Унуттирилган тарих: Шокировлар оиласи мисолида қатағон фожеаси


Сақлаш
18:15 / 09.01.2026 67 0

Совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати Туркистон ўлкаси тарихида энг оғир ва фожеали саҳифалардан бири ҳисобланади. Мазкур сиёсат натижасида минглаб зиёлилар, маърифатпарварлар, ижод аҳли ва уларнинг оила аъзолари ноҳақ равишда таъқиб қилинди, қамоққа олинди, жисман йўқ қилинди. Узоқ йиллар давомида бу фожеали воқеалар миллий тарихдан четлатилиб, қурбонларнинг номлари унуттириб келинди.

 

Сўнгги йилларда қатағон сиёсатига доир архив ҳужжатлари, хорижий манбалар ва муҳожирлар даврий матбуоти асосида олиб борилаётган тадқиқотлар “унутилган тарих”ни қайта тиклашга хизмат қилмоқда. Қатағон сиёсатига доир манбаларни аниқлаш жараёнида хориж архивлари ва кутубхоналарида сақланаётган материаллар, шунингдек, туркистонлик муҳожирлар томонидан нашр этилган даврий матбуот нашрлари ҳам ўрганилди. Совет мафкуравий назоратидан ташқарида чоп этилган ушбу нашрларда Туркистонда амалга оширилган қатағон сиёсати, унинг кўлами ва оқибатлари ҳақида нисбатан холис маълумотлар келтирилган.

 

Хусусан, Германияда нашр этилган “Миллий Туркистон” журналининг “Совет террорига учраган туркистонликлар” сарлавҳали рукнида қатағон қурбонларининг рўйхати эълон қилинган. Ушбу рўйхатда кўплаб номаълум ёки илмий адабиётларда деярли тилга олинмаган шахслар номи учрайди.

 

Қатағон қурбонлари рўйхатидаги шахслар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикасидаги махсус архивларда изланишлар олиб борилди. Шундай шахслардан бири Абдулла Шокир бўлиб, у болалар адабиётчиси сифатида қайд этилган. Ушбу шахс ҳақида филолог олимларга мурожаат қилинганида, деярли ҳеч қандай илмий маълумот мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Кўриниб турибдики, Абдулла Шокирнинг ижодий ва ҳаётий фаолияти тарихий хотирадан чиқариб ташланган.

 

Архивлардаги изланишлар натижасида Абдулла Шокир Фарғона водийсидан етишиб чиққан маърифатпарвар зиёли экани, болалар учун ҳикоялар, шеърлар ва бир қатор адабий асарлар ёзгани аниқланди. У ўз даврида миллий маърифат, таълим ва тарбия масалаларига бефарқ бўлмаган ижодкор сифатида фаолият юритган.

 

Манбалардан англанадики, Абдулла Шокирнинг тақдири якка ҳолда эмас, балки бутун бир оилага нисбатан қаратилган қатағон сиёсати доирасида ҳал қилинган, жумладан, унинг акалари ҳам “қулоқнинг боласи”, “ишончсиз унсур”, “миллатчи зиёли”, “халқ душмани” каби сохта айбловлар билан таъқиб қилинган ва қатағон қурбонларига айланган. Шу тарзда совет қатағон сиёсати натижасида бир оиланинг маънавий, ижтимоий ва маданий салоҳияти бутунлай йўқ қилинган.

 

Бу оилага қўлланилган қатағон сиёсатининг илдизлари аввало Абдулла Шокирнинг отаси Шокир қозининг ижтимоий мавқеи билан бевосита боғлиқ эди. Шокир қози Бешариқ туманида ўз даврининг етук зиёлиси бўлиб, 1917 йилга қадар йирик қишлоқ ҳокими ҳамда диний раҳбар сифатида қози, аълам ва муфтий лавозимларида фаолият юритган. Унинг турмуш ўртоғи Амбархоним Қўқон шаҳрида туғилган, оила маърифат ва диний анъаналарга суянган ижтимоий муҳитда шаклланган. Совет ҳокимияти томонидан олиб борилган қатағон сиёсати жараёнида Шокир қози “қулоқ”лар рўйхатига киритилган, бироқ архив ҳужжатларида қайд этилишича, унинг 1919 йилда вафот этгани сабабли амалда қулоқ қилинмаган. Шунга қарамай унинг ижтимоий келиб чиқиши ва диний-маърифий фаолияти кейинчалик фарзандлари тақдирига ҳал қилувчи даражада салбий таъсир кўрсатган.

 

Абдулланинг акаси Саъдулла ҳақида архив ва кутубхоналарда изланишлар олиб борилди, аммо деярли маълумотлар топилмади. Архив ҳужжатларида Саъдулла “Миллий Иттиҳод” (Миллий бирлик) ташкилоти аъзоси бўлиб, Исфара туманида яшаган ва укаси Хайрулла билан ёзишмалар олиб боргани ҳақида қисқача маълумотлар мавжуд. Келтирилган маълумотлар унинг ижтимоий фаолияти ва қатағон жараёнидаги тақдирини тўлиқ ёритиш учун етарлимас. Шунингдек, Абдулла Шокировнинг қизи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ҳам Саъдулла ҳақида қўшимча маълумотлар мавжуд эмас.

 

Иккинчи акаси Хайрулла 1896 йили Бешариқ қишлоғи, Киров (ҳозирги Бешариқ) туманида туғилган. Хайрулла Туркияда таълим олгандан сўнг Ватанга қайтиб, Бешариқ туманида маориф соҳасида фаолият бошлаган ва жумладан, 1931 йил 2 июндан Киров тумани Ипак тайёрлаш идорасида инструктор сифатида ишлаган. У оммавий қишлоқ хўжалигини жамоалаштириш даврида ҳам муносиб хизмат қилган. Архив ҳужжатларига кўра, “Раён колхоз союзининг тут кўчат раҳбари ўртоқ Шакирипни ўз аризасига биноан 7/И-1932-йилдан этиборан вазифасидан озод этилади” деб қайд этилган.

 

 

Совет ҳокимияти қулоқлаштириш сиёсати доирасида Хайрулла ҳам қатағон қурбонига айланади. 1937 йил 4 декабрда у Қўқон турмасига қамоққа олиниб, мол-мулклари ва ҳовли-жойлари мусодара қилиниб, ўзи Россиянинг узоқ ҳудудларига сургун қилинади, болалари етим қолади.

 

Айблов хулосасига кўра, Хайрулла Шокирхўжаевнинг оила аъзолари ҳам шўро ҳокимияти томонидан “шубҳали”, “аксилинқилобий”  деб баҳоланган. Укаси Насрулла “халқ душмани” сифатида таърифланиб, Афғонистонга қочиб кетади ва оила билан мунтазам алоқа қилиб туради. Яна бир укаси Абдулла Тошкентда адабиёт соҳасидаги фаолияти учун ҳибсга олинади.

 

Тергов ҳужжатларида қайд этилишича, у ўз уйида ва маҳаллий жамоатчилардан бири Комил Турсматов уйида ноқонуний йиғилишлар ташкил қилган. Бу йиғилишларда “собиқ қулоқлар” ва собиқ қози Довус Қори Абдурайимов ҳам иштирок этиб, шўро ҳокимиятига қарши фикрларни тарқатган. Масалан, 1937 йил август ойида 11 киши иштирок этган йиғилишда Абдурайимов коммунистларни “шафқатсиз жазолаш” билан таҳдид қилган ва аксилинқилобий фикрларни тарқатган. Шу йилнинг яна бир санасида Хайрулла ўз уйида йиғилиш ташкил қилиб, Довус Абдурайимовни Афғонистонга яширинча олиб чиқиш масаласини муҳокама қилган.

 

Шу тарзда Хайрулла Шокирхўжайэв ва унинг яқинлари совет даврида оилавий, ижтимоий келиб чиқиши асосида сиёсий таъқиб қурбонига айланган. Унинг айби Ватанини севиши, миллати учун жонини фидо қилиши, халқ эркини, озодлигини, юрт мустақиллиги ва тараққиёти учун курашиши эди. Шу йўлда Сибирда сургундалигида ҳалок бўлган.

 

Яна бир акаси Насруллахон Ҳиндистонда таълим олган. У 10 йилдан сўнг ўз ватанига қайтиб, маориф соҳасида фаолият бошлаган. Шу даврда у Қўқон шўба (ГОРОНО) мудири вазифасида ишлаган ва соҳасининг етук билимдони сифатида обрў қозонган.

 

Россия империяси даврида кўп машаққатлар ва ҳаёт синовларини бошидан кечирган Насруллахон Шокиров Совет даврида ҳам сиёсий таъқиблардан четланмаган. У “қўрбоши Шермуҳаммадбек билан таниш ва у билан учрашиб туради” деган айблар билан 5 йил муддатга Архангелскга қамоққа юборилади. Қамоқда жазо муддатини ўтаб бўлгандан сўнг ҳам унга тинчлик берилмайди, натижада оиласи, жумладан, икки фарзанди, турмуш ўртоғи ва онаси билан Туркияга кетишга мажбур бўлган. Истанбул шаҳрида у Туркия Президенти Ота Турк қабулига кириб, иш сўраб мурожаат қилади.

 

Ушбу вақтда Насруллахон Шокиров 5-6 та тилни мукаммал эгаллаган, бу қобилиятлари унга иш фаолияти, фарзандларини тарбиялашда ёрдам беради. Унинг интизоми ва талабчанлиги натижасида фарзандлари ва набиралари ҳам юқори билим эгаси бўлиб, Туркияда ўз ўринларини топади. Икки ўғли маориф соҳасида фаолият кўрсатган, набираси Шокир нашриётда ишлайди, 1993 йилгача 20 та китоби нашр қилинган. Яна бир набираси, Ўрхон Қовунчи эса Кибернетика университетининг проректори лавозимида фаолият юритади, сиёсий-бошқарув ишларида ҳам фаол иштирок этиб, давлат ривожига ҳисса қўшади. Фарғонада маориф соҳасида фаолият бошлаган ушбу оила қатағон сабабли ватандан узилган бўлса-да, ўз интеллектуал салоҳиятини хорижда намоён этган.

 

Насруллахон Шокиров ўз юртининг мустақиллигини кўришни орзу қилади, аммо бу насиб этмайди. У фарзандлари ва невараларига мустақиллик кунлари келишини интизорлик билан кутишни васият қилади. Фарзандлари мустақилликнинг дастлабки ойларида Ўзбекистонга келиб, отасининг васиятини бажаради.

 

Абдулла Шокиров 1912 йили Бешариқ тумани, Олмазор қишлоғининг Мозор маҳалласида туғилган. Ёшлигиданоқ ўта билимдон ва сўз устаси сифатида танилган Абдулла, Қўқон шаҳридаги 2-босқич мактабда акаси Насрулла Шокиров ёрдамида таҳсил олади, у ерда Усмон Носир билан бирга ўқиган. Кейинроқ у Самарқанд шаҳрига келиб Давлат университетида таълимни давом эттиради, ўзининг илми, зукколиги билан ёшлар орасида эътибор қозонади.

 

 

Ўқувчилик йилларида матбуотда фаолият кўрсатган Абдулла Самарқанддаги мухбирлар съездида делегат сифатида ҳам қатнашган. Кейинчалик Тошкентга келиб ижодий фаолиятни давом эттирган; 16 ёшида “Ленин учқуни” газетасининг биринчи муҳаррири, сўнгра “Ёш ленинчи” газеталарида масъул котиб бўлиб ишлаган. 1930 йилдан Ўзбекистон радиосида Сиёсий бўлим мудири сифатида фаолият кўрсатган.

 

Абдулла Шокировнинг қизғин ижодий йиллари Ўзбекистон давлат нашриётининг Болалар бўлими мудири вазифасига тўғри келади. Шу даврда у Усмон Носир, Адҳам Раҳмат, Абдулла Суюмов ва бошқа шоирлар, олимлар ва адабиётшунослар билан ижодий мулоқотда бўлади. Унинг асосий асарлари қаторидан “Лагерда”, “Ёт унсурлар”, “Шефлар” (1931), “Кўклам” (1933), “Уч ўртоқ” (1934) китоблари нашр этилган.

 

 

Ижодининг гуллаб келаётган пайтида, 1937 йили Абдулла Шокиров 25 ёшида “халқ душмани” сифатида таърифланиб, қамоққа олинган. Ўша вақтда у Тошкент шаҳрининг собиқ Жар маҳалласи, Пушкин кўчаси 136/128-уйда истиқомат қиларди. Уйига кириб, китоб ва қўлёзмаларини тарқатишга ҳам рухсат берилмаган ва барча китоблари йўқ қилинган. Абдулла Шокиров 18 ёшида акаси Насруллахоннинг илтимоси билан Туркияга кетиш имкониятига эга эди, аммо ўз Ватанини ва ижодини ташлаб кетолмайди. Шу пайтда у ота-онаси ва акаларидан айрилиб, ўз Ватанида ёлғиз қолган.

 

 

1937–1938-йиллардаги “Катта қирғин”да Абдулла Шокиров ҳам ноҳақ қамоққа олинади. 1937 йил 13 августда 575-ордер билан Тошкент турмасига қамоққа олинган ва шу пайтда қамоқда Абдулла Қодирий ҳам бор эди. 6 ойдан сўнг Абдулла Қодирийни отишга ҳукм қилинади, Абдулла Шокиров 2 йил давомида қамоқ терговида бўлади. Тергов жараёнида унинг томоқ ва бўйнидан омбир билан тортиб азоблашган. Қаттиқ қийноқлардан сўнг у ЎзССР Жиноят кодексининг 66-модда 1-қисми билан саккиз (8) йил ва 36-моддасига асосан тўрт (4) йилга озодликдан маҳрум қилинади. Жазони ўташ 1937 йил 14 августдан ҳисобланиб, Сибир қамоқхоналарига юборилади.

 

Қамоқдан кейин у Фарғона вилоятининг раён мактабларида рус тилидан дарс беради ва ижодий фаолиятини ҳам давом эттиради. Ўқитувчилик даврида республика матбуотига ҳам методик мақолалари билан қатнашиб турган. Лекин репрессия қийноқлари унинг ҳаёти ва ижодига салбий таъсир кўрсатади, – мақолалари, ёзган асарлари “халқ душмани” тамғаси туфайли қабул қилинмайди. Натижада дўстлари орқали, уларнинг номи билан чиқарилади.

 

1956 йили бошланган оқлов ишлари даврида Абдулла Шокиров Москва ва Тошкентдаги Олий Советга мурожаат қилиб, ўз ишини кўриб чиқишни сўрайди ва “Ишингизни албатта кўриб чиқаяпмиз” деган расмий жавоб олади. У Сибирда орттирган туберкулёз касаллиги туфайли шу йили, 44 ёшида вафот этади. Вафотидан 3 кун ўтиб расман оқлангани ҳақида хабар келади.

 

Абдулла Шокировнинг турмуш ўртоғи Кумушой Ҳусанова ўқитувчи бўлган. Қизи Кашифахон раён кутубхоналарида методист сифатида ишлаган. Шунингдек, Абдулла Шокировнинг оиласи репрессия пайтида нафақа ва ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам қийинчиликларга дучор бўлган.

 

 

Жумладан, Абдулла Шокирнинг вафотидан сўнг фарзандларига тайинланган боқувчисини йўқотганлик ҳақидаги нафақаси тўланмайди, “халқ душманлари болаларига нафақа берилмайди” деган сабаб кўрсатилади. Кейинроқ Кумушой Ҳусанова СССР Прокуратурасидан олинган оқлов қоғозини раён таъминот бўлимига тақдим қилган, аммо бу ҳужжат ҳам йўқолган.

 

Хулоса қилиб айтганда, Абдулла Шокир ва унинг оиласи мисолидаги ушбу тадқиқот қатағон сиёсати биргина шахсни жазолаш билан чегараланмасдан, бутун бир оилаларни йўқ қилишга қаратилган тизимли жараён бўлганини очиқлайди. “Унутилган тарих”ни қайта очиш орқали миллатнинг маънавий йўқотишлари чуқурроқ англанади ва келажак учун муҳим хулосалар чиқарилади.

 

Машҳурахон ДАРМОНОВА,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим

 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

1.                               Ўзбекистон Республикаси Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи жорий архиви. Абдулла Шокиров, Хайрулла Шокирхўжайевнинг тергов ҳужжатлари.

2.                               Машҳура Дармонова. “Миллий Туркистон: жадидчилик ва қатағон” [Матн]. – Тошкент, 2024, – 196-б.

3.                               Ahat Andican. Cedidizmden Bağımsızlığa Hariçte Türkistan mücadelesi. İstanbul. 2020. – S. 513–515.

4.                               Тарих ва тақдирлар: Абдулла Шокиров / “Коммунизм йўли” газетаси. 1989 йил 1 апрель.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29070
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//