Эркин Орол – ўзига хос услубга эга рассом, серқирра ва бир хилликдан қочувчи фаол ижодкор. Ўз ижодий салоҳиятини намоён этиш асносида, жамиятда кечаётган воқеликка санъаткорона муносабати, кайфиятини ёрқин англаб олиш мумкин. Унинг картиналарини томоша қиларкансиз, рассом дунёқараши йиллар давомида ўсиб, ўзгариб борганини кўриш мумкин. Унинг атрофини ўраб турган нимаики бор – бадиий тажрибаларида ўз аксини топади, аста-секин ижодкор шахснинг шаклланиш ва ривожланиш жараёни содир бўлади.
Эркин Орол ижодида манзара жанри муҳим ўрин эгаллайди. Унинг ҳар бир картинаси она Ватан – Ўзбекистон ва у туғилиб ўсган бепаён Сурхондарёга бўлган чексиз муҳаббат билан йўғрилган. Рассом манзараларидаги ўзига хос таъсирчанликка ранг ва шакл орқали эришади. Асарларида нур ва ҳаво билан тўйинган, соф, оҳангдор колорит яққол намоён бўлади. Шу билан бирга, унинг услубида реалистик анъаналарга бўлган садоқат ва бадиий ифода воситаларидан маҳорат билан фойдаланиш кўзга ташланади.
Рассом кўпинча этюднигини олиб, очиқ ҳавода – пленэрда ишлайди. У тоғ ва қишлоқ манзараларини, миллий руҳ сақланган уйларни, ўсимлик ва ҳайвонот оламини синчковлик билан тасвирлайди. Табиат қўйнида яратилган этюд ва чизмаларда рассом минтақанинг ҳаётини бор ҳолича – табиий муҳит ва «маданий» турмуш тарзи билан биргаликда акс эттиради.
Эркин кўпинча манзара фонларида дарахт соясида ҳордиқ чиқараётган қишлоқ одамларини, онахон-у отахонларни, қишлоқнинг табиат билан уйғун кечаётган оддий кундалик ҳаёт оқимини тасвирлайди. Бу лавҳалар ўта жонли, жўшқин, гоҳи эса ўта хотиржам ва табиий ритм устувор. Рассом гўё оддийликдаги гўзалликни, бир лаҳзанинг поклигини, инсоннинг табиат ҳамда анъаналар билан уйғун ҳаётини қадрлаш ғоясини илгари сураётгандек. Бундай манзаралар қаторига «Бизнинг кўча», «Бизнинг супамиз», «Далада», «Умр», «Жилға», «Ойдин кеча», «Чошгоҳ», «Хумсон тонги», «Шамол», «Шом», «Эрта тонг», «Манзара» каби асарлар киради.