Ўзбек жамиятини чўчитаётган феминизм


Сақлаш
16:46 / 22.01.2026 10 0

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва кундалик суҳбатларимизда “феминизм” атамаси баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётган мавзулардан бирига айланди. Афсуски, кўп ҳолларда бу тушунча жамиятимизда салбий бўёқларда талқин қилинади. Кўпчиликнинг тасаввурида феминист аёл бу –эркакни ҳурмат қилмайдиган, фарзанд кўришни истамайдиган, фақат ўз эркинлигини ўйлаб, оилани бузишга ҳаракат қиладиган шахс сифатида гавдаланади. Аслида, феминизмнинг моҳияти аёлни эркакка қарши қўйиш эмас, балки аёлнинг ҳам инсон сифатида ҳуқуқларини, унинг таълим олиши, меҳнат қилиши ва оилада ҳурмат қилинишини таъминлашдир. Феминизм оилага қарши эмас, балки оиладаги адолатсизликка, зўравонликка ва аёлнинг шахсияти камситилишига қаршидир. Қуйида биз феминизм ва оила ўртасидаги муносабатларни таҳлил қиламиз ҳамда кенг тарқалган стереотипларнинг асоссиз эканини кўриб чиқамиз.

 

Феминизм кимнингдир хоҳиши билан ўйлаб топилган мафкура эмас, балки аёлларнинг асрлар давомида дуч келган адолатсизликларига нисбатан табиий реакциясидир. Унинг пайдо бўлиши бир нечта муҳим босқичларни босиб ўтган. Биринчи қадам: таълим ва овоз бериш ҳуқуқи. Бундан бир-икки аср аввал аёллар нафақат сайловларда қатнаша олмаган, балки уларга олий маълумот олиш ҳам тақиқланган. Феминизмнинг илк вакиллари аёлни буюм эмас, балки фикрлайдиган, жамият ривожига ҳисса қўша оладиган шахс сифатида тан олиниши учун курашган. Иккинчи босқич: меҳнат ва иқтисодий эркинлик. Аёллар ишласа-да, уларга эркаклардан анча кам маош тўланган. Феминизм аёлнинг ўз меҳнатига яраша ҳақ олиши ва иқтисодий жиҳатдан бировга қарам бўлмаслигини мақсад қилган. Учинчи ва тўртинчи босқич: шахсий дахлсизлик ва ижтимоий ҳурмат. Бу босқичда аёлларнинг оиладаги ва жамиятдаги ўрни, уларга нисбатан зўравонликни тўхтатиш ва шахсий чегараларини ҳимоя қилиш масалалари ўртага чиқди. Феминизм пайдо бўлган даврда аёл ҳатто ўз мулкига эгалик қилолмаган, эри ёки отасининг рухсатисиз ҳеч қандай қарор қабул қила олмаган. Демак, бу ҳаракатнинг асл мақсади эркакларнинг ўрнини йўқ қилиш эмас, балки аёлни ҳам инсон сифатида қадрланишига эришиш бўлган.

 

Кўпчилик феминизм оилавий ролларни аралаштириб юборади ва бу оиланинг бузилишига олиб келади, деб қўрқади. Аслида ҳурмат қўрқувга асосланмайди. Анъанавий қарашда аёл эридан қўрққани учун итоат қилиши керакдек туюлади. Феминизм эса оиладаги ҳурмат қўрқувга эмас, балки ўзаро англашув ва тенгликка асосланишини тарғиб қилади. Эрини шахс сифатида ҳурмат қиладиган аёл қўрқув билан итоат қиладиган аёлдан кўра содиқ ва самимийроқ бўлади. Феминистик қарашдаги оилаларда рўзғор ишлари ва фарзанд тарбияси фақат аёлга ташлаб қўйилмайди. Бу эса аёлнинг чарчаб, руҳий тушкунликка тушишининг олдини олади ва оилавий муҳитни соғломлаштиради.

 

Энг катта янглишишлардан бири – феминист аёллар туғишни истамайди, уй ишларини қилмайди, деган қарашдир. Аслида, феминизм аёлнинг табиатига ёки оналигига қарши эмас, у аёлнинг мажбурий танловсизлигига қарши. Феминизм аёл кишига фақатгина репродуктив машина (фарзанд дунёга келтирувчи восита) сифатида қарамасликни талаб қилади. Агар аёл уйда ўтириб, фарзанд тарбияси билан шуғулланишни ўз хоҳиши билан танласа, бу унинг ҳуқуқи ва бу танлов ҳурмат қилиниши керак. Муаммо аёлнинг фикри сўралмасдан, унинг саломатлиги ва хоҳиши инобатга олинмасдан мажбурланганида бошланади. Кўп ҳолларда аёл фарзандли бўлгач, бутунлай ижтимоий ҳаётдан узилиб қолади. Феминизм давлат ва жамиятдан оналар учун шароит яратишни (болалар боғчалари, оналар учун имтиёзлар, иш жойида қулайликлар) талаб қилади. Яъни, аёл “фарзанд ёки карьера” деган танлов қаршисида қолмаслиги керак. Феминизм уйда овқат қилиш, идиш ювиш ёки тозалик ишларини фақат аёлнинг вазифаси деб ҳисобламайди. Бу ишлар икки инсон яшаётган хонадондаги умумий эҳтиёждир. Эр ва хотиннинг бу ишларни бўлишиб олиши аёлнинг зиммасидаги руҳий ва жисмоний юкни камайтиради, бу эса оиладаги муҳитни соғломлаштиради.

 

Кўпинча “Аёл кўп пул топса, эрини менсимай қўяди” дейишади. Бу жуда юзаки ва қўрқувга асосланган фикр. Пул топадиган аёл эрини менсимай қўймайди, балки у билан муаммоларни тенг даражада ҳал қиладиган шерикка айланади. Бундай оилаларда қарорлар “мен пул топяпман, менинг айтганим бўлади” қабилида эмас, балки маслаҳатлашув асосида қабул қилинади. Феминизм оилани бузиш эмас, балки уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳақида ҳам қайғуради. Замонавий оила – бир томонлама ҳукмронлик эмас, балки икки эркин ва бахтли инсоннинг ихтиёрий иттифоқи.

 

Узоқ асрлар давомида қиз бола тарбияси деганда уни уй-рўзғор ишларига ўргатиш, пазандалик ва энг асосийси сабрли ва итоаткор бўлиши тушуниб келинди. Албатта, рўзғор тутиш ёмон эмас, лекин қиз боланинг бутун ҳаёти фақат шундан иборат бўлиши унинг шахсиятини чеклаб қўяди. Қизларга берилган таълим уларнинг келажакдаги суянчиғи экан, ота-оналар қизларига “ўқиб шаҳар олиб берармидинг” деб эмас, балки “ўқисанг, ҳуқуқларингни танийсан, ҳаётда адашмайсан ва фарзандларингга муносиб тарбия берасан” дея англатишлари керак. Анъанавий тарбияда қиз боладан доим жим туриш ва катталар нима деса, шунга рози бўлиш талаб этилади. Феминистик тарбия эса қиз болани ўз фикрини одоб билан баён қилишга, керакли жойда йўқ дейишга ва шахсий чегараларини ҳимоя қилишга ўргатади. Бу уни келажакда оиладаги зўравонлик ва камситишлардан асрайди. Қиз болани фақат бировнинг хасми деб эмас, балки ўз оёғида мустақил тура оладиган шахс қилиб тарбиялаш лозим. Бу эрига қарши чиқиш учун эмас, балки ҳаётнинг кутилмаган синовлари (айрилиқ, касаллик, иқтисодий инқироз)да оиласини ва ўзини сақлаб қолиш учун керак. Шу боис феминизм қизларнинг фан, технология, бошқарув ёки санъат соҳасидаги интилишларини эркаклар билан тенг қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Жамиятда эркаклар зиммасига ҳам аёлларникидан кам бўлмаган ижтимоий қолиплар юкланган. Феминизм айни қолипларни синдириш орқали эркакларга енгилликлар беришни назарда тутади. Анъанавий жамиятда эркак – ягона боқувчи деган тушунча бор. Бу эркак кишини тинимсиз ишлашга, соғлиғини йўқотишга ва доимий стрессда яшашга мажбур қилади. Агар аёл киши ҳам иқтисодий фаол бўлса, оила бюджети учун масъулият иккига бўлинади. Бу эркакнинг елкасидаги оғир юкни енгиллатади ва унга ҳам дам олиш, ўз устида ишлаш ёки хоббилари билан шуғулланиш учун имконият яратади. “Эркаклар йиғламайди”, “Эркак киши заифлигини кўрсатмаслиги керак” деган қарашлар уларнинг руҳий саломатлигига жиддий зарар етказади. Ичга ютилган туйғулар эрта ўлим, юрак касалликлари ва агрессияга сабаб бўлади. Феминизм эркак кишининг ҳам инсон эканини, унинг ҳам қўрқиш, хафа бўлиш ёки ёрдам сўрашга ҳаққи борлигини тан олади. Бу эса руҳий мувозанатни таъминлайди. Кўпинча оталар фақат пул топувчи шахс сифатида кўрилади ва улар фарзандларининг улғайишида иштирок эта олмайдилар. Феминизм эса уй ишлари ва бола тарбиясини умумий масъулият деб билади. Бу оталарга ўз фарзандлари билан яқинроқ бўлиш, уларнинг дунёқарашини шакллантиришда бевосита қатнашиш ва фарзанд меҳридан тўлиқ баҳраманд бўлиш имконини беради. Қўрқув ва бўйсунишга асосланган оилада ҳеч қачон чин самимият бўлмайди. Агар аёл киши эрини пул манбаи ёки хўжайин деб эмас, балки тенг ҳуқуқли дўст ва шерик деб билса, бундай оилада меҳр, ишонч кучлироқ бўлиши ҳақиқатга яқин. Эркак киши уйида диктатор эмас, балки тушуниладиган ва қадрланадиган инсонга айланади. Феминизм эркаклар ва аёллар ўртасидаги уруш эмас, бу икки инсоннинг бир-бирини камситмасдан, бир-бирининг шахсиятини ҳурмат қилган ҳолда бахтли яшаши учун кураш.

 

Билимли ва ҳуқуқини биладиган аёл эркак учун хавф эмас, ишончли дўст, оқила маслаҳатчи ва кучли ҳамкордир. Соғлом жамият фақат бир жинснинг устунлиги билан эмас, балки ҳар икки томоннинг уйғунлиги билан қурилади.

 

Миллий тарихимизда аёллар нафақат уй бекаси, балки давлат арбоби, шоира ва жангчи бўлган. Тўмариснинг жасорати ёки Нодирабегимнинг маърифатпарварлиги ўзбек аёлининг азалдан кучли шахс бўлганидан далолат беради. Феминизм аёлларни мана шундай асл илдизларига қайтаришга, улардаги салоҳиятни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. ХХ аср бошидаги жадид боболаримиз айнан аёлларнинг таълим олиши, жамиятда фаол бўлиши ва зулмдан озод бўлиши учун курашган. Улар аёл билимли бўлмас экан, миллат ривожланмаслигини жуда яхши англаган. Демак, аёллар ҳуқуқи учун курашиш биз учун ёт ғоя эмас, балки зиёлиларимиз бошлаб берган ҳаракатдир.

 

Кўп ҳолларда диний тушунчалар ва феминизм қарама-қарши қўйилади. Аслида эса, Ислом дини аёлнинг мулкка эгалик қилиш, меросга эгалик қилиш, таълим олиш ва никоҳда розилигини бериш ҳуқуқларини кафолатлаган. Феминизм ҳам айнан мана шу ҳуқуқларнинг амалда ишлашини, аёлнинг хурмат қилинишини ва унга нисбатан зўравонлик қилинмаслигини талаб қилади.

 

Агар аёл киши оилада ўзини хавфсиз ҳис қилса, қадрланса ва шахс сифатида тан олинса, у оилани ҳеч қачон бузмайди. Аксинча, ўша оила учун бутун борлиғини бахш этади. Феминизм – оиланинг душмани эмас, унинг ҳимоячисидир. Чунки фақат бахтли аёлгина комил фарзандларни тарбиялай олади ва юксак жамиятни қура олади.

 

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29961
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//