Адабиёт
Тойо Бункодаги анжуман
Токио шаҳридаги Шарқ кутубхонаси (Тойо Бунко) бир ярим асрдан буён илм аҳли хизматида. “Митсубиши” ширкати ҳомийлигида барпо этилган маънавият масканида бир миллионга яқин китоб мавжуд. Бинонинг ён тарафидаги ҳайбатли тош устунларга шарқ тилларида ҳикматлар ёзиб қўйилибди: арабчада – “Чинда бўлса ҳам илм изланглар”; форсчада – “Амалсиз олим асалсиз арига ўхшайди”; туркчада – “Тарих ёзмоқ – тарих яратишдек муҳим”...
Оёқларга оппоқ оёққопиларни кийиб, кутубхонага кирасизу илм уммонига шўнғийсиз. Китоблар асосан япончада, хитой ва корейс тилида ҳам кўп, ўзбекча манбалар-да бор. Бу даргоҳда шовқин қилинмайди, суратга олинмайди – телефону фотоаппарат остонада қолдирилади. Шифтга тегадиган улкан жавонлар жойни тежаш учун бир-бирига қапиштириб қўйилибди, орасидан юриб бўлмайди. Зарурат туғилса, яшил тугмачани босиш билан баҳайбат жавон мошинаворий ёнга сурилади.
Дарвоқе, Шарқ кутубхонаси – ўзбек адабиёти, хусусан, жадидлар мероси бўйича салмоқли тадқиқотлар эълон қилган профессор Ҳисао Коматсунинг иш жойи. Коматсу туркий тиллар, жумладан, ўзбекчани билади. Ўзбекистонда ташкил этилган анжуманларда қатнашган. Фитрат ижоди бўйича яхши мутахассис. “Уч жадид ва ўзгарган дунё” деган мақоласида Исмоил Ғаспирали, Абдурашид Иброҳим, Абдурауф Фитрат ижодини тадқиқ қилган. “Жадид” газетасида ўзбек тўйларига бағишланган мақоласи ҳам босилди. Мақолани Эркин Воҳиднинг ҳазилнамо “Нега япон юз йил яшайди?” шеъри билан тугатибди.
Ҳисао Коматсу Ўзбекистондан профессор Шуҳрат Ризаев билан каминани Токиога – Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган халқаро анжуманга таклиф қилди.
Тўрт кунлик конференция бошқа халқаро анжуманлардан фарқли тарзда ўтди. Аксар анжуманларда уммону тоғу ўрмон оша йўл босиб келган олимларга беш-ўн дақиқа вақт берилади. Табиийки, маърузачи фикрини батафсил баён қила олмайди, бундай қисқа муддатда бирор муҳим илмий масалани муҳокама қилиш имконсиз-да. Меҳмон ҳам, мезбон ҳам безовта; ўртани бошқарувчи баковул маъруза матнлари китоб бўлиб босилишини бот-бот эслатади...
Токио анжумани иштирокчилари эса бир-бир ярим соатдан чиқиш қилди. Маърузани такомилга етказиш учун ҳам бир неча ой муҳлат берилди. Кечирасиз, ўртоқ профессор, 5-6 бетли кўсагина, хом-хатала матн кетмайди. Камида икки-уч табоқли муҳташам тадқиқот-мақола ҳозирламоқ лозим.
Анжуман ўтаётган Шарқ кутубхонасида журналистлар йўқ. Меҳмонларни безовта қилиш, кўзкўзлаш учун интервью олиш урфдан қолибди уларда. Сўзбозлик, ташвиқпарастликдан холи, мутахассислар муҳокама этиши, фикр алмашиши, баҳслашиши мумкин бўлган чин маънодаги илмий анжуман!..
Токио конференцияси якунида муҳим таклифлар ўртага ташланди: 1) жадид мероси намуналарини пароканда-тарқоқ ўрганиш тўғри эмас, уларни бир жойга жамлаб, хазина бунёд этиш; 2) ўзбек матбуоти билан рус тилидаги архив манбаларини муқояса қилиш; 3) жадидларни ўрганиш орқали ўша давр тарихини ҳам ёритишга урғу бериш; 4) усмонли турк архивларидаги манбаларни текшириш; 5) ўзбек олимлари ёзаётган асарларни дунё тили – инглизчада ҳам нашр этиш; 6) жадидчиликнинг тугал библиографияси ва янги манбаларни эълон қилиб бориш; 7) Жаҳон жадидшунослик жамиятини тузиш...
Соф японча маъруза
Дастурга кўра, Токио хорижий тиллар университетида учрашув ҳам белгиланган экан. Олий муассасада 3 мингдан кўпроқ талаба 30 дан зиёд тилни, жумладан, ўзбек тилини ўрганади. Учрашув хонаси махсус жиҳозланибди. Ўзбекистонлик олимларнинг китоблари, “Жадид” газетаси нусхалари, япониялик олимларнинг тадқиқот ишлари кўргазмага қўйилибди. Учрашувга келган талабалар орасида Фарғона жадидлари фаолиятини тадқиқ қилаётган Ватанабе Лука деган ёш олим ҳам бор экан. Ўзбек тилида бинойидек гапиради.
Дорилфунунда ўзбек тилидан Ҳ.Коматсунинг шогирдлари Шимада Шизуо ва Кимура Сатору каби профессорлар сабоқ беради. Улар ўзбек тили ва адабиёти, маданияти, олис-яқин тарихини яхши билади: сиз билан “Ойина”нинг библиографик кўрсаткичи ёки “Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар”, Ҳожи Муин ёхуд Вадуд Маҳмуд мақолалари хусусида бемалол фикр алмашади. Мезбонлар кўпроқ бизни, туркиялик профессорлар Вели Саваш, Зайнобиддин Абдирашид, Бекир Туменларни тинглашди.
Мени ҳайратга солгани – ўзбек, турк тилидаги илмий материалларни япон тилига таржима қилган мутахассислар ҳатто саломлашиш ёки миннатдорлик билдиришда ҳам бир оғиз ўзбекча қўшмади, ҳаммаси тоза японча сўзлади. Ўзбек тилини ўргатиб, шунинг воситасида тирикчилик қилиб юрган, лекин она тилимизда бир оғиз сўз айтмаган мутахассис-муаллимлардан асло хафа бўлмадик. Шундай тадбир биздаги бирон олий даргоҳда бўлиб ўтаётганини тасаввур қилинг: бошловчи албатта японча салом ёки ташаккур сўзи айтади; яна кимдир японча тўртта калима билса, чапдастлик билан чала-чулпа улаб, меҳмонлар кўнглини олишга тиришади. Қай бири тўғри? Эҳтимол, иккаласи ҳам тўғридир. Буни миллий зеҳниятга боғлаб тушуниш ва тушунтириш ўринлидир. Дунёдаги энг сирли, сабрли миллат бўлмиш японлардан ўз тилида гапириш, заруратсиз бошқалар лисонига сакраб ўтмаслик адабини ҳам ўрганса бўлар...
Абдурашид Иброҳим изидан
Бирор мамлакатга илмий сафар ё саёҳатга борсак, ўша ҳудуднинг жуғрофияси, одамлари, урф-одатлари, машҳур алломалари ва бизга тааллуқли бўлган жиҳатларига диққат қаратишимиз табиий.
Ўтган аср бошида Японияга сафар қилган Абдурашид Иброҳим ва унинг саёҳат таассуротлари жамланган “Олами ислом ва Японияда исломнинг ёйилиши” китобини анчадан бери билар эдим. Муаллифнинг бухоролик ота-боболари XVIII аср охирида Сибирга кўчиб, татарлар билан қавм-қариндошга айланади. Абдурашид Иброҳим Сибирнинг Тобольск губерниясида таваллуд топади. 1905 йили Петербургда “Улфат” деган жадид руҳиятли газета чиқаради. Дунё кезишни хуш кўрган Абдурашид Иброҳим бир неча марта жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқади. 1907 йили Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғонада ҳам меҳмон бўлади. Саёҳат хотираларидан шу даврга тегишли тафсилотлар, жадидларга оид маълумотлар изладим. Негадир муаллиф шахслар номини ҳамиша ҳам ошкор қилавермайди, нисбатан умумий таассуротларни баён этиш билан чекланади. Самарқанд муҳити васфида бир жумла эътиборни тортади: “Бугун Самарқандда олийҳиммат зотлар томонидан очилган ғоят тартибли бошланғич ва рушдия-ўрта мактаблар борки, улар бутун Туркистон учун намунадир. Мактаб очган Абдуқодир афанди ва ҳомийси муфтий Маҳмудхўжа жаноблари (Шакурий ва Беҳбудий назарда тутилмоқда – Б.К.) ўзбек қаҳрамонларидандир...”
Абдурашид Иброҳим Туркистон саёҳатидан кейин Японияга боради (1908), олти ойча яшайди ва “Олами ислом”нинг катта қисмини шу юртда кўрган-кечирганларига бағишлайди. Профессор Коматсу йўлбитикнинг Японияга оид қисмини она тилига ўгириб, китоб шаклида нашр қилибди – уни бизга мамнуният ила кўрсатди. Шахсий кутубхонамда “Олами ислом”нинг туркча нусхаси борлигини айтдим. “Агар ўзбек тилига ўгирилиб, нашр қилинадиган бўлса, мен Япония қисми таҳририга бажонидил ёрдам бераман. Чунки кўпгина япониялик шахслар исми ва жой номларида камчиликларга йўл қўйилган, уларни тўғрилаш керак”, деди Коматсу домла.
Сафар арафасида китобнинг Японияга оид қисмидан бироз ўқиган эдим. Қаранг, японлар ҳафта кунларини қандай атар экан: якшанба (Nicobey) – қуёш куни, душанба (Gicobey) – ой куни, сешанба (Kayobey) – оташ куни, чоршанба (Soyobey) – сув куни, пайшанба (Mokiyobey) – дарахтлар куни, жума (Kinobey) – маъдан/олтин куни, шанба (Doyobey) – арз/тупроқ куни...
Абдурашид Иброҳим илк саёҳатидан ўттиз йил ўтиб, яна Японияга боради ва умрининг охиригача Токиодаги биринчи мусулмонлар масжидида имомлик қилади, ислом динининг Кунчиқар ўлка бўйлаб тарқалишига катта ҳисса қўшади.
“Олами ислом” асари мазмунига қараганда, Абдурашид Иброҳим Японияда ҳам исломни кенг ёйиш ниятида бўлган экан. Муаллифнинг фикрича, номусли, соғлом ахлоқли ва камтарона турмушни севган японлар мусулмонликни қабул қилса бас, улар шундоқ ҳам бошқа барча фазилатларга эга”, деб ёзади Ҳисао Коматсу “Уч жадид ва ўзгарган дунё” мақоласида.
Назаримда, рус-япон урушида қўли баланд келган бу қавм Абдурашид Иброҳимга юз йилларча мазлум ҳолда яшаб келаётган миллатини зулмдан озод этиш йўлида ҳамкор бўлиб кўринган.
“Тама” хилхонасида
Японияда жамоат жойларида дам олиб ўтирган одамни учратмайсиз. Кўча-кўй, ҳатто катта бекатларда ҳам ўриндиқлар йўқ. Бу, эҳтимол, одамлар ҳамиша ҳаракатда бўлмоғига даъватдир ёки бошқа недир сабаб-маъно бордир... Аммо Тошима округидаги “Тама” мозористонига кираверишда ҳайбатли дарахтлар соясида қатор скамейкалар қўйилибди. Рус-япон урушида денгиз флотини жаҳоний даражага кўтарган адмирал Того Хэйхатиронинг (1848 – 1934) қабри ҳам шу ерда экан. Цусами ороли яқинидаги жанг олдидан у матросларга “Ватан тақдири шу жангга боғлиқ. Ҳар бирингиз бор кучингиз ила ҳаракат қилинг!” деб хитоб қилади. Урушда японларнинг битта, русларнинг эса ўттиздан зиёд кемаси уммонга ғарқ бўлади...
Мозорнинг бир қисми насронийларга ажратилибди. Ёнма-ён мусулмонлар қабристони, қабртошлар устида ярим ой, туркча, татарча исмлар, арабий ёзувлар. Мезбон Коматсу бир қабрни имо қилиб кўрсатди. Одам бўйи қабр тошига арабий имлода бундай ёзилибди: “Устоз ва котиби кабийр, сайёҳ ва мужоҳиди шаҳийрил ҳожи қози Абдурашид ҳазрат Иброҳим Сибирь туркларидан. Тубул вилояти Тара шаҳрида (1269 ҳижрий) милодий 1852 йил 17 айлулда (сентябрь) туғилган, (ҳижрий 1362, 12-рамазон) милодий 1944 йил 31 августда жума кечаси вафот этмишдир”.
Зиёрат асносида Абдурашид Иброҳимга оид бир дунё маълумотлар эсга олинди. Ўй-кечинмаларни тугал ёзиш имконсиз. Имом Абдурашид Кунчиқар юртга чуқур меҳр қўяди. Одамларни, муҳитни, табиатни, тараққиётни, маданиятни, таълимни, техникани муқояса этади. Таниқли япон раҳбарлари билан танишиб гурунглашади. Маҳаллий халқ орасидан мусулмон шогирдлар етиштиради.
Дарвоқе, бу тарихий шахс Туркияда ҳам машҳур. Жумҳурият мадҳияси (“Истиқлол марши”) матни муаллифи, атоқли шоир Меҳмет Акиф Эрсўй айрим шеърлари, хусусан, “Сафаҳот” асарини ёзишда Абдурашид Иброҳим ғояларидан таъсирланган.
Илдирги: “Олами ислом ва Японияда исломнинг ёйилиши” китобининг биринчи қисми 2023 йилда “Муҳаррир” нашриётида усмонли турк тилидан Нажмиддин Мирмаҳмудов таржимасида чоп қилинган.
Бепоёнлик, муҳташамлик, бунёдкорлик
Қурби етган киши бир марта бўлса-да Японияни бориб кўриши керак экан. Кўз олдингизда намоён бўлган бепоёнлик, муҳташамлик, бунёдкорлик ақлингизни шоширади. Осмонўпар бинолар, қатма-қат йўллар, уч-кети узилмаган сонсиз уловлар (бироқ тирбандлик йўқ), шаҳар ичидан оқиб ўтган азим дарёлар, замонавий кўркам кемалар, чексиз ўрмон, яшил майдонлар, темир интизом, инсон зоти учун барпо қилинган қулайликлар, тавозега йўғрилган муомала-муносабат...
Одам дунёнинг қай кунжагига боришни хоҳламайди дейсиз! Коиноту ўзга сайёраларга сайр ҳам орзуманд кўнгил учун ҳеч гап эмас. Бомбардимон этилган Ҳиросима, Нагасаки шаҳарлари, қадимий Киото ёдимизга келди; Осака шаҳрида Ўзбекистон кўргазмаси иш бошлабди... Имкон эса орзу-истакларни интизомга солади. Биз кўзлаган ҳудудларни кўриш учун бир неча кун лозим. Бу юртда олти-етти йилдан бери яшаётган тожир Мирсодиқ аканинг маслаҳатига қулоқ тутамиз. Ҳа, албатта Фудзиямага бормоқ керак! Токиодан юз чақиримча жануби-ғарбда жойлашган тоғ, Япониядаги энг юксак чўққи. Маҳаллий халқ Фудзини муқаддас санайди. Тоғ чўққисидаги ёнарвулқон 1707 йилда отилади ва силлиқ конус шаклида тош-метин бўлиб қотади.
Олисдан Фудзи чўққиси кўзга ташланди: у янги келинчак мисоли оппоқ булут орасида гоҳ юзини очади, гоҳида иймангандек ҳарир парда ортига яширинади. Тоғ бошида чўгирма – оппоқ қор. Йўл четларида қийғос очилган сакура – пушти, оппоқ, қизғимтир... ўзимизнинг ўрик ва шафтоли гулига ўхшайди. Этакдаги улкан кўлда тоғ аксланади. Кузакда зиёратга борган машҳур япон шоири Басё бундай ёзган экан: “Куз ёмғири тинмас, қалин туман, // Кўриб бўлмас гарчанд Фудзи чўққисин, // Бироқ у кўнгилга беради таскин...” (Япон классик шеърияти. Шабнамда ой акси. Жаббор Эшонқул таржимаси. Тошкент, “Зарқалам” нашриёти, 2006. 33-бет).
Икки рассом сирли-тилсимли тоққа қараб расм чизаётир. Сангардак, Қамчиқ, Зоминдаги арчаларга бурканган тоғларимиз ёдга келади. Бироқ биз ўз тоғларимизни Фудзи каби бировга ўринлатиб мақтай олганимизча йўқ...
Беш-олти япон ёшлари билан тилмоч ёрдамида сўзлашдик. Санъат олийгоҳи талабалари экан. Япон адибларини санадим: Басё, Такубоку, Акутагава... Чин ҳайратданми ёки менинг кўнглим учунми, ёшлар бараварига қийқиришди. Ўзимизнинг улуғлардан сўз очсак, сукутдан ўзга жавоб бўлмади. Нима ҳам дердик, дунё аҳли ўз адабиёти, маданияти, табиатини тарғиб-ташвиқ қилиш билан банд-да...
Тазодлар
Йўлимизда сайёҳлар қадами узилмайдиган антиқа қишлоқ бор экан. Японлар неча асрлар муқаддам қандай яшаганини билиш учун бу ерга бирров кириб ўтмоқ керак. Кизаги кенг шляпаларни эслатадиган уйларга яқин борамиз: ҳамма нарса ўтмишдаги ҳолида сақлаб қўйилибди.
Мутараққий ўлкалар ўз қадрини, ҳурматини билиш баробарида бошқаларнинг урф-одат, эътиқодига эҳтиром билан қарайди. Бу қадимий япон қишлоғи томошасига дунё мусулмонлари ҳам келади. Аҳли муслим ибодатини эмин-эркин адо этиши учун қишлоқ остонасида икки мўъжаз намозхона ҳам барпо этилибди.
Қуюқ тайгани эслатгувчи ўрмон ўртасидан ўтган силлиқ йўлдан кетаётирмиз. Одам адашиб қолиши ҳеч гапмас, ўрмон ичида бирорта электрон аппарат, жумладан, телефон ҳам ишламайди. Ўзига хос магнит зонаси бўлиши мумкин – сири ҳали тугал очилмабди. Ҳаётдан тўйиб, жонига қасд қилмоқни кўзлаганлар шу ўрмонга кириб ғойиб бўлар экан. Қизиқ, ҳамма нарса бадастир, турмуш фаровон, қонун пойдор, кўнгил ёзмоқ учун кўркам табиат манзаралари муҳайё. Шунда ҳам одамзод ўрмонга кириб, ўзини ёввойи ҳайвонларга ем қилса-я... Наҳот?! Менимча, ўлимдан кейинги ҳаётга, омонат берилган тана, жон, қалб, ақл учун, ҳар бир амал учун ҳузури илоҳийда ҳисоб беришга ишонмаслик оқибати бўлса керак. Дунё ва охират, келиш ва кетиш, амалларнинг тарозида тортилиши, дўзахдан омонлик тилаш, жаннат умиди, инсоният учун дастуриламал – Каломуллоҳ ҳақида ўйга толасиз. Инчунин, Ер юзида Оллоҳнинг муқаддас Китоби етиб бормаган ҳудуд қолмади...
Қирқ йиллик қадрдон
Кунчиқар ўлка саёҳати давомида эски қадрдоним – Тинч океан билан ҳам дийдорлашдим. Магистрал йўл остидан, кичикроқ туннелдан ўтдик. Эҳ-ҳэ, бепоён сув! Ҳаяжонга тушмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Қирқ йил олдин шу океан соҳилида, Находка шаҳридан Владивостокнинг Артёмигача бўлган ерларда ҳарбий хизмат ўтаганман. Мана, қирқ йил наридаги қадрдон; мана, қирқ минг йиллик тарихга эга баҳри муҳит...
Кун ботиб, шом кирди. Уммон билан осмон орасини битта чизиқ ажратиб туришини қирқ йил муқаддам кўрганман, шу иккисининг ранги жиндай фарқ қилишига ҳам ўшанда гувоҳ бўлганман. Ўша чизиқ, айниқса, қуёш бепоён уммонга бош қўяётган маҳал аниқ-тиниқ зуҳур этади.
Юзимни юваман. Ў-ў-ў, ўша шўр сув таъми! Таъм билиш сезгилари мияга олис хотираларни, ёшликни, ҳатто мозий ҳаяжонини қайтаради...
Тилладан қиммат
Қирғиз адиби Султон Раевнинг “Тупроқ” деган ҳикояси бор. Аҳмаджон Мелибоев ўзбекчалаштирган. Фудзи тоғи этагидан олинган бир сиқим тупроқ билан учоққа чиқмоқчи бўлган ҳикоя қаҳрамони Муродни аэропортда тўхтатишади. Махсус рухсатнома бўлмагани учун тупроқ олиб қолинади, ерга қайтарилади... Ҳа, Японияда тупроқ тилладан қиммат. Бу юртга борганлар сув олиб қайтиши мумкиндир, аммо зарра тупроқ четга чиқмайди.
Биз ернинг туб-тубидан, юзлаб метр чуқурликдан обиҳаёт излаймиз. Бизда тупроқ, қуруқ ер бисёр, японларда эса сув мўл-кўл. Биз сувсаган серунум ерларга сув келтириб деҳқончилик қилиш ҳаракатидамиз. Японлар гирдогирдини ўраб олган сув устига тупроқ тўшаб, сунъий ороллар бунёд қилади. Бу ёлғон ёки муболаға эмас: Токио биқинида Одайба деб аталган, тахминан 10 квадрат км майдонга эга сунъий орол бор. Пойтахт билан оролни улкан ёйсимон осма кўприк боғлайди. Тунчироқлари ранг-баранг бўлгани учун Камалак кўприк деб аталар экан. Японлар миришкору омилкор халқ экани ҳақрост. Токиода қурилган метро, ерости йўлларидан чиққан тупроғу чиқитлардан сунъий орол барпо этилибди...
Шаҳар ичида йигирма тўрт туманни ўзаро боғлайдиган, унинг артерия қон томири бўлмиш магистрал йўллар бор. Тезлик баланд, тиқин йўқ, шунга яраша йўллар пуллик. Жамоат улови ҳам яхши йўлга қўйилган.
Токио бениҳоя озода, кўкаламзор кент. Дарахт япроғини оппоқ қоғоз билан сийпаб, ҳамроҳларга кўрсатаман – гард йўқ. Об-ҳаво, ёмғир, уммон каби омилларни рад этмайман, аммо бу орастагарчилик замирида киройи тарбия ҳам ётгани айни ҳақиқат. Японлар тўғри келган жойга чиқинди улоқтирмайди, кўча-кўйда қисирлатиб писта чақмайди. Елкага осилган сумкада чиқинди учун алоҳида елимхалтача олиб юришади. Мусофирлар ҳам ёғ тушса ялагудек тозаланган кўчаларга бирон нима ташлашга истиҳола қилади.
Тафаккур мўъжизаси
Токиода анчадан буён яшаётган ҳамюртлар таҳсинга лойиқ яна бир жиҳат ҳақида сўзлаб беришди: 65 қаватли бинонинг 36-қаватида ишлайдиган йигит шаҳарда 5-6 баллик зилзила рўй берганини интернет ёки ОАВ хабаридан билар экан. Иморатлар пишиқ-пухта қурилганидан анча-мунча ер қимирлаши ҳатто сезилмас экан.
Японлар тежамкорликни хуш кўради, исрофга йўл қўймайди. Айниқса, “ихчам” сифати Японияга узукка кўз каби мос тушади. Уй, кўча, машина, йўлак, зина, меҳмонхоналар, синфхонаю парта... – бари ихчам. Ҳатто Оллоҳ яратган одамлар ҳам. Бироқ бу миллатнинг юраги улкан, шижоати беқиёс, орияти баланд!
Япон маданияти ҳар қадамда сезилади: ўтган-кетган бир-бирига майин табассум улашади. Йўловчилар метро вагонида бошқаларга халал бермаслик учун юкхалтасини қучоқлаб ўтиради. Эскалаторнинг чап тарафида қатор тизилишади, шошаётганлар ўнг томондан бемалол ўтиб кетади.
Тонг саҳарда Токио осмонида қарғалар ёқимсиз қағиллаб қолса денг. Бизнинг Чорбоғда булбуллар ўрнини афғонқуш эгаллади, бирам хунук “сайрайди” – Токио осмонидаги қарғанинг овози ҳам шунга монанд. Ҳар жойнинг ўз қарға-қузғуни бўлар экан-да, деган ўй ўтади хаёлимдан. Токио аҳли тинчини бузаётган қарғалар орасида бир неча юз йилдан буён яшаётганлари бордир. Уларга балки Абдурашид Иброҳим ҳазратнинг ҳам кўзи тушгандир...
Совға олгани йигирма қаватли катта дўкон олдида тўхтаймиз. Машиналар тиқини муаммоси оқилона ҳал қилинибди: автоулов бинонинг ертўласи ё томига лифт орқали бир неча дақиқада олиб кетилади. Дарҳақиқат, инсонга тафаккур, ақл неъмати балойи нафсини шод этмоқ учун эмас, аввало, ўзига киройи шарт-шароит бунёд қилмоқ учун ҳам берилгандир.
Еттинчи қават зинасининг шундоқ биқинида, шиша девор ичида бўйи бир метрдан баланд лўппи-лўппи очилган ғўзапоя экспонатга қўйилибди. Пахтанинг табиийлиги, кимёвий дорилардан холилиги, соғлиқ учун фойдали экани хусусида маълумот ҳам илова қилинибди. Эсимизни танигандан бери бамисоли вужудимизнинг бир аъзосига айланган пахтани Токио дўконида учратаман деб ҳеч ўйламаган эдим...
Сафар ҳам қариди. Бундай маҳалда қалбда тушунтириб бўлмас, бегоналикка ўхшаш исмсиз туйғулар уйғонади. Бир ҳафта мобайнида қадрдон бўлиб қолган ўлкани ташлаб кетаётганингиздан андак безовталанасиз. Айни чоқда, ўз уйингиз, яқинлар ўйи ила кўзингизга уйқу келмайди...
Баҳодир КАРИМ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Парадокслар ўлкаси” мақоласи
Адабиёт
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ