Ўрта асрлар Марказий Осиё давлатчилиги тарихида Чиғатой улусининг мустақиллик даври (1306–1346) нафақат сиёсий, балки иқтисодий трансформациялар билан ҳам характерланади. Ушбу даврнинг асосий фигурасидан бири Кебекхон (1318–1326) бўлиб, унинг фаолияти Мовароуннаҳрни парчаланган ҳарбий-маъмурий ҳудуддан ягона ва суверен иқтисодий маконга айлантиришга қаратилди. Буларнинг марказида Кебекхоннинг ҳижрий 718–725-йилларда (Григориан тақвими бўйича 1318–1326-йиллар) амалга оширган пул ислоҳоти бўлган. Бу ислоҳот минтақа тарихида мўғул босқинидан кейинги биринчи тизимли монетар ислоҳот бўлиб, у минтақанинг кейинги икки асрлик иқтисодий ҳаётини белгилаб берди. Узоқ вақт давомида тарихшунослик бу даврни Эрон ёки Хитой манбалари призмасидан ўрганиб келган; аммо замонавий нумизматик тадқиқотлар бизга бу воқеаларга янги нуқтаи назардан қараш имконини беради.
ХIII аср охири ва ХIV аср бошларида Мовароуннаҳрда пул муомаласи ўта тарқоқ ва назоратсиз бўлган. Минтақада асосан “Масъудбек” дирҳамлари деб аталадиган турли хил оғирликдаги эскирган тангалар “ишларди”. Бу ҳолат савдо ривожланишига тўсқинлик қилди ва янги пайдо бўлаётган суверен давлатнинг иқтисодий пойдеворига путур етказди. Чиғатой улуси ўзининг мустақил пул бирлигига эга бўлмагани сабабли, “Масъудбек” пулидан ташқари бозорларда турли хил оғирликдаги, сифатсиз ва хусусий шахслар ёки маҳаллий ҳокимлар томонидан зарб этилган тангалар муомалада эди. ХIII аср ўрталаридан бошлаб “кумуш инқирози” натижасида кумуш тангалар муомаладан чиқиб кетган ёки уларнинг таркибидаги соф металл миқдори кескин камайган. Ҳар бир шаҳар ёки туман ўзининг оғирлик стандартига эга бўлиб, бу транс-регионал савдони қийинлаштирар ва инфляцияни келтириб чиқарарди. Й.А.Давидович таъкидлаганидек, 1321 йилгача бўлган даврда “пул – бу металл вазни” тамойили амал қилган бўлса, Кебекхон мазкур тизимни “пул – давлат кафолати” даражасига кўтаришни мақсад қилди.
Кебекхон бу муаммога тизимли ва босқичма-босқич ёндашди. Ёндашув Шарқдаги ўрта аср давлат ислоҳотларига хос бўлиб, улар камдан-кам ҳолларда бир кечада амалга оширилган. Кебекхон даври тангаларини чуқур ўрганган нумизмат олимлар ислоҳотнинг учта асосий босқичда амалга оширилганини таъкидлайдилар:
Биринчи босқич (718 ҳижрий/1318): Бухорода кумуш тангалар (динорлар) зарб қилиниши бошланади. Бу тангалар тахминан саккиз грамм оғирликда эди, аммо кенг ремедиум (рухсат этилган вазнга бардошлилик) билан ажралиб турарди, баъзан меъёрдан 0,5 грамм ёки ундан кўпроққа ошиб кетарди.
Иккинчи босқич (722 ҳижрий/1322 дан): Номинал тизимни тизимлаштириш. Бухорода динорлар учун қатъий вазн стандарти (тахминан 8 г) ўрнатилди ва кумуш динорнинг 1/6 қисмига тенг, тахминан 1,36 г оғирликдаги дирҳамлар жорий этилди.
Учинчи босқич (725 ҳижрий/1325 дан): Ислоҳот бошқа зарбхоналарга ҳам тарқалди. Янги динорлар ва дирҳамлар зарб қилиниши Самарқандда, кейин эса бошқа марказларда бошланди. Бу даврдаги тангалар халқ орасида кейинчалик ҳам Кебекхон номи билан – “Кебакий” деб юритила бошланди. Бу тизим Чиғатой улусининг кейинги хонларидан бири Тармаширинхон даврида (1326–1335) янада ривожлантирилди. Натижада, Кебекхон бошлаб берган минтақавий ислоҳот миллий ислоҳотга айланди.
Замонавий тадқиқотлар, хусусан, танга кумушининг рентген-флуоресценция таҳлили ислоҳотдан олдинги ва кейинги тангаларнинг металл сифати бўйича янги маълумотларни беради. Кебекхон даврига алоқадор тангалар нумизмат олимлар томонидан уч гуруҳга бўлиб таққосланди. Бу – ислоҳотдан олдинги дирҳамларнинг икки гуруҳи ҳамда Самарқанд ва Бухородан олинган ислоҳотдан кейинги “Кебакий” дирҳамларининг бир гуруҳи. Рентген-флуоресценция таҳлили шуни кўрсатдики, ислоҳотдан олдинги тангалардаги кумуш миқдори “ўндан бир қисми” (тўққиз қисм кумуш ва бир қисм аралашмалар билан қотишма) терминологиясига мос келади. Ислоҳотдан кейинги Самарқанд ва Бухородан олинган “Кебакий” дирҳамларидаги кумуш миқдори “ўндан ўнгача” даражасида эканлиги аниқланди. Бу эса аслида “соф” кумушдан фойдаланилгани, ислоҳотдан кейин танга-пуллар металининг сифати сезиларли даражада яхшиланганини кўрсатади. Кебекхоннинг “кебакий” кумуш тангаларининг таркиби юқори даражада экани “Грешам қонуни” (ёмон пул яхши пулни сиқиб чиқариши)нинг олдини олди ва янги пулга бўлган ишончни оширди.
Институционал асос сифатида ягона, юқори сифатли ва тўлиқ амал қиладиган пул тизимининг жорий этилиши хоннинг марказлашган ҳокимиятининг аниқ ифодасига айланди. Тангаларнинг сифатини яхшилаш ва стандартлаштириш улус ичида ҳам, халқаро савдо йўлларида ҳам пулга ишончни тиклади. “Кебакий” динорлари ишончли айирбошлаш воситасига айланди ва Мовароуннаҳр орқали Буюк Ипак йўлининг тикланишига ёрдам берди. Кебекхон ислоҳотининг инқилобий жиҳати шундаки, у бутун улус учун ягона оғирлик ва номинал стандартини жорий этди.
Шарқдаги ўрта аср миллий пул ислоҳотлари деярли ҳеч қачон қисқа фурсатда амалга оширилмаган, айниқса тўлиқ қийматли пуллар (кумуш ёки олтиндан ясалган) муомалага киритилганда. Баъзан келажакдаги ислоҳотнинг “синов” версияси давлатнинг фақат битта минтақасида танга зарб қилишдаги ўзгаришлар бўлар эди.
Ислоҳотнинг муваффақияти зарбхоналар фаолиятининг қатъий давлат назоратига олиниши билан ҳам боғлиқ бўлган. Кебекхон даврида Самарқанд, Бухоро, Термиз ва янги барпо этилган пойтахт – Қарши шаҳарларида марказий зарбхоналар ташкил этилди. Тангаларда биринчи марта Буюк Қоон (Пекин) номи бутунлай олиб ташланиб, хоннинг суверен мақомини билдирувчи “Султон ал-Адил” (“Адолатли султон”) унвони битила бошланди. Бу нумизматик жиҳатдан улуснинг Юан империясидан иқтисодий мустақиллигини эълон қилиши эди.
Кебекхон жорий этган пул тизими тезда халқаро эътирофга эришди. “Кебакий” динорлари Олтин Ўрда, Элхонийлар Эрони ва Ҳиндистон билан бўлган савдо алоқаларида асосий валюта вазифасини ўтади. Ибн Баттута ўз саёҳатномаларида Мовароуннаҳр бозорларидаги пулларнинг барқарорлиги ва қимматини алоҳида таъкидлаб ўтади. Бу барқарорлик Буюк Ипак йўли орқали келадиган кумуш оқимини тартибга солди ва Мовароуннаҳрни минтақавий молия марказига айлантирди.
Кебекхон пул ислоҳоти шунчаки иқтисодий чора эмас, балки минтақавий давлатчиликнинг пойдевори эди. Амир Темур ва Темурийлар даврида ҳам “кебакий” атамаси пул бирлиги сифатида ишлашда давом этди. Ҳатто кейинги ўрта асрларда ҳам Мовароуннаҳр пул тизими Кебекхон ўрнатган вазн стандартларига асосланганди. Мазкур пул ислоҳоти Чиғатой улусининг иқтисодий жиҳатдан ҳам мустақиллигини амалда (де-факто) тасдиқлаган энг кучли восита ҳисобланади.
1318–1326-йиллар оралиғида босқичма-босқич амалга оширилган пул ислоҳоти Кебекхоннинг узоқни кўзлаган сиёсий иродасининг натижасидир. “Кебакий” динорларининг жорий этилиши Мовароуннаҳрда монетар анархияга чек қўйди, иқтисодий суверенитетни мустаҳкамлади, ўтроқ цивилизациянинг юксалишига хизмат қилди. Ушбу ислоҳот тажрибаси Мовароуннаҳрнинг кейинги асрлардаги иқтисодий қудрати учун институционал база бўлиб хизмат қилди ва минтақавий давлатчилик эволюциясида муҳим бурилиш нуқтаси бўлиб қолди.
Шаҳло МАХАМОВА,
мустақил тадқиқотчи
Мафкура
Тарих
Тарих
Тарих
Мафкура
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ