Сиёсат билан иши йўқ, фақат қорин ғамида яшаган халқнинг босиб олиниши қандай бошланган эди? Америкалик журналист кузатувлари


Сақлаш
03:35 / 17.01.2022 1039 0

1873 йилги Хива юришида америкалик ҳарбий мухбир Януарий Алоизий Мак-Гахан ҳам қатнашган ва жуда қизиқарли далилларни ёзиб қолдирган. Рус армиясининг бу юриши Беков-Черкасский мағлубиятига жавобан навбатдаги ҳаракат эди. Мак-Гаханнинг таассуротлари ўша даврдаги ҳолат юзасидан ўзига хос манзараларни суратлантиради. Албатта, ҳарбий журналистнинг кимлиги кўпчиликни қизиқтиради.

 

Асли келиб чиқиши ирландиялик бўлган Януарий Алоизий Мак-Гахан 1844 йилнинг 12 июнида АҚШнинг Огойо штатидаги Нью-Лессингтон шаҳрида дунёга келган. Отаси Жеймс Мак-Гахен денгиз флотида хизмат қилган, ҳатто машҳур лашкарбоши Наполеон Бонапартнинг Авлиё Елена оролига олиб борган “Нортумберленд” суднаси ҳам унга таниш эди.

 

Януарий вояга етгач, тирикчилик важидан турли юмушларни бажаради. Сотувчилик қилади, ўқитувчи сифатида болаларга таълим беради, ҳатто темирйўл тармоғида ҳисобчиликда ҳам ўзини синаб кўради. 20 ёшга тўлганда Америкада “Гражданлар уруши”нинг қаҳрамони генерал Филип Шередан билан танишиб қолади ва у йигитчанинг дунёқарашида янги саҳифаларни очади. Унинг маслаҳати билан ҳуқуқшунос мутахассислигини эгалламоқчи бўлади, бироқ саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади.

 

Етарлича романтикага эга бўлган ва иқболини ўзга юртлардан излаш иштиёқига тушган Януарий 1868 йилда Европага йўл олади. Кўҳна қитъада уни қизғин ҳаёт ўз бағрига олади. Ҳуқуқшуносликда омади чопмаган йигитчани журналистика мафтун этиб қўяди ва у қизғин нуқталардан репортажлар тайёрлай бошлайди. Шереданнинг қўллаб-қувватлаши билан “Нью-Йорк Гарден” ҳафталиги билан ижодий ҳамкорлик қила бошлайди.

 

Франция-Пруссия уруши ҳақида жамоатчилик фикрини ёритиб боради. Уруш французларнинг мағлубияти билан тугайди, бу ҳолнинг сабаблари юзасидан ҳарбий саркарда Леон Мишель ва таниқли ёзувчи Виктор Гюгодан интервьюлар олиб, жаҳонга тарқатади. Унинг номи жамоатчилик орасида танила бошлайди.

 

1871 йилда “Нью Йорк Ҳералд”нинг мухбири сифатида Санкт-Петербургга келади. Шу ерда рус армиясининг Хивага юриш қилаётгани хабарини эшитиб қолади. У  “эртаклар юрти” – Осиёда бўлишни, унинг экзотикаси билан танишишни орзу қиларди. Шундай қилиб, мустақил мухбир сифатида юришга қатнашади, касбининг сеҳр-жозибаси туфайли бутун Қизилқум саҳросини отда кезиб чиқади.

 

Унинг кузатишларидан олган таассуротлари олдин кўрганларига бутунлай ўхшамасди. Америкалик мухбир табиатан муросасоз, тинчликни дилдан истовчи, ҳар қандай одамдан (ҳатто душманидан ҳам) илтифотини аямайдиган кенгфеъл, кўнгли тоза, содда одамларни кўради, уларнинг саховати, одамгарчилиги олдида ҳайратга тушади. Амударёдан кечиб ўтишда рус армияси қаттиқ талофат кўргани, чарчагани, аскарларнинг озуқаси, отларнинг ем-хашаги қолмаганини қайд этиб, юришнинг мағлубияти кўриниб қолганини таъкидлайди. Шундай пайтда маҳаллий аҳоли русларга нон ва бошқа егуликлар улашганини, отларига ем-хашак сотганини ажабланиб тасвирлайди.

 

Одамлар ўз душманларининг оёққа туриб олишига кўмаклашаётганди. Кейинчалик у Санкт-Петербургда Хива ҳукмдорлари билан мулоқот қилади ва ўша ҳайронлигига жавоб топгандек бўлади. Уларнинг сиёсат билан умуман иши йўқ, энг катта ташвишлари қоринни тўйдириш, тинч яшаш эканини, ким уларнинг тирикчилигига кўмаклашса, ўшаларни дўст тутишини билиб олади...

 

Януарий Алоизий Мак-Гахан “Окусга ҳарбий юриш ва Хиванинг қулаши” деган китоб ёзди. Китоб 1874 йили Лондонда, 1875 йили Москвада нашр этилди. Унда юртимиз тарихига доир бевосита гувоҳ мухбирнинг таассуротлари акс этгани шубҳасиз.

 

Тиниб-тинчимаган Януарий Алоизий Мак-Гахан Испанияга йўл олади, у ердаги қайноқ нуқталардан мақолалар ёзади. Кейин Атлантика ва Тинч океанларига уюштирилган экспедицияларда қатнашади. Россия-Туркия уруши фронтларидан репортажлар уюштиради. Унинг ёзганлари далил ва исботларга бойлиги, аниқлиги билан халқаро сиёсатга ҳам таъсир қиладиган даражада баланд мавқеда бўлган. Жумладан, Британия ҳукумати унинг далилларига суяниб, 1877 йилги урушда Туркиянинг тарафини олмайди.

 

Мухбир 1878 йилда Туркияда қорин тифи билан вафот этади. Януарий Алоизий Мак-Гахан кўплаб корифейларга эга бўлган дунё журналистикасида ўзига хос ҳодиса сифатида қайд этилади. 

 

Олимшон БУРҲОН

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 69
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10472
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//