Санъат
Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан сўнг, Ўзбекистон ССРда аҳолининг даромад ва истеъмолчилик қуввати ниҳоятда паст даражага тушиб кетади. Пахта яккаҳокимлиги, самарасиз бюджет харажатлари ва солиқ сиёсати аҳолининг ижтимоий турмуши ёмонлашишига олиб келди. 1946-1947-йилларга келиб бутун совет ҳудудида нархларнинг ўртача қиймати 1937 йилга нисбатан 3,5 барабар, 1940 йилга нисбатан 3 баравар кўтарилади[1]. Оқибатда урушдан кейинги даврда юзага келган очарчилик муаммоси халқнинг тинкасини янада қуритади. Бутун совет республикаларида бўлгани каби Ўзбекистон ССР аҳолиси ижтимоий ва моддий турмушни урушдан кейин қайта изга солишдаги қийинчиликларни, қишлоқ хўжалиги соҳасида ортда қолишларни ва карточка тизими мавжуд бўлган мураккаб босқичларни бошидан ўтказди.
СССРда 1947 йили маҳсулотларни тақсимлашнинг карточка тизими тугатилиб, озиқ-овқат ва саноат молларини чаканалаб сотиш юзасидан ягона давлат баҳолари белгиланди[2]. 1952 йилдан нархларни тайинлаш, рўйхатга олиш, уларнинг тўғри юритилиши ва ҳисоб-китоб қилиниши учун СССР республикалари ва Ўзбекистон ССРда ҳам Савдо вазирликлари таркибида алоҳида нарх бўлимлари ташкил қилинади[3].
Совет давлатида нарх-наво масалалари бўйича шуғулланувчи алоҳида давлат органи 1958–1965-йилларда СССР Давлат Режа қўмитаси ҳузуридаги Нарх бюроси, 1965–1968-йилларда Давлат нарх қўмитаси бўлган. 1969 йилдан бошлаб бу идора СССР Министрлар Совети ҳузурида фаолият юритган. Давлат нарх қўмитаси озиқ-овқатдан тортиб саноат маҳсулотларигача бўлган барча товарларнинг нархларини белгилаб, уларнинг устидан қатъий назорат юритилишини таъминлаган.
КПССнинг XXIV сьездида “Нархлар – социалистик давлатни иқтисодий жиҳатдан бошқаришнинг кучли ричаги ва биз бу кучдан фаол фойдаланишимиз керак” деган фикр илгари сурилади[4]. Давлат кооператив чакана савдо нархида ҳам ягона тартиб ўрнатди. СССР Давлат нарх қўмитаси истеъмол маҳсулотларининг чакана ва улгуржи нархларда қандай сотилишини белгилаб берар ҳамда барча республикалар бўйича истеъмол маҳсулотлари Истеъмолчилар иттифоқи (потребсоюз) томонидан белгиланган нархда бозорга олиб чиқиб сотиларди.
Кўпгина маҳсулотлар қадоғида давлат нархи кўрсатилган ҳолда чиқарилиб, ҳудуд ёки дўкондан қатъи назар, бутун совет давлати бўйича ўзгармас ва бир хил бўлган. Мазкур тизим ўзбошимчалик билан нархларни оширишни чеклаган. Тошкентда ҳам, бошқа шаҳарларда ҳам бир турдаги маҳсулот белгиланган нархдан юқори қийматда сотилмаслиги чакана савдо тизимига ишончни оширди. Бироқ нархларни қадоқда кўрсатиш тизими тез орада ўзининг бор камчиликларини намоён қилди. Жумладан, бу тизим мослашувчан бўлмай, эскирган нархни жорий нарх билан алмаштириш учун ҳукуматнинг розилиги талаб қилинган. Нархи мустақил бўлмаган маҳсулотлар сотилмай қолгач йиллаб омборхоналарда туриб, яроқсиз ҳолатга тушиб, ишлаб чиқарувчиларга катта зиён келтирган. Бундан ташқари олис ҳудудларда чакана савдо билан шуғулланувчилар ҳам қадоқда маҳсулот нархи кўрсатилишидан манфаатдор эмасди. Маҳсулотни етказиш ва сақлаш харажатлари товарда кўрсатилган нархга мос келмаган.
Совет ҳокимиятининг қатъий нарх сиёсати ишлаб чиқарувчилар манфаатига мос келмагани, эркин бозор муносабатларидаги тўсиқлар ҳамда хусусий савдонинг чеклаб қўйилгани қора бозорларнинг шаклланиши, авж олишига, чайқовчилик (спекуляция) билан шуғулланувчиларнинг сони кўпайишига олиб келди. Бунга қарши курашаётган совет органлари асрлар давомида савдо-сотиқ орқали турмуш кечирган аҳолининг ижтимоий манфаатларига зид чоралар қўллашга киришди. Оқибатда бозорда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларини сотаётган оддий ҳунармандлар ҳам, оиласини қўшимча даромад орқали таъминлашга мажбур бўлиб савдога кирганлар ҳам чайқовчиликда айбланиб, жазога тортилиши муқаррар эди.
1952 йилда Тошкент шаҳри бозорлари ўрганилганда, хусусий тадбиркорлар ва чайқовчи-олиб сотарларнинг фаоллашгани аниқланган (улар саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосида нархларнинг сунъий кўтарилишида айбдор қилиб кўрсатилган). Жумладан, Олой бозорида 3 рублдан сотилиши керак бўлган 1-навли нон нархи 7 рублдан, 6 рубл сотилиши керак бўлган қуюлтирилган сут 9 рубл қилиб сотилгани аниқланган. Бундан ташқари ўзбек миллий бош (дўппи ва б.) ва оёқ кийимларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳеч қандай давлат назоратисиз сотилаётгани қораланган[5].
Бозорларда 1951-1952-йилларда рухсатсиз тадбиркорлик билан шуғулланган 40 киши ушланиб, жавобгарликка тортилади. Чайқовчиликка қарши курашиш учун қатъий чоралар рўкач қилиниб уларга оғир жазолар белгиланган. Жумладан, бозорда конфет ва чой савдоси билан шуғалланган Б.Шарипов 5 йилга, 1 жуфт осиё ковушини сотган Х.Исаков 5 йилга, сабзи сотган Н.Қамбаров 5 йилга, миллий матолар ва дўппилар сотган Қ.Абдуллаев 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган[6]. Шу тариқа совет ҳокимияти хусусий тадбиркорлик ва савдони чеклаб, нарх-наво устидан қатъий назоратни кучайтирди. Бу Ўзбекистон ССРда яшовчи аҳолининг, айниқса минг йиллар давомида савдо-сотиқ орқали даромад топиб, рўзғорини юритган, бу жараён қон-қонига сингиб кетган халқ вакиллари авлодларининг ижтимоий ҳаётига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади.
Ўзбекистон ССРда туб аҳоли оиласи учун маиший техника воситаларини сотиб олишга ҳам имкони етмаган. Айниқса қишлоқ, туманларда аҳвол оғир бўлиб, бутун бир қишлоқда бор-йўғи бир-икки оилада телевизор, чангютгич ёки музлаткич бўлган. Бунинг сабабини маиший техника воситалари баҳоси ойлик маошга нисбатан анча юқори бўлгани билан изоҳлаш мумкин. Масалан, Ўзбекистон ССРда “ВСП” кир ювиш машинаси 1959 йилда 200 рубл, 1961 йилда “Азербайджан-2” ҳаво совуткичи 420 рубл, “Восток-2” музлаткичи 85 рубл, электр дазмоли 25 рубл қийматда баҳоланган[7]. 1962 йилда чакана нахрда баҳоланган телевизорлар ичида энг арзонлари КВН-49 русумида 102 рубл, энг қимматлари “Топаз” русумида 960 рубл, “Мир” русумида 504 рубл, “Алмаз-102” русумида 480 рубл бўлган. Радио ва магнитафони бор энг қиммат телевизор “Кристал-104” нархи 1300-1560 рубл ҳисобланган. Бу телевизорни сотиб олиш учун Ўзбекистон ССРдаги ўртача маош оладиган оддий ишчи камида 1 йил ҳеч қандай сарф-харажатларисиз маошини йиғиши лозим эди. Иш ҳақи 40–50 рубл бўлган оддий мактаб ўқитувчиси бундай маҳсулотни сотиб олиши учун камида уч йиллик ойлигини жамғариши керак эди. Аҳоли русуми эскирган ва сифатсиз маҳсулотларни сотиб олишига тўғри келган. 1964 йилда Тошкент шаҳрида радио воситаларининг эскирган моделларининг арзонлаштирилган нархлари норасмий белгиланади: “Минск-Т”, “Нева” русумли радиоприёмниги 27 рублдан 10 рублга, “Заря” телевизори 168 рублдан 80 рублга ва “Волна” телевизорлари 336 рублдан 220 рублга туширирилган[8].
Архив ҳужжатларида келтирилган маълумотларга кўра, музлаткичлар, кир ювиш машиналари, чангютгич, электр дазмол, магнитафонлар ишлаб чиқариш режаси фақат СССР Министрлар Совети томонидан тасдиқлаб берилган[9]. Натижада режа асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бутун совет давлати фуқароларининг эҳтиёжларини қондира олмаган ва четдан импорт қилинган хориж товарлари совет маиший техника бозорларини забт эта бошлади. Бироқ чет давлатлардан келтирилган радио воситалари ва магнитафонлар нархлари ниҳоятда қиммат эди. 1967-йилларда “Чайка” русуми чакана нархи 55 рублга, SONY-TR911 русуми эса 130 рублга, Hitachi BH 822H русуми 65 рублга, Toshiba 7P-77 русуми 65 рубл, Silver 15A-29 русуми 145 рублга баҳоланган. Энг қиммат магнитафонлар Sony TC русуми 600 рубл, National RQ-150 русуми 450 рубл бўлган[10]. Бу даврда Ўзбекистон ССР аҳолисининг барча қатламларида хорижий русумдаги радио воситаларини сотиб олиш ойлик маошларига нисбатан таққослаганда анча чекланган, кўп хонадонларда ҳам замонавий русумли маиший ва бошқа техника воситалари мавжуд эмасди.
1960-1961-йилларда Ўзбекистон ССРда ишчи хизматчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 64–68 рублни ташкил қилган[11].1961 йилга келиб совет давлатида, шу жумладан Ўзбекистон ССРда ҳам муомаладаги пул белгилари 10:1 нисбатда янгиларига алмаштирилади[12]. Пул муомаласидаги ўзгаришлар ойлик маошларда ҳам ўз аксини топади.
Республика аҳолисининг даромадлари асосан ойлик маошлари ва нафақаларга боғлиқлиги, хусусий ва кичик тадбиркорлик, савдо орқали даромад топишнинг чекланганлиги уларнинг турмуш даражаси ҳамда харид қуввати пасайишига олиб келди. Эркин нарх белгилаш ҳуқуқидан мосуво қилиниши, ўзи истаган бозорга маҳсулот чиқара олмаслиги, кучли давлат назорати туфайли ишлаб чиқарувчилар манфаати қуйи ўринларга тушиб қолган. Кундалик ва хўжалик эҳтиёжлари учун сотиб оладиган маҳсулотлар нархи, улгуржи ва чакана савдонинг совет идоралари назоратида ушланиши ижтимоий ҳаётда камбағаллашишга олиб келди ва аҳолининг турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатди.
Мавлуда РАХМАНОВА
Ўзбекистон ФА Тарих институти кичик илмий ходими
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
1. Я.Миркин. “Было дело и цены снижали...” Шесть сталинских ценовых послаблений глазами ученого-экономиста // Журнал “Родина”. №1. 2022. С. 28–33.
2. М.Хўжамов. 40-йилларнинг иккинчи ярми 50-йиллар бошларида Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари борасида олиб борилган нарх-наво сиёсати // Ўтмишга назар. Взгляд в прошлое. Look to the past. №SI-3. 2021. 723-бет.
3. ЎзМА. Р-837-жамғарма, 38-рўйхат, 4495-йиғмажилд, 1-бет.
4. А.Г.Завьялков. Цены и ценообразование в СССР. Изд. 3-е, переб. и доп. Минск. 1981. С.27.
5. ЎзМА. Р-837-жамғарма, 38-рўйхат, 4491-йиғмажилд, 16–19-бетлар.
6. ЎзМА. Р-837-жамғарма, 38-рўйхат, 4491-йиғмажилд, 99-100-бетлар.
7. ЎзМА. Р-91-жамғарма, 10-рўйхат, 58-йиғмажилд, 179-варақ.
8. ЎзМА. Р-91-жамғарма, 10-рўйхат, 59-йиғмажилд, 43-44-варақлар.
9. ЎзМА. Р-91-жамғарма, 10-рўйхат, 58-йиғмажилд, 56-варақ.
10. ЎзМА. Р-91-жамғарма, 10-рўйхат, 59-йиғмажилд, 19-20-варақлар.
11. ЎзМА. Р-1619-жамғарма, 6-рўйхат, 6666-йиғмажилд, 10-варақ.
12. Қ.Ражабов. Ўзбекистон ХХ асрда. Икки жилдлик. Иккинчи жилд. Тошкент: Фан, 2024. 95-бет.
Санъат
Тарих
Адабиёт
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ