Нодир маълумотлар
“Султон 625 (1227) йилда Исфаҳондан чиқиб, Гуржистон сари йўл олди. Ўша йили унинг қасос ва ғазабидан қўрққан Рум ва Сурия султонлари, Гуржи, Алон, Лўғз (лазгин), Сарир (авар), Қифчоқ, Суан, Абхаз, Шонат ҳукмдорлари... Султонни йўқ қилиш учун бирлашган ва худди бир қиличдек ҳолатга келган эдилар.
Султон... Миндурга (баъзи манбаларда Миндорий, Булмисий) бориб, у ерда истеҳком қурди. Душман аскарлари яқинлашгач, дўмбира ва сурнай садоси билан эркагу урғочи туяларнинг овози ўзаро қоришиб кетди. Лашкарлар қатор-қатор бўлиб, жанговар ҳолатда кутиб турдилар. Қарши томоннинг қўшинига қиёслаганда Султоннинг қўшини денгиз олдидаги дарёга ўхшарди.
...Султон гуржи қўшини қўмондони Иванега элчи жўнатиб, “Сизлар узоқдан келдингизлар... чарчагансизлар. Шунинг учун бирдан жанг бошламайлик. Аввал икки тарафдан паҳлавонлар майдонга чиқиб курашсинлар...” деб хабар юборди. Бу таклифни Иване қабул қилгач, ҳар иккала томондан майдонда жанг қилувчилар танланди.
Гуржи томондан тоғдек жуссали паҳлавон, унга қарши Мункар каби Султон майдонга чиқди. Лашкари хавотирланиб турганда Султон такбир айтиб, бир ҳамла қилиб ўша малъунни отдан йиқитиб, нариги дунёга жўнатди. Унинг уч ўғли навбатма-навбат Султондан еган зарба оқибатида ота изидан жаҳаннамга равона бўлди. Уларнинг кетидан Бисутун тоғи каби вужудли, устун каби найзага эга бўлган ва фил каби ҳайвоннинг устига миниб бошқа бир Азновур (гуржи тилида полвон) Султон қаршисига чиқди.
Султоннинг оти чарчаган, юришга ярамайдиган ҳолга тушган эди. Султон отини эркалатиб, “ҳайю ҳайт” дея далда берди. От қайтадан кучга кирди. Султон Азновурнинг ҳужумларини қўлини пана қилиб қайтарди. Аммо Азновур ҳужумни тезлаштириб, Султонни ярадор қилди. Султоннинг аҳволи тобора оғирлаша бошлади. Ана шунда кутилмаган воқеа рўй берди. Азновурнинг навбатдаги ҳужумига чап берган Султон кўкка сапчиган от устидан рақиби бошига найза туширди. Азновур бор бўйи билан Султон отининг оёқлари остига қулади. Ҳар икки томон лашкари Султоннинг фақат Зол ўғли Рустам қила оладиган ишни уддалаганини кўргач ҳайратдан ёқа ушлади. Бундан гуржи қўшини саросимага тушди, Султон лашкарининг эса қўрқуви ғойиб бўлди.
Султон қамчиси учи билан ҳужум буйруғини бергач, лашкарлар жангга кирди. Бир онда гуржилар ортга ўгирилди. Мана шундай тарзда ғалабанинг дастлабки белгилари кўринди, ғолибликнинг сарин нури ҳар томонни қамради. Ўша жангдан кейин Пайғамбар динининг тамали қувватланиб, Султоннинг ҳайбати ва буюклиги жамики қалбларга ўрнашди, ҳукмдору амалдорлар унинг хизматига кирмоқ учун навбат олиб, саф тортди”.
Бу тарихий лавҳа атоқли муаррих Оловуддин Отамалик ибн Баҳовуддин Муҳаммад Жувайнийнинг (1226–1283) “Тарихи жаҳонгушо” (“Жаҳон фотиҳи тарихи”) асаридан олинган. Муаллиф сўнгги хоразмшоҳ Султон Жалолиддин Мангубердининг (Менгбурний) салкам 40 мингли лашкар билан 80 минг сонли гуржи қўшинини мағлуб этганидан нақл қилади.
Асардаги бу тарихий лавҳага алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас. Гап шундаки, халқимизнинг мўғулларга қарши озодлик курашида юксак жасорат ва матонат кўрсатган Жалолиддин Мангуберди ва унинг сафдошлари тақдирига оид ушбу маълумот “Жаҳонгушо”дан бошқа бирорта тарихий асарда учрамайди.
Муаррих Султон Жалолиддинни “Султон Муҳаммаднинг ўғиллари орасида ёш жиҳатдан каттаси, жасорат ва билим жиҳатдан устуни, салтанат тожи ва илоҳиёт чироғининг нури” деб таърифлайди. Хоразмшоҳ Оловуддин Муҳаммад билан ўғли Жалолиддин ўртасида ўзаро ҳурмат-эҳтиром ниҳоятда кучли бўлган. Лекин уруш ота-ўғил муносабатига ҳам маълум даражада путур етказади. 1219 йилда мўғуллар Хоразмшоҳлар давлатига уруш бошлаганда Оловуддин Муҳаммад ҳужум эмас, мудофаа усулини танлайди. Жалолиддин эса отаси танлаган йўлни маъқулламайди, унга эътироз билдиради. “Қўшинни гуруҳларга ажратган ҳолда шаҳарларга бўлиб ташлаш, мўғулларга қарши курашда ҳимоя усулини танлаш, душманни кўрмасданоқ қочишга уриниш давлат ва ақл соҳиби қиладиган иш эмас. Агар Султон душманга қарши туришни, у билан жанг қилишни истамаса ва юртни ҳимоя қилмасдан қочиш фикрида бўлса, у ҳолда фурсатни бой бермасдан ва оёқларимиз ҳалокат ботқоғига ботмасдан жасур ва мард лашкарнинг бошқарувини менга топширсин. Акс ҳолда... биз пушаймонлик селига дучор бўламиз”, дея огоҳлантиради у.
Халқимизда “Номус топталган жойда мард туғилар” деган нақл бор. Мўғуллар босқинига қарши курашда Жалолиддин Мангуберди билан бирга Темур Малик, Қулбарс Баҳодир, Санжоқхон, Элчи Паҳлавон, Урхон, Жаҳон Паҳлавон, Куч Тегин Паҳлавон, Йилон Буғу, Баракатхон, Ахош Малик, Алпхон каби кўплаб амирлар, лашкарлар, саркардалар қаҳрамонлик намунасини кўрсатган. “Жаҳонгушо”да шу каби халқ қаҳрамонлари хусусида ҳам оҳорли маълумотлар келтирилган. Умуман, ноёб тарихий далиллар асарнинг ҳар бир жилдида, ҳар бир бобида бисёр.
Коса тагида нимкоса
Ўрта асрларда ҳукм сурган Хоразмшоҳлар давлати (1097–1231) ва мўғуллар ўртасида юзага келган низо, урушлар тўғрисида ўнлаб тарихий асар яратилган. Улар орасида тарихий воқеалик холис, ҳаққоний ёритилган “Тарихи жаҳонгушо” алоҳида ўрин тутади. Асар Шарқ мамлакатларида мўғуллар ҳукмронлиги ҳадди аълосига етган даврда – 1252–1260-йилларда битилган. Унда Мовароуннаҳр, Хоразм, Хуросон, Мочин (Хитой), мўғуллар юртида 1100 йилдан 1260 йилгача кечган воқеа-ҳодисалар қаламга олинган.
“Ҳикоя қилинган баъзи воқеаларни ўз кўзим билан кўрдим, баъзиларини ишончли кишилардан тингладим. Бир қисмини эса саҳиҳ эканига қатъий далолат қилинган тарихий манбалардан олдим. Вафодор ва узоқни кўра оладиган дўстларим оёқ тираб туриб олгани сабабли бу китобни ёзишни рад қилмоқнинг имкони бўлмади”, дейди муаллиф дебочада.
“Тарихи жаҳонгушо” уч жилддан иборат бўлиб, биринчисида мўғуллар ҳақида ҳикоя қилинади. Муқаддимадан ташқари 41 бобни ўз ичига олган бу жилдда Чингизхоннинг давлат тепасига келиши, ҳукмдор сифатида чиқарган қонунлари, Уйғур, Олмалиқ, Қоялиқ, Фўлод, Булғор, Ос, Русь ўлкаларининг босиб олиниши, ўғиллари Жўжи, Чиғатой, Ўқтой, Тулу тақдирига оид маълумотлар берилади. Муаллиф мўғулларнинг баъзи ишларини улуғлайди. Айниқса, Ўқтой хоқонни мадҳ этади, Куйукхонни мақтайди, Жўжи, Боту фаолиятига ижобий баҳо беради. Шунга кўра айрим муаррихлар Жувайнийни мўғулпарастликда айблаган. Хўш, бу ёндашув тўғрими?
Илк жилднинг кейинги бобларида Чингизхоннинг Хоразмшоҳлар давлатига юриши, Ўтрор, Жанд, Фанокат, Хўжанд, Бухоро, Самарқанд, Хоразмнинг босиб олиниши, Султон Жалолиддин қўшини билан Синд соҳилидаги жанг, Тулунинг Хуросон, Марв, Сарахс, Нишопур ва бошқа шаҳарларни эгаллаши каби воқеалар қаламга олинган. Мўғуллар содир этган хунрезликлар, обод шаҳарларнинг култепага айлантирилиши, бегуноҳ инсонларнинг қиличдан ўтказилиши, аёлларнинг номуси топталиши ўқувчини ларзага солади. Фожиалардан муаррих қалби ҳам ғамга тўлганини сезиш қийин эмас. Бухоронинг босиб олинишини тасвирлар экан, “Бу жангда икки томон йўқотган одамлар сонини менга айтганларида ишона олмадим. Шунинг учун ҳам бу ерда ёзмадим”, дея қайғу изҳор этади муаллиф.
Отамалик Жувайний мўғуллар хизматида бўлгани ва асар уларнинг буюртмасига кўра ёзилгани важидан Чингизхон ҳамда унинг авлодларини улуғлаши табиий эди. Лекин муаррих ҳодисаларни шундай санъаткорона тасвирлайдики, мўғулларнинг ютуғи сифатида акс эттирилган воқеалар уларнинг ваҳшийлиги тимсолига ҳам айланади. Бошқача айтганда, муаллиф “коса тагида нимкоса” усулидан фойдаланган ҳолда уларни шарафлагандек бўлиб кўринарак ёвуз қилмишларини фош этади.
“Тарихи жаҳонгушо”да Хоразмнинг, Гурганжнинг босиб олиниши бундай тасвирланади: “Қисқа вақт ичида устунликни қўлга киритган мўғуллар шаҳарга кириб, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳаммаёқни ёқиб, олдидан чиққанларни ўлдирдилар. Қаршилик кўрсатувчи қолмай, ҳамма таслим бўлгач, шаҳардагиларнинг барчасини ташқаридаги бўш майдонга ҳайдадилар. Сўнг уларни ўлдириш учун лашкар қўлига топширди. Бу қатлиомда 50 мингдан зиёд мўғул лашкарининг ҳар бирига 24 киши тўғри келди. Хоразм чиябўрилар кезадиган, бойқуш ва қарғалар ин қурган маконга айланди”.
Марв шаҳри босиб олинганидан кейин юз берган ҳодисаларни ҳам ҳаяжонсиз ўқимоқ душвор: “Мўғуллар аёлларни эрларидан, болаларни оналаридан, опаларни укаларидан ажратди. Ота-оналар кўзи олдида бокиралар номусига тегди. Кейин барчасини ўлдириш учун лашкарга тақсимлаб берди. Ҳар бир аскарга уч юз-тўрт юздан қурбон тўғри келди... Дин ва давлат буюкларидан Саййид Иззиддин Насааба ёнига олган бир гуруҳ билан ўн олти кечаю кундуз мақтулларни санаб чиқди. Уларнинг сони, яширин жойларда ва шаҳардан узоқда ўлдирилганлардан ташқари, бир миллион уч юз мингдан зиёд эди”.
Қирғинбаротда юз минглаб одам қатл этилганини очиқ тасвирларкан, Отамалик Жувайний мўғуллар устидан ҳукм ўқийди гўё.
Давлат умрбоқийлиги сири нима?
Жувайнийнинг муаррих сифатидаги ютуғи тарихий шахсларга баҳо беришда ҳаққонийлик тамойилидан оғишмаслигида намоён бўлади. Замон ўзгаришлари, давр эпкинлари, ҳаёт талотумларига қарамай, адолату холислик мезонига содиқ қолмоқ осон бўлмаган, албатта.
Қайд этганимиздек, Орол денгизидан Ҳинд океанигача, Қозоғистон даштларидан Туркия чегараларигача бўлган ҳудудда ҳукм сурган Хоразмшоҳлар давлати, хусусан, Султон Жалолиддин Мангуберди ҳақида ўнлаб тарихий асар яратилган. Масалан, “Муншаот” (Рашидиддин Ватвот), “Сийрат ас-Султон Жалолиддин Менгбурний” (Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий), “Муъжам ал-булдон” (Ёқут Ҳамавий), “Жаъми ул-ҳикоят” (Муҳаммад Авфий), “Ал-Музоф ул-бадое уз-замон” (Афзалиддин Кирмоний) сингари манбаларда хоразмшоҳлар улуғланса, айюбийлар ва мўғуллар тарихчилари қаламига мансуб “Ал-Комил фит-тарих” (Ибн ал-Асир), “Муфарриж ул-қулуб” (Жалолиддин ибн Восил), “Миръат уз-замон” (Сибт ибн Жавзий), “Роҳат ас-судур” (Муҳаммад ибн Ровандий), “Табоқоти Носирий” (Минҳожиддин Жузжоний) сингари асарларда улар қораланади.
XIII асрнинг 40-йилларидан бошлаб муаррихлар битикларида хоразмшоҳлар салбий бўёқда тасвирланиши табиий эди. Чунки мазкур давлат мўғуллар томонидан йўқ қилинган, тарих саҳнасидан кетганларни эса хоҳлаганча танқид қилиш мумкин. Жувайний бундай йўл тутмоқ ўрнига холисликни афзал билади. У Хоразмшоҳлар давлатининг гуллаб-яшнаган даври, тарихий тараққиёти хусусида ҳаққоний маълумотлар келтиради. Масалан, у Қутбиддин Муҳаммадни илм-фанни улуғловчи, Оловуддин Отсизни ниҳоятда жасур, юрт истиқболи йўлида оташин курашчи, Абулфатҳ Эларслонни бошқаларга нисбатан шафқатсиз, тож-тахт учун курашда зулмкор, Оловуддин Такишни эса халққа меҳрибон, маданият ва маънавиятни юксалтирган ҳукмдор дея тавсифлайди.
Жувайний 1200–1220-йилларда давлатни идора этган Оловуддин Муҳаммад ҳаёти ва фаолиятига теранроқ назар ташлайди. Уни Хоразмни қудратли империяга айлантирган ҳукмдор сифатида улуғлайди. Кўп ўлкаларни қиличини қинидан чиқармай эгаллаганини эътироф этади.
Жувайний Хоразмшоҳлар давлати таназзули ҳақида сўз юритганда ҳам бошқа тарихчилар сингари Оловуддин Муҳаммадни қўрқоқликда айбламайди, билъакс, таназзулга олиб келган омиллар ҳақида вазминлик билан мулоҳаза юритади. Шунингдек, Султон Муҳаммаднинг ўғиллари – Рукниддин Ғурсанжий, Ғиёсиддин Пиршоҳ, Ўзлоқшоҳ, Оқшоҳлар, онаси Туркон Хотун шахсиятига ҳам холис баҳо беради.
“Жаҳонгушо”нинг иккинчи жилди асосан Султон Жалолиддин Мангубердига бағишланган. Жалолиддин бой берилган мамлакатнинг бир қисмини мўғуллардан қайтариб олиб, янги давлат тузади ва уни ўн йилдан зиёд вақт давомида бошқаради. Хуросон, Кирмон, Форс, Форс Ироғи, Мозандарон, Озарбойжон, Гуржистон, Шом, Жазира каби ўлкаларни чингизийлар босқинидан ҳимоя қилади. Жувайний ёзганидек, Жалолиддин ўн бир йилда ўн тўрт марта катта жангга кирди ва шулардан ўн иккитасида ғалабага эришди. Бу камдан-кам саркардага насиб этадиган улкан ютуқдир.
Жувайний Жалолиддиннинг мардликларини эҳтиром билан зикр этади. Ҳатто унинг мўғуллар устидан қозонган ғалабаларини ҳам хайрихоҳлик билан қаламга олади. Мангуберди бир гал 300 сонли лашкар билан мўғулларнинг 700 аскарини мағлуб этганини баён этар экан, “У ёнидаги камсонли лашкари билан шердек жанг қилди. Агар унинг ўрнида ҳатто Рустами Зол ўғли бўлса ҳам қочишдан бошқа чорани ўйламаган бўларди. Лекин у дунёнинг қатрон рангли кафанини кийгунга қадар душманга қарши турди”, деб таъкидлайди.
Муаррих Жалолиддиннинг 1227 йили Исфаҳон яқинида мўғуллар устидан эришган ғалабасини улуғлаб, шоир Камолиддин Исфаҳоний ёзган қасидадан парча келтиради. “Дунё ва диннинг буюги Менгбурний исмли султонни Оллоҳ жаҳон подшоҳлигига муносиб кўрди. Унинг устун қувватига ва етук фикрлаш қобилиятига, санаб адоғига етиб бўлмас фазилатларига офарин”, дейилади қасидада.
Мўғуллар муаррихи сифатида асар битган Отамалик Жувайнийнинг Чингизхон ва унинг авлодлари душман деб билган султонларни улуғлаши мисли кўрилмаган ҳодиса эди.
“Жаҳонгушо” фақат тарихий битиккина эмас, бадиий сўз санъатининг гўзал намунаси, билим қудратини улуғловчи, фалсафий мушоҳадалар, ҳаёт тажрибаларини ўзида жамлаган асар ҳамдир. Муаллиф ҳар бир воқеа-ҳодисадан кейин Қуръони карим, ҳадислар, мақоллар, арабий ва форсий шеър, улуғ алломалар ҳикматларидан намуна келтириб, фикрларини янада ойдинлаштиради. “Билимсизлар белини ёстиққа суяган куни билимли кишиларнинг бели синди”, “Илм ва фазилат илдизлари фақат олиму фозилларнинг ёрдами ила пойдор бўлади”, “Давлатни оёқда тутиб турадиган нарса билимдир”, “Билимдонлар жоҳилларнинг хизматига кирсалар, баркамол кишилар разиллик касалига дучор бўлсалар, ҳаёт зулмат қўйнига чўмади”, “Инсоннинг номи ва шуҳрати унинг иккинчи умридир” каби оҳори тўкилмаган фикрлар, қуйма сатрлар муаллифнинг юксак иқтидорига шоҳидлик беради.
Соҳибдевонлар мероси
Жувайний давлат арбоби сифатида ҳам ўзидан ўлмас мерос қолдирган. Хуросоннинг Жувайн қасабасида таваллуд топган Оловуддин Отамаликнинг оиласидагилар ўз даврининг фозил инсонлари, арбоблари бўлган. Катта бобоси Баҳовуддин Муҳаммад ибн Али етук шоир, хоразмшоҳ Султон Такиш саройи мулозими эди. Шу хонадон вакили Мунтажибиддин Бадиул-котиб Жувайний салжуқий ҳукмдор Султон Санжар девонида бош котиб вазифасида фаолият юритган. Отамаликнинг кейинги бобоси Шамсиддин ибн Муҳаммад ибн Али эса Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Султон Жалолиддин Мангуберди саройида молия ишларини бошқарган. Отаси Баҳовуддин Муҳаммад Хуросон, Мозандарон, Озарбойжон, Гуржистон, Онадўли, Ироқ, Язд ўлкаларини бошқарган мўғул ҳукмдорлари саройида муншийлик қилган, баъзи шаҳарларда ноиблик вазифасини адо этган. Арабий, форсийда шеър ҳам битган. Отамаликнинг акаси Шамсиддин Муҳаммад Хуросон, Ҳиндистон, Гуржистон, Ироқ ҳудудларида салтанат юритган мўғул ҳукмдорларининг бош вазири эди. Шу боис ўша даврга оид асарларда жувайнийлар “соҳибдевонлар оиласи” дея зикр этилган.
Оловуддин Отамалик ҳам сулола анъанасини давом эттиради. 1243 йилда мўғул ҳукмдори Амир Арғун хизматига кириб, дастлаб девонда котиблик қилади, кейин молия ишларини бошқаради. Ўша даврда турли ўлкаларга тайинланган амирлар ҳар икки-уч йилда Чингизхоннинг бош қароргоҳи Қорақурумга бориб, халқдан йиғилган божу хирожни топширган ва жойларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан хоқонга ҳисоб берган. Ҳисоботнинг тўғрилигини текшириш учун жойларга тафтишчилар ҳам юборилган. Шу боис ҳисобот топшириш жараёни баъзан ойлаб, йиллаб давом этган. 1256 йилга қадар Амир Арғун хизматида бўлган Оловуддин Отамалик Жувайний у билан ҳисобот топширгани тўрт марта Қорақурумга борган. Бу сафарлар унинг ҳаётида ўчмас из қолдирган. Мўғулларнинг кўплаб юртларни вайронага айлантирганини ўз кўзи билан кўради. Ер-ла яксон этилган шаҳарлар, маданият ва санъат ёдгорликлари, ёндирилган мадрасаю масжидлар муаррихнинг хотирасига муҳрланади.
1256 йили Хуросон тахтига Чингизхон авлодидан Хулогу чиқади. Отамалик унинг кўзга кўринган маъмури, ишончли котибига айланади. 1257 йили мўғуллар Каспий денгизи соҳилида жойлашган Исмоилийлар давлатини йўқ қилади. Отамалик Жувайний Хулогу қўшини сафида исмоилийларга қарши юришда иштирок этади. Муҳораба якунига етгач, Отамалик мўғул тождорига вайрон бўлган ўлкани қайта обод қилишни маслаҳат беради. Ана шу маслаҳатга кўра Исмоилия шаҳарларидан Оламут, Қоҳира ва Хабушон қайта қурилади.
Отамалик Хулогудан шуҳрати Шарққа ёйилган Оламут кутубхонаси талон-торож қилинмаслигини ҳам сўрайди. Мўғул ҳукмдори унинг бу илтимосини ҳам ерда қолдирмайди. Шу тариқа Жувайний саъй-ҳаракати билан нодир қўлёзмалар, расад илмига оид манбалар, асбоб-ускуналар сақлаб қолинади.
Отамалик 1258 йилда Хулогу қўшинининг халифалик пойтахти Бағдодга юришида ҳам қатнашади. У кейинчалик “Таслийатъ ул-иҳвон” рисоласида бундай ёзади: “Сен мулкингни хоҳлаганингга берасан, хоҳлаганингдан тортиб оласан” ҳукми остида Оллоҳ Ироқ, Бағдод ва Хузистон мамлакатларини аббосий халифалардан олиб, жаҳон подшоҳи Хулогуга таслим қилди. У эса 657 (1259) йилда... ўша мамлакатлар бошқарувини ушбу сатрлар муаллифига топширди ва унга барча ишларда мутлақ ваколат берди”.
Алқисса, Отамалик Жувайний мўғуллар номидан Ироқ ва Бағдодни 24 йил давомида бошқарди. У бутун кучини мамлакат ободлиги, халқ фаровонлигига сарфлади. Қишлоқлар аҳолиси ва деҳқонлар гарданига юкланган солиқ, хирожларни камайтирди. Бағдоднинг ғарбий қисмида – Фрот дарёсидан Кўфа ва Нажаф шаҳарларигача бўлган оралиқда катта канал қаздирди. Каналнинг икки соҳилида юз элликдан зиёд қишлоқ барпо эттирди. Асрлар давомида қуриб-қақшаб ётган Омбор ва Нажаф шаҳарлари оралиғида ям-яшил экин майдонлари, обод масканлар вужудга келди. Нажафда Ҳазрати Али шаҳид бўлган жойда катта работ қад ростлади. Ироқликлар экин-тикин ишларига жалб қилинди. Натижада ўлканинг даромади бир неча баробарга ошди. Муаррихларнинг гувоҳлик беришича, Бағдод шаҳри Жувайнийнинг бошқарув даврида аббосийлар давридагидан ҳам гуллаб-яшнаган. У мўғуллар ҳужуми вақтида вайрон бўлган қадим кентни қайтадан қурдирган.
Жувайнийлар илм ва ижод аҳлига ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатган. Тарихий манбаларда соҳибдевон оила вакиллари мингдан зиёд аллома, шоиру адибга ғамхўрлик қилгани баён этилган. Ўз навбатида, мазкур сулола намояндаларига бағишлаб кўплаб асарлар битилган.
Буюк астроном ва файласуф Хожа Носириддин Муҳаммад Тусий (унинг асарлари Мирзо Улуғбек мадрасасида дарслик сифатида ўқитилган) фаолият олиб борган Тус расадхонаси жувайнийлар томонидан доимо маблағ билан таъминлаб турилган. Тусий “Авсаф ул-ашраф” асари ҳамда “Таржимаи самараи Батлимус” (таржима) китобини жувайнийларга бағишлаган.
Отамалик Жувайний мўғул ҳукмдорларининг ҳурматини қозонган, юқори лавозимда фаолият юритган бўлса-да, ҳаёти таҳликали кечган. 1262 йили Бағдодда мулҳидлар (исмоилиялик қотиллар) уни ханжар билан жароҳатлайди – табиблар саъй-ҳаракати ила оёққа туради. Душманлари бир неча бор туҳмат уюштириб, уни йўқ қилишга уринади, аммо бу ҳаракатлар натижа бермайди. Бир гал Маждулмулк Яздий деган кимса “Отамалик Бағдоднинг жамики бойликларини ўзлаштириб олиб, мўғул хоқонларини алдамоқда” деган айбловни илгари суради. Отамалик қўлга олинади, бироқ текширишлар натижасида маълумот тасдиқланмайди. Маждулмулк қатл этилади, Отамалик эса зиндондан озод қилинади.
Чингизийларга қарамлик, мансабу бойлик талашиш оқибатида юзага келган можаролар уни ҳам маънан, ҳам жисмонан чарчатади. 1282 йилда Хуросон, Форс Ироғи, Кирмон ҳудудларида ҳукмдорлик қилувчи мўғул ҳукмдори ўзгаради. Амирлик лавозимини эгаллаган Абоканинг ўғли Арғун отасининг мулозимларини давлатга хиёнатда айблаб йўқ қилишга киришади. Ҳатто марҳум аъёнларнинг жасадини қабрдан чиқартириб ўтда куйдиради. Отамалик Жувайний Бағдодни тарк этади. Муғон шаҳрида хафақон касалига чалинади ва 1283 йил 5 март куни вафот этади. Акаси Шамсиддин ва унинг беш ўғли, невараси, Отамаликнинг икки ўғли хунрезлик қурбонига айланади. Шу тариқа соҳибдевонларнинг мўғул саройидаги фаолияти хотима топади.
Мўъжиз сўз
“Тарихи жаҳонгушо” форс тилида, саж (насрий қофия) усулида ёзилган. Асарнинг турли йилларда кўчирилган еттита қўлёзма нусхаси бугунги кунгача етиб келган.
“Жаҳонгушо” қисқа фурсатда шуҳрат қозонган. Жувайний бошлаб берган анъанани изчил давом эттирган кўплаб асарлар яратилган.
“Жаҳонгушо” ХХ асрдан бошқа тилларга таржима этила бошлади. Дастлаб Лейден шаҳрида Муҳаммад Қазвинийнинг “Махсус муқаддима”си билан бирга тўлиқ ҳолда форс тилида нашр этилади. 1958 йили Кембриж шаҳрида шарқшунос Жон Бойль таржимасида биринчи ва иккинчи жилдлари инглиз тилида чоп қилинади. Кейинроқ доктор Мурсал Ўзтурк томонидан тўлиқ равишда туркчага ўгирилади. Муайян қисмлари олмон, француз, испан, венгер, чех, хорват, рус, польяк ва бошқа тилларга таржима қилинган.
“Жаҳонгушо”нинг биринчи ва иккинчи жилдини таржимон Назарбек Раҳим ўзбек тилига ўгирган ва 2015 йили чоп эттирган.
“Фақат ақл ва нақл билан эришиладиган, англаш ва идрок қилишдан узоқ бўлмаган нарсаларни иккига ажрата оламиз. Улардан биринчиси – Пайғамбар мўъжизаси, иккинчиси эса сўздир. Мўъжиза сўзда кўринади”, деб ёзган эди Жувайний “Жаҳонгушо” дебочасида. Унинг ўзи ҳам сўз башарият кечмиши ва тарих тадрижини ифодалайдиган, авлодларга ҳақиқатни етказадиган улкан мўъжиза эканини исботлай олди.
Камол МАТЁҚУБОВ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Муаррихнинг чигал қисмати” мақоласи
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ