласига суянчиқ, тоғ бўлади. Лекин, фарзанд  ҳам ота-онаси учун тиргак бўла олиши мумкин. Ота-оналар ёши катта бўлгани учунгина ҳақ бўлавермайди.  Улар ҳам  нималарнидир нотўғри қилишади, адашишади.   Оқибатда  ўзи,  баъзида бутун жамият  боши берк кўчага кириб қолади.  Ана шундай пайтда  ёш авлод   ҳам   уларнинг   қўлидан тутиб,  тўғри йўл –  келажак сари бошлай олади. Фақат ичимиздаги ўзак, ўзлик каби маънавий  “қалъалар”имиз мустаҳкам бўлсин.

 

Собиқ шўро тузуми  турли миллат вакилларини битта “уй”га мажбуран киритган. “Уй” бизга ёқадими, йўқми, бу уларни қизиқтирмасди. Ўша “уй”да  кун кўришга маҳкум эдик. Ҳа, маҳкум эдик!  Йиллар ўтиб, уйнинг пойдевори чирий бошлади. Энди унда ортиқ яшаб бўлмайди. Уй эгалари ҳам  кўчишга аллақачон тайёр. Фақат автомат овозини эслатадиган ёқимсиз шовқин таъмирлаш бўлаётганини билдиради – Володя исмли ишчи қулаш арафасида турган  уйни таъмирлаяпти.  Аммо пойдевори мўрт, энди ҳеч ҳам тиклаб бўлмайдиган уйни зўрма-зўраки сақлаб қолишга ҳожат йўқ! Фильмнинг финали ҳам маъноли. Зора.... “Қўшнилар” фильмидаги ҳар бир кадр, ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракат бежиз эмас.  Ҳар бирида маъно, таг-маъно, ишора, фикр бор.

 

Режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг “Спектаклни ўқиш керак”, деган  гапини кўпчилик билади. Фильмни ҳам ўқиса бўлади! Ўқиш керак! Албатта, агар ўқишга арзийдиган фикр бўлса. Лойиҳа доирасида суратга олинган фильмлар эса нафақат томоша қиладиган, балки ўқиладиган фильлар. Масалан, “Фонус” ҳам. Ўқитувчи ўқувчиларга шунчаки таълим, тарбия бермайди. У миллатнинг келажагини ўстиради. Касби олдидаги масъулият, бу, авваламбор, миллат, келажак олдидаги масъулиятдир. Ўқитувчи Шахсларни тарбиялайди, шакллантиради. Ҳатто, агар бунинг учун бутун  тузумга ёлғиз ўзи  қарши  чиқишига тўғри келса ҳам...

 

Лойиҳа атрофида жам бўлган ижодкорлар сиз билан инсон дарди, жамият оғриқлари ва геосиёсий муаммолар ҳақида очиқ фикрлашиш тарафдори.  Фильмларни томоша қиларкансиз, уларнинг ҳақиқий санъат ва “қип-қизил” тарғибот-ташвиқот ўртасидаги чегара, меъёрни сақлашга уринишганини сезасиз. Демак, ижодкорлар ўз ишига нафақат масъулият, балки виждон билан ҳам ёндашган. Бугунги кунда эса бу ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли, муҳим. Шокир Холиқов нафақат кинонинг алифбосини биладиган истеъдодли режиссёр, балки Шахс ҳамдир. Ижодда эса бу жуда муҳим. Санъатни шахслар яратади. Ўзгартиради. Янгилик киритади. Фильмнинг ҳар бир саҳнаси, ҳар бир кадри устида кўп баҳс-мунозара қилингани, пухта ўйлангани сезилиб турибди. Акс ҳолда, биз сохта, сунъий – бир марта кўриладиган навбатдаги киномаҳсулотни томоша қилишга мажбур бўлардик.

 

Ижодкорлардан қаҳрамонларнинг дардини ҳис қилиш, фикрлаш имконини беришганидан миннатдорман. Улар мен – томошабин билан кино тилида гаплашишди. Фильмларда мен дарднинг, фикрнинг, санъатнинг овозини эшитдим. Бу овозга ишондим. Уни соғинган эканман. Қисқа метражли фильмлари орқали катта фикрларни айтишга уринган “Фонус”чиларимизда   маърифат ғоялари билан яшаган, театр санъатидан унумли фойдаланган  жадид  боболаримизнинг  издошларини кўрдим. Муҳими – уларда шўро тузуми даврида яшаган авлодга хос бўлган қўрқув йўқ. Демак, қон-томиригача сингиб кетган ҳадикдан, қўрқувдан миллат ҳалос бўла бошлабди. Шу жасорат давомий бўлиб, “Фонус” лойиҳаси маёққа айланишини истардим.

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА, журналист:

Бирор тарихий воқеликни факт билан тушунтириб бериш мумкин, аммо шу жараён ортида турган фожеалар инсон изтироблари билан кўрсатиб берилса-чи? “Чегара”да айни шундай қилинади – тақдир сабаб қўшни давлатга палахмон тошидек отилган аёлнинг иложсизлиги, ота-онанинг сиёсий вазият сабаб йўл қараш билан ўтаётган умри… Дунёдаги энг катта фожиа бу – эрксизлик, у қандай кўринишда бўлмасин, қандай аталмасин, оғриқ беради. Жуда нозик мавзу нозик туйғуларда тасвирлангани, нозик чегара босиб ўтилмагани сабаб бадингизга урмайди фильм, ялтироқ фильмга айланиб қолмайди. Қанчалик қийин бўлмасин режиссёр бунинг уддасидан чиқолган, назаримда. Бошқа ижодкор бу мавзуни ё бутунлай қизил ё бутунлай қора рангларда берган бўларди балки(Ҳарҳолда шунақаларниям кўряпмиз бус-бутун катта фильмларда).

 

“Ичан қалъа” – бор бўйи билан Инсон ҳақидаги, инсонга тасалли, инсонни тушуниш ҳақдаги фильм. Бизнес мақсадида бузиб юборилган уй – Ичан қалъа. Борган сари нураб бораётган, лоқайдлик, нафснинг қурбонига айланиб қолаёзган одам – Ичан қалъа. Ўзини ўнглаш учун курашаётган, келажак авлодга етишишни истаётган ота – Ичан қалъа. Фильмда ҳам тарих, ҳам эгасининг руҳий аҳволи, ҳам жамиятнинг ҳолини тасвирлаш эса эски машинанинг гарданига юкланган… Бу фильм фақатгина қамоқдан чиққач, жамият томонидан итқитиб юборил(ади)ган инсоннинг изтироблари ҳақида эмас, унда бошқа ижтимоий муаммоларимиз ҳам кино тилида бериб кетилганини кўриш мумкин. Фақат режиссёрга вақт камлик қилгандек, балки картина тўлиқ метражли бўлганда янаям кўпроқ гап айтарди бизга…

 

 

“Қўшнилар” – тўрттала фильм ичида аввалига энг ғалати туйилгани, кейин энг ёққани(ғоя томондан ҳам) бўлди. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик яшаётган эски уй ва унда эрта-ю кеч тириллатиб, бир нималарни бузишга ҳаракат қилаётган Валодя. Мазмунни тушуниб етдингиз, аллақачон. Биласизми, режиссёр оғриқларимизни, муаммоли нуқталаримизни шундай теран биладики, қўшнилар бирлашиши учун бири касал бўлиши, камига сув ҳам ўчиши керак... Тушунганга яхши фильм, янаям тушунганга яхши ғоя, яхши дарс!

 “Фонус”. Фақат 1-октябр санасида эсланадиган, ҳаётимизга асл ёруғликни, нурни берувчи устозлар ҳақидаги самимий картина. Ўқитувчининг қадри ҳақида юзта тадбир ўтказиб гапиргандан, битта шунақа фильм олган ўн карра фойдалироқ аслида. Ҳа, фильм бошқа шу мавзудаги кинолар қолипида, сюжетида олингандек. Лекин кейин ундаги рамзлар, диалоглар ўзгачалиги ҳам кўринади. Айниқса, якун. Ва айтишим керакки, “Фонус” фақатгина ўқитувчилар ҳақидаги картина эмас. Чунки ҳар бир мактабга, ҳар бир қишлоққа, ҳар бир шаҳарга, ҳар бир жамиятга Алишер муаллимлар керак.

 Хуллас, “Фонус” лойиҳаси доирасида премьера қилинган тўртта қисқа метражли фильмни шунчаки навбатдаги иш, буюртма деёлмайман. Умид қиламанки, лойиҳа тўхтамайди, аксинча, тўлиқ метражли фильмларниям кўрамиз лойиҳа доирасида. Чунки кино бу шунчаки санъат эмас…

 

 

Шаҳноза НАЗАРОВА, филология фанлари доктори, доцент:

Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан қишнинг аёзли 23-январида Миллий кино санъат саройида қисқа метражли фильмлар намойиши бўлиб ўтди. Томошабинларга тўртта фильм тақдим этилди: “Чегара”, “Ичанқалъа”, “Қўшнилар”, “Фонус”. Ташкилот томонидан амалга оширилаётган кўплаб яхши лойиҳалардан хабардорман. У ердаги маслакдошлар билан тарғибот шакллари, усулларини янгилаш, янги қиёфаларни кашф этиш, тарғиботнинг ишончли йўлларини амалиётга тарғиб этиш ҳақида кўп сўзлашганмиз. Анъанавий маърузалар, ваъзхонлик замони ўтди. Эски ва янги имкониятларни фарқлай оладиган, миллий манфаатларга номусдек қарайдиган бир авлод етишиб келиши учун бу ишларни ишонч заминига қуриш керак. Мазкур лойиҳа ана шундай ишлардан бири бўлибди. Гарчи бу фильмларнинг баъзиларида сюжетда ноқислик, ёниб турган якуннинг йўқлиги, операторлик ишидаги айрим камчиликлар кўзга ташланса-да, ёш ижодий жамоа ўз имкониятларидан келиб чиқиб, рамзлар тилида сўзлашни истайди. Улар инсоний таназзул ва миллий маҳдудлик чегараларини ёриб ўтишни истайди. Тасвирларда қайта-қайта кўрсатилган – путурдан кетган манзилларга нур, кимсасизларга – ишонч беради, муҳими, ўйлаб кўришга ва ҳаракатга ундайди, дея умид қиламан. Жамоани ажойиб лойиҳа билан қутлайман!

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 31831
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//