“Билмасдан душман тегирмонига сув қуйдик” – муҳожир фольклоршунос тақдири


Сақлаш
11:59 / 15.01.2026 16 0

ХХ аср бошларида Туркистон зиёлиларининг катта қисми муҳожиратга мажбур бўлган бир пайтда миллий маданий меросни асраш, ҳужжатлаштириш ва келажак авлодга етказиш вазифаси айрим фидойи шахслар зиммасига тушди. Ана шундай зиёлилардан бири Таваккул Бобурдир.

 

Таваккул Бобур 1882 йил 25 май куни Тошкент шаҳрининг Кўксу-сава маҳалласида маърифатпарвар Абдуллазода оиласида туғилган. У 12 ёшида отаси ташаббуси билан Тошкентдаги Иброҳимжон мадрасасига ўқишга юборилиб, олти йил давомида шу ерда таҳсил олади.

 

Кейин Бухородаги машҳур Мир Араб ва Турсунжон мадрасаларида форс ва араб тиллари, адаб-ахлоқ, адабиёт, шунингдек, диний ва тарихий фанлар бўйича чуқур билимларни эгаллайди. Бухородан сўнг у Қўқон шаҳридаги “Ҳаким Ойим” мадрасасида бир неча йил тахсилни давом эттирган.

 

Бухоро ва Қўқондаги мадрасаларда умумий ўн бир йил ўқиб, уларни муваффақиятли тугатади ҳамда расмий шаҳодатнома (ижозат)га эга бўлган. Тошкент шаҳрида янги очилган “Муаллимлар курси”да ҳам таҳсил олади. Кейинчалик “янги усул” мактабларидан бири “Яссавий” ўқув юртига муаллим этиб тайинланган.

 

Қаҳрамонимиз “Яссавий”да ишлаган вақтида “Тошкент диний идораси”да ҳам Бош имом вазифасида хизмат қилган ҳамда диний уламолар ва муллалар гуруҳи фаолиятида иштирок этган. Мазкур хизматлари, жамиятдаги маънавий-маърифий таъсири сабабли коммунистик партия ходимлари томонидан таъқиб ва тазйиқларга учраган. Натижада ҳибсга олиниб, суд органларига топширилган, маълум муддат қамоқда ушлаб турилган.

 

Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатларининг сўнгги босқичларига яқин даврда Таваккул Бобур Жанубий Туркистонда жойлашган Керки шаҳрига кўчиб боради ва у ерда диний таълим-тарбиядан дарс беради. Бу ҳудудда ҳам сиёсий таъқиблардан қутула олмаган. Тазйиқлар сабабли Афғонистонга ўтиб кетишга уриниб турган пайтида қўлга олиниб, Тошкентга қайтарилади ва бир неча йил давомида қамоқда сақланади.

 

Маълум вақт ўтгач, у яна Афғонистонга қочиб ўтишга муваффақ бўлган. Қобул шаҳридаги “Дорул Улуми Амония” (Амануллахон билим юрти)да бир йил давомида таҳсил олиб, диний ва илмий билимларини янада оширган. Шу билан бирга, Афғонистондаги диний таълим муассасаларида муаллимлик фаолиятини олиб борган. Кейинчалик Афғонистондан Ҳиндистон орқали Туркияга боришни режалаштирганида, Пешавор шаҳрида инглиз маъмурий органлари томонидан ҳибсга олинган ва ўн ой давомида қамоқда сақланган. Мазкур жазодан сўнг у яна Афғонистонга қайтарилган. Ниҳоят, Туркияга Эрон ҳудуди орқали ўтишни танлайди ва 1925 йили мақсадига етади. У Истанбул шаҳрида муқим жойлашиб, кейинги ҳаёт ва фаолиятини шу ерда давом эттирган.

 

Истанбул шаҳрида Таваккул Бобур Бухоро Халқ Жумҳуриятининг собиқ раиси Усмон Хўжаўғли, шунингдек Носирбек, Даврон, Амур ва профессор Заки Валидий Тўғон билан ҳамкорликда “Туркистон Миллий Бирлиги” томонидан нашр этиладиган “Янги Туркистон” журналида маъмурий ходим ва муҳаррир сифатида узоқ йиллар фаолият юритади. Ушбу нашрда у Туркистон тарихи, миллий озодлик ҳаракатлари, миллий истиқлол ғоясига бағишланган кўплаб чиқишлар қилган. Айниқса, ўзбек халқ адабиёти, халқ оғзаки ижоди ва халқ мақолларига бағишланган илмий-адабий мақолалари алоҳида аҳамият касб этади.

 

Бундан ташқари, Таваккул Бобур қозоқ шоири Мағжон Жумабойнинг “Уйғон, Қозоқ” номли шеърий асарини (тўпламни) алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Ўз хотиралари, шунингдек Туркистон тарихи, адабиёти ва диний-маърифий масалаларга оид мақолаларини “Ёш Туркистон”, “Янги Туркистон”, “Туркистон овози”, “Булоқ” каби даврий нашрларда мунтазам равишда эълон қилиб борган.

 

Туркиянинг таниқли олими ва мунажжими, Истанбул шаҳридаги Қандилли расадхонасининг бош ходими Фатин Хўжанинг ҳузурида узоқ йиллар давомида фаолият олиб боради, – хусусан, форс ва араб тилларида ёзилган қадимий астрономияга оид асарларни турк тилига таржима қилиш ишлари билан шуғулланади.

 

Чет элда истиқомат қилган йиллари рўзғорини таъминлаш учун дўкондорлик ҳам қилади. Туркистон озодлиги йўлида “Туркистон Миллий Бирлиги” (ТМБ) марказида фаол фаолият олиб борган. Жумладан, 1928–1929-йиллари бўлиб ўтган ТМБ Бош конгрессида ташкилотнинг Шарқ мамлакатлари бўйича вакили этиб сайланади.

 

Эрон ва Афғонистондаги хизматлардан сўнг, 1956–1957-йиллари Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган “Америка овози” радиостанциясида муҳаррирлик қилади.

 

 

У 1930 йили тошкентлик Ҳалимахонга уйланади, Салима ва Қудратуллоҳ исмли фарзандлари бўлган. Қаерда бўлмасин Туркистон жамиятлари фаолиятида фидойилик билан иштирок этган, фарзандларини миллий руҳ ва ватанпарварлик ғоялари асосида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган.

 

Таваккул Бобур 1976 йил 14 апрель куни, 94 ёшида Истанбул шаҳрида вафот этган.

 

Чиғатой Кўчар Таваккул Бобур ҳақида шундай хотирлайди: “Таваккул Бабур Қуръони каримни пухта ёдлаган ва унинг тафсирини аниқ шаклда изоҳ этган айдин бир дин олими эди. У хурофийларга ва жоҳил муллаларга қарши эди. Таваккул Бабур камтар, яхшиликсевар, хушсуҳбат бир киши эди. Ғам-кулфат ва дардни нафрат этар, ҳар доим хушчақчақлик ва яхшиликни, атрофидаги инсонларнинг ҳам хуш кўнгилли бўлишини тилаган бир инсон эди”.

 

У ўз сўзини Таваккул Бобурнинг қуйидаги шеърий сатрлари билан якунлайди:

 

“Ана юртим – буюк Туркистон,

Айрилганимдан бугунга қадар.

Ёдимда бўлган азиз ватаним,

Доим зикрим ва фикрим – сенсан, улуғ Туркистон”.

 

Таваккул Бобур Туркистон жадид адабиётининг чуқур билимдони сифатида танилиб, айниқса Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов ва Чўлпон ижодини қунт билан ўрганган. Шунингдек, ўзбек халқ мақолларини узоқ йиллар давомида тизимли равишда тўплаб борган, бироқ нашр этишга улгурмайди.

 

Унинг ижодида мақол ва ҳикматли сўзлар алоҳида ўрин эгаллаган. Муаллифнинг айтишича, “...“Оталар сўзи” деб шунчаки ўтиб кетмайлик. Чунки бу сўзлар жуда қимматли маъноларни ифода этувчи насиҳатлардир. Айниқса, халқ шоирларимизнинг шеърлари фалсафий моҳиятга эга бўлган ҳикматли сўзлардир.

 

Қиш кечаларида мангал ёки печка бошида оқсоқоллар ва момолар томонидан болаларимизга айтиб берилган эртаклар ёш руҳларга қаҳрамонлик туйғусини сингдирувчи ибратли ҳикоялардир. Шунинг учун ҳам булар асрлардан бери халқ орасида оғиздан-оғизга ўтиб келмоқда. Бу сўзлар ўлмас асарлар бўлиб, ўз қийматини ҳеч бир даврда йўқотмаган. Масалан:

 

Ит ҳурар, карвон ўтар.

Ёғ ичганда ёт яхши, қон ичганда қариндош яхши...”.

 

Яъни, у “оталар сўзи” тушунчасига оддий лингвомаданий бирлик сифатида эмас, халқнинг асрлар давомида тўпланган ҳаётий тажрибаси, ахлоқий меъёрлари ва фалсафий дунёқарашини мужассам этган маънавий мерос сифатида қарайди.

 

“...Ҳар қандай миллат вакиллари миллий ва сиёсий курашга киришишдан олдин миллият ва ватанпарварлик ғоялари билан қуролланган бўлиши шарт. Бу қурол миллат фарзандларига болалик давридан бошлаб миллий қаҳрамонлик достонлари ва эртаклари орқали сингдирилади. Ёшлик чоғида эса халқ шоирларининг шеърлари, миллият туйғуси ва оталар сўзи орқали она тилининг теранлиги ва кенг маъноси ўргатилиши билан таъминланади.

 

Шу тарзда у миллат вакиллари жамият сифатида миллий маданият соҳасида етишади ва юксалади. Бундай юксалиш эса ўша миллатнинг ҳар қандай миллий курашда муваффақият қозониши учун кафолат бўлган асосий омилдир. Бу борада бир неча мисол келтириш мумкин:

 

Бошда Финландия бўлиб, Болтиқбўйи давлатлари бу соҳадаги катта ғайрат ва меҳнатлари натижасида, миллат сифатида биргаликда киришган миллий ва сиёсий курашларида зафар қучиб, мустақилликка эришдилар. Айниқса, 3 миллион аҳолидан иборат бўлишига қарамай, маданий жамиятларининг сони 20 000 дан ошган Фин миллати биз Туркистонликлар учун ибратли дарс бўлиши керак. Буни ибрат ва ҳавас билан кузатишимиз лозим.

 

Луқмани унга берки, оч эрур

Жомани (кийимни) унга берки, яланғоч эрур...”.

 

Мазкур ҳикматда “луқма” ва “жома” образлари моддий эҳтиёжларнинг энг асосий кўринишлари, яъни озиқ-овқат ҳамда кийим-бош рамзи сифатида қўлланилган. “Оч” ва “яланғоч” атамалари эса жамиятдаги ижтимоий тенгсизлик, муҳтожлик ва эҳтиёж ҳолатини англатади. Шу орқали халқ донолиги инсонни ўзидан кўра бошқалар аҳволига эътибор қаратишга, жамиятдаги заиф қатламни қўллаб-қувватлашга даъват этади. “...Шундай бўлгани учун ҳам Фин миллати дунёнинг энг кучли ва маданиятли миллатлари қаторидан жой олмоқда...” деб таъкидланади.

 

Таваккул Бобур ижодий меросида маорифпарварлик, миллий уйғониш ва сиёсий онг масалалари ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, у ўз даврида содир бўлган сиёсий воқеликларнинг сабаб-оқибатларини чуқур англаган ҳолда, айрим ҳолларда миллий зиёлилар томонидан билиб-билмай душманнинг тегирмонига сув қуйилганини тан олади. Жумладан, “...билмасдан душманнинг тегирмонига сув қуйган бўлдик. Бу аччиқ тажрибалар бизга кўрсатяптики, зиёли ёшларимизга тушадиган илк вазифа – сиёсий курашга отилишдан олдин халқимизни бу соҳада (маърифатда – М.Дармонова) тарбиялашдир.

 

Унинг асарларида ўзини-ўзи танқид қилиш, хатолардан хулоса чиқаришга қаратилган фикрлар шаклланган. Айниқса, сиёсий курашдан олдин маърифатни устувор қўйиш ғояси илгари сурилади. Унга кўра, халқ онги етарли даражада маърифат билан қуролланмас экан, ҳар қандай сиёсий ҳаракат самарасиз ёки ҳатто зарарли тус олиши мумкин.

 

Мазкур ғояни халққа янада таъсирчан етказиш мақсадида Туркистон лаҳжаси ва халқ оғзаки ижодига хос бадиий ифода усулларидан фойдаланган. Хусусан, “Туркистон учун” деб номланган шеърида халққа мурожаат шакли танланиб, ўтмишдаги илмий-маърифий тараққиёт ва ҳозирги таназзул ўртасидаги кескин қарама-қаршилик очиб берилади:

 

“Бир замонлар сен порлаган эдинг

Маърифат сари ном олган эдинг.

Турмасанг, бугун кўзингни очмасанг,

Ҳар бўлак битар севгили элинг”.

 

“Бир замонлар сен порлаган эдинг” деган мисра орқали Туркистоннинг тарихий хотираси, илм-фан ва маданият маркази бўлган даврларига ишора қилинса, “турмасанг, кўзингни очмасанг” деган даъватлар халқни уйғонишга, фаолликка чорлайди. Бу ерда уйғониш рамзи халқ оғзаки ижодига хос рамзий маънода қўлланилиб, маърифатни миллий сақланишнинг ягона шарти сифатида талқин этади. Муҳожирлик даврида яратилган ушбу ғоялар Таваккул Бобур учун фақат шахсий фожиа ёки ҳасрат бўлиб қолмасдан, умуммиллий тажрибанинг бадиий ифодасига айланган. Муҳожирлик шароитида у халқ оғзаки ижодидаги даъват, насиҳат ва ибрат омилларига мурожаат қилиб, миллий хотирани сақлаб қолишга интилади. Шу жиҳатдан, унинг шеърий мисоллари сиёсий публицистика билан оғзаки ижод анъаналари орасидаги кўприк вазифасини бажаради.

 

Таваккул Бобур томонидан халқ мақолларидан ташқари, миллий зиёлиларнинг шеърий парчаларидан ҳам намуналар келтирилгани унинг ижодий-услубий қарашларида адабиётни мафкуравий восита сифатида қўллашга алоҳида эътибор берилганини кўрсатади. Жумладан, Тиллахон қизи шеъридан олинган мисраларда мустамлакачиликка нисбатан кескин муносабат, бегона ҳукмрон кучларга қарши нафрат ва қаршилик руҳи рамзий-образли ифодада намоён бўлади:

 

Тиллахон қизидан:

 

Эй совуқ ўлкалардан муз кийиб келганлар,

У қўпол товушингиз қирларда йўқ бўлсин.

Эй меним боғимдан мевамни еганлар,

Қоп-қора бошингиз ерга кўмилсин.

 

Чўлпон ижодидан келтирилган шеърий парчада эса қуллик ва асирликка қарши инсон табиатига хос эркинликка интилиш ғояси марказий ўрин тутади:

 

Чўлпондан:

 

Олтин қўнғизни болалар ушлаб,

Ип билан кўкларга учириб ўйнарлар.

Қулликни севмаган йўқсулни қучоқлаб,

Нимага ўзининг эркига қўймаслар?”

 

Ушбу шеърий намуналарни мақсадли равишда танлаши орқали Таваккул Бобур миллий зиёлилар меросини халқ оғзаки ижоди билан уйғунлаштирган ва улар ўртасида ғоявий узвийлик мавжудлигини кўрсатган. Бу ҳолат унинг фаолиятида адабий мерос муҳожирлик шароитида ҳам миллий онгни уйғотиш, ҳуррият ғоясини сақлаш ва авлодлар хотирасига етказишнинг муҳим воситаси бўлганини исботлайди.

 

Хулоса қилиб айтганда, Таваккул Бобур фаолияти муҳожират шароитида номоддий маданий меросни, хусусан, халқ оғзаки ижодини сақлаш ва тарғиб этишда шахс омилининг нақадар муҳим эканини яққол намоён этади. У сиёсий тазйиқлар туфайли Ватандан йироқда яшашга мажбур бўлган бўлса-да, миллий маънавий қадриятлардан узилмаган, аксинча, уларни ҳужжатлаштириш, илмий ўрганиш ва келажак авлодларга етказишга бутун умрини бағишлаган.

 

Машҳурахон ДАРМОНОВА,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

1.                               Чиғатой Кўчар шахсий архиви. “Озодлик” радиоси материаллари. “Ўзбек сиёсий ва маданий арбоблари” туркуми, Абдулла Таваккул Бабур ҳаётига бағишланган эшиттириш. Муаллиф: Ч.Кўчар, муҳаррир: Ҳ.Икром. 06.11.1988; “Озодлик” радиоси, “Ўзбек хизмати” бўлими. “Маданий мерос” туркуми: “Марказий Осиё муҳожирлар матбуоти тарихи” (5-қисм: “Янги Туркистон”, 1927). Муаллиф: Хўжа ўғли, муҳаррир: Икром, режиссёри – Вафоли. 12.06.1989.

2.                               Dr. Naim Öktem / “Türk Dünyası”. Nr-42, sahifa-29-30, İst. 1976.

3.                               Абдуллазода Таваккал. Фарғонадаги курашлар / Енги Туркистон журнали. 1928 март 31. Сони 9. Саҳифа 10-11.

4.                               М.Дармонова шахсий архивидан. Чиғатой Кўчар билан суҳбат (Таваккул Бобур ҳақидаги хотиралар). Адана, Туркия. 2023 йил сентябрь.

5.                               “Özbek Türk Atasozlari”. Ede. Fak. Mez. Tezi. Çağatay Koçar. 1975.

6.                               Tevekkül BABUR. Atalar sözü yahut Atasözleri / “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 1. 20 Mart 1959. S. 12.

7.                               Tavakkul Bobur. Ata Sözleri veya Atalar Sözü / “Bulak” Dergisi. Yil: 1. Sayı: 2. 20 Nısan 1959. S. 12.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29511
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//