
Кейинги йилларда ахборот маконида миллий манфаатни ҳимоя қилиш ҳаёт-мамот масаласига айланди. Дарҳақиқат, халқ тақдирига оид ахборотни узатишда миллий манфаат етакчи ўринга чиқиши керак; у “миллат ёки мамлакат аҳолисининг ижтимоий аҳволини инъикос этар экан, миллий тараққиёт кучларини ҳаракатга ундовчи муҳим омил вазифасини бажаради” (Фалсафа: қомусий луғат. Тошкент, “Шарқ”, 2004. 268-бет).
Россия Федерациясининг ахборот хавфсизлиги доктринасида миллий манфаатни ҳимоя қилиш борасида ахборот олиш ва ундан фойдаланиш соҳасида инсоннинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, мамлакатнинг маънавий тараққиётини таъминлаш, жамиятнинг ахлоқий қадриятларини мустаҳкамлаш, инсонпарварлик ва ватанпарварлик анъаналарини ҳамда мамлакатнинг маданий ва илмий салоҳиятини юксалтириш каби устувор йўналишлар белгиланган.
Бу борада ахборот макони муайян ҳудуд ёки сарҳад билан чекланмаслиги, ҳар қандай кўринишдаги ахборотнинг истеъмолчига етиб боришида чегара тўсиғи мавжуд эмаслигини қайд этиш жоиз.
Ахборот хавфсизлиги соҳаси глобаллашув туфайли вужудга келаётган мафкуравий таҳдидлар шароитида фуқаролар тафаккурида ватан тақдири учун масъулликни шакллантиришга хизмат қилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ахборот маконида мамлакатимиз миллий манфаатини ҳимоя қилиш, фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий тафаккурини шакллантириш борасида асосий манбалардан бўлиб хизмат қилади.
Ахборот соҳасидаги миллий манфаат ҳимоясига оид дунё тажрибаси асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Тараққий этган мамлакатлардаги ахборот макони ва унда кечадиган жараёнлар давлат ҳокимияти органларининг фаолиятига боғлиқ. Ушбу мамлакатларда давлат бошқаруви органлари ахборот маконидаги устувор мавқени сақлаб қолишда интернет, мобил алоқа, теле ва аудиовизуал тизимлардан ҳамда анъанавий босма нашрлардан кенг фойдаланмоқда. Шу билан бирга, жамиятда ахборот хавфсизлигининг таъминлангани жамият аъзолари сиёсий билими даражасининг ортиши ҳамда зарарли ғояларга қарши иммунитет шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Давлат органларининг бу хил макондаги фаолияти ахборот жараёнларини ташкил этиш, ахборот оқими устидан назорат, шунингдек, бошқарувни юритишга кўмаклашувчи ахборот манбаларини яратишни тақозо қилади. Зеро, ҳар қандай замонавий ижтимоий тузумда давлат ҳокимияти фуқаролик жамияти билан ўзаро муносабатларни ривожлантиришга мажбур. Ахборотлашган жамиятда, айниқса, давлат органлари халқ билан мулоқотнинг самарали воситаларини яратиши зарур.
Бугун ахборот макони ижтимоий ва индивидуал онгни шакллантираётир. Бошқача айтганда, айнан ахборот омили жамият ривожининг асосий кучига айланмоқда. Доимий кенгайиб бораётган ахборот маконида миллий институтларнинг устун мавқени эгаллашга интилиши – давр талаби. Шунингдек, замонавий жамиятда давлат бошқа субъектлар ва иштирокчилар билан яқин ҳамкорлик қилиши ва ҳокимиятнинг айрим функсияларини фуқаролик жамияти институтларига ўтказиши мақсадга мувофиқ.
Глобал ахборотлашув шароитида ўзлигимизни сақлаб қолиш учун қадриятларимизга таянган ҳолда ОАВ орқали тарғибот ва ташвиқот ишларини янада юксалтириш зарур. Бунда телевидение, радио, босма нашрлар ҳамда интернет каналлари орқали махсус материалларни ёритиб бориш тизимли йўлга қўйилиши лозим. Ғарблаштириш жараёни кечаётган бугунги кунда миллий тараққиётимизнинг консептуал жиҳатларини республика ОАВ орқали янада кенгроқ тарғиб этмоқ даркор.
Жаҳон саҳнида мамлакатимиз обрў-эътиборининг ошиши биринчи навбатда миллий манфаатнинг таъминланганлик даражаси билан ўлчаниб, бундай масъулият, жумладан, ахборот соҳаси зиммасига тушади.
Умуман олганда, ахборот соҳасида миллий манфаат ҳимояси миллат келажаги ва давлатчилик тараққиёти учун энг зарурий омиллардан биридир.
Америкалик файласуф Элвин Тоффлер “Учинчи тўлқин” асарида “Тез кунларда тарих саҳнасига янги ҳокимият кўтарилади. Куч, зўравонлик, бойлик, пулга асосланган бошқарув интиҳосига етиб, унинг ўрнини билим ва ахборотга асосланган ҳокимият эгаллайди. Янги ҳокимиятда ақл устуворлик қилиб, у билим, ахборот ва инсонда шаклланган фундаментал қадриятларни уйғунлаштиришга хизмат қилади”, деб ёзган эди. Шиддатли давр олимнинг башорати ҳақ эканини кўрсатмоқда.
Ҳабибулло РАЖАБОВ,
сиёсий фанлар бўйича
фалсафа доктори
“Тафаккур” журнали, 2019-йил 3-сон
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ