Ҳозир Ўзбекистонда 150 га яқин музей фаолият юритмоқда. Ўзбекистон тарихи давлат музейи юртимиз тарихини тош давридан бугунги кунга қадар қамраб олганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Унда 350 мингдан ортиқ экспонатлар сақланиб, шулардан 75 мингдан ортиғи Археология фондига тегишли. Экспонатларнинг энг ноёблари деб ҳисобланган 10 мингга яқини экспозиция залларидан ўрин олган. Экспозиция даврлар бўйича бўлимларга ажратилган. Биринчи бўлим “Ўзбекистон ҳудуди тош даврида”, иккинчи бўлим эса “Ўзбекистон ҳудуди бронза даврида” деб юритилади.
Бронза даври бўлимида Замонбобо, Сополлитепа, Жарқўтон, Кучуктепа (Тошкент воҳаси) ҳамда Чуст ёдгорликларидан топилган топилмалар жойлашган. Улар орасида “Икки бошли илон” ҳайкалчаси алоҳида эътиборга молик. У икки томонлама ҳайкалча бўлиб, бир-бирига қараган бошчалари билан таналари кескин тарзда ўзаро чирмашиб кетган икки дона доғли илон тасвирларидан ҳосил бўлган тақа (подкова)симон шаклга эга. Ҳайкалча юмшоқ тош – хризотилдан ўйиб ишлаш ва арралаб кесиш техникаси ёрдамида тайёрланиб, кейинчалик сиртига сайқал берилган. Тасвирнинг бир томони яхшироқ силлиқланган, эҳтимол, айнан шу томон олд (асосий) юзаси бўлган. Илонлар ҳайкалчаси тайёрланган минералнинг кони Сўхдан шимоли-шарққа томон 25 км масофада жойлашгани буюмнинг маҳаллий келиб чиқишини кўрсатади.
Ҳайкалча юзасидаги безаклар илон таналари бўйлаб геометрик жиҳатдан ҳеч қандай аниқ жойлашувсиз бажарилган, нотекис овал шаклдаги чуқурчалардан иборат. Чуқурчаларнинг умумий сони 400 тадан ортиқ бўлиб, ҳар икки томонда 219 тадан жойлашган. Илонларнинг думлари бир нечта чизиқлар билан безатилган (улардан бирида 4 та, иккинчисида эса 5 та чизиқ мавжуд). Илон таналари ҳам юқори ва қуйи қисмларга узунасига туширилган чизиқлар орқали иккига бўлинган бўлиб, бу чизиқлар пастга томон икки тармоққа ажралади. Қирраларининг силлиқланганлигига қараганда, тешиклар буюм сиртини сайқаллашдан олдин бурғулаб очилган. Кўз, тиш ва бурун тешиклари кесимда юмалоқ, илон таналарини қоплаб турган чуқурчалар эса овал шаклга эга. Қулоқлар ва қош ёйлари ярим доира шаклида ўйиб ишланган (бошнинг юқори қисмида 4 жуфт ёй, шунингдек, қарама-қарши йўналган 2 жуфт ёй мавжуд). Бундан ташқари, илон бошларининг юқори қисмида ғалтаксимон шаклдаги чуқурчалар ишланган. Бурун тешикларининг юқори қисмида кўндаланг чизиқлар туширилган, бошчаларнинг остида, бўйин қисмида эса иккитадан кўндаланг ўйма эгатлар мавжуд. Илон таналаридаги айрим овал чуқурчалар оқиш рангли гипс массаси билан тўлдирилган. Тишлар учун мўлжалланган чуқурчаларнинг аксарияти гипс қоришмаси билан тўлдирилмаган (бир илонда юқори жағда 14 та, қуйи жағда 13 та, иккинчисида эса мос равишда 14 ва 11 та чуқурча мавжуд). Экспонат инвентар маълумотларига кўра: инвентар рақами № А.13928; коллекция рақами № 207-1, буюмнинг баландлиги 27 см, кенглиги 25 см, эни (қалинлиги) 4,7 см.
Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланаётган икки бошли илон-ҳайкалча.
Бу ноёб экспонатнинг Ўзбекистон тарихи давлат музейига келтирилиш тарихи қуйидагича: 1899 йилнинг 4 ноябрида Туркистон археология ҳаваскорлар тўгараги аъзолари ўз коллекцияларини Тошкент музейи археология бўлимига топширдилар (Ўзбекистон тарих давлат музейи 1876 йилда Тошкент музейи номи остида очилган). Ашёлар орасида 1893 ёки 1894 йилда Қўқон уъездининг Сўх қишлоғида яшовчи Г.С.Батиров томонидан ерга ишлов бериш чоғида топилган икки (қўш) илон кўринишидаги тумор-ҳайкалча ҳам бор эди. Олимлар ушбу нодир топилма бронза даврига тегишли бўлиб, санаси милоддан аввалги II минг йилликка оидлигини аниқлаганлар.
Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, илон кўринишдаги тумор-ҳайкалча Ўзбекистон ҳудудидан бошқа топилмаган. Бронза даврига оид қўшилон шаклидаги топилма кўп ҳажмда фақат Эрон ҳудудидаги Жирофт маданиятига оид ёдгорликлардан топилган. У Жанубий Эрондан Фарғонага қандай келгани номаълум, эҳтимол, Ўзбекистоннинг шимолида Жирофт маданиятининг таъсир чегараси ўтган, деган қарашлар ҳам мавжуд, бироқ бу пайтда Фарғона водийсида Чуст маданияти тараққий топган эди. Жирофт маданиятининг асосий археологик ёдгорлиги – Конор-Сандал (милоддан аввалги 3 минг йиллик) қазилмалари. Жирофт маданиятининг асосий маркази бўлган Шаҳри-Суҳтега (сўзма-сўз “ёниб кулга айланган шаҳар”) милоддан аввалги 3200-йилларда асос солинган. Бу ёдгорлик Эроннинг жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон вилоятида, Ҳилманд дарёси бўйида, Зоҳидон-Зобул йўли яқинидан топилган. 2014 йилда UNESCOнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Иккинчи бир назария – савдо алоқалари натижасида Фарғонагача етиб келган. Биз шу назарияни қўллаб-қувватлаймиз. Топилган икки бошли илон-ҳайкалчаларнинг деярли барчасининг юқори қисми тутқичли, яъни кўтариб ёки боғлаб юришга қулай ҳолатда ясалган.
Илон култи (тимсоли) азалдан дунёнинг барча қадимий маданиятларида мураккаб ва кўп қиррали рамз бўлиб, қуйидагиларни ифодалаган: Абадийлик, донолик, ҳимоя, шифо ва бошқалар. Шу сабабли ҳам илонлардан ясалган ҳайкалчалар эъзозланган. Инсонлар томонидан тумор ёки ҳимоя рамзи сифатида олиб юрилган. Илон-ҳайкалча ҳам айнан иқтисодий ва маданий алоқалар орқали Фарғонагача етиб келган бўлиши мумкин. У маҳаллий аҳолидан кимгадир совға сифатида тақдим этилган, шунинг учун бу ерда қолиб кетган деган хулосага келишимиз мумкин. Илон рамзи ҳозирги кунда ҳам тиббиёт, астраномия, психология, дин ва мифологияда турли образларда сақланиб қолмоқда. Бу кўп қиррали маънолари илоннинг инсониятнинг коллектив онгида қанчалик чуқур илдиз отганини кўрсатади. Ҳар бир маданият ўзига хос шароит, эҳтиёж ва дунёқарашига мос равишда илон рамзига ўзига хос маънолар юклаган.
Сарвар БОЙМИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ