Чингизхоннинг “катта биродарлари” – Мўғуллар нима сабаб уйғурларни қадрлаган?


Сақлаш
13:20 / 23.01.2026 13 0

Ўрта асрларда дунё харитасида пайдо бўлган энг йирик империялардан бири  Мўғуллар давлати эди. Чингизхон асос солган бу салтанат қисқа вақт ичида Осиёдан Европагача чўзилган улкан ҳудудни эгаллади. Табиийки, бундай катта ҳудудни бошқариш жуда мураккаб бўлган. Шунинг учун Мўғуллар давлати босиб олинган ерларни бир неча қисмларга улусларга бўлиб бошқарган.

 

Ана шундай улуслардан бири Хитойда ташкил топган ва тарихда Юан сулоласи ёхуд империяси номи билан танилган мўғул сулоласидир. Бу давлатда турли халқлар яшаган бўлиб, улар орасида уйғурлар алоҳида ўрин эгаллаган. Улар нафақат империянинг фуқаролари, балки бошқарувда ҳам фаол иштирок этганлар.

 

Мўғуллар жанговар, кучли ва ҳарбий қобилиятли халқ бўлса-да, лекин  ёзув, ҳужжат юритиш, молиявий ишлар ва бошқа бошқарув масалаларида тажрибасиз эдилар. Ана шундай вақтда улар учун саводли, тажрибали, маданиятли халқлар керак эди. Шу пайтда уйғурлар уларнинг эътиборини тортди.

 

Уйғурлар қадимдан саводли, ўз ёзувига эга, давлат бошқарувини яхши тушунадиган халқ бўлишган. Мўғуллар уларнинг хизматидан фойдаланишни тўғри деб топишди ва уларни империя ишларига жалб қилишди.

 

Уйғурлар Юан империясида турли соҳаларда фаолият юритишган. Жумладан, давлат бошқарувида, турли идораларда ишлаганлар. Улар солиқ йиғиш, ҳужжат юритиш, қонунлар ишлаб чиқиш каби масъулиятли вазифаларни бажарган. Мўғуллар ўз ёзув тизимини уйғур ёзувидан олган. Расмий ҳужжатлар, буйруқлар айнан шу ёзув асосида тузилган. Уйғурлар эса ёзувчилар, таржимонлар сифатида саройда хизмат қилганлар.

 

Маданият ва маърифатда уйғурлар бағрикенг бўлиб, буддавийлик, монийлик каби динларга эътиқод қилишган. Уларнинг маданий мероси Юан саройида қадрланган. Уйғур олимлари, зиёлилари сарой ҳаётида муҳим ўрин тутганлар.

 

Уйғурлар саводли бўлгани учун таълим тизимида ҳам ўрни юқори бўлган. Кўплаб уйғур устозлар ва котиблар империяда хизмат қилган. Улар мўғулларга (айниқса, ҳукмрон қатлам вакилларининг болаларига) ёзув, ҳисоб-китоб, ҳужжат юритишни ўргатганлар.

 

Чингизхон уйғурларни қадрлаган. Ҳатто айрим тарихий манбаларда айтилишича, у уларни катта биродарларимиз деб атаган. Мўғуллар уйғурларни ўзларига содиқ, ишончли деб билишган. Уйғурлар ҳам ўз навбатида мажбурий ёки ихтиёрий бўлса-да, мўғул ҳукмронлигини тан олиб, ўз билим ва тажрибалари билан давлат бошқарувига ҳисса қўшганлар.

 

Уйғурлар нафақат Хитой ёки Улуғ юртда, балки Яқин ва Ўрта Шарқда Мўғуллар давлати таназзулга учраётган пайтда тузилган Элхонлар ёхуд Ҳулокуийлар давлатида ҳам муҳим роль ўйнаганлар. 1253 йилда Гилём де Рубрук Эрон шаҳарларида насроний уйғурлар кенг тарқалганини қайд этган. Рашидиддин Фазлуллоҳ эса Ҳулокухон даврида Юан империясидан минглаб уйғурлар ём чопарлар, йўловчилар ва от алмаштириш бекатлари хизматини ташкил қилиш учун юборилганини маълум қилади.

 

ХIII асрда Чингизхон ва унинг биринчи ворислари томонидан амалга оширилган истилолардан сўнг Евроосиёнинг кўплаб минтақалари аҳолиси таркибида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгаришлар одамларнинг катта гуруҳларининг шарқдан ғарбга ва ғарбдан шарққа ихтиёрий ва мажбурий кўчиб ўтиши билан боғлиқ эди. Уйғурлар ҳам ХIII асрнинг биринчи чорагида Хитойнинг шимолий қисмини Чингизхон босиб олганидан кейин сон жиҳатдан янада кўпайганлар. Мар Ябалахи ва Раббон Саума баёнида ерлари Юан империяси таркибига кирган танғутлар мамлакати (ҳозирги Хитойнинг шимоли-ғарби) мўғуллар ҳукмронлиги даврида кўп сонли уйғур жамоалари мамлакати сифатида кўрсатилади. Аммо Хитой ва Танғут манбаларидан маълумки, Чингизхон босқинидан анча олдин ҳам Хитойда уйғур жамоалари бўлган.

 

Шундай қилиб, мўғуллар Хитойга бостириб киришидан етти юз йил олдин, пайдо бўлишининг бошида кўчманчи туркий халқлардан бўлган Тан сулоласи даврида оз сонли бўлса-да, уйғур жамоаси мавжуд эди. Аммо ХIII асрга келиб, фақат тош устунлар ва сақланиб қолган қабр тошлари ўтмишни эслатиб турарди. Шу билан бирга, мўғуллар истилосидан сўнг Хитой ҳудудида аҳоли таркибида сезиларли ўзгаришлар юз берганлиги маълум. Эҳтимол, айнан шу даврда танғит ва хитой шаҳарларига уйғур ва бошқа қабилалар аҳолисининг кўплаб кириб келиши содир бўлган. Қизиғи шундаки, уйғурлар ва бошқа турк-мўғул қабилалари, аниқроғи, уларнинг ҳукмрон қатлами ХII асрнинг бошларидаёқ несториан йўналишидаги насронийликни Буюк Ипак йўли орқали Осиёнинг ичкарисига миссионер ва савдогар сифатида кириб келган сурёнийлардан (насронийликнинг бу йўналиши улар орасида пайдо бўлган) қабул қилган.

 

1007 йили Туроннинг шарқий бўлагида ташкил топган йирик кўчманчи давлат – Керайитлар улуси ҳукмдорлари несторианликка ўтдилар, кейин эса уйғурлар ва қанғлиларнинг бир қисми, найманлар ва ўнгутлар несториан бўлдилар. Бу ҳолат ўша даврда Ғарбий Европада машҳур бўлган Осиёнинг ичкарисидаги насроний ҳукмдор — “папа Иоанн” тўғрисидаги афсонада ўз аксини топган бўлиб, унинг тимсоли Чингизхоннинг сафдоши, кейинчалик душмани бўлган керайит ҳукмдори Тўрил Ванхон бўлиши мумкин. Христианлик кейинчалик Чингизхон авлодига ҳам керайитлар ва уйғурлардан кириб келган, уларнинг вакиллари 1368 йилгача Хитойни бошқарган.

 

Маълумки, Ванхоннинг жияни, Чингизхоннинг ўғли Тўлуйнинг хотини, Мўғуллар давлатининг сўнгги улуғ хоқони Мунка ва Юан империясининг асосчиси Қубилайнинг онаси Сўрқақтанибека насроний бўлган. Русни истило қилган Ботухоннинг (қадимги рус йилномаларидаги Ботихон) ўғли Сартақ несториан йўналишидаги насроний эди. Мунка насронийликка қизиқиш билдирган, унинг улуғ хоқон тахтидаги ўтмишдоши Гуюк эса рус руҳонийлари тимсоли бўлган православ ёки юнон шохобчаларига хайрихоҳ бўлган ва шунинг учун атрофида кўплаб православ руҳонийларини тўплаган ва уларга ўзларининг хоқон ўтови олдидаги черковда “юнон урф-одатларига кўра” хизмат қилишларига рухсат берган.

 

Шундай қилиб, рус руҳонийлари мўғуллар ҳукмронлиги ўрнатилган дастлабки йилларданоқ босқинчилар орасига кириб, “жон учун” курашда бошқа конфессияларнинг таъсирига қарши чиқдилар. Буни 1253 йили Мунка саройидаги француз элчиси фламанд Гилём де Рубрукнинг: “Шундай қилиб, шуни аниқ билиб қўйингки, улар (мўғуллар) диндан (яъни католик мазҳабидаги христианлик) жуда узоқда, чунки бу фикр улар орасида руслар туфайли (яъни руслар тарғиб қилган православ динининг таъсири туфайли) мустаҳкамланган, уларнинг сони жуда кўп”, деган маълумотидан билиш мумкин.

 

Мўғуллар давридаги форс тарихчиси ва солномачиси Рашидиддин европаликларнинг фикрини тасдиқлайди: “Гуюкхон даврида отабек (қўшинларнинг бош қўмондони) лавозимида болалигидан насроний бўлган Қадақ бўлганлиги сабабли, бу (Гуюк) феъл-атворида из қолдирди. Шундан кейин Чинкай (Хитой сулолалари йилномаларидаги керайит Чженхай ва Рашидиддиннинг уйғурлари, Гуюкнинг ҳукумат бошлиғи) ҳам бу ишда ёрдамчи бўлиб чиқди; шу сабабли (Гуюк) руҳонийлар ва насронийларнинг таълимотига доимо йўл қўярди. Бу ҳақда миш-миш тарқалгач, Шом, Рум, Осов ва Рус мамлакатларидан унинг пойтахтига насроний руҳонийлари йўл олишди. Қадақ ва Чинкайнинг доимо ҳозир бўлиши туфайли ислом динидан қайтишда камчилик йўқ эди ва Гуюкхон даврида насронийлар иши ғалаба қозонди ва бирорта мусулмоннинг уларга қарши овоз кўтаришга кучи етмади”.

 

Гуюк ҳамда Мунка хонлари Шимолий Хитойга ҳукмронлик қилиб, Жанубий Хитойга истилочилик юришлари уюштирганлар ва 1259 йили Мунка шу ерда ҳалок бўлган. Шунингдек, Рубрук улуғ мўғул хонлари саройида насроний уйғурлар қандай рол ўйнаганлиги тўғрисида ҳам маълумот қолдирган. Уларнинг маросимлари ҳақида қизиқарли маълумотлар беради, “у мамлакатлардаги несторианлар қўлларини қовуштирмай” намоз ўқийдилар, “қўлларини кўксига чўзиб” намоз ўқийдилар.

 

Рубрук несторианлар ибодатига батафсил тўхталиб, Мункехон ва унинг хотини несторианлар ибодатига қандай ва қандай маросимлар билан қатнашганига кўп ўрин ажратади. Ақлли ва кузатувчан Рим-католик роҳиби томонидан мўғул саройида кўрилган барча нарсалар тасвири Хитойдаги мўғул ҳукмдори ва унинг атрофидагиларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришда насроний уйғурлар сезиларли рол ўйнаганлигига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди.

 

Ҳозирги Хитой Халқ Республикаси ҳудудида археологлар томонидан топилган уйғур-несторианларнинг ўрта асрларга оид диний ва дунёвий асарларининг уйғур тилидаги матнлари бизнинг давримизгача сақланиб қолган. Турфондан шимолроқда топилган сурёний ёзувидаги қўлёзмалардан бирида “тўй шарофати” деб номланган насроний матни мавжуд. Ушбу ҳужжатнинг асосий мазмуни тўй муносабати билан шеърий услубда билдирилган тилаклардир. Дунҳуан ва Турфон топилмаларидан шунга ўхшаш иккита қўлёзма маълум бўлиб, уларда Юан сулоласига мансуб мўғул императорларини мадҳ этувчи матнлар, шеърлар мавжуд.

 

Чингизхон империясида Уйғурларнинг сиёсий роли жуда сезиларли бўлди. Дастлабки пайтлардаёқ фуқаролик ҳокимияти тизимида киданлар ва жужанлар билан бир қаторда уйғурлар ҳам асосий ўринларни эгаллаган. Уйғурлар семуларнинг энг нуфузли гуруҳларидан бири эди. Мўғуллар даврига оид Хитой манбаларида Хитой бошқарувида мўғулларга хизмат қилган 300 дан ортиқ уйғурлар тилга олинади. Биргина “Юан ши”да тилга олинган мўғулларнинг Хитойдаги 227 доруғачисидан 34 таси уйғурлар эди.

 

Юан империяси ташкил этилгунга қадар, яъни 1260 йилгача Хитой манбаларида 12 та уйғурнинг доруғалик мансабида бўлганлиги қайд этилган. Ҳэнан ва Шимолий Хитойнинг бошқа вилоятларида бош доруға Аринтэмур ҳам шулар жумласидандир. “У вайрон бўлган ерларни ўзгартириш билан шуғулланган, илгари у ерда яшаган хитойларнинг фаровонлиги ҳақида кўп гапирган... Унинг буйруғи билан сув қийин бўлганда қудуқлар қазиларди”. У кўчманчи аҳолининг ўтроқ ҳаётга кўникишига ҳам ёрдам берган...

 

“Юан ши”да келтирилган таржимаи ҳолидан маълум бўлишича, уйғурлар мўғул саройидаги мўътадил сиёсий йўналиш тарафдорлари бўлиб, бу йўналиш Елюй Чутсай тимсолида намоён бўлган. “Юан ши”да юқори мартабали амалдорларнинг таржимайи ҳоллари сони бўйича уйғурлар биринчи ўринда туради. Улар Қубилайхонга яқин бўлиб, унинг ишончига сазовор эдилар. Уйғурлар бошқа чингизийларга ҳам хизмат қилганлар (масалан, Мунғуз, Чингизхоннинг укаси Темуғе Ўтчиғин улусининг шимолий ярмини бошқаришга тайинланганди).

 

Қубилайхон даврида Хитой манбалари 70 дан ортиқ уйғурлар ҳақида маълумот беради. Шу билан бирга, уларнинг бир қисми унинг ворисларига хизмат қилишда давом этди. Шулардан 60 нафари Юан империяси маркази ва вилоятларида хизматда бўлиб, 21 нафари доруғалар эди. Уларнинг номларини тарих ёзиб қолдирган – Тўрмиш, Хитойсоли, Уйғурсоли, Арғунсоли, Алихайя, Лянсисян, Есянай, Шибан, Мунғуз, Сарғис. “Юан ши”да келтирилишича, Қубилай 1260 йили улуғ хоқон тахти учун Ариқбуқа билан курашганида айнан уйғурларга таянган. Мўғуллар учун энг қулай шароитда Жанубий Сунга узил-кесил зарба беришга Қубилайхонни кўндирган саркардалардан бири Алихайя бўлганлиги юқорида айтиб ўтилган эди. Бу ҳал қилувчи юриш вақтида Алихайя мўғулларнинг бош қўмондонлари қаторида бўлиб, унинг қўл остида 40 минг жангчи бор эди.

 

ХIII аср охири – ХIV аср бошларида, 1330 йиллар атрофида, Хитой манбаларида Юан сулоласи хизматида бўлган 30 нафар юқори мартабали уйғурлар ҳақида сўз боради. Хитойда мўғуллар ҳукмронлигининг энг сўнгги даврида Юан империясининг юқори ва ўрта бошқарув бўғинидаги 170 нафар уйғур ҳақида маълумот берилган. Бу ерда Шичен шаҳри доруғаси Баян Тўғрил, Юан сулоласи императори Аюрбаробод шахсий қўриқчиларининг бошлиғи Илчай, Юан сулоласи қулаши пайтида ўз оиласининг 20 аъзоси билан ҳалок бўлган Сянян доруғаси Булаттимур ва бошқалар бор эди. Юан саройида нуфузли уйғур Темурбуқа бўлиб, у идикут унвонига эга эди – уйғурларнинг Турпан ҳокимлиги ҳукмдори ва Хитойдаги Юан сулоласи хизматида юқори мавқега эришган, Чингизхон авлодидан бўлган маликага уйланиб, у билан қариндош бўлган. 1301 йилда у отаси билан Хонбалиғда хоқон қўриқчи гвардиясида (кешикда) хизмат қилган.

 

Юан империясининг этник жиҳатдан аралаш ҳукмрон синфининг пайдо бўлиши Қубилайхон ҳукмронлиги даврига тўғри келади, унда уйғур қатлами жуда сезиларли эди. Уйғурлар бу даврда Хитойдаги мўғул хизматидаги семулар орасида энг кўп сонли гуруҳ эди. Уйғурларнинг 60 фоизи вилоятларда давлат лавозимларини эгаллаган (улар орасида 47 доруғачи бўлган), 20 фоизи Хонбалиғда хизмат қилган. Эҳтимол, бу Хитойда Юан даврида яшаган уйғурларнинг бир қисми, асосан Юан саройида энг юқори мавқега эга бўлганлар. Бу ҳақда хитой манбаларида шундай маълумотлар бор: 1280 йили Юан ҳукумати уйғурларга Шимоли-ғарбий Хитойнинг Ҳэси шаҳрида манзилгоҳлар ташкил этишни буюрган.

 

1285 йили минг уйғур оилалари билан Хитойнинг жанубидаги Юннан шаҳрига жойлаштирилди; 1301 йили уйғур кўчманчилари Ҳэнандаги ерларга эга бўлишди, 1308 йили эса уйғурлар Юннандан Тибетга юборилди ва бир йилдан сўнг аввалги жойига қайтиб келишди. 1315 йили Юннанда деҳқончилик билан шуғулланиш учун уйғурлар ва хитойлардан жами 5 минг хонадондан иборат ҳарбий манзилгоҳлар ташкил этилди. Бу фактлар Хитойнинг шимоли-ғарбий, жануби-ғарбий ва шимолий вилоятларида уйғур кўчманчиларининг мавжудлигидан далолат беради.

 

Уйғурларнинг Хитойга қочишига Шарқий Туркистон ҳудудидаги мўғул ҳукмдорларининг ўзаро урушлари, Юан ҳукуматининг оғир солиқлари, табиий офатлар ва бунинг натижасида уйғур деҳқонларининг қашшоқлашуви сабаб бўлган. 1282 йили уйғурлар табиий офатлар туфайли Юан ҳукуматидан ёрдам сўрашади, 1329 йили 800 уйғур оиласи ўзларини очликдан қутқаришни сўрашди. Шу билан бирга, уйғурлар ерларида мўғуллар ҳукмронлиги қанчалик ҳалокатли бўлмасин, Юан даври Хитой ва Мўғулистон ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг роли сезиларли даражада ўсган давр эди.

 

Умуман олганда Юан империяси – бу фақат мўғуллар давлати эмас,  кўплаб халқларнинг, айниқса туронликлар, шунингдек, туркийларнинг кучи, билими ва тажрибасига таяниб барпо этилган эди. Туркий халқлардан бўлмиш уйғурлар эса бу жараёнда энг муҳим роллардан бирини ўйнаган халқ бўлди. Уларнинг саводхонлиги, ёзув тизими, бошқарувдаги тажрибалари мўғуллар учун бебаҳо бўлди. Шу сабабли, Юан империяси тарихида уйғурларни маданият ва бошқарув кўприги, деб бемалол аташ мумкин.

 

Зафар ШАМСИДДИНОВ,

ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

16:01 / 22.01.2026 0 61
Ўзбек жамиятини чўчитаётган феминизм





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30034
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//