Цензура, нашр, муаллифлик ҳуқуқи – “Падаркуш”нинг саҳнага чиқиш тарихи


Сақлаш
12:18 / 19.01.2026 13 0

Бу йил Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 151 йиллигини нишонлаяпмиз. У Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог бўлиш билан бирга ўзбек адабиёти хазинасига муносиб ҳисса қўшган. Мақолада унинг “Падаркуш” пьесаси тарихига тўхталмоқчимиз.

 

“Ўқимаган боланинг ҳоли” 1911 йили ёзиб тугалланган. У қўлёзма ҳолидаёқ қўлма-қўл ўқилди ва шуҳрати ошди. Нашрига эса Россия империясининг цензура сиёсати тўсиқ бўлди, – икки йиллик уринишлар самарасиз тугади. Ўша даврда Самарқандда озарбойжонлик матбаачиларнинг литография ва босмахоналари кенг фаолият юритган. Хусусан, Самарқанд шаҳрида  ХХ аср бошларида 21 та босмахона, 4 та литотипография ва 2 та литография фаолият кўрсатган (1). Балки асарнинг қўлёзма шакли давридаёқ машҳур бўлиши озарбойжонлик нашриётчиларни ҳам беэътибор қолдирмаган бўлиши мумкин. Чунки асарнинг нашрига “Матбуот ишлари Тифлис қўмитаси цензори рухсати билан Кавказ ўлкаси саҳналарида қўйиш мумкин”, деган 1913 йил 23 мартдаги 19940-сон қарори асосида рухсат этилган (2). Шу тариқа китобнинг биринчи бетида “Посвящается юбилейной памяти Бородинскаго сраженія и избавленія Россіи отъ нашествія французовъ”, яъни “Бородино жанги юбилей хотираси ва Россиянинг французлар босқинидан қутулиши” жумлалари билан цензурадан ўтган ҳолда  Самамарқандда Б.Газаров ва К.Слиянов типолитографиясида ўзбек тилида, араб имлосида 1913 йили нашр этилади.

 

Падаркуш” ўзбек миллий театрига тамал тошини қўйгани кўпчиликка маълум. Пьесанинг саҳнага олиб чиқилганига шу йил 15 январда 113 йил бўлди. Асардаги образларга эътибор берсак, 50 ёшдаги бой, унинг ўғли бўлган 15–17 ёшлардаги – Тошмурод, янги фикрли 30–40 ёш атрофидаги домулло, 18–20 ёшдаги бойнинг мирзаси – Хайрулло, янги маданий қиёфадаги русча ўқиган Зиёли, бойнинг қотили – Тангриқул, 18–20 ёшдаги бўз болалар – Давлат билан Нор, рус хотин – Лиза, арман майхоначиси – Артун, Прустуф (милиция, 2 қоравул, бойнинг 3 нафар ҳамсояси), ҳамда 35–40 ёшдаги бойнинг аёли – Бойбуччадан иборат.

 

Қаҳрамонларни муаллиф ўзи яшаб турган мустамлака остидаги Туркистоннинг ижтимоий ҳаётига мос равишда танлаб олиб, жамиятнинг муаммосини очиб беришга ҳаракат қилган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондида асарнинг бир неча нусхаси сақланмоқда.

 

Асарнинг бош ғоясида илмсизлик, жоҳиллик орқасида келиб чиқадиган фожиа кўрсатиб берилади. Яъни, бола тарбияси ҳар бир ота-она ва бутун оиланинг диққат марказида бўлмоғи керак, жамиятнинг келажаги, бутун тараққиёти ҳам шунга боғлиқлиги уқтирилади. Бундан ташқари асарда диний-маърифий қарама-қаршилик, хусусан, ўтмишдаги диний фанларга бирёқлама қарамаслик, динни тўғри тушуниш ва уни маърифат билан уйғунлаштириш ҳамда замонавийлик ва янгиланиш каби ижтимоий жиҳатларга эътибор бериш даркорлиги илгари сурилган.

 

Нега “Падаркуш”? Бу ном шунчаки ўйлаб топилмаган. Туркистон маишатидан олинган ибратнома кўринишидаги 3 пардалик 4 манзарали асарнинг яратилишига нима туртки бўлди?

 

ХХ аср бошларида рўй берган воқеаларга эътибор берсак, Туркистонда жадидчилик ҳаракати ўзининг ислоҳотчилик ғоялари билан халқ орасига кенг кириб борди. Улар миллатни уйғотиш, қарамликдан қутулиш, эркин ва фаровон ҳаётни яратиш йўлида ёшлар масаласига катта эътибор қаратдилар. Шу боис ҳам жамиятни ижтимоий иллатлардан тозалаш  учун матбуот ва таълимда кенг тарғибот ишлари олиб борилди. Миллат тараққиёти учун аждодлар меросини ҳам кенг тадқиқ қилдилар. I ва II Ренессанснинг асосини ўрганишга интилдилар.

 

Шунингдек, ХХ аср бошларида ўз даврида илм-фан соҳасида юксак шуҳрат қозонган Шарқ олами кашфиёти II Ренессанс мероси Улуғбек расадхонаси қайта кашф этилди. Темурий ҳукмдор Улуғбек вафотидан кейин бу мерос ўз аҳамиятини йўқотиб бориб, айрим муаррихлар асарларида ва халқ орасидаги ривоятлардагина қолган эди. 1908 йили Василий Лаврентевич Вяткин томонидан унинг жойлашган ўрни аниқланиб қазишма ишлари олиб борилди. Бу муҳим кашфиётга айланган топилма эди. Тадқиқот натижаларини Россия империясининг Туркистондаги расмий матбуоти бўлган “Туркестанские ведомости” газетасида “Самаркандской обсерватории” номи остида, 1912 йили Санк-Петербургда давомли нашр этилган Россия Марказий ва Шарқий Осиёни тарихий, археологик, лингвистик ва этнографик муносабатларда ўрганиш қўмитасининг “Известия” булетинида “Отчет о раскопках обсерватории Мирзы Улугбека в 1908 и 1909 гг.” номи билан эълон қилди.

 

Тарихий меъморий обиданинг очилиши Маҳмудхўжа Беҳбудийни ҳам бефарқ қолдирмаган. Шу билан бирга, у ўша даврдаги илм-фан тараққиёти ва ундан кейинги аҳволни ҳам кенг ўрганган. Ўтмишни ўрганиш ва замонасидаги жамият ҳамда ижтимоий ҳаётни таҳлил қилар экан давлатни тараққиётга етакловчи ва инқирозга юз тутувчи жиҳатларга эътибор қаратган. Шу жараёнда Улуғбекнинг ўлимидан кейинги сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаёт манзарасидан олган хулосасини замонасидаги ҳаёт билан таҳлил қилган ҳолда халқни уйғотиш, тараққиёт сари интилишга йўл кўрсатувчи куч ва инқирозга юз тутувчи сабабларни чуқур ўйлаган ҳолда фожиали асарни яратишга эришган. Халққа ибрат қилиб кўрсатиш учун тарбиясизлик ва илмсизлик ҳолатини ардоқлаб вояга етказган ўғилнинг қилмиши орқали кўрсатиб берган.

 

Улуғбек фожиаси билан Маҳмудхўжа Беҳбудий асаридаги воқеалар айнан бир хил эмаслигини асарни ўқиган киши яхши англайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Падаркуш” орқали Мирзо Улуғбек фожиасига ўхшаш тарихий воқеалардан ибрат чиқаради, аммо уни тўғридан-тўғри эмас, рамзий ва ижтимоий шаклда кўрсатиб беради. Сўздан шу қадар унумли фойдаланадики, адабий ўйинлар, киноя ва қочириқлар орқали чинакам қотил ким ва у нима учун бу жиноятга қўл ургани ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилади. Ҳар икки воқеликда ҳам отани йўқотиш жамият ҳалокати эканлигига етакловчи фикрни уйғотади.

 

Демак, 1911 йилда “Падаркуш” номини олган асарнинг яралишига расадхонанинг топилиши маълум бир маънода туртки бўлган бўлиши мумкин. Расадхонанинг очилиши ва у тўғридаги янгиликлар билан танишиб борган муаллиф Улуғбек даври ҳаётини ҳам кўпроқ ўрганган. Шу билан бирга, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг кейинги фаолиятида расадхона билан боғлиқ бир қатор ишларни кўриш мумкин. Хусусан, у томонидан тузилган ва нашр этилган “Туркистон–Бухоро–Хива харитаси”да шаҳарлар, улар орасидаги масофалар, дарё ва анҳорлар, қумликлар акс эттирилган бўлиб, харита атрофида шаҳарлардаги тарихий-меъморий обидалар ҳақида маълумот келтирилган. Шу жараёнда Самарқанддаги Улуғбек расадхонасига оид маълумотлар ҳам киритилган. Шунингдек, 1913 йилда нашрдан чиқа бошлаган “Самарқанд” газетасида расадхонага оид хабарлар берилган. “Ойна” журналида эса В.Вяткиннинг ҳисоботларини Туркистон аҳолиси ҳам танишсин дея ўзбек тилида “Улуғбек расадхонаси” сарлавҳаси билан бир неча сонида нашр этади. Журналнинг 2-сонида нашрга берилган биринчи мақола номидаги “Улуғбек” шахсига изоҳ берилиб: “Улуғбек бин Шоҳрух бин Темур Кўрагон соҳибқирон. Улуғбек ҳазратларининг Самарқанд тахтида жулус 850 ҳижрий ўзининг бохий ўғли Абдулатиф амри ила шаҳид қилинди. 853 ҳижрий санада қабир шарифи Самарқандда Темур Кўрагон ҳазратларининг дахмасиндадур”, деган жумлалар келтирилади (3).

 

Шунингдек, мақолада расадхонанинг очилиши тарихига кириш қилинар экан қуйидаги тўртлик келтирилади:

 

Улуғбек он шоҳи Жамиқтидор,

Ки дини Набиро аз Ў буд пушт.

Зи Аббос шаҳди шаҳодат чашид,

Шудаш соли таърих Аббос кушт.

 

Яъни:

Улуғбек эди давлатнинг подшоҳи,

Набиро динини у қилар паноҳ.

Аббос шаҳидлик болидан тати,

Тарих ёзар йилни: Аббос ўлдирилди – деб.

 

Бу ерда Аббос кушт жумлалари орқали абжад ҳисоби билан Мирзо Улуғбекнинг қатл санаси келтирилган. Ушбу жумлаларни муаллиф бежизга битмаган. Шоҳ ва илм ҳомийсининг фожиаси уни жуда кўп ўйлантирган ва кейинги оқибатлар унинг замонасигача мустамлака кулфати ва ижтимоий ҳаётнинг таназзули билан етиб келган. Ушбулар асарга “Падаркуш” номи берилишига туртки бўлган бўлиши мумкин.

 

Қаҳрамонлар сиймосини яратган ҳаваскорлар. 1914 йил 15 январда “Падаркуш” пьесаси Самарқандда биринчи бор саҳналаштирилиб, оммага олиб чиқилди. Шу йилнинг 27 февралида эса Тошкентда илк бор “Колизей” театрида намойиш этилади. Кейин бутун Туркистон бўйлаб намойиш этила бошланди. Таниқли тадқиқотчи Эдворт Олворт “Падаркуш” билан танишиб: “Замонавий драма шу даврдаги барча ҳаётий муаммолар ва мумтоз адабиёт анъаналаридан анча узоқ бўлса-да, у бошқа жанрларда ёзилган асарлардан фарқли ўлароқ ижро этиш, кўрсатиш хусусиятига кўра маҳаллий аҳоли кўнглига бирдек йўл топа олди. Мана шу муҳим жиҳатига кўра ёш ўзбек драмаси жамиятда жиддий ислоҳотлар зарур бўлиб турган бир пайтда муҳим маърифий тарбия вазифасини бажарди”, деб ёзади.

 

Асарнинг овозаси ҳам жуда тез ёйилган. Баъзан ўз шаҳарларида қўйилишини кутмай, аввалроқ намойиш этилган жойларга бориб кўрувчилар ҳам топилган. Хусусан, андижонлик Қўяли исмли (балки бу тахаллусдир, “Ойина” журналида шундай ном билан берилган) йигит 1914 йил 6 июнда Андижонда бўладиган “Падаркуш” намойишини кутмай, Қўқон шаҳридаги сиансга келади. Томошадан сўнг 3-пардада бойнинг ўлдирилиши ва бойбиччанинг рўли яхши ўйналмаган бўлса-да, умумий манзарага катта таъсир этмаганини, томошадан мамнун бўлганини тасвирлаб беради (4).

 

Кўп тадқиқотларда асарни саҳналаштиришда иштирок этган кишилар тилга олинади. Бу борада кўпроқ “Турон” театр жамоасининг етакчиси Абдулла Авлоний ҳамда озарбойжонлик актёр ва режиссёр Алиасқар Асқаров номи кўзга ташланади. Саҳнада образларни жонлантирган ҳаваскорлар ҳақида асосан Самарқанд ва Тошкент намойишидаги актёрлар тилга олинади. Хусусан, 1914 йил 15 январдаги Падаркушнинг Самарқанддаги илк намойишида  ролларни Абдусалом Абдураҳим ўғли, Аббос, Мардонқул Шоҳмуҳаммад ўғли, Ёздонқул Шоҳмуҳаммад ўғли, Мирзо Нўмон мулла Фозил муфтий ўғли, Раҳимқул Муҳаммад Солиҳ ўғли, Мирҳошим Мирраҳим ўғли, Муҳиддин Жўрабой ўғли, Муҳаммад Амин Ниёзий, Абдулла Бадрий, Аҳмаджон Самсутдиновлар ижро этган эди.

 

1914 йил 27 февралда Тошкентда намойиш этилган “Падаркуш” пьесасида эса бой ролини Абдулла Авлоний ўйнаган бўлса, Сами қори Зиёбойев – домла ва бойнинг хотини, Исомиддинхўжа Низомиддинхўжа ўғли – зиёли, бойнинг мирзаси Хайрулла ва бўз бола Давлатзўрни – Эшонхўжа Хоний, икки бўз бола – Нор ролини Муҳаммаджон Пошшахўжа ўғли, Тангриқулни – Шораҳим домла Шоиноятов, бойнинг ўғли Тошмурод ролини Бадриддин Аълам ўғли, пристав ролини эса “Турон” театр жамоаси аъзоси Миразив ижро этган (5). Бундан ташқари Туркистоннинг бир неча шаҳарларида қўйилган асар намойишида янги актёрларни кўриш мумкин. Жумладан, 1914 йил февраль ойида Қўқон шаҳрида “Падаркуш” пьесаси саҳналаштирилади. Ушбу саҳна асари “Қўқон мусулмон мактаблари” фойдаси учун намойиш этилган. Мазкур театр намойишида Самарқанддан келган ҳаваскор актёрлар жамоаси ҳам иштирок этган. Театрни саҳналаштириш ва томошани ташкил этиш жараёнларида иштирок этган шахслар қаторида ташкилотчи масъул мудир Акобир Шоманусур ҳамда иштирокчилар: Мирза Аҳад Мирза Обид ўғли, Оқлий Пуладбойбачча Зокирбой ўғли, Сайид Оға афанди, Садихўжа Ёқубхўжа ўғли, Шарифжон ҳожи Солиҳ ўғли, Сотболди Сайфиддин ўғли, Мулла Ашурали Зоҳир ўғли, Мулла Маҳмуджон қори, муаллим Мулла Ҳакимжон Мирза Али ўғли, Мирсолиҳ қори Ҳаким ўғли номлари тилга олинади (6).

 

Андижонда 1914 йилнинг 6 июнида ўтказилган “Падаркуш” намойиши эса “Люкс”  театрида ташкил этилади. Уни ташкиллаштирганлар қаторида Хон Махзум, Мулла Эргаш ҳожи, Али Асғар Асқаров ва Зиёвиддин афандилар номи алоҳида тилга олинган (7).

 

“Падаркуш” пьесаси муаллифлик ҳуқуқи. Падаркуш фожиаси 1914 йилнинг сентябрь ойига қадар Туркистоннинг катта шаҳарларида 15 марта намойиш этилган. Айрим шаҳарларда ҳаттоки 2 мартадан саҳнага олиб чиқилди. Асарнинг муаллифлик ҳуқуқи мавжуд бўлиб, у қонунан ҳимояланган. Унга кўра асардан фойдаланилгани учун муаллифдан рухсат олиш ва муаллифлик ҳақини тўлаш лозим бўлган. Ўша вақтда “Падаркуш” асаридан фойдаланганлик учун ҳақ 25 сўмни ташкил қилган. 1914 йили 15 марта қўйилган томошанинг 3 тасига муаллифлик ҳақи берилган. Яна 4 тасиники (100 сўм) эса муаллифнинг розилиги билан мактаблар фойдасига ҳадя қилинган. Баъзан жамият ва мактабга ёрдам мақсади билан намойиш этилгани учун муаллифлик ҳақи берилмаган (8).

 

Хўш, Маҳмудхўжа Беҳбудий бунга қандай қараган? деган ҳақли савол туғилади. Манба ва тадқиқотларда тараққийпарварнинг муаллифлик ҳуқуқига даво қилгани хусусидаги маълумотни учратиш қийин. У ёшларнинг иштиёқи ўлмасин деган фикрда бу ҳаққа кўп эътибор бермагани табиий ҳолдир. Ўша замонда миллий театрнинг халқ томонидан катта қизиқиш билан қарши олиниши, муаллиф ўйлаганидек ибрат намунасини ўтагани олдида қалам ҳақининг ҳеч аҳамияти бўлмаган. Фақат айрим ўз манфаатини ўйлаган, “мактабга ёрдам ёки хайрия мақсади билан”, деб театр намойишидан тушган маблағни ўз нафси йўлида фойдаланиш ҳоллари учрагач муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган. “Ойна” журналининг 1914 йил 47-сонидаги “Падаркуш важҳидан” номли мақоладаги “... ушбу фожиани қўймоқчи бўлган муҳтарам зотлар, аввалан, муҳаррирдан қоғоз ила жавоб олиб ва нимани фойдасига қўймоқларин билдириб, сўнгра ишга ҳаракат этсалар...”, деган жумлалар шундан дарак беради.

 

Эътибор берилса, “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” асарининг биринчи бетида рус тилида “Для постановки настояшей пьесы требуется каждый раз письменное разьршение автора” (9), яъни “Ушбу пьесани саҳналаштириш учун ҳар сафар муаллифнинг ёзма рухсати талаб этилади”, деган жумлалар келтирилган. Ўша давр сиёсий муҳитига эътибор берсак, асар ҳукуматнинг цензурасидан ўтган ҳолда нашр этилган эди. Империя ҳукуматининг муаллифлик ҳуқуқига оид ҳуқуқий меъёрлари мавжуд бўлиб, у 1828 йилги Цензура уставида акс этган. Унга кўра китоб муаллифи ёки таржимони “ўз асарини нашр этиш ва сотишдан умри давомида, ўз хоҳишига кўра, қонун йўли билан қўлга киритилган мулк сифатида фойдаланиш бўйича мутлақ ҳуқуққа” эга бўлган. Бу ҳуқуқлар 1875, 1890-йилларда такомиллаштириб борилди. 1911 йил 20 март (2 апрель)да эса “Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида”ги алоҳида қонун қабул қилинади. Бу Россия империясидаги муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги биринчи мустақил норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган. Унда муаллифлик ҳуқуқига доир Ғарб қонунчилиги тенденсиялари ҳам акс этган эди. Цензурадан ўтган асарларда муаллифлик ҳуқуқига оид маълумотлар келтириб ўтилган. Ушбу масаланинг асар бошида рус тилида акс этиши ҳам цензура сиёсати билан боғлиқлигини кўрсатади.

 

“Падаркуш”нинг яратилиши жамиятдаги маърифатсизлик, зўравонлик ва инсон қадрининг поймол этилиши каби иллатларга қарши қаратилган. Пьесанинг “Падаркуш” деб номланиши ҳам бежиз эмас: у нафақат жисмоний отани, балки маънавий қадриятлар, инсонийлик ва миллий ўзликнинг “ўлдирилиши”ни рамзий маънода ифодалайди. Шу билан бирга, асарнинг муаллифлик ҳуқуқи ва ижодий мерос сифатидаги аҳамияти унинг миллий драматургия тарихида муҳим ўрин эгаллашига сабаб бўлади. “Падаркуш” мазмун-моҳияти, бадиий қиммати ва тарбиявий аҳамияти билан бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган.

 

Абдували ЙЎЛДАШЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган манбалар

1.   Ўзбекистон Миллий архиви. I–5-фонд, 1-рўйхат, 105-йиғмажилд, 6-варақ.

2.   Ризайев Ш. Жадид драмаси. – Тошкент: Шарқ, 1997. 53-бет.

3.   “Ойна” журнали. 2-сон. 1913 йил 2 ноябрь. 5-бет.

4.   Қўяли. Хабарлар Ҳўқанддан. “Ойна” журнали. 1914 йил. №21. 298-бет.

5.   Турсунов Т. ХХ аср ўзбек театр тарихи. – Тошкент, 2009. 57-бет.

6.   Томоша қилгучи. Хўқанд театринда. “Ойна” журнали. №21. 1914 йил. 300-бет.

7.   Андижонда театру. “Ойна” журнали. 1914 йил 37-сон. 888-бет.

8.   Падаркуш важҳидин. “Ойна” журнали. 47-сон. 1914 йил. 1130-бет.

9.   Маҳмудхўжа Беҳбудий. Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли. Самарқанд, 1913. 1-бет.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:01 / 16.01.2026 0 46
Биз аждар бўлолмадик





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29764
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//