Давлатчилигимиз тарихига назар ташласак, Ватан озодлиги ва юрт яхлитлиги йўлида матонат билан курашган миллий қаҳрамонларимиз сафи ғоят кенглигига гувоҳ бўламиз.
Ана шундай фидойи ҳукмдорлардан бири, ўз даврида минтақамиз сиёсий саҳнасида ҳал қилувчи ўрин тутган Туркашлар ёки Тургашлар (туркий ҳужжатларда Тургашлар номи илк бор VIII аср бошларида Култегин ва Билга хоқон битиктошларида тилга олинади) сулоласининг ёрқин вакили – Сулук (Хитой манбаларида «Су-лу», араб манбаларида «хоқон» тарзида қўлланилган) (715 – 738) хоқондир. У нафақат ўзининг жасорати, балки юксак ҳарбий-сиёсий салоҳияти билан ҳам давлатчилигимиз тарихида ўчмас из қолдирган.
VIII Турон минтақасида сиёсий вазият ғоят кескинлашиб, ўлка икки куч – ғарбдан бостириб келаётган Араб халифалиги ва шарқдан хавф солаётган Хитойнинг Тан империяси исканжасида қолганди. Араб қўшинлари томонидан кўплаб марказий шаҳарларнинг эгалланиши минтақанинг шимоли-шарқий ҳудудлари хавфсизлигига ҳам жиддий хавф туғдирди. Ана шундай таҳликали бир паллада ўзини Турк хоқонлигининг қонуний ва муносиб вориси деб билган, Турон бирлиги ҳамда озодлиги учун курашни ўз бурчи деб ҳисоблаган Сулук хоқон тарих саҳнасига чиқади.
Тарихий манбаларда Сулук хоқон юксак иқтидор ва бошқарув салоҳияти эгаси сифатида таърифланади. У темир интизоми ва сиёсий иродаси туфайли ўзаро ички низоларга барҳам бериб, 715 йилдаёқ тарқоқ уруғларни ягона байроқ остида бирлаштиришга муваффақ бўлади. Қисқа фурсатда амалга оширилган ушбу оқилона сиёсат натижасида мамлакатда барқарорлик ва фаровонлик муҳити қарор топиб, лашкар ва аҳоли сони 200 000 нафарга етади.
Эл-юрт ишончини тўла қозонган Сулук, 716 йилда Шарқий Турк хоқони Қопағон хоқоннинг ўлимидан сўнг юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб, хоқонликнинг ғарбий ҳудудларда ўзини мутлақ ҳукмдор – Хоқон деб эълон қилади. Шу тариқа, у ташқи кучларнинг ҳар қандай таъсиридан холи бўлган, минтақада ўз сўзи ва ўрнига эга мустақил Туркашлар салтанатини қайта тиклайди.
Сулук хоқоннинг Турон ўтмишидаги энг улкан хизмати, шубҳасиз, унинг араб халифалигига қарши муросасиз курашида намоён бўлади. У минтақага бостириб келаётган ёвни нафақат тўхтатиб қолишга, балки уларни ўлка ҳудудидан суриб чиқаришга ҳам муваффақ бўлади. Бу жасорат Турон озодлигини яна ўттиз йилга сақлаб қолиш имконини беради.
Ҳукмдорнинг яна бир катта ютуғи – тарқоқ кучларни бир мақсад йўлида бирлаштира олганидир. У Суғд, Чоч ва Фарғона каби миллий ҳокимликлар билан ўзаро тил топишиб, душманга қарши бир ёқадан бош чиқарди. Жанг майдонида эса аждодларимизга хос бўлган уруш санъати – кутилмаган тезкор ҳужум ва алдамчи чекиниш усулларини қўллаган ҳолда, сон ва қурол жиҳатдан устун бўлган рақибларга кетма-кет қақшатқич зарбалар берди.
Шу боис, араб тарихчилари ўзларига тинчлик бермаган, ҳар қадамда йўлларини тўсган ушбу ботирни тан олиб, унга «Абу Музаҳим» – « заҳмат етказувчи», «сиқувга олувчи», яъни «энг ашаддий рақиб» дея ном берганлар.
Тарих саҳифаларида «Чанқоқлик куни» номи билан қолган 724 йилги тўқнашув Сулук хоқоннинг юксак саркардалик салоҳиятини ва мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қила олиш қобилиятини кўрсатиб берди. Сирдарё бўйида юз берган ушбу воқеа Турон сарҳадларини душманлардан ҳимоя қилишда ўзига хос бурилиш ясаган.
Араб манбаларидаги маълумотларга кўра, умавийлар лашкарбошиси Муслим ибн Саид Килобий Фарғона водийсига юриш бошлаганда, Сулук хоқон унга қарши очиқ жангга киришишдан кўра, душманни ҳолдан тойдириш усулини танлайди. У ўз қўшини билан рақибни кутилмаганда таъқиб остига олиб, уларни ортга чекинишга мажбур қилади.
Сулук хоқон қўллаган ушбу ҳарбий тадбир натижасида душман ўн бир кун давомида тинимсиз босим остида қолади. Туркаш отлиқларининг тезкор ҳаракатлари ва кутилмаган зарбалари араб қўшинини оғир аҳволга солиб қўяди. Хоқоннинг режасига кўра, рақиблар Сирдарё бўйига сиқиб борилади ва у ерда Чоч ва Фарғона ҳокимликлари кучлари билан биргаликда қуршовга олинади.
Вазият шу даражага етадики, чорасиз қолган душманлар ўз жонларини сақлаш илинжида қўлга киритган барча ўлжа ва бойликларини ёқиб юборишга мажбур бўлади. Гарчи душманнинг бир қисми дарёдан кечиб ўтиб, Хўжанд томонга қочишга муваффақ бўлсада, бу аслида мағлубиятга тенг эди.
Ушбу ғалаба натижасида Туронда араб ҳукмронлиги заифлашди ва ўлка мустақиллиги яна қарийб ўн беш йилга сақлаб қолинди. Бу воқеа Сулук хоқоннинг нафақат жасур жангчи, балки вазиятни тўғри баҳолай оладиган, душманнинг нозик нуқталарини аниқ нишонга олувчи моҳир ҳукмдор эканини исботлади.
729 йилда Бухоро остонасидаги қадимий Пойканд шаҳрида кечган тўқнашувлар Турон халқларининг озодлик йўлидаги бирлиги ва Сулук хоқоннинг ҳарбий салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Умавийлар волийси Ашрос Суламий Турондаги халқ қўзғолонини бостириш мақсадида катта қўшин билан келганда, унга қарши Сулук хоқон бошчилигидаги кучлар майдонга чиқди.
Жанг тақдирини ҳал қилишда Сулук хоқон ўзининг синалган усули – душманни сувсиз чўлда қолдириш тадбирини қўллади. Туркаш қўшини ва суғдлик аскарлар бирлашиб, араб қўшинини сув манбаларидан узиб қўйди. Аҳвол шу даражага етдики, босқинчилар худди беш йил аввалги «Чанқоқлик куни»даги каби ҳалокат ёқасига келиб қолди. Ҳатто шу пайтгача вазиятни бетараф кузатиб турган Самарқанд ҳукмдори Ғурак ҳам халқининг озодлик курашини қўллаб-қувватлаб, Сулук хоқон томонига ўтди.
Душман сафидаги айрим саркардаларининг жон талвасасидаги ҳаракатлари эвазига улар қамал ҳалқасини ёриб ўтиб, Бухорога киришга муваффақ бўлган эсада, бу нажот уларга жуда қимматга тушди. Минглаб аскарларини йўқотган ва руҳий жиҳатдан цинган босқинчилар Сулук хоқоннинг шиддатли зарбалари остида минтақада ўз ҳукмини ўтказа олмай, чорасиз мудофаага ўтишга мажбур бўлди.
Сулук хоқоннинг Турон сарҳадларини ҳимоя қилишдаги яна бир жасорати тарихда «Довон жанги» номи билан муҳрланган, 731 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган қақшатқич тўқнашувда намоён бўлади. Бугунги кунда Тахтиқорача деб аталувчи, Самарқанд ва Шаҳрисабз оралиғидаги тор тоғ йўлида юз берган ушбу муҳораба аждодларимизнинг душманга қарши курашда нақадар уюшқоқ ва тадбиркор бўлганини кўрсатади.
Араб манбаларида, хусусан, Табарий асарида келтирилишича, Хуросон ноиби Жунайд ибн Абдураҳмон қамалга тушган ўз лашкарини қутқариш илинжида катта қўшин билан Самарқанд томон юриш бошлайди. Бироқ Сулук хоқон душманни очиқ майдонда эмас, балки ўзи учун қулай бўлган тор тоғ дарасида кутиб олиш режасини тузади.
Тоғ довонида Сулук хоқон бошчилигидаги қўшин ҳамда Суғд, Чоч ва Фарғонанинг бирлашган миллий кучлари душманни қуршовга олади. Уч кун давом этган шиддатли жангда дастлаб ёвнинг энг сараланган отлиқ қисмлари турк камончилари ва найзадорлари томонидан аёвсиз қириб ташланади. Катта йўқотишларга учраган босқинчилар отларини ташлаб, пиёда жанг қилишга мажбур бўлади.
Вазият шу даражага етадики, душман ўзининг Самарқанддаги волийси Савра ибн Хуррни 12 минглик қўшини билан ёрдамга чақиради, аммо Сулук хоқон бу кучларни ҳам йўлда қарши олиб, тор-мор этади.
Кўплаб тадқиқотчилар таъкидлаганидек, ушбу жангдаги талафотлар халифаликнинг минтақадаги мавқейига қаттиқ зарба берди. Сулук хоқоннинг ушбу оқилона ҳарбий тадбири туфайли то унинг вафотига қадар босқинчилар Амударёнинг нариги томонида ўз ҳукмини тўлиқ ўтказа олмай, доимий хавотир ва таҳликада яшашга маҳкум бўлади.
Тарихий битиклар ва манбалар Сулук хоқоннинг инсоний қиёфаси ва бошқарув усули ҳақида қимматли гувоҳликлар беради. Уларда таъкидланишича, хоқон шахсий манфаат ва бойлик орттириш илинжидан йироқ бўлиб, бутун борлиғини ўз халқи фаровонлигига бағишлаган фидойи ҳукмдордир.
Манбаларда Сулук хоқон «халқига нисбатан ғоят меҳрибон, ўз турмушида эса камтарин ва тежамкор инсон» сифатида таърифланади. Унинг адолатпарварлиги шунда кўринадики, шиддатли тўқнашувлардан сўнг қўлга киритилган ҳар қандай ўлжа, унинг қийматидан қатъи назар, оддий навкарлар ва халқ ўртасида тенг тақсимланган. Ҳукмдорнинг ўзи учун ортиқча улуш ажратмагани унинг юксак маънавиятидан далолатдир.
Умрининг йигирма йилини Ватан сарҳадлари дахлсизлиги йўлидаги тинимсиз жангу жадалларда ўтказган Сулук хоқон, шубҳасиз, Турон давлатчилиги тарихидаги йирик ва фидойи намояндалардан биридир. Гарчи айрим тадқиқотчилар уни «ғалаба кетидан ғалаба қозонган қаҳрамон» дея эътироф этсаларда, унинг фаолиятини гўёки «Хитой чегараларининг посбони» сифатида талқин қилишга уринишлар ҳам учраб туради.
Бироқ тарихий ҳақиқат шундаки, Сулук хоқон ҳеч қачон ўзга давлатнинг вассали бўлмаган. У қисқа муддат сиёсий вазият тақозоси билан дипломатик ўйинлар қилган бўлсада, аслида шарқдан келаётган хавфга қарши ҳам муросасиз кураш олиб борган ва Туронни мустақил куч сифатида дунёга танитган ҳукмдор эди.
Сулук хоқоннинг вафоти минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятни тубдан ўзгартирди. Ички низолар марказлашган бошқарувни издан чиқарди ва Туркаш хоқонлигининг ҳарбий салоҳиятини заифлаштирди. Юзага келган сиёсий бўшлиқдан фойдаланган араб қўшинлари Туроннинг асосий шаҳарлари устидан назоратни қайта тиклаб, Талас водийсига қадар кириб боришга муваффақ бўлди.
Улуғбек Олимов,
ФА Тарих институти кичик илмий ходими
Мафкура
Адабиёт
Мафкура
Таълим-тарбия
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ