Ўзга дамни дам демай, қўлимга қалам олдим – эмас, компьютер қаршисига ўтирдим... Ҳозир қалам билан ёзиш қаёқда? Эскирди у замонлар, жуда тез эскирди. Кўп нарсалар унутилди, унутилмоқда. Дадам айтган эртакларнинг, лофларнинг, ҳангомаю ўтирикларнинг қанчасини унутдим. Бувим омин қилганда айтадиган дуо-тилакларни англолмас бўлдим:
«Боқ қорасин, қизр дорисин, Кетмас довлат, кенг пийл берсин, Дени совлиқ, қатиржамлик бўсин. Қули қуштинг, жети пуштингди қудой асрасин, Достарқанинг енигаям-бўйиғаям вўсибирсин, Ули-қизинг кўп бўсин...»
Шу гаплар қулоғим остида айланаверади. Бувимдан, бошқа бобо-момолардан кўп эшитганим бор. Эшитмаган одам ўқиб тушунмайди. «Бахт қарасин (кулиб боқсин), Хизр дорисин, кетмас давлат, кенг феъл берсин, тани соғлик, хотиржамлик бўлсин, оилангни, етти пуштингни Худо асрасин, дастурхонинг энига ҳам, бўйига ҳам ўсаверсин, ўғил-қизинг кўп бўлсин» дегани бу.
Эртага бу гапларни менинг болаларим, бизнинг болаларимиз сира тушунмас. Илдизлардан узилиб кетяпмиз. Бу кўп қайғули. Лекин ғамга ботиб ўтирай деб чўкмадим компьютер қаршисига. Масрур болалигимга қайтиш тилаги ила фурсатни ғанимат топдим. Бахтимиз шундаки, эртаклар оламида яшашимиз учун бирор эртак қаҳрамони бизни ўғирлаб кетиши шарт бўлмаган. Энди-энди фаҳмлаяпман, шундоғам эртаклар оламида ўсганмиз. Бу – чин.
Бизнинг қишлоқ – Қоратош. Бир томонида Ирқин, Чинор, Ўразмат, Қовунчи; бир томонида Жарбулоқ, Эжгант, Тувадоқ, Тозғара, Тентак; бир томонида Минишкор, Қатағон, Шўрча, Қўрғонқишлоқ, Жўш...
Ҳар бир номнинг ўз ҳикояси, ривояти бор. Камидан бохабарман, кўпини билмайман. Масалан, Тувдоқ – тоғ адоғи (тов адоқ) дегани эканини шу гапларни ёзаётиб пайқаб қолдим. Булар – катта-кичик қишлоқ номлари, биргина ўзимизнинг қишлоқдаги алоҳида жой номларини санайми: азларбулоқ, суялтош (сўгал тош), Қовус ота, Қўрғон, учбулоқ, учқўлдора, говқана, қоровултўба, лойқасой...
Бизнинг ҳовлимиз Қоратошнинг лойқасойида. Бутун лойқасойни эгаллаб олганмиз. Бир замонлар лойқа оқадиган сой ўтган экан ҳовлимиз қўнган жойдан. Кўп унумдор тупроқларни оқизиб келган экан ўша ерга. Ҳозир унумдор тупроқ қоптими, бутун қишлоққа қўшилиб чўлга айланиб боряпти лойқасой ҳам.
Қишлоғимиздаги энг катта афсона Қўрғон ҳақида. Қишлоғимиз номи ҳам ўша қўрғон тепалигининг биқинини туртиб чиққан қора тошларга нисбат қилиб қўйилган, дейишади. Қўрғон афсонасига ўтишдан аввал атрофни сал айланаман.
Биздан бир қир наридаги қишлоқ номи – Жарбулоқ. Расмий маъмурий номини «Янгиқишлоқ» қилиб ўзгартиришган. Бир жарда бир булоқ бўлган, дейишади. Ўшанинг атрофига одам жойлашиб, узоқ йиллар давомида қишлоқчага айланган. У ердаги жарни ҳам, булоқни ҳам билмайман, кўрмаганман.
Қишлоғимиз Оқтов билан Қоратовнинг ўртасида. Оқтовнинг қўйнида қуйидан юқорига ўрлаб, уч томонга таралган дара бор – Учқўлдора. У ерни тағин Исақулдора ҳам, дейишади. Исақул бобо – кататамнинг (катта ота) отаси. Улар нечта фарзанд бўлганини билмайман, эшитганим шуки, Исақул бобомнинг Искандар, Самандар исмли акалари бўлган. Бўйдоқ ҳолда урушга жўнаб, бедарак йитиб кетган боёқишлар. Исақул отамиз ёши етмай урушдан қолганми, ишқилиб, қолган. Кейин ҳам бормаган. Умрининг қай бир қисмида Учқўлдорага жойлашиб олиб, тери ошлаб тирикчилик қилган. Шунинг учун дарани Исақулдора ҳам дейишади. Дадамнинг айтганларидан эсимда қолганига кўра, шундай.
Қовус ота деганлари биз ёшликда чўпонга мол ҳайдаб ўтадиган йўл четидаги каттагина яккақабр. Қовус ота исмли авлиёнамо кишининг қабри, деган гап бор. Кичкиналигимизда ўша дўнгчанинг атрофига чоптирмасликни бот-бот тайинлашарди. Билмай чоптириб қўйган бола кейин пешоб чиқаролмай қолади, деб қўрқитишарди. Шу қўрқитишлар бекорга эмаслигини 6-7 ёшимда жон-жонимдан англагандим. Бир кечаю бир кундуз не азобларни чекмаганман. Бувим етаклаб бориб, ўша қабр атрофида уч марта айлантириб, кечирим сўраттирган. Дадам ишидан чиқиб, дўхтирга олиб бориш учун келганида кўрмагандай бўлиб қолгандим. Айтишдан нега уялай, ҳодисанинг аломатлигини қаранг.
Қўрғоннинг биқинидан ўйиб чиққан қоясифат тошлардан бирини суялтош деймиз. Қўл-оёғига сўгал чиққанларнинг сўгалига танга суриб, унинг йўқ бўлиб кетишини тилаганча, танга ўша тошнинг остигами-устигами отиб кетилса, иллат тузалишига ишонардик. Қоратовга яқин Қатағон қишлоғида суялбулоқ ҳам бор эди, суви билан ювилган сўгал кетади, дейишарди.
Ирқин – бувим ўсган жой, тоғ этагида. Қишлоқ бўлиб қишлоқ ҳам эмас, ҳозир бувимнинг укалари ўрнашиб олган, бошқа одам яшамайди. Бола пайтимда Ирқиндаги теракзорлар одам адашар даражада кенг ва тиғиз эди. Ҳозир асар ҳам қолмаган у эски эртакнамоликдан. Ерига оёқ боссангиз, чим орасидан ирқиллаб сув сизарди, шунинг учун номи Ирқин бўлган. Бувим исманилардан ғожировлатга келин бўлиб тушган. Дарвоқе, ҳайрон бўлаётгандирсиз, исманиси нима, ғожировлати нима, деб. Билганимча тушунтираман: биз буларни уруғ, деймиз, аслида, катта уруғнинг тармоқчами ё шохобчаларидан бўлса керак. Қишлоғимизда ана шундай тўртта уруғ бор: ғожирлар (ғажир), исманилар (эҳтимол, усмонийдир), бешкаллар ва тентаклар. Камина – ғожиравлат, яъни ғажирлар авлодидан. Бизнинг уруғдошлар жаҳли тез, бир ғазабланса, босилиши қийин бўлган одамлар саналади. Булар салбий сифат албатта, лекин ғожиравлатнинг болалари уруғининг номини кўкрак кериб айтади.
Болалигим ана шу тароватли муҳитда қолиб кетди. Хайрият, бугунгача эргашиб келмади, келса кўнгли ўксирди. Ўша тансиқ файзу тароват тобора йўқолиб бораётган Қўрғон деворларидай нураб бўлди ҳисоб...
Қўрғон. Сўзларнинг маънисига етадиган бўлгунимча бошқаларидан каттароқ тепаликлар қўрғон аталса керак, деб ўйлардим. Чунки қишлоғимизнинг бир четида, катта-катта толлар ўсадиган, салқин, сўлим гўшанинг ёнидаги биқинидан қоясифат қора тошлар туртиб чиққан улкан тепаликни шундай атардик. Аслида бу сўз тепаликка эмас, бир замонлар унинг устида қад ростлаган қалъача – қўрғонни ифодалаш учун ишлатилган экан.
Болалигимизда эски қўрғон деворларининг қолдиқлари устига чиқиб ўйнардик. Ҳозир ўша қолдиқлар ҳам нурай-нурай, шўрлаган дўнгчаларга айланиб қолган. Бир замонлар устида арава юрадиган даражада қалин бўлган экан ўша деворлар. Мен айтган қора тошли баланд тепалик усти ва ёни бўйлаб жойлашган Қўрғон дарвозаларининг ўринларини ҳалигача пайқаш мумкин. У ҳақда кўп эшитганман, ҳозир эса, асосан, дадамдан эшитганларимга таяниб, ривоят қиламан.
Қўрғонда бий, яъни бошлиқ яшаган. Оддий аҳоли эса унинг атрофида истиқомат қилган. Бирор ташқи хавф туғилса, ҳамма қўрғонга сиғиниши мумкин бўлган. Хўш, ташқи хавфни қандай сезишган? Қишлоғимиздан анчагина масофада, биз барикар, деб атайдиган лалмикор далалар қўйнида сезиларли даражада чўнқайиб турадиган баланд тепалик бор. Қоровултўба, яъни қоровулчилик тепалиги. Бийлик замонларида ўша тепаликда икки нафардан қоровул навбат тутиб турган. Атроф кенг даштлик эканидан бу тепалик устидан анча масофагача бўлган ҳудудлар бемалол кўринган. Қўрғонга қароқчими, босқинчими ҳужум қилмоқчи бўлиб келаверса, Қоровултўбадаги қоровуллар уларни кўриб, огоҳлантириш гулханларини ёқишгану, Қўрғон томон от қўйишган. Кечаси улар ёққан гулханнинг ёруғидан, кундузи тутунидан хавф яқинлашаётганини билган одамлар тезгина мустаҳкам деворлар ортига яшириниб олган. Қўрғонда мудофаага шайлик бошланган. Эсимда бор, болалигимда сақланиб қолган девор парчаларининг шинакли қисмларини ҳам кўрганман, ортига беркиниб, шинакдан дўстларимни пойлаганман.
Қўрғон тепалигининг остида улкан аждар мўл-кўл тиллаларни қўриқлаб ётади, деган гаплар ҳам бор. Дадам буларнинг барини эртак қилиб айтиб берарди. Бир гал қўрғонга катта босқин бўлган, ёв деворлар атрофини ўраб олиб, кучли қамал қилган. Ғалабанинг ҳеч имкони йўқлигини англагач, бий яқинларини олиб, яширин лаҳм орқали қочишни режалаган. Ана ўшанда бийнинг сулув қизи ўзининг анча-мунча тилла зеб-зийнатларини кўтариб кетолмаслигини билиб, Қўрғон ўртасидаги ҳовузга ташлаб кетган экан. Шунинг учун ҳамқишлоқларим ўша тепалик тупроқлари остида олтин борлигига ишонади, аждардан қўрқиб ҳеч ким ковлаб кўрмаса керак.
Ер остида узун лаҳм бўлгани рост. Унинг чиқиш эшиги мен улғайган катата уйимга яқин, раҳматли Ибодулла боваларнинг ҳаёти (мевали дарахтлар экилган, деҳқончилик қилинадиган жойни шундай атардик, ҳозир кам ишлатилади) ичида. Ўша эшикдан ичкарига кириб кўрганлар лаҳм узоққа бормай тупроқ тўкилиши натижасида беркилиб қолганини, ичкарида илонлар кўплигини айтган. Унинг Қўрғонга бориб туташгани тайин. Қамаллар вақтида ана шу ер ости йўли орқали озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа керакли нарсалар яширинча ташиб кирилгани ҳам ривоят қилинади.
Ёшлигимизда ўр қизиқиш билан бий қизининг олтинларини топиш умидида Қўрғон тепалиги атрофида кўп изғирдик. Ҳеч вақо топмаганмиз. Мана энди ўзлигидан, илдизидан, қадриятлари ва кўҳна қалбидан йироқлаб кетган одам – эмас, дарду хаёли тирикчилик бўлиб қолган жўн бир истеъмолчи сифатида тош шаҳардаги рутубатли хоналардан бирида ўтирар эканман, аслида, ўша Қўрғоннинг, ана шундай ривоятлар ҳамда эртакнамо шукуҳнинг ўзи олтинга тенг эканини ҳис этиб турибман. Таассуфки, биз аждар бўлолмадик, олтинларимизни қанотларимиз остига олиб, қўриб ётолмадик...
Қадим юртимизда бундай қишлоқлару қўрғонлару ривоятлар сон-саноқсиз. Аммо ҳар қишлоқдан ҳам мендай нўноқ бўлсада, булар ҳақида қоғоз қоралайдиган бирор кўнгилли чиқавермагани чатоқ.
Шаҳзод ШОДМОН
Фото: Фаррух АЛИЕВ
Таълим-тарбия
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Ватандош
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ