Ўзбек адабий анъаналарида даврий таҳлил наслий унсурдан мустақил равишда, фақат бир шахс атрофида шаклланишига кўп ҳам дуч келмаймиз. Бугунги, академиянинг нақ ўзига қарши бош кўтарган буткул бошқа мактаб – “мустақиллик даври ўзбек адабиёти” консептини рад этиб, “мустамлакадан кейинги ўзбекча адабиёт” ғоясини илгари сураётган бир пайтда, даврийлик ва наслийлик назарий тарафлама янада имконсиз муҳитга банди бўлиши аниқ. Ушбу тан олинмаган, тўғрироғи тан олинишни истамаган мактабга суянган ҳолда юқоридаги саволга жавоб бермоқчи бўлдим.
Бир шеърни тарихий манба сифатида ўқиб бўлармикан, деган саволга доим “ҳа” деб жавоб бергим келади. Боиси, шеърнинг биз ўйлагандек, маҳрам ҳодиса бўлибгина қолмай, айни пайтда ижтимоий омиллар орқали яралган мозаикага ишора қилиши ҳамдир. Рассом Марк Ротко бир суратнинг қандайдир ҳиссий тажриба инъикоси ё ифодаси эмас, балки ўша ҳиснинг ўзи эканини айтади. Бу фикрни Фахриёр шеърларига татбиқ қилганимизда, ундаги, ҳатто ўз таъбири билан айтсак, “кайфият хулосасизлиги” ҳам очиқча фош бўлади. Фахриёр ижтимоий омилни шахсий таъсир билан омихталаш ўрнига уни маҳрам туйғунинг ўзига айлантиради. Бу эса ўзбек адабий қомусидаги менлик ва тарихий ҳақиқат орасидаги тафовутни йўққа чиқаради.
Қомусдаги бошқа шоирлар, масалан, Эркин Воҳидов билан қиёсланганида, ўша йўққа чиққан тафовутни энг кескин қирралари билан кўришимиз мумкин: Воҳидов поэзиясида тарих доим олисдан садо беради. Воҳидовнинг ўзи эса биз билан. Тўғри, у биз эшитмаган баъзи овозларни эшитгани ва бизга улардан хабар бергани учун ҳам коҳиндек кўринади, аммо Фахриёр илк китобиданоқ мазкур коҳинлик рутбасини рад этади. Фахриёр учун тарих унинг ўзидир. Бошқа тарафлама, у мана шу ўзликни эпистемик узилиш орқали драматиклаштиради.
Шоирнинг илк шеърий тўплами бўлмиш “Дарднинг Шакли” даги дастлабки шеърлардан биридаёқ мана шу “мен” ва “тарих” орасидаги драматик жараён ойдинлашади. “Тонгги Регистон” шеърига назар ташлайлик:
Азон айтар муаззин минорлар.
Фалон йилки
Карвонсиз саройлар ва хонақоҳлар –
Барибир бойқушнинг мулки.
Эл ухлайди йўқсил, хотиржам,
Тонг уйқуси руҳафзо.
Эгатларда чарчаган элга
Истироҳат – ухламоқ афзал.
Ўтмишнинг мавжуд қонуний кучи ортиқ ўтмаслашиб, бугун ўз таъсирини йўқотгани мана шу икки тўртлик орасидаги тўлдирилиши имконсиз бўшлиқда ўзини намоён қилади. Биринчи тўртлик кумуш суви бўлса, иккинчиси шиша. Бу икки унсурнинг бирлашуви фақат кўзгуни эмас, балки ўша бўшлиқни ҳам баробарида бунёд қилади. Бу бўшлиқнинг бир қарашда муайян вазифаси йўқдек. Ҳатто ифода қуввати ҳам заиф. Фақат, унинг ичкин борлиғидаги қочиб бўлмас воқеликни тан олмай туриб кўзгуни ҳам ясай олмаймиз. Лекин... бу кўзгуда нимани кўрамиз?
Фахриёрнинг бизга тутган кўзгуси ўзбек совет адабиётининг сўнги йилларидан бошланган мустақиллик дискурсига қанчалик ўхшамасин, ўтмишнинг тубсиз жарликка қулаганини баралла айтиши билан бошқалардан ажралиб чиқади. Мазкур ажралишдан эса Фахриёр ва ўзбек адабий қомусининг трагик ибтидоси бўй кўрсатади.
Буни икки ҳақ тарафнинг тарих саҳнасидаги тўқнашуви деб ҳам аташ мумкин. Бунда тарихга бўлган тақлидий ёндашув энг асосий ўзига хосликларидан бири бўлмиш жуфт тарафли қарашларидан мутлақ айрилади. На яхшию ёмон, на эски ва янги, на ғолибу мағлуб қолади бу саҳнада. Чунки икки тарафнинг ҳам ҳақиқатлари бор, икки тараф ҳам ўзига хос воқеликни ўртага ташлайди. Фахриёр қомусга мана шу нуқтада бош кўтаради. Аввалги шоирлар тарихни яратувчи йўл билан тирилтиришга уринган бўлса, Фахриёр мозийни буткул бузади ва бу бузғун қолдиқлари билан бугунни қайта яратади. Энди тарих Эркин Воҳидов шеърларидаги ўтмишнинг мафкуравий тузилмага хос силсиласи эмас, балки Фахриёр зеҳниятидаги “мен” нинг бир қисми.
Шубҳасиз, ундан аввал ҳам тарихни ўзига сингдирган, уни кундалик ҳаётнинг бир қисми сифатида тасвирлаган шоирлар бўлган, аммо уларда, ҳатто Рауф Парфида ҳам ўтмиш шонли хотира бўлиб қолаверган. Фахриёр эса тарихни, миллат ўтмишини худди юздаги сўгал ё оёқдаги замбуруғдек ҳам табиий, ҳам орттирилган унсурдек кўрсатади. Аммо энг оғриқли муаммо шуки, шоирдаги трагик тўқнашув қанчалик ҳаққоний бўлмасин, бизга ҳеч қандай чора бермайди. Тарихнинг жароҳати яна ўша ўша, мавҳумлигича қолаверади.
Фахриёр яратган мавҳумот нафақат ўзбек адабий қомуси, балки ўқувчи марказли матн қоидаларини ҳам бузиб ўтади. Унгача бўлган шеърий анъана шеърхонни биринчи ўринга қўярдию аммо шоир шахсиятини доим асосий планга чиқаргандек ясама муҳит яратарди. Бироқ, Фахриёр бу муҳитнинг ўзини ҳам рад этиб, фақат шеър матнини олдинги планга чиқаради. Яъни, ижодкорда на шоирнинг кечинмаси, на шеърхоннинг таассуроти муҳим. Асосий масала матннинг ўзи, чунки Фахриёр шеър ёзмайди, балки матн яратади. Матнда эса шеърхон ҳам, шоир ҳам, ижтимоий ё ботиний дунё ҳам бирваракайига мужассамлашаверади.
Шу ўринда бир савол туғилади... Агар ҳамма нарса матндан иборат бўлса ва биз бутун оламни қаршимиздаги матн орқали идрок этадиган бўлсак, бунинг натижасини қандай сарҳисоб қиламиз? Натижанинг ўзи борми? Жавобни Фахриёр яратган тил беради. Сабаби, дунё шоир учун фақат тилдан иборат. Биз бир унсурга ном бериш орқали унга шахсият ҳам тайинлаган бўламиз. Ва мазкур унсур биз тайинлаган шахсиятга хос вазифаларни тинимсиз ижро этиш орқали ўзини ўзи қайта яратади. Шубҳасиз, тил фақат номлар билан чекланиб қолмайди. У бир вақтнинг ўзида муайян материяга эстетик қиймат қўйиш ё жирканчлик даражасини беришга ҳам қодир. Фахриёр мана шу ҳолатни англаб етгани боис ўз шеъриятида бошқа шоирлардан фарқли ўлароқ эркин ҳаракатланади, чунки нимани қандай номлаш ёхуд гўзаллик қолипларидан ташқарига итқитиш унинг қўлида. Ягона талаб шоирга ишониш, холос. Куала Лумпурдаги ҳавонинг ушлаб кўргилик вазнига, Сангижумондаги мистик муҳитга воқелик нуқтаи назаридан ишонсак бас. Шундагина Фахриёр руҳунати ўзини фош қилади. Айнан мана шу фошлик ҳоли шоирни қомусдан четлаштиради. Бироқ, Фахриёр ҳар бир адабий мажмуанинг табиий эҳтиёжи эканлигини унутмаслик лозим. Шу боис барибир у қомуснинг ёриқларидан сизиб чиқаверади. Қисқача қилиб айтганда, Фахриёр ўзбек адабий қомуси яширган касалнинг иситмаси ролини ўйнайди.
Қомуснинг “касали” истеҳзоли шаклда айнан мумтоз адабиёт, яъни қомуснинг аввалидаги буюк асарлар нуқтаи назаридан олиб қаралганда ўта кичик туюлади. Ваҳоланки, ўзбек адабиёти, хусусан, Фахриёр кириб келган давр аслида Истеҳзолар Даври эмасми? Мисол учун, унинг матни дунёга, шеърхонга истеҳзо билан қараса, ундан бироз аввал адабий жараёнга дохил бўлган Хайриддин Султоннинг “Кўнгил oзодадур” қиссаси ўз тили ва услуби орқали ўқувчида истеҳзо уйғотади.
Қомуснинг асосидаги мумтоз мотивлар қомуснинг ўзини рад этиб турган бир пайтда Фахриёр ўзига хос янгича тузилма таклиф қилади. Ушбу тузилмага кўра, шахсий кечинма доим шахсий бўлгани ҳолда шеърхон фақат шоирга ҳамдард, шоир ижодидан руҳланувчи тарғибот бандаси ёхуд шеър қаҳрамони ролида эмас, балки шеърни фақат ўз тажрибалари орқали идрок этувчи материяга айланади. Яъни, Фахриёрнинг суйгули учун ёзган шеъридаги мунг Россиядаги муҳожир ўзбекнинг умумий соғинчи бўлиб ҳам хизмат қилаверади. Аммо Фахриёр бу универсалликка, шоир ҳам ўз дилини ёрсин, шеърхон ҳам уни ўзиникига айлантирсин қабилидаги очиқчаликка қандай эришади? Бунинг йўли оригинал эмас, маргиналлик орқали рўй беради. Фахриёр ҳеч қайси шеърида оригиналликка интилмайди. Чунки оригиналлик шоирнинг “мен” ига керагидан ортиқ урғу бериб шеърхонни чўчитиши мумкин. Фахриёр анъанавий кечинмани “мен” нинг услубида беради, уни “биринчи бўлиб мен туйдим”, деб даъво қилмайди. Шакл, имло, ташбеҳ шоирники, кечинма эса ҳамманики. Шу йўл билан шеър, шоир ва шеърхон орасида мувозанат юзага келади.
Фахриёр ўз маргиналлигини фақат шакл эмас, балки ифода шаклида ҳам намоён қилади. Биз кўриб турган, тўғрироғи ичидан ўтаётган муҳитни у бошқа шоирлардан фарқли ўлароқ тасвирлабгина қолмай, юқорида таъкидланганидек, бузиб, худди лего каби қайтадан яратади. Буни саройдан қолган ғишт билан дала шийпони қуришга ҳам ўхшатиш мумкин аслида.
Шоирнинг пандемия пайти ёзган шеърига қарайлик:
ризқ излаб уядан ташқари чиққан
чумолилар тўдасидай
қоғозга сочилиб бораётган сўз
айланади қорайтмаларга
ёки
бир саҳнадан иккинчисига
ўтиш пардаси бўлар
бугун бўғзига тизза босилган
ҳабаш сўз
ва ёки
дарвозасига
карантин туйнуги тикланган
ҳаёт бозорига ўтилар ундан
Фахриёрда тарих доим ҳам тўғри чизиқда илгариламайди, у баъзан айнан ҳозирнинг бағридаги ярага айланади. Фахриёр эса мана шу ярани, биз ўрганган тартибда эмас, балки шахсий тажрибасида бирлаштиради. Биринчи тўртликда шоирнинг шахсий тажрибасини кўрсак, иккинчи тўртликда мазкур праксис Америкадаги Жорж Флойд жиноятига, учинчисида эса карантин кунларига дуч келамиз.
Буни шундай формула ҳолига келтириш мумкин:
Мен → Дунё → Воқелик
Ушбу формула орқали таҳлил қилинганда, парчанинг қисман қопқонга қисилганлик метафораси сифатида дунёга келганини айтиш мумкин. Шубҳасиз, бу чексиз эҳтимолий таҳлил ва хулосалардан фақатгина биттаси, холос.
Бир қарашда шоир матнга бандидек кўринади. Фахриёрда матндан чиқиш йўқлиги ва ботину зоҳир фақат матн шаклидагина тоифаланиши мумкинлиги ҳисобга олинса, бу тўғри бўлиши мумкин. Аммо, иккинчи тўртликда мазкур бандилик муҳитига бўйни тизза остида сиқишган ҳабаш сўз ҳам кириб келади. У Жорж Флойд ё Фахриёрнинг оддий қорайтмаси ҳам бўлиши мумкин. Бу эса дунё ва шоирнинг ичкинлик тажрибасини икки тарафлама намоён қилади. Биринчиси, “мен” нинг “дунё” дан қабул қилиб олган таъсири бўлса, иккинчиси бу таъсирдан мустақил равишда яратилган, аммо ҳали тўла тугалланмаган, балки ҳеч қачон тугалланмайдиган хулосадир.
Юқорида Фахриёр ижтимоий омилни қомусдаги бошқа шоирлар каби қайтадан ижтимоийлаштирмайди, балки уни маҳрам тажрибанинг ўзига айлантиради, дегандик. Флойд воқеаси ва “ҳабаш сўз” метафораси ҳам худди шу, маҳрам тажрибанинг фарқсизлашувидир. Ушбу фарқсизлашув ҳозир билан қўшилади, аммо на илгари, на ортга ҳаракатлана олади. Мана шу ҳаракатланолмаслик, қопқонга тушиш эса шеърнинг моҳиятини ташкил этади. Учинчи тўртликдаги карантин ҳам айнан ўша, сиқишувнинг учинчи қиёфасига ишора қилади. Карантинда уйидан чиқолмаслик ва ирқи сабаб полиция зарбидан қутулолмаслик шоирнинг матндан ташқарилолмаслиги билан қўшилиб, яҳлит композицияга айланади. Ҳозирги замонни тарихнинг бир парчаси эмас, балки айнан тарихнинг ўзи сифатида идрок этиш мазкур композициянинг марказига қўйилади.
Фахриёрнинг уч асосий тўплами, “Юракнинг Шакли“, “Геометрик Баҳор“ ва “Аёлғу“ қиёсланганида, шахсан мен учун “Геометрик Баҳор“ доим ижодий чўққидек туюлаверади. Шоир ушбу тўпламда “Юракнинг Шакли“ дан фарқли ўлароқ фақат фолклорни услуб ғалвиридан ўтказибгина қолмай, фолклорни маълум бир ифода шаклига ҳам айлантиради. Аниқроғи, энди Фахриёр халқ оғзаки ижодидаги мотивларни модернист шаклда бериш ўрнига модерн муаммоларни халқ оғзаки ижоди орқали талқин қилади. Бироқ, албатта, ушбу талқинда ҳам шахсий тажрибасини илова этишни канда қилмайди. Бу тажриба натижаси ўлароқ замон ва макон ўз хоссасини йўқотади. Куала Лумпур Сангижумонга, Самарқанд Парижга, Тошкент эса шоир қамалган торгина хонага айланади. Умуман, шоир бизга шаҳар номларини бергани билан макон яратиш ишини ўзимизга қўйиб беради. “Геометрик Баҳор“ ҳам мана шу, услубдан мустақил равишда номлар яратиб, ўқувчига бу номларни ўзгартириш ҳурриятини бахш этиши билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Фахриёр бу ҳурриятни берадию, аммо ижтимоий воқеликни маҳрам таассурот забтига тобе тутади. Шоирдаги ушбу ижтимоий воқелик билан ичкин тажриба орасидаги тобелик иншоси ва фарқнинг йўқолишини постмодерн ҳолат билан ҳам очиқлаш мумкин...
Фахриёрнинг услуби ўзбек филологик давраларида доим ниятдан мустақил равишда талқин қилинди, “катта ҳикоя” нинг тамал тошлари бўлмиш асарлар одатий воқелик сифатида сингдирилгани ҳолда унинг шеърларидаги тўғридан тўғри ифода бетиним эътиборсиз қолдирилди. Ваҳоланки, Фахриёр услуб эмас ниятнинг талқини орқалигина тушунилиши мумкин. Бу матндаги ниятнинг изоҳланишини эмас, ниятнинг талқин ичида шаклланишини кўрсатади. Буни албатта “шоир бу ерда нима демоқчи” ёхуд “шеърингизни тушунтириб беринг” қабилидаги сийқа таъбирлар билан адаштирмаслик керак. Худди услуб ва ифодавий шахсият каби ният ҳам Фахриёрда буткул бошқа, бизга кўринган, аммо бизни ўзининг кўринмаслигига ишонтирган нуқтада туради. Бу нуқта узлуксиз эврилишларга тобе экани аниқ, чунки Фахриёр учун тарих унинг ўзлигига бўлган ҳалқасимон йўлдир. Бу йўл уни доим ўзига олиб чиқаверади. Бу ўзлик ният мисоли бор ва йўқ орасида. Ахир, Фахриёрнинг ўзи ҳам айнан мана шу, бор ва йўқ орасидаги Аърофда кўриниш бермадими?
Ушбу нуқтада борлик ва йўқликнинг йўналувини аниқлашдан кўра Аърофнинг жойлашувини ойдинлаштириш таҳлилчини бу чигалликдан қутқариб, Фахриёрнинг қомусдаги муаммоли мақомини “қонунийлаштириши” мумкин. Аъроф мафкура ва воқеликнинг ўртасида туради. Мафкурага бўйин эгган шоир воқеликдан узилади ва натижада санъатнинг моҳияти бўлмиш “ҳақиқатга тақлид” яъни мимезис қобилиятини йўқотади. Воқеликни тўла-тўкис қаламга олмоқчи бўлган шоир эса, гарчи мафкура таъсиридан қутулолмаса-да барибир тарих, Фахриёр мисолида “мен”ни енгиб чиқади. Зеро, Фахриёр учун “мен” ва тарих душман ҳам эмас, аммо улар ҳақ бўлишига қарамай, доим тўқнашишга мажбур икки тарафлигича қолаверади.
Бироқ мафкурага бўйсунган, унинг илдизига ўз “мумтоз ҳодисоти” билан сув қуйган шоирларсиз Фахриёр ҳам қомусий тарафлама бунёд бўлолмасди. Мафкура миметик қобилиятни йўққа чиқариш орқали санъатнинг табиий ривожини чеклагани билан бир вақтнинг ўзида, унинг босим кучи тақлиддан ҳам кучли, ҳатто воқеликнинг ўзини тақдим қилувчи бошқа шоирни йўқдан бор қилади. Мана шу борлик ҳолати Фахриёрнинг елкасидаги жанозадир. Фахриёр ортига беркинган жароҳат эса яна ўша, мафкура дастидан ҳамон қонаб ётган адабий қиймат экани, шубҳасиз. Қисқача айтганда, Керкегор “Қўрқув ва Титроқ”да ёзганидек, “Инсонни муқаддаслаштиргувчи бир бўшлиқ бор. Бу бўшлиқ бўлмаса Иброҳим ҳам йўқ...”
Сўз охирида шуни айтиш мумкинки, Фахриёр бўлмасайди, қомус учун уни ўзимиз яратишимизга тўғри келарди. Фахриёр қомуснинг мажруҳ табиатига дармон бўлгани рост, аммо баъзан бу қомусдан шундай ислар келадики... Ким билади, балки ўликларнинг барини кўмиб бўлмагандирмиз? Балки тарихнинг қайсидир жароҳатидан ҳамон йиринг оқиб ётгандир?
Мирзоҳид МУЗАФФАР
Фото: Эрнест Куртвалиев,
“Тил ва адабиёт таълими” журнали архивидан
Тарих
Маънавият
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ