Туркия, Арабистон, Исроилда қурилган ўзбек таккалари – XV асрга саёҳат


Сақлаш
16:17 / 14.01.2026 19 0

Ўтмишда боболаримиз ҳомийлигида хорижий юртларда қурилган тарихий бинолар халқимиз номининг бошқа мамлакатларда кенг ёйилишига хизмат қилган. Хусусан, туркистонликлар ташкил этган таккалар “ўзбек”, “бухоролик” “андижонлик”, “қўқонлик” каби сўзлар билан бирга аталиб, ҳозир ҳам халқимизнинг саховатини намойиш этиб келмоқда. 

 

Кимнинг сармояси ҳисобидан қурилганига кўра, уларни икки гуруҳга ажратиш мумкин: 1) туркистонлик шайхлар, сармоядорлар, ҳукмдорлар бунёд этган таккалар – улар ўзбек таккаларининг асосий қисмини ташкил этади; 2) турк султонлари ва сармоядорлари ҳисобидан туркистонлик шайхлар учун қурилган таккалар – уларнинг сони кўп эмас.      

 

Таккалар “зовия”, “хонақоҳ”, “мусофирхона”, “ҳожихона”, “даргоҳ”, “остона”, “лангар” деб ҳам аталган. Улар, аслида, ўрта асрларда исломни, тасаввуф шайхлари таълимотини тарғиб қилувчи марказ сифатида қурилган. Туркистонликларнинг хорижда такка бунёд эттириши нақшбандийликнинг ўзга юртларда кенг ёйилиши билан ҳам боғлиқ. Мазкур тариқат XV асрдаёқ Эрон, Афғонистон, Миср, Ҳижоз, Шимолий Кавказ, Туркияда тарқала бошлади. XVI–XVII асрларда эса Фаластин, Ироқ, Иордания, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Цейлонга қадар ёйилди.

 

Йирик таккалар мақбара, чиллахона, ҳужралар, дарвешхона, саломлашув хонаси, ҳарам, омбор, ошхона, қафас (муборак кечаларда аёллар жамланадиган жой), мактаб, қўлёзмахона, матрабдан (самоъ вақтида илоҳий қўшиқ айтувчилар ўтирадиган жой) иборат бўлган. Саломхона шайхнинг жойи, ҳарам эса унинг яшаш уйи саналади. Иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлган даргоҳларнинг таъминоти учун ҳукмдорлар ва шайхлар вақф мулки ажратган. Мадрасаларда жамиятнинг юқори тоифаси таҳсил кўрган бўлса, таккалар барча тоифадагилар учун таълим-тарбия ўчоғи саналган (Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. Тошкент, “Истиқлол”, 1999. 99-бет). Такка, хонақоҳнинг бошлиғи муршид, шайх, пир, устоз деб юритилган, унга тобелар эса мурид ёки шогирд саналган.

 

Илм олиш, ҳаж қилиш, савдо иши, элчилик мақсадларида сафарга чиққан туркистонликлар хорижда доим қўноқхоналарга эҳтиёж сезган. Шунга кўра туркистонлик шайхлар, ҳукмдорлар, сармоядорлар Макка, Мадина, Жидда, Бағдод, Дамашқ, Қоҳира, Басра, Бурса, Адана, Измир, Кўня, Истанбул, Одесса каби йирик шаҳарларда ўз ватандошлари учун мусофирхоналар қурдирган. Зиёратчилар текин ётоқ жой, озиқ-овқат ва бошқа зарур буюмлар билан таъминланган.

 

Бағдод шаҳридаги ўзбек таккаси таркибида масжид ҳам бор эди. У 1824 йили усмонийларнинг Бағдоддаги волийси Давуд пошо томонидан қайта таъмирланган. Шу сабабли баъзи манбаларда бу мажмуа “Давуд пошо Ўзбеклар такяси” номи билан ҳам тилга олинади (Alkan Mustafa. Osmanli Devleti’nde Özbek Tekkeleri // Yitik Hafızanın Peşinde Buhara Konuşmaları. Pruva.  Ankara. 2019. S. 279). Такка ва масжид биноси сақланиб қолган бўлиб, у “Жомеъ ул-Бағдод” номи билан машҳур. Бағдоддаги ўзбеклар таккаси XX асрнинг 50-йилларида ҳам ўзбек муҳожирларга хизмат қилган.

 

Усмонийлар давлати шаҳарларида кўплаб ўзбек таккалари қурилган. XVII асрда пойтахт Истанбулда 500 дан ортиқ такка мавжуд бўлган эса, XIX асрда фақат нақшбандийлик тариқати номи билан боғлиқ 52 та (айрим манбаларда 65) такка фаолият юритган. XIX аср охири ‒ XX аср бошида бу шаҳарда 8 та такка қолган эди (Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. 108-бет).

 

Ускудар мавзесидаги Султонтепа, шунингдек, Сусузбоғ, Айюб, Оқсарой ва Кадирга, Султон Аҳмад Бинбирдирек маҳалласидаги Шаҳид Меҳмет паша тепалигидаги таккалар энг машҳурлари саналган. Ҳозирда Султонтепа, Бухоро, Айюб таккалари бинолари сақланиб қолган.

 

Истанбулдаги барча таккаларни Туркистон шайхлари бошқарган. Улар ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, қорақалпоқ мусофирлари, ҳаж зиёратчилари учун қўноқ вазифасини ҳам бажарган.

 

Ускудар мавзесидаги Ўзбеклар таккасига султон Мустафо III (1757‒1774) томонидан 1757 йилда асос солинган. Қўш қаватли мажмуа 20 та ҳужра, масжид, ҳовуз, таҳоратхона, ошхона, боғ, хўжалик иншоотлари ва кичик қабристонни ўз ичига олади. Бу ерда 50 нафардан зиёд туркистонлик муҳожир дафн этилган. Бухоро озодлиги учун курашган истиқлолчи Усмон Хўжа ўғли (1878‒1968) ҳам шу ерда мангу қўним топган. Мазкур такка 1919‒1922 йилларда Туркиянинг Буюк Британия, Франция, Италия ва Юнонистонга қарши олиб борган урушида қурол-яроғ омбори, турк аскарлари яширинадиган пункт вазифасини ўтаган.

 

1925 йили Туркия Республикаси ҳукумати Истанбулдаги барча таккалар фаолиятини расман тақиқлаган. Аммо мустақиллик учун курашдаги роли сабаб бу такка ёпилмаган (Ҳайитов Ш., Раҳмонов К., Аҳмадов О. Бухоро ва бухорийларнинг жаҳоний шуҳрати. Тошкент, “Наврўз”, 2020. 35-бет). 1971 йили Нажмиддин афандининг вафотидан кейин такка қаровсиз қолган. 1983‒1994 йилларда шайхнинг Америкада яшовчи авлодлари томонидан такка таъмирланган. Унинг биноси ҳозир музей ва маданият маркази сифатида хизмат қилиб келмоқда.

 

Истанбулда 1692-1693 йили бунёд этилган, Султон Аҳмад жоме масжидидан 200 метр масофада жойлашган Бухоро таккаси ҳам мавжуд. 2008 йилдан бу такка биносидан Дизайн маркази сифатида фойдаланилмоқда. Айюб мавзесидаги ўзбеклар таккаси эса 1743 йили Лализоде Абдулбоқий Эфенди томонидан қурилган. У 1925 йилгача фаолият юритган. Бинонинг асосий қисми йўқ бўлиб кетган, фақат бошланғич мактаб, аркали дарвоза ва Лализоде Абдулбоқий Эфендининг қабри сақланган.

 

Шунингдек, ҳозирги “Ўзбек отел” ўрнида илгари ўзбеклар таккаси бўлган. Унга 1923 йили Истанбулга муҳожир сифатига келган Усмон Хўжа ўғли асос солган (Ражабов Қ., Ҳайитов Ш. Усмон Хўжа. Тошкент, 2011. 27-бет). Истанбулнинг Оқсарой мавзесида ҳозирги кунда Туркистон муҳожирининг ўғли Зойирхўжага тегишли “Ўзбек отел” меҳмонхонаси ҳам фаолият юритади.

 

Туркиянинг Адана шаҳрида эса “Ўзбакий”, “Нақшбандий таккаси”, “Шайх Муслиҳиддин таккаси” деб номланган даргоҳ фаолият юритган. Бу такка Бухоро аҳолиси жўнатган маблағ ҳисобидан Шайх Али томонидан 1900 йили барпо этилган.

 

Бу даврда Бурса шаҳрида ҳам 40 дан ортиқ такка бўлгани маълум. Жумладан, “Бухоро таккаси”, “Ашур Афанди таккаси”, “Ўзбеклар таккаси” номлари билан машҳур такка ХVI асрдан ХХ асрнинг биринчи чорагигача фаолият юритган.

 

XX аср бошларида Арабистоннинг Макка, Мадина, Жидда, Тоиф, Риёз шаҳарларида туркистонликлар қурдирган 70 дан ортиқ такка хизмат кўрсатган. Ҳозирда Исроил давлатига қарашли Ёфа (Жафа, Яффа) қадимий порт шаҳрида ҳам XX аср ўрталарида Ҳожи Бақо Бухорий номи билан боғлиқ иккита ўзбек таккаси фаолият юритган (қаранг: Беҳбудий М. Танланган асарлар. Тузатилган ва тўлдирилган 2-нашри. Тошкент, “Маънавият”, 1999. 136-бет). Қуддус шаҳри зиёратига борган туркистонликлар қўним топадиган асосий манзил “Бухорийлар таккаси” ёки “Нақшбандийлар хонақоҳи” деб аталган. У шаҳарнинг Антония минораси яқинида Чилла кўчасида жойлашган бўлиб, Сўфий Усмон Оға ибн Абдулмуъин (Сўфий Усмон ёки Усмон Бухорий) томонидан 1616 йили бунёд этилган. Такка бугунги кунгача бухоролик шайхлар авлодлари томонидан идора этиб келинмоқда (Thierry Zarcone. Sufi Pilgrims from Central Asia and India in Jerusalem. Kyoto. 2009. P. 46).

 

XIX асрда Жидда шаҳрида Бухоро амирлари, ўзбек бойлари қурдирган 4 та такка фаолият юритган. XIX аср ва XX аср бошларида хорижга чиқиб кетган ўзбекларнинг авлодлари ота-боболарининг анъаналарини бугунги кунда ҳам давом эттирмоқда. XX асрнинг 40-йилларида Жиддада ҳам айрим ўзбек таккалари фаолият юритган. 1972 йили собиқ СССРдан ҳажга борган 15 нафар зиёратчи Жидда шаҳридаги Қаҳҳор Қўқондийга тегишли меҳмонхонага жойлашган (ЎМА. Ф-2456, р-1, 527-йиғма жилд. 35-бет). Ҳозирги кунда Жидда шаҳрида асли ўзбек Абдураҳмон Хўқандийга тегишли 10 қаватдан иборат йирик меҳмонхона мавжуд. Шунингдек, Абдуллажон Андижонийнинг ҳам Жидда ва Тоиф шаҳарларида йирик меҳмонхоналари бор.

 

XIX асрда Маккада Марказий Осиё бойлари қурдирган 8 та такка фаолият юритган. Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон (1880‒1944) ҳам ўз маблағига Макка шаҳри яқинидаги тепаликда 4 қаватли такка қурдирган. У амирнинг ўғли Мўминхон Олимий тасарруфида фаолият юритган (Ҳайитов Ш., Айтматова З. Марказий Осиё мусулмонларининг муборак ҳаж сафари: тарих ва бугун. Бухоро, 2022. 12-бет). XX асрнинг 40-йилларида Макка шаҳрининг ўзида ўзбекларга тегишли 60 та такка сақланган. 1962 йили СССРдан ҳаж зиёратига борган мусулмонлар Макканинг Жият мавзесидаги 4 қаватли ўзбек таккасига жойлашган. Эҳтимол, айни шу такка Саид Олимхон томонидан қурилгандир.

 

XX аср бошида чустлик Сайид Маҳмудхон тўра ҳажга бориб, Мадинада зиёратчи туркистонликлар ёрдамида ҳамда ўз маблағи ҳисобидан Чустийлар таккасини қурдиради. XX асрнинг 40-йилларида ҳам Мадинада 20 дан ортиқ ўзбек таккаси мавжуд эди. Уларнинг айримларини ўз эгалари бошқарган, баъзиларини эса қонуний ёки ноқонуний тарзда маҳаллий араблар олиб қўйган. Яна айримлари эса қаровсиз қолган. Мадина ва Тоиф шаҳарларида ҳозир ҳам Андижон таккалари фаолият юритади.

 

Гулдона ТАНИЕВА,

Низомий номидаги ЎМПУ профессори,

тарих фанлари доктори

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.

“Такка, зиёрат, ҳожихона” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29436
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//