«Ўткан кунлар» романининг охирида “Ёзғучидан” бир илова берилган: «Кейинги Марғилон боришимда яқин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисини суриштириб билдим: Ёдгорбек ушбу асрнинг ўн тўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғул қолибдир. Ўғилларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ном-у нишонсиз, ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар».
Ушбу тўртта тугал гапдан иборат якун янги бир асарга хамиртуруш вазифасини ҳам ўтайди. Аммо уни ким ёзади? Ким Қодирий тўнини елкасига илади? Кимнинг қувваи ҳофизаси етади? Бу бир асрлик орзу ва армон эди.
Бу орзунинг рўёби ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси”ни ҳали миллий насримизда қўл урилмаган услуб – адабий мистификациядан фойдаланиб, “Ўткан кунлар”нинг руҳи ва услубини сақлаган ҳолда гўёки Абдулла Қодирий номидан тақдим этиши билан амалга ошди. Муаллиф буни асар сўзбошисида “Ўзим учун бир умр маънавий пир деб билганим Абдулла Қодирий ҳазратларининг таъбири билан айтганда, “ҳавасимда жасорат ҳис этдим, ҳаваскорлик орқасида кечатурган қусур ва хатолардан чўчиб турмадим”. Ул буюк зотнинг муборак номларидан сўз айтишга журъат қилдим”, деб изоҳлайди. Шу тариқа “Ялдо кечаси” том маънода янгиланаётган ўзбек адабиётида юксак адабий воқелик сифатида майдонга келди.
Ҳар бир асарнинг яралиш тарихи бор. Иброҳим Ғафуровнинг “Жадид” газетасининг 2025 йил 26 декабрь сонида эълон қилинган “Долғали аср ҳақида ғаройиб асар” номли мақоласида “Кириш сўзидан 1937 йилнинг 31 декабрь кечасидаги машъум тинтув пайтида Абдулла Қодирий билан бирга, унинг хонадонидан олиб кетилган, адибнинг шахсий мулкига доир қимматли ашёлар орасида 2060 варақдан иборат қўлёзма ҳам бўлганидан хабар топдик”, дейилади. Аммо И.Ғафуров назарда тутган “Махфий” деб аталган кириш сўзи китобга киритилмаган (аслида 3 хил вариантда сўзбоши ёзилган). Икром Искандарнинг “Ялдо кечаси”: хулоса ва сабоқлар” мақоласида (“Жадид”, 2026 йил, 9 январь) “Бир куни Хайриддин ака менга икки-уч бетлик бир қоғоз бериб, ўқиб фикр билдиришимни сўради. Тепасига “Махфий” деган тамға қўйилган ҳужжат билан танишар эканман, ҳайратдан тонг қотдим. “Сўровингизга биноан қуйидагиларни маълум қиламиз”, деб бошланувчи расмий хатда сиёсий қатағон қурбони бўлган партия-совет арбоби Қурбон Берегинга оид архивдаги ҳужжатлар орасидан 2060 бетдан иборат қўлёзма топилгани, мутахассислар фикрига кўра, у Абдулла Қодирий қаламига мансуб, эълон қилинмаган асар бўлиши мумкинлиги, ўз даврида Қодирий уни ўқиш учун Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Берегинга бергани, шу тариқа қўлёзма Берегиннинг “жиноий иши”га тикиб қўйилгани эҳтимоли” айтилади. Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” китобида “Дадамнинг навбатдаги режалари “Амир Умархоннинг канизи” номли роман ёзиш эди”, дейилади, аммо асар ёзилмаган. Шунга қарамасдан Абдулла Қодирий адабиётшунос Музайяна Алавияга “Ўйлаб юрган романимни ёзиб битирсам, китоб бўлиб чиқса, қўрқаманки, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”ни ҳеч ким ўқимай қўядими, дейман” деган экан. Бироқ Қурбон Берегин “дело”сидан топилган қўлёзма эса тамомила бошқа бўлиб, “Ўткан кунлар”нинг иккинчи китоби” деб тахмин қилинди ва “тарихий ҳужжатлар асосидаги бадиий тўқима” юзага келди. Шундан кўринадики, “Ялдо кечаси” архив ва фондлардан топилган минглаб ҳужжатлар, титилиб, ҳилвираб кетган газета-журналлардаги маълумотларни ўқиш ва саралаш орқали миллионлаб зарралар орасидан ажратиб олинган олтиндек сараланган асл тарихий ҳақиқатлар замирига қурилган.
“Ўткан кунлар” уч бўлим, 57 боб. “Ялдо кечаси” эса ҳар бири 27 бобдан иборат икки бўлимдан ташкил топган бўлиб, 54 боб, 464 бет замирида қонли кўйлагини кийган она Туркистоннинг XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошлари, то 1924 йилгача бўлган қарийб ўттиз йиллик тарихи мужассам. Асар “Ўткан кунлар”дан фарқли ўлароқ шом азони эмас, жума намози тугаб, одамларнинг чор тарафга тарқалаётгани билан бошланади. Қодирий асар аввалида огоҳликка чақирган бўлса, Х.Султон Туркистон ҳаётида жума намози тугаб, тарқоқлик, маҳзунлик юзага келганини рамзлаштиради. “Бояғина минглаб мўминлар товуши ила тўлғон масжиди муаззамнинг чил устунлик салқин, нимқоронғи толорлари, ҳужраю хонақоҳлариға яна сукунат чўмди”.
Ялдо кечаси энг узун тун бўлиб, 21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси ҳисобланади. Асарда эса бу узун кеча Туркистон халқлари бошига тушган қора кунлар, истибдод даврини ифода этади ва рамзлашади. Ўғри ва қароқчилар асосан тунда овга чиқади, шафқат билмайди. Ҳатто касалликлар ҳам негадир тунда кўпроқ хуруж қилади. Одамзод эса тонгни кута бошлайди.
Асарда Ёдгорбек ва унинг икки фарзанди аржуманди – Озодбек ва Одилбек, Зумрадбиби, уста Алим, жадид Нусратхон тўра, Дадахон муаллим, Мақсуд понсад, Ҳайдар Бурҳон, Ойниса қўрбоши каби қаҳрамонлар тақдири орқали Туркистон халқлари ижтимоий ҳаёти, бошига тушган кўргуликлар, жудоликлар очиб берилади. Тарихий ва тўқима образлар орқали муаззам бир адабий майдон яратилиб, яхлит асар вужудга келган. Услубда Қодирийга хос нуктадонлик, тарихийлик, образлилик, рамзийлик, урф-одат ва анъаналар, ўйноқи сўз, хатлар, мотивлар, тиниқ тасвир ва халқона иборалар, мақолу маталлар намоён бўлади. Аҳён-аҳёнда муаллифнинг воқеага аралашишлари ҳам кузатилади. Қодирий “Ўткан кунлар”нинг иккинчи бобида Отабек Зиё шоҳичининг уйида меҳмонда вақтида “Бизнинг Отабек” деб воқеага илк бор аралашган бўлса, Хайриддин Султон тўртинчи бобда “Ҳаммадан кўра кўпроқ Ёдгорбекнинг суюнганини айтиб ўтиришқа ҳожат йўқ, албатта” дейди. Шу тарзда ўқтин-ўқтин аралашувлар кузатилади. Бироқ улар тишга тегмайди, аксинча, асарнинг туб моҳиятини очишга хизмат қилади ва ўқишимлилигини оширади.
“Ялдо кечаси” қаҳрамонлари бошқа асарлардан фарқли ўлароқ оғир, босиқ ва қайғули. Қалбини миллат дарди, Туркистон қайғуси кемириб турган инсонлар. Улар аввал Чор Русияси, кейин эса шўролар истибдоди давридаги энг узун ва маҳзун, зулматли тун – Ялдо кечасида, мустамлака зулми остида оғир ва изтироби ҳаёт кечиради. Улар ҳуррият истайди ва бу йўлда шаҳид бўлишга ҳам тайёр. Асар Ватанга муҳаббат, халққа садоқат ва миллий истиқлол орзуси билан суғорилган бўлиб, китобхонни ҳам бугунги дориламон кунларга шукрона келтиришга, тинчлик ва фаровонлик қадрига етишга ундайди.
Роман қаҳрамонларнинг маслаги юксак. Улар оила, рўзғор ишлари, кунлик тирикчилик ғамини ўйлашмайди ҳам. Бошга иш тушганда бу ташвишлар ҳеч бўлиб қолади. Улар фақат эл-юрт озодлиги учун қайғуради. Ёдгорбек “Ахир, бу кунларда Оврупо халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, аларнинг шаҳарлари иликтрик билан ёритилур ва иситилур экан, туркистоний аҳли донишлар орасинда тўй куни қўйни келин келишидан аввал ёки кейин сўйған жоизми... деган ихтилофлар ҳануз давом этаётғани ҳеч кимга сир эмас-ку” деб куюнади ва Остроумовга ёзган хатида “халққа муҳаббат, зулмга адоват, фисқу фужурға нафрат, риё ва зарпарастликка хусумат”ини ошкор этади. Бу жонсўзлар юракни титратади, қалбларни уйғотади. Ҳатто “Нажот” газетасининг 31-сонида эълон қилинган мақоласидаги “Бизлар ҳеч кимга хушомадгўйлик қилмаймиз ва ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Бизлар виждон ва номусимизни пулга сотмаймиз. ...Тўғрилиқ йўлинда бўҳтон, ҳисб, ҳатто ўлимдан ҳам қўрқмаймиз. Тўғрилиқ ва муқаддас маслагимиз йўлида қурбон бўлмоқни ўзимиз учун шараф деб биламиз!” деган сўзлари Туркистон эрларининг жасоратини намоён этади. Ёки Нусратхон тўранинг “мамлакатдорлик ёлғиз ҳою ҳавас билан пойдор бўлмас. Иқтидор, аввалан, ҳарбий иқтидор керак. Сармоявий қудрат лозим. Сониян, эл-улуснинг якдиллиги, қўллови даркор. Таассуфки, мухториятда мана шу уч нимарсанинг ўзи йўқтур. Бўлса-да чала ва заифдир” деган аччиқ ҳақиқатлари нафақат ўша давр кишиларини, балки бугунги китобхонни ҳам ўйга толдиради. Бу йўқчилик, очарчилик, синовлар, фитналар бора-бора ака-ука Озодбек билан Одилбек ўртасига ҳам низо солади ва бутун бир оиланинг, рамзий маънода оталари бек бўлган Туркистон болаларининг тарқоқ, йўқ бўлиб кетишига олиб келади.
Портрет яратишда ҳар бир ёзувчи ўз услуби, ғоявий мақсадига таянади. Юксак маҳорат билан яратилган портрет инсоннинг тўлақонли образини намоён этади, руҳий дунёсини чуқурроқ очиш воситасига айланади. Абдулла Қодирий яратган Отабек, Кумуш, Зайнаб, Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Офтоб ойим, Мирзакарим қутидор, Хушрўйбиби, уста Алим, Саодат каби ўнлаб портретлар китобхон кўз олдида муҳрланиб, қалбига сингиб кетган. Уларнинг айримлари “Ялдо кечаси”га ҳам ўтиб, янада ардоқли инсонларга айланди. Уларнинг бири фидойи, бири муштипар, бири жадид, бири қўрбоши, бири хоин... Асар воқеалари улар атрофида содир бўлади ва бир яхлит манзара ҳосил қилади.
“Ялдо кечаси” романи “шакартек тил била” битилган. Гарчи асарда Қодирийга хос “ған” услуби устувор бўлса-да, ўқувчини толиқтирмайди, ҳатто бунга aҳамият ҳам бермай қўяди. Китобхон илк саҳифаларданоқ ёридан айрилган Отабек ҳаётининг давомини кутади ва воқеалар замирига сингиб кетади. Саҳифалар қаърига сочилган мақол ва маталлар, нозик иборалар, қочиримлар, топилмалар ўқувчига завқ беради. Биргина мақолларни олиб кўрайлик:
Тўққиз тўлғоқ бир келади;
Замон ўзгаргани билан инсон зоти ўзгармас;
Инсоннинг қўли гул, оёғи чўл;
Узун сўзнинг қисқаси яхши;
Шошқалоқлик шайтоннинг иши;
Ош – авлиё, нон – пайғамбар;
Ҳар жойнинг тулкисини ўз тозиси билан овлайди.
Уларнинг қўлланилиши ровий услуби билан бирга халқимизнинг азалий донишмандлигини ҳам намоён этади. Мирзакарим қутидорнинг Ёдгорни “ҳаётимиз шамчироғи, нури айн бўлди”(18), дея ардоқлаши, Отабекнинг Кумушни “ҳаёти лолазорим”(33) дея ёдлаши, “товуши товланиб”, “қунишиб”, “тамшаниб”, “таназзул буржи”, “ҳовлиқмачоқ”, “олам бу кунларда ҳозирғина чимилдиқдан чиққан келинчак сингари сулув ва малоҳатлиқ эди”, “мошинавори” каби сифатларнинг қўлланилиши ўзбек тилининг бойлигини ва сўз латофатини кўз-кўз этади. Асарда берилган тумор воқеаси, Маҳамбет мерганнинг тўрт девор ичида юраги сиқилиб, ҳовли ўртасига оқ ўтов тикиб яшаши, ўрус аскари Фарғонани босиб олганида “Кофирнинг оёғи теккан кўча менга ҳаром” деб то вафотига қадар ҳовлисидан чиқмаган аёлнинг жасорати, Қўрбошилар ичган қасам, очарчилик йилларида ўз фарзандини еб қўйган одамлар... буларнинг барчаси асарнинг энг оғриқ нуқталари бўлиши билан бирга китобхон хотирасида бир умрга муҳрланиб қолувчи жароҳатлар ҳамдир.
“Ялдо кечаси”да муаллифнинг яна бир ютуғи ва маҳзун жасорати Туркистонга нисбатан қўллаган ўлмас иборалардир:
“Ўрусия иператўри тожидаги гавҳар – Туркистон”;
“Туркистон эски дунёнинг Амриқоси”;
“Бу дунё жиҳодгардур”;
“Туркистон – мотамхона”.
Мазкур иборалар ўқувчини ўйлантириб қўяди, қаттиқ изтиробга солади, кўзларига ёш келтиради. Юрт қачон бу аҳволга тушди? “Бор-йўғи икки фоизғина аҳолиси саводхон” деган туҳмат ва ҳақоратлар қандай пайдо бўлди? Гўзал Туркистон нега мотамхонага айланди? Нега Чўлпон:
“Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Саҳар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?” – дея фарёд қилди? “Эй, гўзал Фарғона, қонли кўйлагингдан айланай!” дея қонлар ютди. Одилбек қизил аскарларга қарши мардона курашаётган чоғда унинг кўксига теккан ўқ ногоҳ китобхон қалбига қадалгандек бўлади. Унга қўшилиб, “Оҳ” деб юборади. Қалблардан бир нидо отилиб чиқади:
“Одилбек ўлдими? Асло! Зотан Одилбек ким эди? У Ватан ва дин мужоҳиди, марди Худо эди! Бас, шундоқ инсонни ўлди деб бўлурми? Башарти, Одилбек ўлган бўлса-да, айтинг унинг иши, унинг аъмоли, унинг маслаги ҳам ўлдими? Асло ўлгани йўқ!”
Ногоҳ “Байроқни ким кўтаради?” деган савол ўртага чиқади. Ким?!
Асар ана шундай тўлқинлантиради, қалбларга олов ёқади! Ялдо кечаларида ёқилган бу олов уйғотувчи аланга бўлиб, асрлар қаъридан бугунги кунгача етиб келади. Боболар орзу қилган ва шу йўлда жонлари фидо бўлган миллий истиқлолга муносиб бўлишга даъват этади. Зеро, ватанпарварлик соҳибини моли, вақти, кучи, ҳатто жони-ю, руҳини мардларча фидо қилишга ундайди.
Китобни ёпқач...
Бироз фикр қилган ҳолда таъкидлаш керакки, “Ялдо кечаси” тажаллисида қуйидагилар намоён бўлади:
- ўзбек адабиётида илк бор адабий мистификациядан фойдаланилди;
- жадид образи илк бор Ёдгорбек Отабек ўғли, Нусратхон тўра, Дадахон муаллим каби образлар мисолида ёрқин намоён бўлди;
- жадид мактабларининг машаққатли фаолияти очиб берилди;
- жадид матбуоти “Нажот” газетаси мисолида талқин этилди;
- ҳасрати Усмон мусҳафи тарихи ва унинг юртимизга қайтарилиши бадиий ифодасини топди;
- Туркистонда кечган очарчилик адабиётга олиб кирилди ва образлантирилди;
- “Байналмилал оила”нинг юзага келиши ва мақсад-муддаолари фош қилинди.
Бундан ташқари, “Ялдо кечаси”да муаллифнинг вақтли-бевақт воқеага аралашишлари, Нусратхон тўра образи, 27-, 100-, 260-саҳифаларида тасвирлар ва айрим ўринлар ҳам борки, бу бошқа мақола учун алоҳида мавзудир...
Холиёр САФАРОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Ватандош
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ