Оруэллнинг “Молхона”сида “Қичқириқ лақабли, кўзлари пир-пир учиб турадиган, овози чийиллаган, ўзи кичкина, аммо бақалоқ чўчқача машҳурроқ эди. У ажойиб нотиқ эди. Бирор-бир муаммони муҳокама қилар экан, у томондан бу томонга югурар, бу ҳам нутқига алоҳида ишончлилик бахш этарди. Кимдир Қичқириқ ҳақида бу оқни қора, қорани оққа айлантира олади, деб айтган эди”.
Асарда бир куни ҳайвонлар молхонада сут ва олмалар “йўқолиб қолгани”, яъни уларни чўчқалар ўзлари учун олиб қўйганини пайқайди ва, табиийки, норозилик билдиради. Шунда катта саҳнага ўша “Қичқириқ” чиқиб, бошқа жонзотларни чалғитиш, уларнинг шубҳаларини аритиш мақсадида шундай баёнот беради:
“Ўртоқлар, аслида, биз, чўчқалар, сут ва олмани ёқтирмаймиз. Улар саломатлигимиз учун зарур. Сут ва олмалар таркибида чўчқаларни соғломлаштирувчи кучли моддалар бор. Бу фанда илмий жиҳатдан асосланган. Биз, ўзингизга маълум, ақлий меҳнат вакилларимиз, бошқариш бизнинг зиммамизда. Бизнинг сут ичишимиз ва олмани тановул қилишимиз ўзимиз учун эмас, сизлар учун. Агар соғлигимиз ёмонлашса, нима бўлишини тасаввур эта оласизларми?! Ўртоқлар, у ҳолатда Жонс молхонага қайтиб келади! Албатта, унинг қайтиб келишини истамасангиз керак!...”
Арзимас дақиқалар ичида “Қичқириқ” шунчалик кўп илмий, сиёсий ва ҳиссий даъволарни қалаштириб ташлайдики, натижада бошқа ҳайвонлар ҳар бир аргументни алоҳида текшириш ёки танқидий таҳлил қилишга ўзида куч, вақт ёки қувват тополмайди, миялари ғовлаб кетади, охирги зарба – “Жонснинг қайтиб келиши мумкинлиги”дан хавотир эса уларни бутунлай “нокаут” ҳолатига туширади.
Трамп – энг машҳур “чопағон”
Битта пост ёки баёнотнинг ўзида аудиторияни кўп сонли мавҳум, текшириш қийин бўлган аргументлар, чала ҳақиқатлар ёки асоссиз иддаолар билан “бомбардимон” қилиш ва шу орқали одамларни чалғитиш, ишонтириш, айни пайтда баҳс ёки ахборот муҳитида устун мавқега эришишни кўзда тутадиган манипуляцион технология фанда “Гишча чопиш” (The Gish gallop[1]) дейилади.
1994 йили АҚШдаги сиёсий дебатларнинг бирида креационист олим Дуэйн Гиш ўз рақибини қисқа вақт ичида заиф, ноаниқ, шахсий тажрибага асосланган даъволар билан кўмиб ташлайди, қарши томон эса ўзига берилган дақиқалар орасида уларнинг қайси бирига раддия ёки эътироз билдиришни билмай довдираб қолади. Жараёнга гувоҳ бўлган профессор Южин Скотт (Миссури университети) рақибидан катта тезликда “ўзиб” кетган Гиш шарафига айни терминни илк бор муомалага киритади.
“Гишча чопиш” одатда теледебат ёки жонли баҳсларда намоён бўлади. Масалан, кўпчилик кузатувчилар Дональд Трампни тарихдаги энг машҳур “чопағон” деб ҳисоблайди. “Los Angeles Times” нашрида эълон қилинган мақолада айтилишича, бўлажак президент 2024 йил ёзидаги сайловолди дебатда бир соатдан сал кўпроқ вақт мобайнида нақ 162 та ёлғон ва ҳаққоний бўлмаган маълумотларни қалаштириб ташлаган[2]. Бу – ҳар бир дақиқада 2,5 та нотўғри баёнот берилган, дегани.
Бу усул қандай ишлайди?
“Гишча чопиш” технологиясининг “муваффақияти”ни 2013 йилда италиялик дастурчи Алберто Брандолини томонидан илгари сурилган “Брандолини қонуни” (“Бўлмағур гаплар ассиметрияси” ҳам дейилади) билан изоҳлаш мумкин. Унга кўра: “Фейк ёки фитна назарияларини рад этиш учун сарфланадиган энергия миқдори уни ишлаб чиқариш учун сарфланган қувватдан бир неча баробар кўп бўлади”.
Бошқача айтганда, ёлғон гапириш учун ҳеч қандай далил, мантиқ ёки тадқиқот керак эмас. Дейлик, “Ер аслида япалоқ” ёки “Гагарин ҳали тирик, ойда яшаяпти” деб айтишга 2 сония ва 0 калория кетади, холос. Уларнинг ҳар бирини рад этиш эса соатлаб вақт ва катта интеллектуал куч талаб этади: илмий маълумотлар тўплаш, манбаларни текшириш, мантиқий хатоларни кўрсатиш ва буни тушунарли тилда баён қилишнинг ўзи бўлмайди. Томошабин ёки ўқувчи учун инкор этилмаган ҳар бир даъво “ҳақиқат” бўлиб кўринади.
Бундан ташқари, “Гишча чопиш” 2016 йили RAND Corporation тадқиқотчилари томонидан Россиянинг ташқи тарғибот усуллари таҳлили асосида истеъмолга киритилган “Ёлғонларни селдек ёғдириш” (Firehose of Falsehoods) методига ҳам таянади. Унинг асосий мақсади – бирор нарсага ишонтириш эмас, балки сизни довдиратиб қўйиш ва ҳақиқат мавжудлигига шубҳа уйғотиш.
Ушбу моделда ёлғон бир эмас, ўн шлангдан “пуркалади”, тарғиботчилар ўз гапларининг бир-бирига зид келишидан уялмайди, бугун боғдан, эртага тоғдан сўзлайди, мақсад – ҳақиқатни айтиш эмас, балки ўнлаб турли хил сохта версияларни ташлаб, одамларда “ҳеч кимга ишониб бўлмайди” деган фикрни шакллантириш. Кишилар доимий равишда “ёлғонлар ёмғири” остида қолса, мияда “фильтрлаш” функцияси ўчади, натижада, энг бемаъни иддаолар ҳам танқидсиз қабул қилинади.
Миллий ахборот маконидаги “галлоперлар”
“Гишча чопиш” ўзбек медиаси учун ҳам бегона жанр – фақат сиёсий дебатларда қўл келадиган айёрлик эмас. Айни технология тез ва тартибсиз, замонавий ахборот муҳитининг бошқа, бизга таниш нуқталарида ҳам жуда самарали ишлайди ва бундан фойдаланиб қолаётганлар, афсуски, етарлича. Хўш, улар қаерларда намоён бўляпти?
ОАВ ва блогерлар саҳифалари. Ҳаммада эмас, сохта, аммо тез тарқайдиган контентни сифатли инфо-маҳсулотдан устунроқ қўядиганлар саҳифаларида учратамиз. Ўқувчига эса хабарни текшириб кўришдан кўра, саҳифа “бренди”га ишониш қулайроқ бўлади, одатда.
Рекламалар. Мутахассисларнинг фикрича, бу усул тезкор нутқ билан бирга қўлланганда, айниқса, самарали бўлади. Баъзида, бирор дори ёки биологик фаол қўшимча рекламасида қандайдир дақиқалар ичида маҳсулотнинг ўнлаб “мўъжизавий” хусусиятлари, “тузалган” беморлар фикрлари, қиёсий фактлар, турли чегирмалар санаб ташланади. Истеъмолчида уларнинг ҳар бирини алоҳида ўрганиш/текширишга вақт ҳам, тоқат ҳам йўқ, кўзимга бўлмаса, оёғимга фойда бўлар, деб сотиб олақолади.
Статистик маълумотлар. Яна ўша “Молхона”дан мисол. Қичқириқ ҳар якшанба оч ва ҳолдан тойган ҳайвонларга “Сут ишлаб чиқариш 200 фоизга, бошқа озиқ-овқатлар 500 фоизга ошгани, ем-хашак захираси аввалгидан 300 фоизга кўпайгани, иш вақти фалон соатга қисқаргани” ҳақида узундан-узун статистик маълумотларни ўқиб беради. “Ҳайвонлар бунга ишонарди. Ишонмасликка асос йўқ эди. Чунки қўзғолондан олдинги шароитларни эслолмасдилар. Ҳар ҳолда у даврларда охири кўринмайдиган ва бошни ғовлатиб юборадиган рақамлар бўлмасди” дейилади асарда. Нотаниш манзара эмас, тўғрими?
Ахборот хуружлари. Расмий Тошкентнинг Ғарб билан яқинлашуви кимларгадир ёқмади шекилли, шу йилнинг сентябрида ютубда шимолнинг совуқ нафаси уфуриб турган ўнлаб яп-янги каналлар очилиб, улардан кетма-кет, ҳеч қандай фактик асосга эга бўлмаган бўҳтонлар ёғдирилди, баъзан бир-бирига зид, қарама-қарши фикрлар (дейлик Ўзбекистон ўзи яхши, аммо биздан рухсатсиз “питирлаши” ёмон қабилида) айтилди, шундай қилинса, одамларда янада кўпроқ ноаниқлик ва шубҳа уйғонади-да.
“Гишча чопиш” бу – ахборот орқали чарчатиш, диққатни парчалаш ва фикрлаш имкониятини чеклашга қаратилган мураккаб манипуляцион технология. Замонавий ахборот муҳитининг оддий истеъмолчиси кўпинча ким кўп, тез ва биринчи бўлиб гапирса, ўша ҳақ деб ўйлайди, ярим-ёрти фактлар, кесиб-қирқилган иқтибослар, даъволар ҳамда бақироқ оҳанг билан инфохаос яратганларга кўпроқ эргашади, ўқийди, қулоқ тутади. Гишга ўхшаб чопаётганлар эса буни яхши билади ва шундан фойдаланади. Тез ва тартибсиз, лойқалатилган ёки ўйноқи инфомуҳит ҳақиқатни тўсади. Агар мақсад ҳақиқатни кўриш бўлса, шовқинсиз, соғлом фикр билан тақдим этилган ахборот истеъмолига ўрганишимиз керак.
Дилшод НУРУЛЛОҲ
[1] “Gallop” инглизчадан “чопиш”, “югуриб ўтиб кетиш” маъноларини билдиради.
[2] https://www.latimes.com/politics/story/2024-09-05/gish-gallop-and-the-harris-trump-debate
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Адабиёт
Маънавият
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ