Аввалига, ҳаётда сен учун энг муҳими илм-фан бўлади. Кейин ҳам қарашларинг ўзгармайди, лекин ҳаётий босқичлар сабаб турмуш қуришга тўғри келади: ўзингга ўхшаш фан фидойиси билан янада ривожланиш мақсадида ҳаёт йўлингни бирлаштиришга рози бўласан. Кейин у учун фанни тарк этишингга тўғри келади, ва бу билан, худди ўзингни, ўзлигингни тарк этгандай бўласан. Шунда ҳам уни қўллайсан. Унинг мамлакатни қутқаришга қаратилган ихтироси бўлса… Ихтиро миллионлаб инсон тақдирига, қирғинларга сабаб бўлади.
Кимё бўйича Германияда докторлик даражасини олган илк аёл Клара Иммерварнинг ҳаёти шу йўсинда кечиб, суиқасд билан якунига етган: У турмуши аввалида кимёвий қурол яратган умр йўлдошининг карьераси учун фанни тарк этади. Бироқ бўғувчи хлорнинг илк синовидан кейин у ўзини отиб ўлдиради. Ундан 30 йил ўтгач ўғли Герман ҳам шундай ўлим топади.
Кларада аниқ фанларга бўлган ҳақиқий муҳаббатни кўриш мумкин эди. Отаси Филипп кимё фанидан докторлик даражасини олиб, деҳқончиликда муваффақиятга эришади. Шакар лавлаги етиштирган Филипп бир ўғил ва уч нафар қиз фарзандни вояга етказади. Улардан энг кичиги – Клара Иммервар эди. Бу катта оила ёзни қишлоқда ўтказар, қишда эса йирик кийим ва матолар дўконининг эгаси бўлган бувисиникига – Бреслауга кўчиб ўтарди.
Мактабдагидан кўпроқ билим бериш учун қизларга махсус ўқитувчилар ёлланарди. Кейинчалик улардан фақат Клара фан йўлидан боришга қаттиқ киришади. 1880 йил Кларанинг онаси саратондан вафот этади. Отаси 20 ёшли қизи учун кўпроқ имкониятларни назарда тутиб, Бреслауга олиб боришга қарор қилади.
Бу вақтлари пруссия жамияти анъаналарга қаттиқ риоя қиларди: аёллар лаборатория эмас, ошхона ишлари билан банд бўлиши керак эди. Клара буни яхши тушунгани учун ҳам, Бреслауга кўчиб ўтганидан кейин танишган йигити, иқтидорли талаба Фриц Габернинг унга кўрсатган алоҳида эътиборини жавобсиз қолдирган. Чунки турмуш унинг буюк амбициялари ва режаларига салбий таъсир кўрсатиши аниқ эди. Клара Фриц билан учрашув ўрнига ўқитувчиларни тайёрлаш семинарларига боришни маъқул кўрарди. Чунки мактаб ўқитувчиси дипломи уни университетга кириш орзусига яқинлаштирарди.
Тез орада Кларанинг қизиқиш доираси ҳам аниқланди. Жейн Марснинг “Кимё ҳақида суҳбатлар” китобини ўқиганидан кейин Кларанинг бу фанга иштиёқи ортиб боради. Буни кўриб қувонган отаси уни имкон қадар қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Бироқ бюрократик тўсиқларни енгиш учун унинг етарлича пули ҳам, хоҳиши ҳам бўлмаган.
1895 йил Бреслау университети ўқитувчилик даражасига (дипломига) эга аёлларга дарсларда (талаба бўлмай туриб) қатнашиш мумкин бўлиши биланоқ Клара бу имкониятни қўлдан бой бермади. Тингловчилар маърузаларда қатнашиши учун ҳар бир ўқитувчининг алоҳида розилиги талаб этиларди. Иммервар бу борада барча ўқитувчиларнинг қўллаб-қувватлашига эришган эди.
1898 йилда Клара университетда докторлик ҳимоясидан аввалги энг қийин имтиҳонни аёллардан биринчи бўлиб муваффақиятли топширади. 1900 йилнинг 12 декабрида эса электровалентлик назарияси муаллифи Рихард Абберг раҳбарлигида Кимё фанлари бўйича фалсафа доктори бўлади. Каларагача Германияда аёллардан ҳали ҳеч ким бунинг уддасидан чиқмаган эди. Унинг илмий тадқиқот мавзуси Оғир металли тузларнинг эрувчанлигини ўрганиш бўлган. Ушбу даражани олган Клара “Ҳаққонийлик принципига доим амал қилиш ва ҳеч қачон одамларнинг эътиқодларига зид нарсаларни ўргатмаслик”га ваъда берган.
Унга ишонилган вазифа бўлса фақатгина “Уй хўжалигида кимё ва физика” мавзусидаги маърузаларни ўтиш эди. “Эркаклар олами”да бундан ортиғи, айниқса, турмушга чиқмаган қизга ишонилмасди.
Кўп ўтмай Клара Фрайбургдаги илмий конгрессда Габер билан яна тўқнаш келади. Бу вақтда Габер Карлсруэдаги Техника университети маърузачиси ва профессор ассистенти бўлиб ишларди. Габер унга турмуш қуриш таклифини билдиради. Клара ҳам уч кун ўйлаб, розилик беради. “Мен ҳаётда барча қобилиятларингни ривожлантириб, ҳаёт берадиган имкониятлардан максимал фойдаланишга интилсанггина яшашга арзийди, деб ҳамиша ишонардим. Шу сабабли мен унга турмушга чиқдим. Акс ҳолда, менинг ҳаёт китобимдаги янги саҳифа бўш қолган бўларди”, деб эслайди у кейинчалик.
Никоҳдан уч ой ўтгач, 1901 йил улар турмуш қуради. Клара ўзининг оилавий ҳолати унга чекловлар қўймаслигига, аввалгидай фан йўлида давом этишига соддалик билан ишонарди.
У тўйдан кейин ҳам семинар ва илмий учрашувларда қатнашишда давом этади. Бироқ оз вақт ўтиб туғилган ўғли Герман унинг каръерасига нуқта қўйилишига сабаб бўлади. Энди Клара фақат илмий мақолаларга ёрдам бериши ва таржима қилиши мумкин эди, холос.
Лекин бу имкониятларнинг ўзи ҳам рафиқасининг фаолиятида алоҳида ўрин тутган:
Габернинг “Газли реакциялар термодинамикаси” дарслигини яратилишида Клара унга тўлиқ ёрдам кўрсатади – ҳисоботларни қайта текшириб, ҳатто ишнинг инглизча таржимасини ҳам тайёрлаб беради. 1905 йилда чоп этилган дарсликни Фриц “Кўринмас ҳамкорлик учун севимли аёлим, фан доктори Клара Иммерварга миннатдорчилик билан”, дея қисқа бағишлов билан рафиқасининг дарсликдаги ҳиссасини қайд этади.
“Аёллар мен учун гўзал капалакка ўхшайди: уларнинг ранглари ва ёрқинлигига қойил қоламан, лекин бундан ортиғи эмас”, деган фикрдаги Габер Клара ҳомиладорлигида унинг саломатлиги билан ҳисоблашмай уйида жамоаси билан тез-тез шовқинли учрашувлар ўтказар, куни билан меҳмонлар учун таом тайёрлаган Клара ҳақида эса баъзан унутиб ҳам қўярди.
Ақлли хизматкордан бошқа ҳеч ким
Фарзанди уч ойлик бўлганида эса Габер Немис электрокимёвий жамияти томонидан буюрилган вазифани бажариш учун АҚШга кетиб, беш ой давомида бу саноат океан ортида қандай ташкил этилганини ўрганади. Профессионал ривожланишдан тўхтаган рафиқаси Клара бўлса сурункали тарзда касал бўлиб келаётган фарзанди билан ёлғиз қолади.
Клара 1909 йилги хатларидан бирида турмуши ҳақида ёзаркан, унинг бахтли даври узоқ давом этмаганини таъкидлайди:
“... Эҳтимол, бу менинг характерим туфайли ҳамдир. Лекин бунга асосан, Фрицнинг менга “хотин” сифатида қўйган деспотик талаблари сабаб деб ўйлайман”.
Клара Габер учун ўзини “ақлли хизматкордан бошқа ҳеч ким” деб билиб, бундан чуқур азият чеккан. “Бир инсоннинг истисно тарзда заковатининг ўзи уни бошқасига нисбатан аҳамиятлироқ қилиб қўёладими? Ва менинг ҳаётимнинг қадри электрон назариядан камми?”, – деб ёзади у.
Вақт ўтиши билан Фриц ва Кларанинг муносабатлари боши берк кўчага бориб қолади. Фриц асосан иш сафарида бўлиб, уйга камдан-кам келади ва кўп марта оиласига хиёнат қилади. Турмушидан азият чеккан Клара собиқ илмий раҳбарига шундай деб ёзади:
“У турмуш давомида эришганларини мен йўқотдим, қолганлари бўлса мени бахтсизроқ қилади”.
1906 йилда Габерга Физик кимё ва электрокимё бўйича профессор унвони берилгач, Габерда жамоатчилик олдида оиласининг қиёфасини сақлаб қолиш зарурати пайдо бўлади. Бу стрессга дош беролмаган Клара доимий мигрень билан курашиш учун хусусий санаторийда даволанишига тўғри келди.
Атайлаб камтарона кийиниб, Габердан ўзини торта бошлаган Клара оила бюджетига дарёдек оқиб келаётган капиталларни ҳам эътиборсиз қолдиради, ўзини ва бор эътиборини фанга қайтишга бағишлайди:
Клара 1910 йил ўз уйида 100 нафар тингловчини йиғиб, кимё бўйича 4 та маруза ўтказишга эришиб, оила бюджетига камтарона ҳиссасини қўшиб боради, лекин бу Габернинг муваффақияти олдида ҳеч нарса эмасди.
1911 йилда Габер Берлинда янги ташкил этилган кайзер Вильгельм Физик кимё ва электрокимё институтига раҳбар этиб тайинланади. Шундан кейин бу оила институт биносига қўшни уйга кўчиб ўтади.
Клара бор жасоратини қўлга олиб, турмуш ўртоғини қўллаб-қувватлашда давом этади: Габер илмий оппоненти билан навбатдаги келишмовчиликдан кейин ўтпуфак касаллиги билан оғриганида Клара унинг соғлиғини тиклашга уринар, лабораторияда ушланиб қолган вақтлари овқатлар етказиб берарди.
1909 йилда Габер саноатда азот ва водороддан аммиак олиш услубини ишлаб чиқади. Бу кашфиёт том маънода Германия ва бутун Европани яқинлашаётган очарчиликдан қутқаради. Энди Габерга нитрат билан ишлашда давом этиб, оммавий қирғин учун кимёвий қурол яратиш вазифаси юклатилганди. Фриц бунга осон кўнмайди, у Германиянинг урушга киришиш қарорини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, қотил эмас, ақлли кимёгар эди. Фриц ўзининг жорий мақомини йўқотишдан чўчиб, янги қурол потенциал қурбонларни кескин камайтиради, Германия ғалабасини кафолатлайди ва шу тариқа уруш тезроқ тўхтайди, деган қарашга ишонади ва бу қарорини шундай оқлайди:
“Олим тинчлик даврида дунёга тегишли бўлади, урушда эса – ўз юртига”.
1915 йил январида Германия Габер ва унинг жамоаси томонидан ишланган биринчи кимёвий қуролини чиқара бошлайди. Клара учун бу оғир зарба бўлган. Уруш ҳақидаги суҳбатлар уни қаттиқ ғазаблантириб, турмуш ўртоғининг ўлдирувчи газ ишлаб чиқаришдаги иштироки Кларани бутунлай ақлдан оздирган. Клара Фрицнинг лабораториясида бўлиб, газ билан заҳарланган синовдаги ногирон хайвонларни кўради ва бўлажак катастрофа қамровини жуда яхши тушунади. Клара биринчи навбатда Фрицдан, кейин эса мартабаси учун қотилликка ҳам тайёр инсонга ҳаётини қурбон қилгани учун ўзидан қаттиқ нафратланади. У Фрицнинг ишини “Фан идеалларининг бузилиши” дейди, Фриц бунга жавобан уни оммавий тарзда “Ватан учун хавфли”, деб атаб, ишида давом этади.
Фан фожиаси: Қирғинга олиб келган қурол синови, шайтонлар базми ва суиқасд
Габер Фриц 1915 йил 22 апрель куни француз-инглиз иттифоқчиларига қарши газли ҳужумни шахсан бошқариш учун Ипр дарёсига юборилади. Уч минг нафар душман аскари бўғилиб, ҳалок бўлади, яна етти минг нафари бўлса куйиб, зарарланади. Немис армияси устунликка эришса-да ундан фойдалана олмади: қўмондонлар кераклигича тайёргарлик кўрмаган эди. Фронтдан қайтганига бир ҳафта бўлгач, Фриц Габер хлорни уруш майдонида муваффақиятли синовдан ўтказгани шарафига катта кечки дастурхон ёзади, базм уюштиради. Клара учун эса бу шайтонлар базми каби эди.
У Габернинг хизмат қуроли билан боғга чиқиб икки марта ўқ узади. Биринчиси синов, иккинчиси бўлса унинг кўкрагига узилган ўқ эди. Бу 2 май, тунда содир бўлади. Клара ўша заҳоти ўлмайди. У бир муддат 13 ёшли ўғли Германнинг қўлида қон йўқотади. 30 йилдан кейин бўлса Герман ҳам ҳудди шундай суиқасд билан ўлим топади.
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ