«Ўзбекистон суверенитети муҳокама қилинмайди» – Александ Дугин фикрига ўзбек жамоатчилиги муносабат билдирди


Сақлаш
16:14 / 19.01.2026 8 0

Россиялик файласуф ва пропагандачи, «Рус дунёси» ғоясининг асосий мафкурачиси Александр Дугин «дунёнинг янги модели» тўғрисида берган интервьюсида собиқ СССР мамлакатлари – Ўзбекистон ва Марказий Осиё суверенитетини шубҳа остига олиб, уларни Россия «назоратга олиши керак» дея таъкидлади. Интервьюда сиёсатчи Дугин «уч қутбли дунё» шаклланаётганини айтиб, Россия бу тизимда асосий куч марказига айланиши ва бу мамлакатларни назоратга олиши кераклигини таъкидлайди. Унга кўра, Россия назоратидан ташқарида қолган мамлакатлар – АҚШ, Европа Иттифоқи ёки Хитойнинг таянч ҳудудларига айланади.

 

«Бизнинг мақсад – бу уч қутбли дунёда энг муҳим – суверен, эркин, мустақил ва улкан куч марказига айланиш. Биз назорат қилмайдиган барча ҳудудлар нейтраллигича, ёқимли ва тинч Швейцарияга айланиб қолмайди, улар бошқа қутблар, хусусан, АҚШнинг можароли қутби (форпост) таянч нуқтасига айланади. Шунинг учун бу янги моделда суверен Арманистон, Грузия, Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон суверен мамлакатлари мавжуд бўлиши мумкин эмас. Ё улар бизнинг лагерь таркибига – ягона иттифоқимизнинг бир қисмига киради, ёки Ғарб, Европа иттифоқи, Америка ё бўлмаса қандайдир Хитой плацдармига айланади», дейди Александ Дугин.

 

Марказий Осиёга таҳдид борасида рус пропагандачиларининг навбатдаги чиқишига ўзбек жамоатчилиги, давлат арбоблари, журналист ва фаоллар ўз муносабатини билдирди.

 

«Иқтисодий газета» газетаси бош муҳаррири Миродил Абдураҳмонов:

 

«...Ўзбекистонда Россиянинг шовинистик телеканаллари ва шовинист пропагандачилар китобларини тақиқлашни бошлаш керак. Шунингдек, кечиктирмай, юртимизга киритилмайдиганлар [Персона нон грата] рўйхати тузилиши шарт. Ва, рус пропагандистлари учун катта хавф саналган тил масаласига эътибор кучайтирилиши лозим. Тезда янги таҳрирдаги «Тил тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш, барча давлат идораларига мурожаатлар фақат давлат тилида қабул қилиниши, раҳбарликка ва депутатликка номзодлар қўйилаётганда ҳар қандай фуқаронинг давлат тилини билиш даражаси қатъий белгиланиши керак. «Замонавий Геббелс» деб ном олган Владимир Соловёвнинг яқиндаги нутқи художўй файласуф Александр Дугиннинг навбатдаги чиқишидан кейин яна эсга олина бошлади… Шубҳа йўқки, эртага Захарова хоним Дугиннинг навбатдаги таҳқирона чиқишини ҳам «бу унинг шахсий қарашлари», дея баҳолаши аниқ. Бас шундай экан, биз ҳам Озарбойжон биродарларимиздек, «саломга яраша алик» қайтариш йўлларини ўйлашимиз керак. Яъни, Дугину, Соловёвларнинг ғоявий раҳбарларига Янги Ўзбекистон бу 5, 10 йил аввалги Ўзбекистон эмаслигини кўрсатиш пайти келди».

 

Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё Дугин чиқишига «пайтавасига қурт тушгани рост экан», дея муносабат билдираркан, «чириш, алжираш» кучайиши, оқибат ҳам яқинлигини таъкидлайди. Унга жавобан Исроил Тиллабоев бир ҳафтада кетма-кет бутун бошли 5 давлат суверенитетига қарши гапириш тасодифми ёки катта сигналми, дея тегишли мамлакатлар ҳукумати ва халқи янада бирлашиши, кескин таъсир ноталари ва қайта гапирмайдиган қатъий жавоб берилиши шартлигини ёзади.

 

Сиёсий фанлар доктори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа журналист Соловев ва Дугин баёнотига ўз муносабатини билдириб, Ўзбекистон энди киндиги йўлдошдан ажралган бола каби қуллик кайфиятидан кечиши кераклигини таъкидлади.

 

Журналист Илёс Сафаров яқиндагина россиялик журналистнинг Марказий Осиёда «махсус ҳарбий операция» ўтказиш борасидаги чиқишидан кейин қисқа даврда навбатдаги пропагандистнинг бундай баёнотига нисбатан «содда, юмшоқ дипломатия» иш бермаслиги ҳақида ёзади:

 

«Россиялик пропагандачиларнинг кетма-кет чиқишлари тасодиф эмас, бу индивидуал фикр ҳам эмас — бу жуда аниқ хавфли, мафкуравий сигнал. Кеча Соловёвнинг Марказий Осиёда «махсус ҳарбий операция» ўтказиш ҳақидаги чақириғи, бугун эса Дугин берган мана бу баёнот Россия сиёсий доираларида постимпериал тафаккур ҳануз тирик эканини яна бир бор исботламоқда. Бундай шароитда «содда, юмшоқ дипломатия» ишламайди, чунки куч сиёсатини тарғиб қилаётган томон фақат кучни ва қатъий позицияни тан олади. Озарбойжон мисолида буни кўрдик. Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакат раҳбарияти тушуниши керак: суверенитетимизнинг очиқ инкор этилишини жавобсиз қолдириш хавфсизлик вакуумини юзага келтиради. Доимий сукут — бетарафлик ёки босиқлик эмас, балки заифлик сифатида қабул қилинади. Шу сабаб, яна қайтараман, биринчи ва энг табиий жавоб сифатида бундай чақириқлар билан чиққан шахсларни «персона нон грата» деб эълон қилишни бошланг. Ортиқ кутиш мумкин эмас. Иккинчи босқичда эса уруш ва босқинчилик мафкурасини тарғиб қилаётган Россия телеканалларини Ўзбекистон ҳудудида блоклаш каби ахборот хавфсизлиги ричагларини ишга солайлик. Агар бу аниқ чоралар ҳам самара бермаса, кейинги босқичда Марказий Осиё давлатларининг бирлашган, жамоавий ва очиқ сиёсий жавоби кун тартибига чиқиши лозим. Юмшоқ дипломатия эмас, онгли, принципиал ва изчил позиция — минтақавий барқарорликнинг ягона кафолати бўла олади».

 

Собиқ молия вазири ўринбосари, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров Дугинни рус империализмининг мафкурачи ва ривоятчиси деб атаб, Украина Россияга қаттиқ ва аниқ дарс бўлиши кераклигини, Россия «сиқиб келинаётган пружина босимига бир кун келиб дош беролмаслигини» таъкидлайди. У шунингдек, Ўзбекистоннинг расман аниқ ва қатъий жавоб бериши, «мамлакат суверенитети ҳақида фикр билдиришни бас қилишлари» таъкидланиши зарурлигини қайд этиб, «уни бизга сиз бермадингиз, тортиб олиш ҳам сизга эмас», деб ёзади.

 

Фахрий журналист Маматқул Ражабов Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб А. В. Ерховга мурожаат қилиб, Ўзбекистон империявий фантазиялар объекти эмаслигини таъқидлайди:

 

«Ҳурматли Алексей Владимирович! Россиялик «сиёсатчи» Александр Дугиннинг «Марказий Осиё Республикаларининг, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам суверенитети тугади» деган мазмундаги баёнотлари ва уларни Россияга қўшиб олишга даъватлари шахсий фикр эмас, балки буюк давлатчилик шовинизми ва сиёсий экстремизмнинг очиқ намоён бўлишидир. Ўзбекистон Республикаси — суверен, мустақил давлат, бутун халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган, БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар аъзосидир. Бизнинг суверенитетимиз империалистик руҳдаги мафкурачилари фантазияларига эмас, халқ иродаси, тарихий ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланади… Бундай баёнотлар:

— БМТ Устави ва давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларини қўпол равишда бузади;

— минтақавий хавфсизлик асосларини издан чиқаради;

— халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларига путур етказади. Ҳеч бир «файласуф», ҳеч бир сиёсий маргинал миллионлаб инсонлар ва мустақил давлатлар тақдирини ҳал қилишга ҳақли эмас. Империялар даври тугади. Уни сўз орқали қайта тирилтиришга уриниш — куч белгиси эмас, балки сиёсий заифлик аломатидир. Ўзбекистон доимо тенг ҳуқуқли ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат, диктат эмас, балки мулоқот тарафдори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Суверенитетимизга қаратилган ҳар қандай тажовуз — оғзаки ёки бошқа шаклда бўлсин — барча даражаларда қатъий, принципиал ва муносиб жавоб олади. Ўзбекистон суверенитети муҳокама қилинмайди. У савдо объекти ҳам, кимнингдир геосиёсий фантазиялари предмети ҳам эмас», деб ёзади журналист.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик қўмитаси ҳамда Юксалиш ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Дугин қисқа вақт ичида айтган гапи учун муносиб жавоб олишини таъкидлаган:

 

«Барча, Ўзбекистон суверенитетига шубҳа қилган ҳар бир куч ёки шахс аниқ билиши керакки, биз Ўзбекистонни ҳимоя қила оламиз. Ўзбекистонни танлаган йўлидан қайтариш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди», дейди у телеграм саҳифасидаги видео-мурожаатида.

 

Муштум журнали Дугин баёнотини навбатдаги алжираш, дея огоҳликка чақирди:

 

«Улар ҳали-ҳануз ўзларини хожа ҳисоблайдилар. Улар ҳали-ҳануз мустақил қўшни давлатларни ўзлариники деб биладилар. Уларнинг ити ҳам, чўчқаси ҳам ўзга давлатларга нисбатан нимани истасам гапиравераман, бизга мумкин, деб ўйлайди. Ҳатто телба ҳам аларнинг мақсади нима эканлигини англаб турганда, бизнинг қултабиат эшакларимиз буларга хайрихоҳ бўлишини қандай тушуниш мумкин? Модомики, асл мақсадларини айниган калланинг тили бўлиб галма-гал айтишаётган экан, миллийликни, она тилимизга эътиборни кучайтиришимиз, ҳарбий қудратимизни янада оширишимиз, ҳа... ҳар нарсага тайёр бўлиб туришимиз, дарвозамизни бегоналар келиб чертса, ланг очиб беришга шай бўлиб турган ичимиздаги душманларни тарбиялашимиз шарт! Теридан чиққан яра хавфли, ичдан чиққан яра унданда хавфли!», деб ёзади.

 

Журналист Шуҳрат Шокиржонов:

 

«... Соловёвнинг ҳанграшини ҳазм қилиб улгурмасимиздан, Дугин деган фашист чиқиб, «суверенитларинг капейка», деб турибди. Украинада ҳам уруш айнан мана шу Дугин ва унга ўхшаганларнинг ғояси билан бошланди… Аслида, бу маразларнинг олий мақсади — Европага уруш очиб бўйсундириш. Украинага кучи етмай турган бир пайтда! Буларга улкан уруш учун «тўпеми»лар керак. Ёш норғул йигитлар қаерда кўп?! СССР тарқаганидан буён туғилиш камаймаган, аҳолиси ўсган юртларда, албатта. Бизда! Россияда ишлаб юрган мигрантларимизни ҳам сўраб ўтирмасдан урушга отиш — олий орзуси бу маразларнинг. Кимдир «Россияга қўшилсак гугурт яна 1 тийин бўлади», деб орзуманд чиқар. Лекин, билиб қўй, мараз: гугурт эмас, боланг, неваранг 1 тийин бўлади. Чунки урушда учади. Сен «Великая» деб санайдиган, ишонадиган Ўруссиянг учун».

 

Юрт ҳақига дуо

 

Ушбу шеър ўтган йили ёзилиб, ўқувчиларга тақдим қилинганди. Бугун бир қадрли кишим қўнғироқ қилиб, шу шеърни эслатди ва ижтимоий тармоқларда вайсаётган рус шовинистлари Соловёв ва Дугинга бағишлаб қайта эълон қилинг, деди. Гапи нотўғри эмас, бироқ... у ғаламис (каламуш сўзига уйқаш бўларкан!) кимсалар шеър бағишлашга арзимайди, деб ўйладим. Аммо шеърни такрор бериш керак деб ҳисобладим!, – дейди Шодмонқул Салом.

 

Не бўлса ҳам ҳеч кимдан кўнглим қолиб кетмасин,
«Олабўжи» қопига ёппа солиб кетмасин,
Сергак туринг, йигитлар, чегарадан ўтмасин,
Темурбекнинг авлоди Темурга ўхшаш керак!
Азиз Ўзбекистоним минг йиллар яшаш керак!

 

Ўзбекнинг кимлигини сўйласин бобо тарих,
Ҳали мингдан бирини билмай сарсон муаррих,
Кўз ҳам қилич ўйнатиб келган оқ, қора, сариқ,
Темурбекнинг авлоди Темурга ўхшаш керак!
Ўзин юртида эмин улғайсинда келажак!

 

Ўзбек, қозоқ, қирғизим – отаси бир илдизим,
Туркман, тожик – бовурим, бир жойдан чиқсин сўзим,
Оч айиқлар қошида қолиб кетмай бир ўзим,
Темур султон авлоди Темурга ўхшаш керак!
Онажон Туркистоним минг йиллар яшаш керак!

 

Геродот ёзиб кетган, Беруний ўзиб кетган,
Тарих денгизи аро не музлар сузиб кетган,
Бобом юртни бузмаган, мамлакат тузиб кетган,
Темур бобом авлоди Темурга ўхшаш керак!
Бир сапча ҳам унмайди, агар бўлмаса палак!

 

Жуним чаппа силама, қўрқоқ, маддоҳ эмасман,
Ухламас бир вулқонман – берганман, олганмасман!
Гоҳ қилич, гоҳ китоб-ла борман, ортда қолмасман,
Темур Тарағай зоти Темурга ўхшаш керак!
Отаси тайин бу эл минг йиллар яшаш керак!

 

Эсимда, унутмайман – оналарнинг зорини,
Биров бажарган эмас отажоним корини,
Кўрдим – уйида нон йўқ, илғор пахтакорини,
Темурхоннинг зурёди Темурга ўхшаш керак!
Заҳматкаш онам – бу юрт абадий яшаш керак!

 

Магар, сўзинг чин бўлса, ҳабибимни топиб бер,
Жанозасиз кўмилган жадидимни топиб бер!
Сен ҳам, мен ҳам ишонай – сабабини топиб бер,
Темурбек фармони бу – тамом бажариш керак!
Бу эл қадим Наврўздай абадий яшаш керак!

 

Бу юрт азизлар юрти – зер-забарнинг қабри бор,
Авлоди Саййид ётур – шаҳриёрнинг қабри бор.
Дунёга сабоқ берган ифтихорнинг қабри бор,
Темурбекнинг фарзанди Темурга ўхшаш керак!
Оқ сут берганим – онам хотиржам ётиш керак!
Бу эл қадим Наврўздай абадий яшаш керак!

 

Маълумот учун, 2025 йилда Қозоғистон мамлакатга нисбатан ҳақоратли ва душманона баёнотлар бергани учун Россиянинг тўрт нафар амалдаги депутати – Пётр Толстой (вице-спикер), Вячеслав Никонов, Евгений Фёдоров, Константин Затулин ва бир нафар собиқ депутат, «Россотрудничество» раҳбари Евгений Примаков билан бирга, бир неча жамоат арбоблари ва пропагандачиларни «персона нон грата» – мамлакат ҳудудига кириши тақиқланган шахс сифатида эълон қилган. Улар орасида Александр Дугин ҳам бўлган. Улар Қозоғистоннинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий позицияларига қарши фикрлар билдирган. Масалан, улар Қозоғистон ҳудудларини Россия совғаси деб атаган, тарихини инкор қилган ва ҳатто хатарли таҳдидлар келтирган.

 

Аввалроқ россиялик тарғиботчи Владимир Соловёв ҳам Марказий Осиё ва Арманистонда Украинадагига ўхшаш «махсус ҳарбий операция» ўтказиш мумкинлигини айтганди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова бу баёнот ҳукумат позицияси эмас, журналистнинг хусусий телеканалида айтилган шахсий фикри эканини билдирган эди.


@Шодмонқул_САЛОМ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:01 / 16.01.2026 0 48
Биз аждар бўлолмадик





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29773
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//