Ҳазрат Мир Алишер Навоий номи етти иқлимда маълуму машҳур. Йигит кезларидаёқ Оққуюнлилар давлатидаги мухлислари томонидан илк девони тартиб берилган, шоирнинг дилбар ғазаллари Усмонийлар давлатидан Қозон хонлигига қадар етиб борган эди.
Навоийнинг номи Ҳинд ўлкасига Бобурдан анча аввал етиб боргани маълум. Ҳусайн Бойқаро Лўдийлар (1451–1526), Шарқий Ҳиндистон (1394–1479), Баҳманийлар (1347–1527) давлатлари билан савдо ва дипломатик алоқаларни йўлга қўйган эди. Жумладан, лўдийларнинг машҳур шоири Мавлоно Жамолиддин Жамолий 1492 йили Ҳиротга келиб шоиру фозиллар билан ҳамсуҳбат бўлган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган “Тазкираи Ҳусайний” асарида Жамолиддин Жамолий Ҳиротда Алишер Навоий билан ҳам учрашиш бахтига муясар бўлгани қайд этилган.
Баҳманийлар саройининг нозиктаъб шоирларидан бири, вазир Хожа Маҳмуд Говон ҳам хуросонлик шоирлар, жумладан, Абдураҳмон Жомий билан ёзишма олиб борган. Шу орқали Навоий ижоди ва фаолияти билан яқиндан таниш бўлган.
Баҳманийларнинг яна бир шоири Мир Ҳошимий Кирмоний “Махзан ул-асрор” (Низомий Ганжавий) достонига жавобан ёзган “Мазҳар ул-асрор” маснавийсида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий номини ҳурмат билан тилга олиб ўтган. Жумладан, Навоийни “минг бир фазилатга эга амир”, “барчага ўрнак бўладиган мумтоз ва нодир инсон” дея таърифлайди.
Ҳиндистондаги Раза кутубхонасида Навоий билан боғлиқ бир қанча қўлёзмалар мавжуд. Шулардан бири “Туҳфаи муршидий” асаридир. Изоҳда мазкур рисола Алишер Навоийнинг илтимосига кўра ёзилгани қайд этилган.
Бобур Мирзонинг қизи Гулбаданбегим “Ҳумоюннома” асарида акаси Ҳумоюн Мирзо саройида Туркистон, Самарқанд ва Бухородан келган шоирлар иштирокида мунтазам мушоиралар ўтказилгани ҳақида сўз юритади.
Бобурийлар даврида Алишер Навоий девонлари кўчирилган, уларга миниатюралар ишланган. Жумладан, Виндзор кутубхонасида Навоийнинг нодир қўлёзмаси сақланади. “Бухоро қўлёзмаси” деб номланадиган мазкур “Терма девон” хаттот Султон Али Машҳадий томонидан Ҳиротда 1491-1492 йилда кўчирилган ва унга шоирнинг муборак нигоҳи тушган бўлса ажаб эмас. Кейинчалик Ҳиндистонга – бобурийлар саройига келиб қолган ушбу қўлёзмага ҳинд рассомлари расм чизган.
Иккинчи қўлёзма “Хамса”нинг тўлиқ тўплами бўлиб, у ҳам Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган. Унга Лаъл, Маноҳар, Мукунд сингари ҳинд рассомлари суврат ишлаган. Ушбу ноёб қўлёзмаларга бобурий ҳукмдорлар – Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ (1556–1605) ва Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир (1605–27) саройи кутубхонасида зийнат берилган.
“Хамса” миниатюралари ҳинд ва Хуросон ижодий анъаналари асосида чизилган. Султон Ҳусайн Бойқаро тахтда, қўлида пиёла тутиб ўтирибди. Темурий ҳукмдор мусаввир Беҳзод чизган миниатюраларга мос равишда яшил либосда тасвирланган. Алишер Навоий султонга тавозе билан китоб кўрсатмоқда. Навоий ҳам бошқа тасвирлардаги сингари сарғиш либосда. Атрофда мулозимлар жиддий бир маросимга ҳозирлик кўраётир. Тахт пойидаги кичик хонтахтага ноз-неъматлар келтирилмоқда. Қассоблар қўйларни сўйишга шай турибди. Хизматкор ҳинд миниатюраларидаги сингари энгил-бошда тасвирланган. Бу мусаввирнинг ҳинд миллатига мансублиги, хуросонликларнинг кийиниши ҳақида тасаввурга эга эмаслиги билан боғлиқ бўлса керак. Саҳифа тепасида Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидан Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳ этилган бобнинг дастлабки байтлари битилган. Шеърий парчадаги “Султон Ҳусайн” сўзи зарҳал бўёқда ёзилган. Шу ҳолатнинг ўзиёқ бобурийлар хонадонида ўз аждодлари – темурий ҳукмдорларга эҳтиром юксак бўлганидан далолат беради.
“Ҳайрат ул-аброр”да келтирилган икки вафодор ёр ҳикоятига ҳам алоҳида расм ишланган. Ҳикоятда Амир Темур Ҳиндистонни забт этганида юз берган бир воқеа баён қилинади. Соҳибқирон ўлкани эгаллагач, юз минг кишини ўлимга буюради. Ўша маҳал жаллод икки вафоли ёрни кунда бошига келтиради. Аммо ҳар иккиси ҳам севгилисига бир неча дақиқа узоқроқ умр бағишламоқ учун ўзини олдин ўлдиришини сўрайди. Бу ҳодиса Амир Темур қулоғига етиб боради ва у барча асирларни ўлимдан озод қилади.
Шунингдек, ушбу қўлёзмада “Ҳайрат ул-аброр”даги Иброҳим Адҳам ва Робияи Адавия, Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Имом Фахриддин Розий ҳикоятларига атаб ҳам миниатюралар чизилган.
Султон Муҳаммад Акбар (1542–1605) замонида тарихчи Абулфазл Алломий томонидан “Бобурнома”га тақлидан битилган “Акбарнома” асарида муаллиф шоҳ Бобур билан жангларда ёнма-ён юрган Султон Муҳаммад Кўса исмли мулозимни зикр этаркан, “Жуда хушхулқ киши эди, табъи назми бор эди, Мир Алишернинг сафдошларидан бири бўлиб, аълоҳазратнинг шарафли жамиятида яшаган эди” дейди (Абу-л Фазл Аллами. Акбар-наме. Самара, “Агни”, 2005. Стр. 83). Ушбу мисол Навоий замонаси ва Ҳирот адабий муҳитида яшаган тарихий шахслар бобурийлар даврида ҳам ўзига хос мавқега эга бўлганини кўрсатади.
Бобурийлар даврида форс тилида ижод қилган шоирлар ҳам Навоий ижодидан хабардор бўлган. Жумладан, Мирзо Абдулқодир Бедил (1644–1721) Навоийдан улги олганига гувоҳ бўламиз. Чунончи, Навоийнинг “Бадойиъ ул-бидоя” девонидаги ушбу байтларга эътибор қаратайлик:
Кўз хонасини қилди барандохта бу ашк,
Кўз борди вале хонабарандози қолиптур.
Кўнглум қуши то сунбулунгуз домиға тушти,
Булбул киби ҳар гул сари парвози қолиптур.
Бедил Навоийдан икки аср кейин яшаган. Бу давр ичида Навоийнинг туркий ва форсий асарлари мусулмон Шарқида, хусусан, Ҳинд заминида кенг ёйилган эди. Бедилнинг ота-боболари ҳам шаҳрисабзлик, туркий барлос уруғидан бўлган. Демак, у туркий адабиётнинг энг улуғ шоири ижодига бефарқ бўлиши мумкин эмасди. Бедилнинг қуйидаги ғазалида Навоийнинг юқорида келтирилган байтларига хос қарашлар сезилди:
Қуфли васвос аст чашми ман дар ин ибратсаро,
Ҳамчу мижгон умр дар басту кушодам рафтааст.
Сайри гул назри ҷунуни бениёзӣ кардаам,
Пеш-пеши рангу буҳо эътимодам рафтааст.
(Бу ибрат саройида кўзларим худди васвос қулфига ўхшайди. Умрим худди киприк сингари очилиб ёпилгунча ўтиб кетибди. Бениёзлик, телбалик ила вақтимни гул сайрига бағишладим. Худди гулларнинг ранги ва ҳиди сингари менинг ишончим ҳам сўниб битди.)
Ҳар икки ғазалда вақтнинг югуриклиги, умрнинг бевафолиги, лаҳзанинг ғанимат экани бадиий санъатлар ёрдамида тасвирланган.
Навоийнинг “Қаро кўзум...” ғазалидаги ушбу мисра барчамизга яхши таниш:
Таковарингға бағир қонидин хино боғла,
Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.
Таковар – тулпор дегани. Шоир отингнинг оёғига жигар қонидан хино қўйиб, жон ипи билан итингни боғла, демоқда. Бедилнинг қуйидаги форсий мисраларида ҳам ана шу мазмун яширинган:
Бо хино рабте надорад рашки истиғнои ноз,
Мениҳи по бар дили пурхуну гулгун мекуни.
Рашк, нозу истиғно билан хинонинг қандай алоқаси бор? Оёқни қон тўла юракка босиб ҳам уни хино қўйгандек гулгун қилиш мумкин. Бедил бу ўринда ийҳом санъатидан моҳирона фойдаланган. Гулгун сўзининг биринчи маъноси қизил тусли, гулдор дегани бўлса, иккиламчи маъноси Низомий достони қаҳрамони Шириннинг отига ишорадир.
Умуман олганда, бобурийлар ҳукмронлиги даврида Навоий асарлари котиблар томонидан қайта-қайта кўчирилиши баробарида Ҳиндистондаги туркий ва форсий адабий муҳит ривожига сезиларли таъсир кўрсатган.
Рустам ЖАББОРОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Ҳиндни чериксиз забт этган зот” мақоласи
Тарих
Тарих
Тарих
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ