«У аввал қоғозга ўраб келинган нарсани очиқ айтди». Россиялик тарғиботчининг Марказий Осиё ҳақидаги гаплари муҳокамаларга сабаб бўлди


Сақлаш
12:33 / 12.01.2026 82 0

Россиялик машҳур бошловчи ва тарғиботчи Владимир Соловёв ўз кўрсатувида Арманистон ва Марказий Осиёда ҳам Украинадаги каби махсус ҳарбий амалиёт (босқин) ўтказишга чақирди.

 

У Марказий Осиёни «Россия таъсир остидаги ҳудуд» ва «бизнинг Осиё» деб атаб, бу ерларни назоратда ушлаб туриш кераклигини айтган.

 

«Бизнинг Осиё, Ўрта Осиё, улар Марказий Осиё деб атайдиган минтақадаги муаммолар – Россия учун улкан муаммо бўлиши мумкин. Ва биз ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ белгилаб олишимиз керак. Шуни очиқ айтиш керак: «Ўйинлар тугади».

 

Халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупурамиз. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида «СВО» (Россия расмий равишда Украинага босқинни махсус ҳарбий амалиёт деб атайди) бошлашимиз керак бўлган бўлса, нега айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, таъсир доирамизнинг бошқа нуқталарида ҳам «СВО» бошлай олмас эканмиз?» деган россиялик тарғиботчи.

 

Ушбу баёнот кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Ўзбекистонлик фаоллар ва журналистлар россиялик тарғиботчининг чиқишига муносабат билдирди.

 

Хусусан, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Соловёвга жавоб йўллади.

 

«Тормозсиз пропаганда ёҳуд фикрларни кузатиш вақти келди. Соловёвга жавоб.

 

Владимир Соловёв тўғридан-тўғри эфирда аввал қоғозга ўраб келинган нарсани очиқ айтди: халқаро ҳуқуқни инкор этиш мумкин, суверенитет – шунчаки расмий атама, бошқа давлатлар эса бемалол «таъсир доираси» деб эълон қилиниши мумкин. «Бизнинг Осиё» деган формула тасодифий оғиздан чиққан сўз эмас, балки давлатларни объектга, чегараларни эса тўсиққа айлантирадиган соф мустамлакачилик тилидир.

 

Албатта, Соловёв шунчаки булбул каби сайраб, баланд овозда, жозибали, лекин ҳар доим ҳам сўзининг оқибати учун жавоб бермайди, деб айтиш мумкин. Ва жуда ҳам умид қилишни истаймизки, бу Россия олий раҳбариятининг расмий позицияси эмас, балки студия ички аудиториясига таъсир қилишга қаратилган навбатдаги пропагандистик чиқишдир. Аммо тарих кўп бор шундан далолат берадики, бундай «яккахон чиқишлар» камдан-кам ҳолларда фақат сўз бўлиб қолади.

 

Бежиз эмаски, Лао Сзи ҳали милоддан аввалги VI асрдаёқ огоҳлантирган:

 

«Фикрларингизга эътибор беринг – чунки улар ҳаракатларингизнинг бошланишидир».

 

Бу энди на баҳс, на таҳлил. Бу – урушни сиёсатнинг мақбул воситаси сифатида нормаллаштиришдир. Украина – прецедентга айланди, Марказий Осиё – овоз чиқариб айтилган хаёллар объекти, «таъсир доираси» эса хавфсизлик ҳақидаги сўзлар ортига яширилган ҳар қандай зўравонликни оқлаш учун универсал баҳонага айланмоқда.

 

ХХИ асрда урушни расман эълон қилиш шарт эмас. Уни одатий ҳолга айлантириш ўзи етарли. Бир неча бор «бизга мумкин», «шундай бўлиши керак», «бошқа илож йўқ» деб айтиш кифоя. Овертон туйнуги айнан шундай ишлайди: кеча – ақлга сиғмайдиган, бугун – муҳокама қилинадиган, эртага – мақбул, индинга – амалга ошириладиган. Шунинг учун бундай эфирлар мазмуни билан эмас, функцияси билан хавфли — улар мумкин бўлган чегараларни суриб, жамиятни навбатдаги қадамга тайёрлайди.

 

Тарих, пропагандадан фарқли ўлароқ, ҳеч нарсани унутмайди. У шунчаки айтилган сўзлар онгли равишда қилинган танловнинг етарли далилига айланишини кутган ҳолда сабр қилади», дея россиялик журналистнинг гапига жавоб қайтарган Шерзодхон Қудратхўжа.

 

Шоир Ботиржон Эргашев ҳам россиялик бошловчи баёнотига муносабат билдириб, уни «жирканч махлуқ» деб атади.

 

«Қуйида расмини қўйганим – Россия сиёсатининг самогон, портвейн дегустатори владимир соловев деган (бу ифлоснинг исми-шарифини катта ҳарфларда ёзмайман) жирканч махлуқ Россия Марказий Осиёда ҳам «Махсус ҳарбий амалиёт» ўтказиш лозимлигини айтибди.

 

Ҳар доимгидан кўра кўпроқ айни пайтда бирлашишимиз лозим. Пароканда халқни хор қилиш бўйича мусобақа бошлади булар. Аллоҳ юртимизни золимлар зулмидан асрасин!», дейди Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти директори.

 

Фаол ва журналист Илёс Сафаров ҳам бу борада ўз фикрларини билдирган:

 

«Владимир Соловёвнинг Марказий Осиёда ҳам «махсус ҳарбий операция» ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги баёноти – бу шунчаки ҳайп эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор ва хавфли йўналишларини ифодаловчи сиёсий сигналдир.

 

Сир эмас, рус пропагандаси – ҳақиқатни бузиш, қўрқув ва адоватни ишлаб чиқаришга хизмат қиладиган заҳарли ахборот маҳсулоти. Соловёв эса айни шу заҳарни оммага етказадиган энг фаол ва тажовузкор узаткичлардан бири. Соловёв Путинга яқин шахс сифатида кўп ҳолларда Кремль доираларида шаклланаётган қарашларни оммага мослаб, баландроқ ва кескинроқ шаклда ифодалаб келади, шу боис ҳам унинг бу чиқишини оддий телебаҳс даражасида баҳолаб бўлмайди.

 

Бу риторика шунингдек, халқаро ҳуқуқни четга суриб, мустақил давлатларга «таъсир доираси» деган тушунча орқали босим ўтказишни нормал ҳолат сифатида кўрсатишга уриниш ҳам. Бундай ёндашув у етиб борадиган жамиятлар онгини зўравонлик ва ҳарбий аралашувга олдиндан тайёрлашга хизмат қилади. Айниқса, Марказий Осиё каби геосиёсий жиҳатдан «сезгир» минтақа учун бу каби баёнотлар реал хавф сифатида қабул қилиниши керак. Такрорлайман, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари бу чиқишни шунчаки телебаҳс, оддий шов-шувли фикр эмас, балки Россия сиёсий тафаккурида мавжуд бўлган хавфли тенденциянинг очиқ ифодаси сифатида баҳолаши керак. Шу сабабли, суверенитет ва ҳудудий яхлитликка очиқдан-очиқ шубҳа солаётган Соловёв каби шахслар энг камида хоҳланмайдиган шахс (персона нон грата) сифатида белгиланиши мантиқан асосли қарор бўлади.

 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нимани кутяпти, ишлатсин ўтган йили кучга кирган янги тартибни. Қонунлар «антиквар» эмаски, ишлатмасдан сақлаб қўйилса. У аввало давлатлар суверенитетини менсимайдиган шундай нусхалар учун ишлаши керак. Чунки бугун пропаганда тилида айтилган фикрлар эртага амалий сиёсий қарорларга айланиши тарихда кўп бор исботланган, исботланяпти ҳам», дейди журналист.

 

Яна бир фаол Азизa Умарова ушбу воқеадан сўнг русларнинг Марказий Осиёга босқини тасвирланган «Отамдан қолган далалар» фильмини эфирга чиқариш кераклигини таъкидлаган.

 

«Владимир Соловёвнинг баёнотидан сўнг, эҳтимол, ниҳоят Шуҳрат Аббосовнинг Отамдан қолган далалар фильмини эфирга чиқариш вақти келгандир.

 

Бадиий шаклда – узун матнларни ўқишга ва чуқур мулоҳаза қилишга ўрганмаган томошабин учун ҳам тушунарли ва очиқ тарзда – фильм икки соат ичида муносабатлар эволюциясини тўлиқ кўрсатиб бера олади. Фильм премьерасидан сўнг дарҳол тақиқланган ва 1997 йилдан бери оммавий майдонда намойиш этилмаган (фақат YouTubeʼга жойланган).

 

Фильм Тўғай Муроднинг романи асосида суратга олинган бўлиб, у ўтмиш ва оддий одамлар ҳаёти ҳақидаги ниҳоятда лирик, таъсирчан ва ростгўй бадиий мулоқотнинг кам учрайдиган намунасидир. Бундай асарлар мактабларда тарих дарсларининг бир қисми бўлиши, шунингдек, телевидение эфирларида янграб туриши керак — чунки айнан улар маънавий иммунитетни шакллантиради ва бундай баёнотларнинг мазмун-моҳиятини англашга ёрдам беради…» дея ёзади Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ходимаси.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

13:02 / 03.02.2026 0 26
Колумбни адаштирган мил





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30684
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//