Оскар Уайлд 1890 йилда ўзининг ягона ва буюк романи “Дориан Грейнинг портрети”ни нашр эттирганда, бу воқеа Виктория даври Англиясини том маънода ларзага келтирган эди. Ўша давр танқидчилари асарни “заҳарли” ва “ахлоқсиз” деб тамғалаб, уни ёқиб юбориш талаби билан газеталарда чиқишлар қилишди. Уайлд эса бу ҳужумларга шунчаки истеҳзоли табассум билан жавоб қайтарди: “Ахлоқий ёки ахлоқсиз китоблар бўлмайди. Фақат яхши ёзилган ёки ёмон ёзилган китобларгина бўлади, холос. Тамом-вассалом.”
Орадан бир асрдан кўпроқ вақт ўтиб, биз Уайлд нақадар ҳақ бўлганини, тўғрироғи, унинг бу башорати бугунги кунимизда қанчалик аниқ акс этаётганини кўриб турибмиз. Тан олиш оғир бўлса-да, ҳаммамиз озми-кўпми Дориан Греймиз. Тўғри, бизнинг қулфлоғлик болохонамизда беркитилган сирли портретимиз йўқдир, аммо чўнтагимизда қора кўзгу – смартфонимиз бор. Савол эса ҳамон ўша-ўша: ташқи жило эвазига ички дунёни қурбон қилишга тайёрмисиз?
Иблис билан битим: “Фақат мен қаримасам эди...”
Асар воқеалари гўёки эртакдек бошланади, бироқ бу катталар учун аталган эртаклигини ўқирман аста англаб боради. Ёш, беғубор ва фавқулодда гўзал Дориан рассом Безил устахонасида ўзининг портретини кўриб қолади. У ўз ҳуснидан шунчалик маст бўладики, оғзидан беихтиёр ўша сўзлар чиқиб кетади:
“Оҳ, кошки бунинг акси бўлса? Ана шу сувратим қариса-ю, мен мангу ёшлигимча қолаверсам! Бунинг учун... Бунинг учун мен оламдаги бор нарсани беришга тайёрман. Ҳа, ҳеч нарсамни аямас эдим. Бунинг учун ҳатто жонимни ҳам бераман!”
Бу шунчаки ўткинчи ёшлик инжиқлиги эмас эди. Бу аслида инсон табиатидаги энг қадимий ва энг хавфли истак, яъни оқибатлардан қочиш истагидир. Дориан фақат юзига тушадиган ажинлардан қўрқмайди, у гуноҳнинг, хатонинг ва вақтнинг изидан даҳшатга тушади.
Бугунги кунимизга назар солайлик. Бизнинг “битимимиз” унчалик драматик кўринмаслиги мумкин, аммо моҳият ўзгармаган. Ижтимоий тармоқлардаги турли филтрлар, суратни таҳрирловчи дастурлар ва яратилаётган “муваффақиятли инсон” ниқоблари – буларнинг барчаси Дориан Грей синдроми эмасми? Биз ҳам худди у сингари энг яхши лаҳзаларимизни музлатиб қўйишни, камчиликларимизни эса кўзга ташланмайдиган бурчакка, “рақамли болохона”га улоқтиришни хоҳлаймиз. Барчамиз “Лайк”лар ва олқишлар эвазига ўзлигимизни ўзгартиришга тайёрмиз.
Портрет ва виждон азоби
Дорианнинг фожиаси у ёвузлик қила бошлаганида эмас, балки ёвузлик унинг юзида акс этмаслигини англаганида бошланади. У инсоний тубанликнинг энг чуқур жарига қуласа ҳам, эртасига тонгда уйғониб кўзгуга қараса, у ҳамон ўша – бегуноҳ ва фариштадек гўзал.
Фақат сурат ўзгаради. Рассом чизган ўша дурдона асар аста-секин ўзгариб, ундаги табассумда шафқатсизлик, кўзларида эса риё пайдо бўлади. Бу Уайлд қўллаган энг кучли рамзлардан бири бўлиб, портрет аслида виждоннинг ўзгинасидир. У биздан ажралган ҳолда яшай олмайди. Дориан уни кўздан яширади, устига парда тортади, кўздан йироқ хонага қамаб қўяди. Худди биз ўзимизнинг уятли ишларимизни, қўрқувларимизни ва худбинлигимизни бошқалардан, баъзан эса ўзимиздан яширганимиз каби.
Лекин бу ерда бир парадокс бор: Дориан ўз портретидан қанчалик қочса, унга шунчалик боғланиб қолади. У тунда яширинча хонага кириб, ўз руҳининг қанчалик чириганини томоша қилади. Бу нарциссизмнинг энг юқори чўққиси ва айни пайтда энг оғир жазодир. Ўзининг ҳақиқий қиёфасини билиб туриб, дунёга сохта юз билан қарашдан оғирроқ қийноқ бормикан?
Адабий “қариндошлар”: Фауст, Балзак ва Стивенсон
Дориан Грей адабиётдаги биринчи “руҳ савдогари” эмас. Бу мавзу асрлар давомида инсониятни қийнаб келган ва турли буюк асарларда ўз аксини топган.
Масалан, буюк Гётенинг “Фауст” трагедиясини эсланг. Доктор Фауст ҳам билим ва дунёвий лаззат илинжида Мефистофел билан қонли битим тузади. Бироқ Фауст билимга ва дунёни англашга чанқоқ эди, Дориан эса шунчаки ёшликка. Бу ҳолат ХIХ аср охирига келиб инсоният қадриятлари қанчалик юзакилашганини кўрсатмайдими?
Ёки Оноре де Балзакнинг “Сағри тери тилсими” асарига назар солайлик. У ердаги қаҳрамон Рафаел қўлга киритган тилсимли тери парчаси унинг ҳар бир истагини амалга оширади. Аммо бунинг бадали бор: ҳар бир тилак амалга ошганда тери кичрайиб бораверади, бу унинг қолаётган умри эди. Балзакда “тўлов” ҳаётнинг қисқариши бўлса, Уайлдда руҳнинг чиришидир. Иккала ҳолатда ҳам хулоса битта: текин нарсанинг ўзи йўқ, айниқса у тақдир билан ўйнашиш бўлса.
Шунингдек, Роберт Люис Стивенсоннинг “Доктор Жекил ва жаноб Хайднинг ғалати воқеаси” асари ҳам бу занжирнинг муҳим қисмидир. Доктор Жекил ўзининг “ёвуз” томонини (Хайдни) ажратиб олиб, жамият олдида тоза қолишга уринади. Дориан Грей эса бунинг аксини қилади – у ўзининг “тоза” қиёфасини сақлаб қолиб, ёвузликни портретга юклайди. Ҳар икки асар ҳам бизни бир ҳақиқат билан юзлаштиради: инсон ўз табиатининг қоронғи томонини инкор этса ёки уни яширишга уринса, бу куч охир-оқибат уни еб битиради.
Лорд Генри: “Замонамиз қаҳрамони”
Асарда Дорианни йўлдан урган инсон, Лорд Генрини эсламасликнинг иложи йўқ. У қўлида олма тутган кампир эмас, балки қўлида сигара тутган аристократдир. Унинг гедонистик фалсафаси ғоят “жозибали”: “Васвасадан қутулишнинг ягона йўли – унга бўйсунишдир”.
Лорд Генри аслида бугунги истеъмолчилик жамиятининг рамзий кўриниши ҳисобланади. “Сен бунга лойиқсан”, “Ҳаётдан ҳамма нарсани ол”, “Ахлоқ – бу қўрқоқлар ўйлаб топган тушунча” деган шиорлар қулоғимизга ора-орада қуйилади. Генри Дорианга унинг гўзаллиги ҳокимият эканлигини уқтиради ва Дориан бунга лаққа ишонади. Бироқ Уайлд бизга бу фалсафанинг якунини аёвсиз кўрсатади. Ҳамма нарсага рухсат берилган инсон озод бўлмайди, аксинча, у ўз эҳтиросларининг қулига айланади.
Муқаррар тўқнашув
Роман финалига яқинлашганда вазият таранглашади. Ўз ўтмишидан, виждонининг таъқибидан ва портретдаги махлуқнинг нигоҳидан чарчаган Дориан ўзининг энг катта душмани билан юзма-юз келишга қарор қилади. Бу душман бошқа биров эмас, унинг ўзлиги эди.
У қўлига пичоқни олади. Хўш, у нимани йўқ қилмоқчи? Портретними ёки ўз виждониними? Ёки бу иккиси аллақачон бир бутун бўлиб қолганмикин?
Китобнинг сўнгги саҳналари шундай якун топадики, уни батафсил сўзлаб бериш жиноят бўларди. Фақат шуни айтиш мумкин, ниқоб қанчалик гўзал бўлмасин, у абадий эмас. Ҳақиқат барибир юзага чиқади – хоҳ у болохонадаги расмда бўлсин, хоҳ инсоннинг сўнгги нафасида.
Оскар Уайлд бизга ойнага тез-тез қарашни маслаҳат беради. Фақат ташқи кўринишимизни тўғирлаш учун эмас, балки ичкарида ким яшаётганини кўриш учун. Шундай экан, ўзингизга бир савол бериб кўринг: сизнинг портретингиз ҳозир қандай кўринишда?
Самандар ЭРКИНЖОНОВ
Санъат
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ