Ўзбекча, ўзбеклик ва мавжудлик ҳақида психологик имҳо


Сақлаш
18:56 / 22.01.2026 13 0

Бир танишимни хурсанд қилиш учун Ўзбекистондаги анча машҳур Bloom иловасига кирдим. Ҳали илова очилиб улгурмай қаршимда уч тил пайдо бўлди. Русча (биринчи, доимгидек), ўзбекча (уят бўлмасин) ва инглизча (давр талаби). Албатта ўзбекчани танладим. Ўзим четда бўлганим учун негадир ўзбек иловаларини оча туриб бошқача ҳаяжон туяман. Ипидан-игнасигача туркча сайрайдиган сайтлардан ўзбекчага ўтиш Анқаранинг бағрида палов ейишдек гап. “Мана”, дейман, “Ҳозир ўзбекча чиқади-ю, узоқдан бўлса-да уйимга қайтаман. Ўзбекистондаги минглаб ватандош каби унинг секин ишлашидан нолийман, четдаги минглаб ватандош каби бир нималарнинг нисбатан арзонлигини кўриб орзиқаман”... аммо иловада ўзбекчани танлаганим билан ҳеч нарса бўлмади. Уч-тўрт тасниф ва хўжакўрсин маълумотдан бошқа бутун матн русча эди. Ҳатто тизим ҳам ўлкадаги тил мафкурасини унча тушунмаганиданми, ўзбекча менюни қўшимчаси билан русча ҳам тақдим қила бошлади. Мен эса ўзимни уйдагидек ҳис қилолмадим. 

Фрейд бу ҳолатни unheimlich деб атарди. Бир вақтнинг ўзида ҳам таниш, ҳам нотаниш. Айнан танишлиги билан одамнинг ичига ғулғула солгувчи аллатовур тилсим. Ҳа, иловада русчанинг чиқишини билардим. Шу билиш, шу танишлик ҳолати ғиппа бўғганди мени. Ўзбекча менюнинг тузук-қуруқ ишламаслиги ҳам маълум эди. Миллион долларлик банклар ўз номларини ўзбекчада тўғри ёзишолмас, ў ҳарфи ҳатто расмий иловада ҳам у бўлар, бу банк ходимлари эса русча гапирмаган одамнинг ҳатто мавжудиятидан ҳам ҳазар қиларди. Бу ҳазарни ҳам билардим. Лекин билиш доим ҳам мудофаани кучайтиролмасди. Аксинча, баъзан унинг ўзи душманга айланар, ботинингни забтига олиб йўқлигингни, кўринмаслигингни юзингга соларди.

 

Бошқа психоаналист, Юлия Кристева эса бу ҳолни abject деб ифодаларди. Энди танишлик ҳисси жирканч заруратга айланади. Биз одатда қон ё сўлак каби ҳамма қочадиган, аммо ҳаёт учун керакли моддаларни abject деб атаймиз. Аммо истеҳзога қарангки, илова воқеасида кимнинг abject эканлигини аниқ билмасдим. Ёки… ҳам ширкатнинг даромади учун зарурий, ҳам ширкат жирканиб қарайдиган ўша унсур менмидим? Ё русчани шундай мажбурий зарурат деб билармидик? Ҳартугул, катталарнинг “русча билмаганга иш йўқ” қабилидаги гапларига кўп дуч келгандим. Бироқ, бу гап остида мажбурият ёхуд хазардан кўра кўпроқ ўзи оид бўлган даврнинг хаёлий ифтихори ҳам сезиларди. Ўтмиш бу одамлар қабилида доим шонли кўринар, русча эса бу шонли даврнинг асосий ифода воситаси бўлиб хизмат қиларди. Ширкатнинг менга йўналган жирканиши, мени abject мақомига банди қилиши ўзбеклик билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ўзбеклик улар учун шунчалар катта ва йирингдор жароҳатки, ҳеч қайси тил, ҳеч қайси ифода уни боғлолмайди. Ўзбеклик йиринги оқмаган тақдирда ҳам қўланса исини таратаверади. Бу доирадаги инсонлар наздида ўзбек кимлиги кейинчалик орттирилган касаллик ҳам эмас. У туғма бир тамға, касаллик, ҳатто синдромдир. Уни тинимсиз қайсидир малҳамлар билан хаспўшлашимиз, яширишимиз кутилади.

 

Бу жирканчлик аросати ва ташқарининг Аърофини Ўзбекистонга ҳар қайтишимда кўп кузатардим. Биласиз, азим пойтахтимиз чавақланиб ётибди. Чанг эса бу ўлимтик шаҳарнинг қонига ўхшайди. Қон бурнимдан сизиб бутун баданимга ўрлайди. Кўзимга, қулоқларимга тўлади. Баданимга ёпишиб теримни ёради-ю, чиқиб кетиш учун худди русчанинг остидаги ўзбеклик каби силқиб оқади. Бундай пайтлар ўзим билан доим бир малҳам олиб юрардим. Бироқ сўнги боришимда унутибман. Қонаб ётган кўчалар аро тентий туриб кўзимга ўша нажот қалъаси кўринди: LʼOccitane! Пиёдалар ўтиш йўлида товони қичиб газга босадиган ҳайдовчи подасидан соғ чиқиб дўкон томон яқинлашдим. Албатта, юқорида айтганимдек, русчага тўқнашишимни билардим. У ҳам ўша ҳайдовчиларга ўхшарди. Борлиги менинг йўқлигимдан сув ичмаса-да, доим борлигимни ўз соясига оларди. Бир ўзбек ўлароқ бу тилнинг соясида, тўғрироғи зулмоний кўланкасида қайсидир деворларни пайпаслаганча йўлимни топишга мажбур эдим. Ва, бу йўлнинг қаерга олиб боришини албатта билмасдим. Ҳеч қайси ўзбек билмаса керак. Кирдим. Ўсимлиг-у ёғларнинг қадрдон иси димоғимга урилди, аммо бегоналик кўп куттирмади. “Здравствуйте” деган ўша сўз, калишингдаги чангни артиб кир деган хитоб. Салом, деб жавоб бердим. Ёлғон бўлмасин, саломдан аввал бир нафас тўхтадим. Худди бошқа, русча гапирилганида аввал тутилиб қоладиган бутун ўзбеклар каби. Умуман, бу тўхташ, тутилиш лаҳзаси нимани англатарди? Ё тилимиз тугаган жойда биз ҳам тугармидик?

 

Виттгенштейн қистириб ўтган “Тилимнинг чегараси менинг чегарамдир” деган гапни доим “мен”нинг деб талаффуз қилардим. Тил воқеликни тасвирлаш воситаси эмас, балки аслида воқеликни яратиш унсури эканини ҳисобга олсак, буни тушуниш мумкин. Тил номлайди, рад этади, тан олади, нарх қўяди ва энг асосийси рамзийлаштиради. Бу рамзийлаштириш майдони қисқаргани сайин шахснинг менлиги ҳам оқсайверади. Тил чегараларини бошқа бир психоаналист Жак Лаканга татбиқ қиладиган бўлсак, менликнинг ўзи рамзийлаштиролмаган, мослаштиролмаган муҳитда қандоқ парчаланишини кўрамиз. Лакан ушбу менлик саҳросини Ҳақиқат деб атайди. Инсон ўзини ифодалай олмаган нуқтада мана шу ҳақиқат, аниқроғи, Бошқанинг ҳақиқати портлайди. Қизиқ, социологиянинг умумий қабул қилинган қоидаларига кўра жамият доим Бошқани четлаштириши, кўриб кўрмаганга олиши ё йўқ қилиши керак, аммо мустамлака травмаси барини ағдар-тўнтар қилади. Мустамлака лисони ўзбекнинг онгидаги тарихий-жамоавий травма таъсири остида юксалиб, ўзбекни кўланкасига маҳкум қилади. Ушбу маҳкумият лаҳза ўтгани сайин мазлумиятга айланади ва унутмангки, мазлум гапира олмайди, чунки уни ҳеч ким тингламайди...

 

Мазлумнинг воқелиги мустабиднинг рамзий низомига суқилиб киролмаслиги бор гап, чунки мустабид уни кўриб кўрмаганга олса, демак воқелик ҳам ўз мавжудиятини исботлай олмайди. Исботланмаган мавжудият эса айнан ўша, ўзбекнинг русча қаршисидаги бир лаҳзалик тутилиб қолишидир. Тутилишдан кейин бир умид ёхуд исён билан керакли малҳамнинг номини инглизча айтдим. Менга қараб ним қисилган кўз нимадан далолат берарди? Тушунмасликми? Негадир мени бу малҳамга лойиқ кўрмасликдек туюлди – Сен ўзбексан, палон сўмлик кремга бало борми? Малҳамнинг номини ўзбекча айтдим. Яна кўзлар қисилди, яна сукунат бояги ҳидлар узра хонада муаллақ қолди. Охири аёлнинг орқасидаги растада кўрдим уни. Ана, дедим. Турибди. – Ааааа, крем для рук с маслом ши!

 

Ҳа, дедим. Тўловдан аввал исм-шарифимни олган аёл туғилган санам ва телефон рақамимга келганда ўнғайсизланди. Ўзбекча гапиришда давом этишимни кўргач, ол, ёз, дегандек қоғоз-қалам тутқазди. Ёздим-у ҳали қоғозини қайтармай, “ўзбекча гапирадиган ходиминглар йўқми?”, дедим. LʼOccitane халқаро бренд, деган мужмал жавоб олдим. – Then why not English? Аёл ҳар бир рус, ё Худойим, ҳар бир руснинг инглизча қаршисидаги бўғилиши билан унсизгина жавоб қайтарди. Sounds like skill issue. Демак, тил ўрганиш қобилияти чиндан муаммо экан, дегим келди. Ўзбекчани ўрганиш мафкуравий масала бўлиши мумкин, лекин иккита инглизча сўзни ҳам билмаслик камида социологик таҳлилга арзирли ҳолат. Қишлоқдаги болалар ҳам инглизчадан аллақайси сертификат учун жон олиб жон бераётган пайт бу опалар тил билмай туриб халқаро бренднинг дўконига қандоқ жойлашганди?

 

Ўзбекча йўқ бўлгани учун ҳеч нарса олмай эшикдан худди Қўчқор Норқобил пъесаларидаги қаҳрамонлар каби шартта чиқиб кетолармидим? Албатта, йўқ. Дўкон остонаси ёмғир ва дўл орасидаги кўприкка ўхшарди. Ташқари, чанг, аллергия, қон ва оғриқ. Ичкари, ҳатто менинг борлигимдан ҳам безовта муҳит. Фақат, бу ерда айнан қайси тарафнинг ёмғир ё дўллигини аниқ билолмасдим.

Малҳамни олдим. Уни аввал ишлатмаган бўлсам, албатта олиш тугул дўконга ҳам қадам босолмасдим. У мен учун яратилмаганди. Русча билмаган ўзбек, кимдир айтганидек, Тошкентда мардикорлик ҳам қилолмасди. Ким билади, балки сенга иш берган одам ўзбекча билмас? Натижада, ўзбекни ўзбекча билмай ишлатадиган одам кам эмас.

 

Бу нуқтада Тошкент кимники, деган савол туғилади. Унга ўзимни қанчалар мослашган деб ўйласам-да, ҳеч қачон ўзимники деб атолмадим. Ваҳоланки, ундан нари борса қирқ дақиқалик нарида туғилган, унинг қоқ марказидаги мусиқа мактабида ўқиб улғайган ва кетишдан аввал бутун умримни кўчаларида тентираб ўтқазгандим. “Самарқанд дарвоза” (савдо маркази) пойида кирсак бўлармикан, деб совуқда дийдираган товус жемперли холаларни кўрдим. Пули бўла туриб Корзинкадан бирор нима олишга ийманган амакиларни кўрдим. Ўзбек тўлаган солиқ билан уюштирилган фестивалларда кулганнинг бошқа-ю, бир четда қимтиниб турганнинг ўзбеклигини кўрдим. Кулган бошқалар-у йиғлаган менман, десам ошириб юборармиканман?

 

Тошкент ва этник ўзбек орасидаги бу таранглик руҳий тарафлама жароҳатлар устига қурилгандир балки. Лекин биз бу жароҳатларни доим ўтмишнинг энтикиш тўла малиҳулёсига йўямиз. Унинг ачимсиқ дуди кўзимизни қанчалар ачиштирмасин, оққан ёшни бахтдан, деймиз. Бугуннинг, тириклик ва борлик қутловининг бахти. Бизда шукуҳ доим шу – балодан омон чиқиш натижаси ўлароқ яралади. Сув ича туриб сувимизга таъм киргани учун эмас, балки саҳро бағрида бир қултум чашма топганимиз учун қувонамиз фақат.

 

Тошкент борасида ҳеч қачон ҳисоб сўралмади. Берилмади ҳам. Сўйиш деб эҳтимол янглишгандирман, чунки қишлоқда бир жонлиқ сўйилса қўшни ҳам бир бурда гўшт оларди. Бироқ сўйилган Тошкентдан қайси ўзбек насибланди? Чеҳраси ҳар маънода очилиб бораётган дурагай Тошкент қайси ўзбекни бағрига олди? Янги дўконларига русча билмаган одам киролармикан? Икки энлик инглизчам билан сал киргандек бўлдим. Барибир уйлик қилмади, барибир қимтиндим. Ўзбек ва Тошкент орасидаги бу муаллақ муносабат менга доим ошиқ ўспиринни эслатади. Ўн беш яшар, мўйлаби сабза урмаган йигит синфнинг энг гўзал қизини севади. Қизнинг уни икки пулга олмаслигини билса-да, хаёлан у билан бахтли бўлаверади. Унга атаб шеър ёзади, ҳажрида йиғлайди, тунларини бедор ўтказади, аммо қиз уйида ухлаб ётган бўлади. Тошкент ҳам шу. Русча билмаган қоравой ўзбекнинг хаёлларидагина бор, холос.

 

Дарҳақиқат, “Тошкент кимники?”, деган саволни “Тошкент борми?”, деган саволга ўзгартирсак қандай бўларкин? Мен тасаввур қилган Тошкент ва бир рус ватандош таҳайюлида жонланган Тошкент фарқли равишда, худди бошқа ўлчамларда яшаётган икки инсон каби бир-биридан бехабар.

Қачондир машҳур занжир қаҳвахона официанти русча гапирди, деб анча тортишувлар бўлганди. Кимлардир буни шовинизм деб баҳолади. Тошкентда ким бўлишингиздан қатъий назар гап русча бошланармиш. Аммо, бу дўстлар мустамлакадан кейинги жамият муҳитини унутиб қўйишганди. Мустамлакадан чиққан ҳар бир мазлум шахсият ўз мавжудиятини баралла ва очиқ ойдин тақдим қилиши шарт. Боиси, мазлумият шунчалар баланд чинқирадики, унинг овозини ўчириш учун ўз мавжудиятимизни ҳайқириқ баробарида яшашдан бошқа иложимиз қолмайди. Йўқ, бу шовинизм эмас, яшаш учун кураш, холос. Ўзбек сифатида яшаш учун кураш.

 

Шахсан мен LʼOccitane дўконидаги харидимни ўзбеклик учун тўланган ўлпон деб тушундим. Ташқари Mad Max мисоли ғубор жаҳаннами эканлигини ҳисобга олсак, бу ўлпонни тўламасдан иложим йўқ эди. Чунки биласиз, мен Шермуҳаммадбек эмасдим. Гоҳо терим баъзи мафкуралардан азиздек туюлиб кетади. Бу нуқтада Декартнинг “Ўйлаяпман, демак борман” луқмасини рад этаман: Оғрияпман, демак борман. Бир ўзбек ўлароқ фақат оғриқ ва азиятгина менинг борлигимни исботлай олади, холос. Йўқ, дарров жаҳлингиз чиқмасин. Бу таслимият баробарида дўстим учун Bloom орқали совға олишдан воз кечдим. Ўрнига ўзим турган мамлакатдан муқобил нимадир йўллайман, дедим. Ўзбеклигим учун ўлпон тўлашдан воз кечдим. Биламан, бу бренд учун қизиқ эмас, бир қоравой қайсидир корейс кремини ишлатмаса ҳам ўлиб қолмайди, аммо… бизнинг исёнимиз доим шундай бўлмаганми? Зарари ўзимизга бўлса бўлсин, асосийси орият бутун қолсин…

 

Мирзоҳид МУЗАФФАР

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

16:01 / 22.01.2026 0 14
Ўзбек жамиятини чўчитаётган феминизм





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29978
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//