Сув ҳукмдори Ҳубби: ҳаёт манбайининг унутилган илоҳи


Сақлаш
12:53 / 20.01.2026 9 0

Сув нафақат тириклик манбайи, балки ҳаётнинг энг улуғ, бебаҳо ва беқиёс мўъжизаси ҳисобланади. Шу боис, инсоният қадим замонларданоқ сувни муқаддаслаштира бошлаган, унга сиғинган. Жаҳон халқларида сув билан боғлиқ турли-туман мифологик қарашлар ва инончлар кенг тарқалган. Шундай инончлардан бири – Ҳубби мифологик образидир.

 

Ҳубби – Хоразм воҳаси аҳолисининг халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ муқаддас сув тимсоли ҳисобланади. У Амударё, сув ва деҳқончилик фаровонлигини ифодаловчи образ сифатида тасаввур қилинади. Мазкур образнинг пайдо бўлиши ўлкага ислом дини кириб келмасдан олдинги даврга бориб тақалади. «Ҳубби» образи дарё сувининг мўл-кўллигини таъминловчи ва уни ёвуз кучлар хуружидан ҳимоя қилувчи эзгу ҳомий сифатида тимсоллаштирилган ҳамда Ўрта Осиёда яшаган қадимги одамлар орасида жуда мўътабар саналган.

 

Ҳубби ҳақидаги афсоналар фақатгина Хоразмда эмас, балки минтақанинг бир қанча ҳудудларида учрайди. Жумладан, Бухорода шифобахш сувли қудуғи билан машҳур бўлган Хўжа Уббон aвлиёси ва Жондор тумани Оқших қишлоғидаги Султон Ҳубби қадамжоси ҳақидаги афсоналар, Фарғона водийси ҳамда Оҳангарон дарёси бўйларидаги Эр Ҳубби тўғрисидаги мифологик тасаввурлар, Қамаши туманидаги Ҳуббилтепа деган жой – Ҳубби култи билан боғланади.

 

«Ҳубби» атамаси мифологик образ бўлишига қарамасдан халқ оғзаки ижод намунаси сифатида ҳозиргача мавжуд бўлиб, уларда халқнинг бирор юмуш бажариш пайтида ёки бўлмаса, қайсидир амалларни бажараётганда «Ё Ҳуббим, Ҳубби Малик» деган номлар билан мурожаат қилади. Ҳубби тимсоли воҳада муқаддас саналган Анбар онанинг фарзанди дея талқин қилинади.

 

У ҳақида ривоят ва афсоналар кўп бўлиб, археолог олим Яҳё Ғуломов ўз асарида қайиқчидан ёзиб олган қуйидаги ҳикояни келтиради: «Фаридун ва ҳатто Жамшид подшолик қилмасдан кўп вақтлар илгари бу дарёда бир йигит яшаган ва бу йигит дарёнинг ҳокими бўлган. Унинг исми «Ҳубби» бўлган. Ҳубби балиқ билан овқатланган. У бир қўли билан балиқни тутиб олар эканда, уни қуёшга узатар экан, балиқ шу ондаёқ қоврилар экан. У етти юз йил давомида Амударёда яшаган ва бу вақт ичида ҳеч қандай ёвуз жин дарёга яқинлаша олмаган. Ҳатто у пайтда чивинлар ҳам бўлмаган. Жамшид тахтга ўтирган вақтдан бошлаб, Ҳубби дом-дараксиз ғойиб бўлган. Уни осмон маликаси – гўзал бир қиз ўғирлаб кетган деб ўйлайдилар.

 

У ғойиб бўлгандан кейин Амударёда Ҳуббининг онаси пайдо бўлади. У узоқ вақт давомида йиғлаб-йиғлаб ўз ўғлини қидиради. Ана шу Ҳуббининг онаси биринчи қайиқни кўрган ва халқни дарёда уришишга ўргатган. Сўнгра Ҳуббининг онаси бутунлай кетиб қолган. Чоллар фикрига кўра: «Илгариги вақтларда кемаларнинг бурнида шу хотиннинг ҳайкали ўрнатиларди». Сўнгра, мусулмонлар келганидан кейин, улар бу одатга эътибор бериб, уни йўқ қилишни буюрган. Шу вақтдан бошлаб бу ҳайкалнинг бошини кесиб ташлаганлар, фақат кемаларда унинг икки соч ўрими қолган.

 

Бу афсонавий тимсол халқнинг ҳаётида, айниқса қайиқчилар орасида мадад берувчи, қутқарувчи тимсол сифатида сақланиб қолган.

 

Г.П.Снесарев берган маълумотга кўра, Ҳубби қайиқчилар пири бўлиб, қайиқ ҳайдовчилар бошига фалокат тушса унга илтижо қилиб ёрдам сўрашади. Афсоналарга кўра, Ҳубби Амударё суви остида макон тутади ва сув ости дунёси соҳибига айланади. У сув ости оқими руҳлари билан курашади, уларнинг сув тошқини ташкил қилишини бартараф этади, сув оқимини мўътадиллаштиради, экинларни обиҳаёт билан таъминлайди. Табиий офатлар даврида, қишлоқларни сув босганда арангларга қарши курашиб уларга «Сувни тортиб олинг» деб буюради. Шу орқали душманларини енгади, табиий офатлардан сақлайди.

 

Фарғона водийсида ҳам Эр Ҳубби билан боғлиқ зиёратгоҳ мавжуд, лекин, у Йигитпирим деб ном олган. Бу зиёратгоҳнинг келиб чиқиши ва тарихи ҳақида маҳаллий аҳоли орасида бир қатор ривоятлар мавжуд. Унга кўра, «Йигитпирим сувда чўкаётган одамларни қутқариб турган вақтда уни онаси Анбар она уч марта чақирибди. Ҳар гал онаси бир марта чақиргани заҳотиёқ етиб келадиган Йигитпирим бу сафар уч бора чорласа ҳам келмабди. Онаси унинг бу ҳаракатидан қаттиқ ранжибди. Онасини ранжитиб қўйган, қилган ишини чинакам номуссизлик ҳисоблаган Йигитпирим тоғнинг ичига кириб ғойиб бўлган экан.

 

Йигитпирим шубҳасиз, ўлимдан қутқариб қолган одамлар Анбар онага ўғли нима учун уни чақирган вақт етиб бормаганлигини асл сабабини айтгандан сўнг Анбар она фарзандидан ноҳақ ранжиганлигини тушуниб етиб, аччиқ кўз ёши тўкади. Унинг кўзларидан ёмғирдек қуйилган ёшларидан у ерда булоқ ҳам пайдо бўлган экан.

 

Афсоналарга кўра, сирли равишда ғойиб бўлган Ҳуббини хоразмликлар Ғойиб ота деб ҳам аташган. Одатда, исломиятгача мавжуд бўлган қадимги култлар билан алоқадор бўлган айрим қадамжолар ва мозорлар номи унутилгач, бундай жойлар Ғойиб ота деб юритила бошланган.

 

Бугунги кунда, афсонанинг узуқ-юлуқ вариантлари сақланиб қолган. Бу тасаввурлар мавжудлигининг исботи сифатида халқ ўртасида Ҳуббиқули ёки Ҳуббиниёз шаклидаги исмларнинг учрашини ҳам келтириш мумкин.

 

Бу сув илоҳи яқинларгача халқ орасида ўйин тарзида ҳам сақланиб қолган. Бу ўйин «Ҳуббимбой» номи билан аталиб, қуйидаги шеър орқали ижро этилади:

 

«Ҳуббим, ҳуббим, ҳуббимбой

Ҳуббимбойнинг ола оти,

Ҳуббимбой йўлга тушганда

Ярқирайди қаноти.

Ҳуббим, ҳуббим, ҳуббимбой

Така-тукка бўйнида

Шу ой юзли паризод

Ҳуббимбойнинг қўйнида

Ҳуббим, ҳуббим, ҳуббимбой

Ҳуббимбойнинг ола оти

Оғам овга чиққанда

Етолмайди от зоти».

 

Ўйинни ижро қилаётган шахс ўйинни қўшиқ мазмунига мослаб икки елкаси ва қўлини тез-тез ишлатиб қуш қанотини қоққанидек ҳар сафар қанот ўрнида қўлини кўтариб қўлтиғини очиб-ёпиб туради, оёқларини ҳам ердан олиб қўйиб- олиб қўйиб ҳаракат қилдиради. Бу ўйин гўёки, одамлар тасаввурида Ҳуббининг каптарга айланиб учиб кетганлигини ифодалайди.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ҳубби – сув илоҳи сифатида муқаддаслаштирилган, бироқ ҳозирда, у ҳақида узуқ-юлуқ баъзи афсонавий маълумотлар сақланиб қолган.

 

Маъмун университети ўқитувчиси

Рўзметова Розияжон Баҳром қизи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29825
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//