“Ҳукмдор ҳузурига кирувчи киши сўзда рост, одобда тоза бўлсин” – Қорахонийларда элчилик фаолияти


Сақлаш
17:19 / 20.01.2026 8 0

Элчилик муносабатларининг қарор топиши барқарорликни сақлаш, савдо йўллари хавфсизлигини таъминлаш, иттифоқчилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, салтанатларнинг бир-бирини сиёсий жиҳатдан эътироф этиши каби ҳаётий заруратлардан туғилган. Элчи қадимдан давлат шаънининг тимсоли, ҳукмдорнинг энг ишончли вакили сифатида кўрилган. У салтанатлар ўртасидаги музокараларда тинчлик, адолат ва ҳамкорлик мезонларини қарор топтиришда асосий воситачи вазифасини ўтаган.


Туркий халқлар тарихида элчилик фаолиятининг илдизлари ғоятда қадимий ва бойдир. Битиктошларда учрайдиган “элчи”, “ялавоч” ёки “совчи” каби истилоҳлар туркий давлатчилик тизимида ташқи алоқалар тартиби (тузуки) жуда эрта шаклланганидан далолат беради. Мазкур тушунчалар кейинчалик исломий давр маданияти таъсирида янада такомиллашиб, маъмурий-ҳуқуқий мазмун касб этган. Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғотит турк” асарида “ялавоч” сўзига “элчи” дея изоҳ бериб, унинг “ҳукмдор номидан хабар (ярлиғ) элтувчи шахс” эканлигини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, у “арқиш” атамасини “карвон ва савдо йўлидаги элчи” маъносида қўллайди. Бу ҳолат Хоқонийлар салтанатида элчилик фаолияти иқтисодий манфаатлар ва сиёсий мақсадлар билан нақадар узвий боғлиқ бўлганини кўрсатувчи туб омилдир.


Исломий маданият ривожи жараёнида элчилик фаолияти алоҳида ахлоқий ва сиёсий мақом касб этган. Элчилар салтанатлараро тинчлик ва омонлик вакиллари сифатида кўрилган бўлиб, уларнинг дахлсизлиги шариат тамойиллари билан кафолатланган. Қуръон ва ҳадис манбаларида элчиларга зарар етказиш қатъий қоралангани мусулмон давлатчилигида ташқи мулоқот одобининг шаклланишига туб асос бўлган. Шу боис, Аббосийлар, Сомонийлар ва Салжуқийлар каби йирик салтанатларда элчилик муносабатлари давлат бошқаруви тартиботининг (тузукларининг) ажралмас бўлаги бўлиб хизмат қилган.


Тарихий манбаларда элчилик вазифаси (ялавочлик) фақат юқори мартабали, билимли ва ҳукмдорнинг хос ишончини қозонган сиймоларга топширилгани қайд этилади. Абу Фазл Байҳақий “Тарихи Масъудий” асарида Ғазнавийлар саройида элчилар одатда қозилар, ҳожиблар ёки котиблар орасидан танланганини ёзади. 


Миллий давлатчилигимизнинг ноёб обидаси бўлмиш Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида элчининг маънавий-ҳуқуқий қиёфасига алоҳида тўхталиб, у “сўзи рост, тили мулойим, сир сақловчи ва адолатни севувчи” шахс бўлиши лозимлиги уқтирилади. Низомулмулк эса “Сиёсатнома”да элчиларнинг салтанат сирларини асраши ва фақат хоқон манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши зарурлигини пойдевор талаб сифатида қўяди. Бу эса ўрта асрлар Туркистон давлатчилигида элчилик фаолияти юксак маъмурий маданият ва ҳуқуқий интизом негизига қурилганини исботлайди.


Хоқония салтанатининг элчилик тажрибасини ўрганиш нафақат тарихий, балки сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳам долзарб вазифадир. 9–12-юзйилликлар давомида Туркистон кенгликларида ҳукм сурган Қорахонийлар сулоласи тарихида қарор топган элчилик анъаналари ўзбек давлатчилиги тамойилларининг кўплаб жиҳатлари учун туб асос бўлиб хизмат қилади.


Хоқония салтанати ўз даврида Туркистон сиёсий ҳаётида етакчи ўрин эгаллаган бўлиб, унинг ташқи алоқалар тизими юксак ривожланган эди. Салтанатнинг жуғрофий жойлашуви – Шарқий Туркистон, Еттисув, Фарғона, Сўғд ва Шош воҳаларини ўз ичига олгани – қўшни сиёсий марказлар билан мунтазам элчилик мулоқотини тақозо этган. Салтанатнинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани элчилар зиммасига савдо алоқалари хавфсизлигини таъминлашдек стратегик вазифани ҳам юклаган. Ҳукмдор саройида элчилар ҳукмдорнинг энг яқин ва ишончли маҳрамлари орасидан танланган.


Қорахонийларда элчиларни тайинлаш тартиби ҳам ўзига хос маъмурий низомга таянган. Номзодлар дастлаб сарой кенгашида (девонда) кўриб чиқилган, сўнг хоқон ҳузурида топшириқ мазмуни батафсил тушунтирилган. Низомулмулк “Сиёсатнома” асарида шунга ўхшаш тартибот ҳақида сўз юритиб, “ҳукмдор элчини синовдан ўтказиб, унга сўзма-сўз йўриқнома бериши шарт”лигини уқтиради. Ҳар нечук, бу асар Салжуқийлар бошқарувига оид бўлса-да, Қорахонийлар сулоласи амалиётида ҳам шундай тартиб мавжуд бўлгани шубҳасиздир. Зеро, ҳар икки туркий сулола ўртасидаги сиёсий анъаналар ва ҳуқуқий асослар муштарак эди.


Қорахонийларда элчилар зиммасидаги вазифалар кўламига кўра бир неча турга бўлинган:
•  Дўстлик ва иттифоқ элчилари – булар барқарорликни мустаҳкамлаш ва савдо йўллари дахлсизлигини таъминлаш билан шуғулланган;
•  Тазият ва табрик элчилари – салтанат тахтига янги ҳукмдор ўтириши, йирик ғалабалар ёки фалокатли воқеалар муносабати билан йўлланган;
•  Махсус топшириқли вакиллар – низоларни барҳам топтириш, чегара масалаларини ҳал этиш ёки салтанатлараро совға-салом алмашиш учун юборилган.


Бундай тизимли ёндашув Қорахонийлар сулоласи ташқи алоқаларининг нақадар пухта бўлганидан далолат беради. Илмий таҳлиллар шуни кўрсатади-ки, Хоқония салтанатида ҳам элчилик сафарлари шундай ёрдамчи шахслар ҳамроҳлигида амалга оширилган. Бу эса ўрта асрлар Туркистон давлатчилиги дипломатик одобининг умумий ва қатъий қоидаси саналган.


Хоқония салтанатида элчиларни тайинлаш тартиби билан бир қаторда, уларнинг ҳуқуқий мақоми ҳам қатъий белгилаб қўйилган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида туркий давлатчиликнинг қадимий ҳуқуқий қоидасини келтириб: “Ёш ҳўл ўтин ўтда ёнмаганидек, хабари оғир бўлса ҳам, элчига ўлим йўқ”, дея ёзади. Ушбу ҳикматли ибора элчилик дахлсизлигини ифодаловчи энг қадимги ҳуқуқий қарашлардан бири бўлиб, нафақат ахлоқий, балки маъмурий-ҳуқуқий кучга ҳам эга бўлган. Хоқония салтанати ҳукмронлиги даврида ҳам мазкур тамойилга қатъий амал қилинган: элчига нисбатан ҳурматсизлик қилиш ёки унга зарар етказиш салтанат нуфузига доғ тушириш ҳамда хоқон шаънига тажовуз этиш деб баҳоланган. Бундай ҳуқуқий тартибот 12-юзйилликда Туркистон кенгликларида элчилик муносабатлари юксак маданий ва қонуний пойдеворга қурилганини кўрсатувчи навбатдаги туб омилдир.


Элчилик фаолиятининг сиёсий ва иқтисодий мазмуни билан бир қаторда, унинг беқиёс маданий аҳамияти ҳам мавжуд эди. Маҳмуд Кошғарий ўз асарида Хоқония салтанатида ва Чин (Хитой) ўртасидаги ёзишмаларда туркий тил ишлатилганини, чинликлар бу тилни тушунганини алоҳида таъкидлайди. Бу ҳолат 10–12-юзйилликларда туркий тилнинг элчилик алоқалари тили сифатидаги юксак мавқеини кўрсатади. 


Хоқония салтанатида элчилик тизимининг қарор топиши давлатнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлади. Улар Халифалик, Чин, Ғазна ва бошқа салтанатлар билан мунтазам элчи алмашиб турганлар. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Хоқония элчилари Чин саройига саман отлар, ипакли матолар ва қимматбаҳо тўнлар элтган, жавобан эса олтин, чинни ҳамда нафис ипак буюмлар билан қайтганлар. Бу жараён салтанатнинг савдо-сотиқ ва тинчлик сиёсатини ўзаро уйғунлаштиришга хизмат қилган.


Хоқония элчилик тизими кейинги туркий-мусулмон сулолалари учун пойдевор намуна бўлди. Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар саройларида элчиларни тайёрлаш, уларни кузатиш ва қабул қилиш маросимлари Хоқония салтанатидаги анъаналарнинг мантиқий давоми сифатида шаклланган. Ушбу илмий таҳлил туркий сиёсий маданиятнинг узвийлик хусусиятига асосланади: қадимги туркий элчилик унсурлари исломий давр талабларига мослашган ҳолда янги босқичга кўтарилган.


Таҳлилий жиҳатдан қараганда, Қорахонийларда элчилик тизими уч асосий йўналишни ўзида мужассам этган: сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-савдо ва маданий-маънавий. Сиёсий-ҳуқуқий йўналишда элчилар салтанатлараро битимларни амалга оширган бўлса, иқтисодий-савдо йўналишида карвон йўллари дахлсизлигини таъминлаганлар. Маданий-маънавий йўналишда эса туркий тил, ёзув ва давлат бошқаруви одобини кенг тарғиб этганлар. Бинобарин, Қорахонийлар сулоласи элчилик фаолиятини шунчаки ташқи сиёсат воситаси эмас, балки давлат тузумининг узвий бўлаги сифатида шакллантирган.


Қорахонийларда элчиларни қабул қилиш маросими сиёсий ҳаётнинг энг муҳим жараёнларидан бири саналган. Бу маросим нафақат ташрифни қабул қилиш, балки салтанат нуфузи, маъмурий тартиб ва маданий қувватни намоён этувчи восита сифатида қадрланган. Элчилик маросими хоқон шахсининг қудратини, сарой тартиботининг мукаммаллигини ва туркий сиёсий одобнинг юксак даражасини кўрсатган. Шу боис, у шунчаки ташкилий тадбир эмас, балки чуқур сиёсий ва маънавий мазмун касб этган давлат аҳамиятидаги жараён сифатида қаралган.


Ялавоч саройга етиб келгач, у аввало махсус мутасаддилар (ҳожиблар) томонидан кутиб олинган. Элчининг шахси, сафар мақсади ва келтирган совға-саломлари аниқлангач, у салтанат пойтахтига йўлланган. Низомулмулк “Сиёсатнома” асарида шунга ўхшаш тартиботни тасвирлаб, чегарадаги амалдор келган элчи ҳақида зудлик билан марказий девонга хабар бериши ва уни ишончли кишилар ҳамроҳлигида саройга етказиши лозимлигини уқтиради. Ҳар нечук, бу маълумот Салжуқийлар бошқарувига оид бўлса-да, Қорахонийлар сулоласида ҳам худди шундай тартибнинг мавжуд бўлгани шубҳасиздир. Зеро, ҳар икки сулоланинг бошқарув тузумлари ва сиёсий одатлари умумий туркий-исломий маъмурий анъаналарга таянар эди.


Салтанат саройига киришдан аввал ялавоч махсус ҳожиблар томонидан кутиб олиниб, у билан одоб-ахлоқ, кийиниш ва сўзлашиш тартиби (тузуки) хусусида суҳбат ўтказилган. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида: “Ҳукмдор ҳузурига кирувчи киши сўзда рост, одобда тоза бўлсин”, дея таъкидлайди. Бу хоқон ҳузурига чиқишнинг нафақат сиёсий, балки юксак ахлоқий меъёрларга асосланганидан далолат беради. Шу боис, ялавочнинг нутқи, ҳаракати ва ҳатто ўзини тутиши салтанат шаънига муносиб бўлиши шарт эди.


Элчилик маросимининг узвий қисми совға алмашиш анъанаси бўлган. Маҳмуд Кошғарий ушбу қадимий одатни “бушуқ” сўзи орқали ифодалаб, уни “элчилик вазифасини бажарган кишига бериладиган эҳтиром совғаси” деб изоҳлайди. “Бушуқ” ялавочнинг хизматига нисбатан миннатдорчилик бўлиш билан бирга, давлатлараро ўзаро ҳурмат рамзи ҳам саналган. Одатда бундай совғалар заррин тўнлар, асил отлар, олтин ва кумуш буюмлар кўринишида тақдим этилган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, кейинчалик Ғазнавийлар ва Салжуқийлар саройларида ҳам давом этган ушбу маросимлар ўз илдизини бевосита Қорахонийлар сулоласининг сиёсий тажрибасидан олган.


Ялавочнинг саройдаги нутқи маросимнинг энг масъулиятли палласи ҳисобланган. Юсуф Хос Ҳожиб “элчи сўзи – ҳукмдор сўзи” дея қайд этади. Шу сабабли ялавоч томонидан хоқон ярлиғининг ўқилиши ёки вазиятнинг изоҳланишида ўта ҳушёрлик ва аниқлик талаб этилган. Таржимонлар ялавоч нутқини ҳукмдорга бузмасдан, борича етказишга масъул бўлганлар. Бу жараён 12-юзйилликда Туркистон давлатлари ўртасидаги мулоқотнинг нақадар нозик ва юксак маданий даражада бўлганини ифодалайди.


Қорахонийлар саройида элчиларни қабул қилиш маросими ғоят улуғвор тарзда ўтган. Тадқиқотларда қайд этилишича, ялавочларни жойлаштириш ва уларнинг барча эҳтиёжларини таъминлаш билан “ҳожиб” ва “бирук” лавозимидаги амалдорлар шуғулланган. Бу эса Қорахонийлар сулоласи даврида маросимларни ташкил этиш тизими мукаммал йўлга қўйилганини кўрсатади. Тарихий манбаларда, хусусан, Абу Фазл Байҳақий асарларида элчиларга эҳтиром рамзи сифатида “ҳилъат” – махсус тўн кийдирилгани баён этилади. Бу туркий элчилик маданиятининг узвий қисми бўлиб, Қорахонийлар саройида ҳам қатъий амал қилинган тартиботлардан биридир.


Ялавочларни қабул қилиш маросими кўпинча давлат аҳамиятига молик зиёфат билан якунланган. Бундай мажлислар сиёсий суҳбатларнинг давоми саналиб, унда хоқоннинг яқин маслаҳатчилари, уламолар ва котиблар иштирок этишган. Бу жараён Қорахонийлар сиёсий ҳаётида диний қадриятлар билан давлат одобининг уйғунлигини яққол ифодалаган.


Қорахонийларда ҳукмдорларнинг ялавочларга бўлган муносабати давлат сиёсатининг ўзагини ташкил этган. Ялавоч – давлат шаънини ифода этувчи сиймо сифатида эъзозланган. Маҳмуд Кошғарий келтирган “элчига ўлим йўқ” деган қадимий ибора нафақат маънавий, балки сиёсий қонуният сифатида амал қилган. Хоқонлар элчини, ҳатто у ғаним мамлакатдан келган бўлса-да, дахлсиз деб билганлар. Ялавочнинг сўзини тинглаш, унга жавоб ярлиғини тутқазиш ва муносиб совға билан кузатиш ҳукмдорнинг адолати ҳамда сиёсий маданияти белгиси саналган.


Ялавочнинг саройдаги мавқеи ва унга кўрсатилган илтифот салтанат сиёсатининг очиқ ифодаси бўлган. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида ҳукмдор “ўзи билан сўзлашаётган кишининг кўзига тик боқсин, аммо иззатини ҳам жойига қўйсин”, дея таъкидлайди. Бу ялавочга нисбатан юксак эҳтиромни сақлаган ҳолда, сиёсий масофани ҳам унутмаслик зарурлигини англатади. Хоқония ҳукмдорлари айнан шу мувозанатни маҳкам тутганлар: улар элчига иззат-икром кўрсатиш баробарида, унинг ҳар бир сўзи ёки келтирган туҳфалари ортидаги пинҳона сиёсий маъноларни ҳам теран таҳлил қилганлар.


Хоқонларнинг ялавочларга нисбатан эҳтироми уларнинг халқаро майдондаги бой тажрибасидан далолат беради. Ялавочни муносиб туҳфалар билан кузатиш – “бушуқ” бериш одати нафақат сарой маросими, балки муҳим сиёсий ишорат ҳам эди. Бу орқали ҳукмдор тинчликка мойиллигини, ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш ниятида эканини намоён этган.


Қорахонийлар сулоласининг элчилик сиёсати икки асосий устунга таянган: биринчиси – элчини ҳурмат ва ҳимоя қилиш орқали салтанат нуфузини юксалтириш бўлса, иккинчиси – элчилик муносабатларидан оқилона сиёсий восита сифатида фойдаланиш эди. Ушбу икки тамойилнинг уйғунлиги Қорахонийларни 12-юзйилликнинг энг етук ва салобатли сиёсий кучларидан бирига айлантирган.


Қорахонийлар сулоласининг элчилар алмашуви, аввало, Шарқий Туркистон, Хуросон ва Мавороуннаҳрни боғловчи ҳудудларда кучли сиёсий мувозанат ўрнатиш мақсадини кўзлаган. Мазкур оқилона сиёсат орқали улар нафақат ўз мустақиллигини сақлаб қолган, балки қўшни сулолалар – Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва ҳатто Чин (Хитой) билан тенг асосда муносабат ўрнатишга муваффақ бўлганлар.


Салжуқийлар билан алоқаларда Қорахонийлар гоҳ ҳамкорлик, гоҳида эса манфаатлар мувозанатини маҳкам тутиш йўлини танлаган. Масалан, Данданоқон жангидан кейин Салжуқийлар қудрати ортган палла бўлишига қарамай, Қорахонийлар ўз сиёсий мустақиллигини сақлаб қолдилар. Улар элчилар воситасида ҳар икки томонлама эътироф ва тинчлик шартларини келишиб олганлар. Бундай элчилик муносабатлари бир томоннинг бўйсунишини эмас, балки ўзаро ҳурмат ва ҳудудий осойишталикни мустаҳкамловчи восита сифатида хизмат қилган. Салжуқийлар саройида Қорахонийларнинг элчиларига юксак эҳтиром кўрсатилиши сулоланинг сиёсий нуфузи бутун минтақа миқёсида тан олинганидан далолат беради.


Ғазнавийлар билан олиб борилган элчилик ёзишмалари ҳам икки томонлама ишонч тамойилига таянган. Абу Фазл Байҳақий манбаларида қайд этилишича, Қорахонийларнинг элчилари мунтазам равишда туҳфалар ва табрик ёрлиғлари билан Ғазна саройига юборилган. Шу билан бирга, Маҳмуд Кошғарий асарларида Ғазнавийлар билан мулоқот туркий тилда олиб борилгани қайд этилган. Бу ҳолат икки қудратли туркий сулоланинг тенг асосда ва ўзаро миллий қадриятлар эҳтироми доирасида мулоқот қилганини тасдиқлайди.


Аббосий халифалиги билан бевосита алоқалар тарихий ҳужжатларда камроқ қайд этилган бўлса-да, илмий таҳлиллар шуни кўрсатади-ки, Қорахонийлар сулоласи вакиллари айрим ҳолларда халифалик элчилари билан учрашиб, диний ва маданий масалаларда фикр алмашганлар. Бу ҳолат сулола элчилик муносабатларининг фақат сиёсий эмас, балки маънавий қамровга ҳам эга бўлганини намоён этади.


Қорахонийларда элчилар алмашуви кескин марказлашган босимга эмас, балки элчилик мувозанатига асосланган эди. Улар ҳеч бир қўшни сулоланинг тобе томонига айланмаган, балки ўзининг тарихий ҳудудий мавқеини, она тилини ва “бушуқ” каби қадимий удумларини сақлаган ҳолда Туркистон кенгликларида сиёсий барқарорликни таъминлаганлар. Шу боис, Қорахонийлар сулоласининг элчилик амалиёти ўрта асрлар давлатчилиги тарихида мустақил ва миллий мактаб сифатида эътироф этилади.


Ташкилий жиҳатдан қараганда, Ғазнавийлар саройида элчиларни қабул қилиш ва кузатиш махсус лавозим — “расулдор” томонидан амалга оширилган бўлса, Салжуқийларда бу вазифа вазир Низомулмулк раҳбарлигидаги девонлар зиммасига юкланган. Қорахонийларда эса элчиларни қабул қилиш ва уларнинг эҳтиёжларини таъминлаш бевосита ҳожиблар ва бируклар масъулиятида бўлган. Бу жиҳат шуни кўрсатади-ки, Қорахонийлар элчилик ишини қоғозбозликка асосланган девоний тизимга эмас, балки сарой хизматидаги олий мартабали амалдорларнинг шахсий ишончи ва жавобгарлигига таяниб олиб борганлар.


Тил масаласида Хоқония салтанати қўшни сулолалардан аниқ фарқ билан ажралиб туради. Ғазнавий ва Салжуқий девонларида арабий ва форсий тиллар сиёсий ёзишмаларда устун бўлган бўлса, Қорахонийлар сулоласи она тилини, яъни туркий тилни элчилик алоқаларининг асосий воситасига айлантирган. Маҳмуд Кошғарий Чин (Хитой) билан олиб борилган ёзишмалар ҳақида сўз юритар экан, “чинликлар турк тилини билур” дея қайд этади. 


Элчини танлаш мезонларида ҳам ўзига хослик кўзга ташланади. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида элчи “сўзи тўғри, ақли тиниқ, сир сақлайдиган” бўлиши кераклигини уқтиради. Ушбу талаблар Салжуқийларнинг “Сиёсатнома” асаридаги мезонлар билан мазмунан яқин.


Маросимий жиҳатдан ҳам ўзига хос ўхшашлик ва фарқлар мавжуд. Салжуқийлар ҳузурида элчилар ғоятда дабдаба билан, қуролланган навкарлар сафи орасида қабул қилинган бўлса, Қорахонийлар сулоласида бу жараён бирмунча вазмин, аммо маънавий маънода теран ўтказилган. Элчиларга юксак эҳтиром кўрсатилиб, сафар якунида унга салтанат туҳфаси топширилган. Ушбу қадимий одат шунчаки моддий рағбат эмас, балки давлатлараро сиёсий дўстлик рамзига айланган.


Қорахонийлар сулоласининг элчилик фаолияти ўз даврининг сиёсий, диний ва маданий анъаналарини теран мужассам этган. Уни Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар каби туркий-исломий сулолалар билан қиёслаганда, ўзига хос ўхшаш ва фарқли жиҳатлар равшан кўзга ташланади. Умумийлик шундаки, ушбу сулолаларда элчи – давлат шаънини ифодаловчи дахлсиз сиймо ҳисобланган, унга зарар етказиш энг оғир сиёсий жиноят саналган. Бироқ Қорахонийлар сулоласида бу қоида шунчаки ташкилий тамойил эмас, балки эътиқодий қадрият даражасига кўтарилган.


Қорахонийлар сулоласи ўз элчилик сиёсатини мутлақ куч кўрсатишга эмас, балки оқилона муроса ва тинчликка асослаган. Ғазнавийлар кўпроқ ҳарбий қудратни, Салжуқийлар эса маъмурий тартиботни намойиш этишга интилган бўлса, Қорахонийлар сулоласи элчилик муносабатлари орқали осойишталик, савдо ривожи ва маданий мулоқотни тарғиб этган. Шу боис, уларнинг бу борадаги тажрибаси кейинги асрларда Туркистон заминида ҳукм сурган туркий сулолалар учун ўзига хос андоза бўлиб хизмат қилган.


Қорахонийлар сулоласи элчилик тизими 12-юзйилликнинг энг юксак давлатчилик маданиятини акс эттиради. Уларнинг сиёсати куч билан эмас, балки сўз қадри, ўзаро ҳурмат ва муроса орқали натижага эришиш тамойилига қурилган. Шу сабабли, ушбу давр анъаналари кейинги туркий сулолалар учун чинакам элчилик мактаби вазифасини ўтади ҳамда туркий дунё ташқи алоқалари тарихининг мустаҳкам пойдеворини яратди.


Қорахонийларнинг элчилик фаолияти – бу шунчаки ўтмиш хотираси эмас, балки бугунги ташқи алоқалар ва минтақавий яхлитлик учун тарихий сабоқ, маънавий негиздир.

 

Сарвар ҚЎЛДАШЕВ,


Тошкент ижтимоий инновация университети ўқитувчиси,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29841
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//