Мурожаатнома – маданият, номоддий маданий мерос ва ижтимоий бирдамлик концепцияси


Сақлаш
10:34 / 12.01.2026 62 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакат тараққиётининг яқин ва ўрта муддатли стратегик йўналишларини белгилаб берувчи дастурий сиёсий-ижтимоий ҳужжатдир. Унда иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат, экологик барқарорлик, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими ва ташқи сиёсат масалалари билан бирга маданий ҳамда маънавий тараққиёт миллий ривожланишнинг устувор омилларидан бири сифатида илгари сурилади.

 

Мурожаатнома мазмуни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мустаҳкам маданий-маънавий пойдеворга таянаётганини, жамиятда барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий масъулиятни шакллантиришда маданият ҳамда маънавиятнинг ҳал қилувчи ўрнини очиб беради.

 

Ҳужжатда қайд этилган иқтисодий ўсиш, инфратузилманинг жадал ривожланиши ҳамда аҳоли фаровонлигининг ошиши кенг қамровли ислоҳотлар билан бир қаторда жамият онги ва дунёқарашида юз берган ўзгаришлар натижаси эканига урғу берилади. Бу эса давлат тараққиёти иқтисодий ва технологик омиллар билан чекланмасдан, маданий ҳамда маънавий капитал билан узвий боғлиқ эканини тасдиқлайди.

 

Маданият жамиятнинг ижтимоий хотираси, тажрибаси ҳамда қадриятлар тизими сифатида иқтисодий ислоҳотларни қабул қилиш, уларга мослашиш ва барқарорлигини таъминлашда муҳим омил вазифасини бажаради. Шу нуқтаи назардан, Мурожаатномада жамият жипслигини мустаҳкамлаш, халқ онгидаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маҳалла институти таъсирини кучайтиришга қаратилган ёндашувлар маданиятга стратегик ресурс сифатида қаралаётганини англатади.

 

Президентимиз томонидан 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш ташаббуси илмий таҳлил учун кенг имконият яратади. Маҳалла маъмурий тузилма доираси билан чекланиб қолмай, ўзбек жамиятида асрлар давомида шаклланган номоддий маданий мероснинг муҳим макони сифатида намоён бўлади. Унда қўшничилик муносабатлари, ўзаро ёрдам, ҳашар анъаналари, маросимлар ҳамда оилавий ва жамоавий тарбия шакллари мужассамлашган.

 

Мурожаатномада маҳалланинг “меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия маскани” сифатида тавсифланиши унинг номоддий маданий меросни сақлаш ва авлодлар давомийлигини таъминлашдаги ўрни давлат сиёсати даражасида эътироф этилаётганини ҳамда маданиятшунослик соҳасида маҳалланинг вазифавий ва ижтимоий хусусиятларини чуқур ўрганиш зарурлигини кун тартибига қўяди.

 

Бундан ташқари, мурожаатномада илгари сурилган марказий ғоялардан бири миллий бирлик ва жамиятни жипслаштириш масаласидир. Президентимиз нутқида келтирилган “Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар” деган халқ мақоли миллий тафаккур ва тарихий тажрибага таянилган ҳолда замонавий давлатчилик ғоялари билан уйғунлаштирилган.

 

Маданий идентификация нуқтайи назаридан ушбу ёндашув миллатнинг ўзини англаш жараёнида анъанавий қадриятлар, умумий тарихий хотира ва рамзларнинг ўрнини янада мустаҳкамлайди. Турли миллат, тил ва дин вакилларини бирлаштирувчи умумий ғоя сифатида Ватан манфаатларининг илгари сурилиши Ўзбекистонда кўпмаданиятли жамият моделининг маънавий асосларини кучайтиради.

 

Мурожаатномада ёшлар таълими, илм-фан, халқаро олимпиадалар ва интеллектуал ютуқлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани маданий тараққиётни таълим ва илм-фан билан узвий боғлиқ ҳолда талқин этиш концепциясини ифодалайди. Илм-фан ва маданият интеграцияси номоддий маданий меросни замонавий шароитда сақлаш, рақамлаштириш ва кенг жамоатчиликка етказиш учун янги имкониятлар очади.

 

Ёш авлодни ватанпарварлик, маънавий баркамоллик ва маданий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш жараёнида таълим муассасалари ва маданий институтлар ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Бу йўналишда илмий тадқиқот муассасалари концептуал ва методологик асосларни ишлаб чиқишда етакчи ўринни эгаллайди.

 

Мурожаатномада Ўзбекистоннинг UNESCO Бош конференцияси, халқаро саммитлар ва форумларга мезбонлик қилиши мамлакатнинг халқаро маданий нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради. Бундай тадбирлар миллий маданият ва номоддий маданий меросни жаҳон жамоатчилигига тақдим этишнинг самарали майдонига айланмоқда. Маданиятшунослик нуқтаи назаридан эса улар сивилизациялар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш ҳамда миллий маданий тажрибани глобал контекстда талқин этиш имкониятини яратади.

 

Мурожаатнома 2026 йили амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастурни қамраб олади. Маҳалла институти, урбанизация, хизматлар соҳаси, туризм ва транспорт инфратузилмаси вазифалари маданий муҳитни ривожлантириш ва жамиятнинг кундалик ҳаётини сифат жиҳатдан янгилашга қаратилган. Маҳалла ижтимоий бошқарув тизими бўғини, шунингдек, асрлар давомида шаклланган урф-одатлар, анъаналар ва жамоавий қадриятлар сақланиб келаётган номоддий маданий мерос макони сифатида ҳам аҳамиятлидир. Шаҳарсозлик ва хизматлар инфратузилмаси орқали инсон манфаатларига йўналтирилган макон яратиш маданий муҳит ва жамият ўртасида маънавий уйғунликни таъминлайди ҳамда миллий ўзига хосликни сақлашнинг муҳим шартидир.

 

Биринчидан, маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантириш жараёнида маҳаллий урф-одатлар ҳамда номоддий маданий мерос замонавий хизматлар ва инфратузилма билан уйғунлаштирилади. Жамиятда маънавий уйғунлик мустаҳкамланади, маҳаллий аҳолининг маданий ҳиссиёти юксалади ва ижтимоий барқарорлик таъминланади.

 

Иккинчидан, иқтисодиётни технологик ва инновацион ривожлантириш жараёнида анъанавий ҳунармандчилик ҳамда санъат каби номоддий маданий мерос намуналари замонавий ишлаб чиқариш ва рақамлаштириш билан интеграция қилинади. Маданий ва маънавий меросдан оқилона фойдаланиш иқтисодий самарадорликни ошириш, миллий қадриятларни сақлаш ҳамда маданий мероснинг узлуксиз ривожланиши имконини беради.

 

Учинчидан, ички бозорда талабни рағбатлантириш миллий маҳсулотлар ва анъанавий ҳунармандчилик каби номоддий маданий мерос йўналишларини интеграция қилиш орқали амалга оширилади. Туризм ва сервис соҳаларида номоддий маданий меросдан самарали фойдаланиш маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлайди, аҳолида миллий маданий ҳиссиётни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Тўртинчидан, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектураси маданий трансформация билан боғлиқ. Техникумлар, “Касблар шаҳарчаси” ва дуал таълим орқали ёшлар меҳнатга ва ижтимоий фаолликка тайёрланади. Анъанавий ҳунармандчилик, номоддий маданий мероснинг бир йўналиши сифатида, замонавий касблар билан уйғунлаштирилади, касб маданияти ва меҳнат этикаси шаклланади ҳамда жамият маънавий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

 

Бешинчидан, экологик мувозанат, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш экологик маданиятни ривожлантириш билан боғлиқ. Табиатга эҳтиром, сув ва ер ресурсларига муносабат ва атроф-муҳитни асраш анъанавий қадриятларнинг давомийлигини таъминлайди. “Яшил макон”, экологик транспорт ва таълим жамиятда экологик тафаккурни мустаҳкамлайди.

 

Олтинчидан, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш маданий ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш билан боғлиқ. Электрон ҳукумат, рақамли суд, очиқлик ва ҳисобдорлик принсиплари коррупсияга муросасиз муносабат ва қонун устуворлигини таъминлайди. Мазкур жараён номоддий маданий мероснинг узлуксиз сақланиши ва авлодлар орасида анъанавий қадриятларнинг ривожланишига хизмат қилади.

 

Умуман олган, Президентимиз Мурожаатномаси миллий тараққиётни иқтисодий ўсиш билан чекламай, маданий, маънавий ва маърифий ривожланишни ҳам бирлаштиришни назарда тутади. Белгиланган устувор йўналишлар маданиятни жамият тараққиётининг фаол омилларидан бири сифатида англашга йўналтирилган.

 

Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий тадқиқот институти учун ушбу ҳужжат илмий изланишлар, амалий лойиҳалар ва давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашда мустаҳкам концептуал асос вазифасини бажаради. Устувор йўналишларни амалга ошириш жараёнида миллий маданий меросни асраш, уни замонавий ижтимоий ҳаётга мослаштириш ҳамда жаҳон маданий маконида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган илмий фаолиятни кучайтириш долзарб вазифа ҳисобланади.

 

Машҳурахон ДАРМОНОВА,

Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос

илмий тадқиқот институти бўлим мудири,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

13:02 / 03.02.2026 0 26
Колумбни адаштирган мил





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 30684
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//