Эски турклардаги “эрдам”лар, тўралар ким бўлган?


Сақлаш
12:54 / 09.01.2026 18 0

Деярли минг йилдан бери янги инонч тизими билан боғлиқ ўлароқ туркийларнинг маданиятига тегишли тушунчалар ўрнини арабча ва форсча сўзлар эгаллади. Бироқ эски туркча фалсафий тушунчаларнинг бир бўлаги ўзга эллардан анча узоқда яшаган туркийлар тилида сақланиб қолди, бир бўлаги эса бошқа эл-улуслар билан аралашиб кетганига қарамай, турли лаҳжа ва шеваларимизда яшаб қолди. Буни биргина ўзбек тилининг турли-туман тармоқларида учрайдиган ўнлаб сўзлар ўрнагида кўрса бўлади. Шундай сўзлардан бири араб тилидан ўзлашган маънавият тушунчаси билан боғлиқ сўз ва атамаларда кўзга ташланади. 

 

Арабчадан ўзлашган “инсон”, “одам” сўзларининг тенги бўлмиш “киши” сўзи барча туркий тилларида сақланиб қолган. Бироқ бугунги кунда онда-сонда ишлатиладиган “тўра” сўзини ҳам ўзбеклар, ҳам бошқа қардошларимиз турлича очиқлайдилар. Бу сўзни ўтмишда қолиб кетган деб санайдиганлари-да бор. Ўрнак келтирадиган бўлсак, қозоқлар “тўре” деб “ҳакам, судья”, Онадўли туркларида “тўрэ” “эски урф-одатлар, қонун-қоида” деб очиқлайдилар. Ўзбекларда эса “тўра” (тўрä) – 1. Тарихий сўз. Юқори табақага мансуб киши; зодагон, оқсуяк, аристократ. 2. Хонлар даврида ва чор Россияси даврида Туркистонда катта амалдор, ҳоким. 3. Ҳурмат юзасидан ёки улуғлаб, кишиларнинг номига, унвонига, мансабига, шунингдек, кўчма маънода баъзи нарсаларни билдирувчи сўзларга қўшиб ишлатиладиган сўз. 4. кўчма. Расмиятчи, расмиятпараст, бюрократ. 5. Тўра (эркаклар исми)” деб тушунтирилади [ЎТИЛ 2008: 244]. Шунингдек, ўзбек тилининг айрим қипчоқ шеваларида бу сўз “куёв, эр, бошлиқ” англамларида ҳам қўлланилади [Нафасов 2011: 308].

 

Деярли бир ярим минг йил олдин тошларга ўйиб ёзилган Ўрхун – Энасой битиктошларида “тўру” кўринишида учраб, орадан бир неча юзйилликлар ўтгач, “тўрä” кўринишини олган бу сўзга ўша кезлардаёқ бир неча юкламалар берилган. Турк хоқонлиги (552-744) чоғида “тўру” сўзи “оғзаки қонунлар, урф-одат, маросим”, Маҳмуд Кошғарий яшаган чоғлар – X юзйилликда эса “қонун, қоида, адолат, расм, одат” англамларида қўлланилган [Tekin 2023: 255; Кошғарий 1963, II: 25; Кошғарий 1963, III: 132, 240].

 

“Тўра” сўзидан ясалган айрим атамалар ҳам бу сўзнинг кўплаб юзйилликлар ўтса-да, унинг илк англамлари йўқолмаганини кўрсатади. Хоразм ўзбекларининг айрим қишлоқларида, ўрнак келтирадиган бўлсак, Янгибозор туманида “тўрали киши” сўзи “тартибли киши, маънавиятли” англамларида ишлатилади, бундай кишиларга айрича ҳурмат кўрсатилиб, уларга тўрдан ўрин берилади.

 

Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Ҳардури қишлоғида “тузув-тўрали” қўшма сўзи учраб, “тузук, яхши” англамидаги биринчиси сўз – “тузук” ўзбекчанинг қипчоқ тармоғида шу кўринишни олган бўлса, иккинчиси эса эски туркча “тўра” сўзи билан боғланади. Ҳардуриликлар ва уларнинг қўшнилари сўзлашув тилида “тузув-тўрали тушунтирмоқ” сўзи “тузукроқ тушунтирмоқ, ётиғи билан сўзлаб бермоқ” маъносида қўлланилади. Бошқа томондан эса “тузатмоқ” (бузилган нарсани қайтадан тузатиш) феълидан ясалган “тузук” сўзи “қонун”, “қонун-қоидалар йиғиндиси” англамларида ҳам ишлатилганини Амир Темурнинг “Тузуклари” орқали яхши биламиз. Бундан кўринадики, тилимиздаги “тузук-тўрали” сўзи “қонунли, қонуний, қоидага уйғун” маъноларида ҳам қўлланилган сўз бирикмасидир. Демак, туркий эллар жамиятида бундан минг йиллар олдин ҳам бошқа фалсафий тушунчаларга қараганда “тўра”га бўйсунган, яъни қонун-қоидалар бўйича иш тутган кишилар “тўрали” (маънавиятли) деб тушунилган.

 

Энди, ушбу тушунча билан боғлиқ яна бир фалсафий тушунча – “эрдам” (фазилат) сўзи билан танишиб чиқсак. Илк бор Ўрхун – Энасой битиктошларида “эрдäм” кўринишида учраган бу сўз орадан беш юз йилча ўтиб, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк”ида қуйидагича очиқлангани кўзга ташланади:

 

эрдäм – одоб, ахлоқ, тарбия; фазилат. Эрдäм башы тил – одобнинг боши тил. Ширин тилли бўлган киши юқори мартаба топади” [Кошғарий 1960, I: 131].

Ушбу отасўзидан англашиладики, эски турклар кишининг энг яхши фазилати ўлароқ сўзамолликни улуғлаб, тотли тил орқали кўплаб чигалликлар ечилишига урғу беришган. Минг йиллардир кишиларнинг энг яхши хусусияти деб қаралган эрдамлилик – одоблилик тилдан бошланиши бошқа туркий билгалар томонидан ҳам бот-бот тилга олинган. Аҳмад Югнакий эса “Эшитгил биликлик негу теб айур, Адаблар башы тил, кудазмак турур – Билимли киши нималарни сўзлайди, сен унга қулоқ сол, адаблар боши тилдир, уни кузатмоқ (тиймоқ) керак” [қар. Маҳмудов 1972: 221] деб ёзади.

 

Ўрхун-Энасой битиктошларида “эрдамлилиг”, “эр эрдäми” каби сўз ва сўз бирикмалари учраб, изланувчилар томонидан “эр” сўзи “киши, эркак, аскар” англамида, иккинчиси сўз “эрдäм” эса “фазилат, довюраклик, қадр-қиммат” деб очиқланган. Эски турк жамиятида “эр эрдами”, “эрдамлилик” каби фалсафий тушунчалар “кишилик фазилати” ўлароқ айрича ардоқланган. Вафот этган кишилар қабри ёнига ўрнатилган кўплаб Энасой битикларида ўлган кишининг ёруғ дунёда қилган ишлари санаб ўтилар экан, энг кўп қўлланилган сўз бирикмаларидан бири “эр эрдами” экани бунга улги бўла олади. Ўрнак келтирадиган бўлсак, Е-11 деб аталадиган Энасой битиктошида “беш йегирми йашымда Табғач қағанға бардым эр эрдäмим учун – ўн беш ёшимда Табғач (Хитой) хоқонига (элчи бўлиб) бордим, кишилик фазилатим учун” деган билги келтирилган бўлиб, битиктошнинг ялпи мазмунидан келиб чиқилса, эски турклар жамиятида давлат бошқарувида бўлиш, бирор ўлкага элчи бўлиб бориш, турли саваш-у урушларда қатнашиш юксак фазилат саналгани англашилади [Древнетюркский словарь 1969: 176].

 

Бундай фазилатга эга кишилар жамиятда юксак қадрланиб, уларга атаб ўрнатилган битиктошларда марҳумнинг тириклигида қилган ишлари, қўлга киритган ютуқлари, кўрсатган алплик – қаҳрамонликлари эслатиб ўтилар экан, “эрдамли экани”га айрича урғу берилади. Бошқа бир битиктошда эса “Алп мен эрдамлиг мен – Алп (ботир)ман, эрдамлиман (довюракман)” деган сўзларга урғу берилиши эса ўша кезларда юскак қадрланган “алплик” каби “эрдамли бўлиш” туркийлар жамиятида улуғланганини кўрсатади. Е-48 деб аталадиган Энасой қабртошида кириш сўзи “эр эрдäм атым – киши фазилати отим (исмим)” деб бошланади. Шунингдек, ушбу битиктошда марҳум тилидан “эрдäмлиг элинтä бўкмäдим ўлтим – (тириклигимда) фазилатли элимга тўймадим, ўлдим” деган сўзлар келтирилиши эски туркларда “эл” – давлат ардоқланиб, унга қарата “эрдамлиг” (фазилатли) сифати қўшиб ишлатилгани кўзга ташланади [Древнетюркский словарь 1969: 176]. Бу эса “эрдам” сўзи биргина кишиларга эмас, давлатга нисбатан ҳам қўлланилган фалсафий тушунча – сифат бўлганини кўрсатади.

 

Битиктошларнинг бирида марҳум тилидан “эрдäмлигимä бўкмäдим – (мен) довюраклигимга тўймадим” деган сўзлар келтирилади. Бу билги бир қарашда юқорида келтириб ўтилган “эрдäмлиг элинтä бўкмäдим, ўлтим” деган билгини эсалатади. Эски туркларда юксак қадриятлардан бири саналган “довюраклик, ботирлик, қўрқув билмаслик”ка қарата “эрдäмлигимä бўкмäдим – (мен) довюраклигимга тўймадим” дея айрича урғу бериб ўтилиши, қабр эгаси кўпроқ яшаса кўплаб ютуқларни қўлга киритарди, янада кўп фазилатли ишларни бажарган бўларди деб эсланганидан дарак беради.

 

Туркийлар “эли” – жамиятида одоб-аҳлоқ қоидаларига бўйсунмаган, қўрқоқлик қилган, кераклича билим эгалламаган кишиларга “эрдамсиз” деб қаралгани битиктошлардан бирида “эрдäмсиз киши” сўз бирикмаси учрашида кўзга ташланади. “Девону луғатит турк”да эрдäмсиздäн қут чертилур – ҳунари ва одоб фазилатлари бўлмаган кишидан бахт ва давлат кетади” деган отасўзи келтириб ўтилиши ҳам орадан қанча юзйилликлар кечса-да, жамиятда эрдамсизлик ёмон иллат деб билинганини кўрсатади [Кошғарий 1963, II: 266].

 

Шу ўринда “эрдам” сўзининг негизида қандай сўз ётади, ота-боболаримиз нега “кишилик фазилати” учун бу сўзни қўллаган” деган саволу-сўроқлар туғилади. “Эрдам” эски туркча “эришмоқ, ютуқларни қўлга киритмоқ” англамидаги сўзларга бошланма берган “эрмақ” феълидан келиб чиққанми, ё бўлмаса, отдан от ёки отдан сифат ясовчи “-дäм”, “-дам”, “-тäм”, “-там” қўшимчаларининг “эр” (киши, инсон, аскар) сўзига қўшилишидан юзага келганми? [қар. Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 26]. Бизнингча, иккинчи кўзқараш тўғрироққа ўхшайди. Ушбу қўшимчалар билан ясалган сўзлар тизмасига кўз ташласак, бу қарашимиз янада кучаяди: “бирдам”, “ўктам”, “илдам”.

 

Эрдам сўзи орадан кўп юзйилликлар ўтиб, туркий тилларнинг кўпчилигида йўқолиб кетган, унинг ўрнини арабча, форсча сўзлар олган. Шундай бўлса-да, ўрта асрларда ҳам бу сўз билан боғлиқ айрим атамалар сақлангани диққатни тортади. Ўтмишга юзлансак, буюк Амир Темурнинг шажарасида Темурнинг ота-боболаридан бири Эрдамчи барлос деб тилга олинганига кўзимиз тушади. Амир Темур саройида хизмат қилган Фосиҳ Хавофий (1375-1443) “Мужмали Фосиҳий” (Фосиҳийнинг (тарихлар) тўплами” асарида Темурнинг ота-боболарини шу кўринишда санаб ўтади: амир Тарағай ибн Баркал ибн Илангиз Ижик ибн Қорачор нўён ибн Суку Сижон (сечан) ибн Ирумчи ибн Қочули ибн Туминахон ибн Бойсунғурхон ибн Алон Қува” [Файзиев 1995: 13].

 

Шу ўринда янада аниқлик киритиш учун айрим масалаларга тўхтаб ўтиш керак бўлади. Фосиҳ Хавофий Амир Темур ва илк Темурийлар чоғида яшаб ўтган бўлса-да, у келтириб ўтган шажарада айрим киши отларида ноаниқликлар бор. У келтириб ўтган Темурнинг бешинчи бобоси – Ирумчи бошқа тарихий асарларда Эрдамчи ўлароқ берилади. Чингизийлар тарихини биринчилардан бўлиб ёритган Рашидаддин Фазлуллоҳ (1247-1318) “Жоме ут-таворих” (Тарихлар тўплами”)да турк ва мўғулларнинг илк хоқонларидан бири – Тумбина хоннинг учинчи ўғли Қочулининг тўнғич ўғлини Эрдамчи барлос эди, деб эслатиб ўтади [Рашидаддин 1950: 29]. Бошқа ёзма манбаларда ҳам бу атама Ирумчи эмас, Эрдамчи кўринишида учраши Амир Темурнинг узоқи оталаридан бири Эрдамчи бўлгани тўғрисидаги қарашларни кучайтиради. Туркий тилларда сифат ясовчи -лиг (-лығ) қўшимчаси ўрнида айрим ўринларда -чи (-чы) келган деб қарайдиган бўлса, Эрдамчи барлос атамасининг ясалиши “эрдамлиг” эмас, “эрдамчи” кўринишида келиши ўз очиқламасига эга бўлади.

 

Қизиғи шундаки, эски мўғулчада ҳам сифат ясовчи қўшимчаси -ту кўринишида бўлган. Ўрнак келтирадиган бўлсак, Олма-ота шаҳрининг эски оти Алмату (“олмали”), Афғонистондаги шаҳарлардан бири Чечакту (“чечакли”). Чингизийлар ўтмишини ёритувчи “Алтан тобчи” (Олтин йилнома) китобида (XVII юйзиллик) барлосларга тегишли шажара келтирилар экан, Рашидиддин ҳамда бошқа форс ва туркий тилли муаллифлар Қачули кўринишида келтирган атоқли от Хачула кўринишида берилган бўлиб, Эрдамчи барлос эса Эрдэмту барла(с) кўринишида тилга олингани кўзга ташланади [Лубсан Данзан 1973: 59-60]. Бу билги ҳам Ирумчи атамаси аслида Эрдамчи бўлган деган қарашни кучайтиради.

 

Абулғози Баҳодирхон ўзининг “Шажарайи турк” (XVII юзйиллик) асарида қуйидагича билги келтириб ўтган бўлиб, Эрдамчи ёки Эрдамчи барлос варианти ишончлироқ экани кўрсатади:

“Тумнахон яхши улуғ подшоҳ эрди. Мўғулнинг барча нирун уруқларина кўп йиллар подшоҳлиқ килди. Эл анинг замонинда давлатли ва тинч бўлдилар. Тўққуз ўғли бор эрди. Баъзи ўғлиндин бир уруқ ва баъзилариндин икки ва уч ва тўрт уруқ бўлди. Бу тўққизнинг Қабил ва Қачули отли икки ўғли эгиз туғуб эрди. Улуғ ўғлининг оти Чақсу. Анинг уч ўғли бор эрди. Улуғ ўғлининг оти Туёқин. Иккинчи ўғлининг оти Урут. Учунчи ўғлининг оти Манқит. Бу учусининг ўғлонлари уч уруқ эл бўлдилар. Иккинчи ўғлининг оти Ёримшер Буқанчу. Андин туққанлари тақи бир уруқ эл бўлдилар. Учунчи ўғлининг оти Қачули. Анинг ўғлининг оти Эрдамчи барлас. Барча барлас эли мунинг насли турурлар. Оқсоқ Темур ушбу уруқдин эрди. Барласнинг маъноси сипаҳсолор темак бўлур. Туркийси чирик бошлаб юрийтурған киши” [Абулғози 1992: 46].

 

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Чингизийлар салтанати давлатчилик билан боғлиқ кўплаб тўра-тузукларни Турк хоқонлиги бошқарувидан кўчириб олгани учун ёзма манбаларда хоқонликка тегишли бошқарув тизими “мўғул расми” деб тилга олинади. Тарихий асарларда мўғул уруғларини бошқарган хон ўлароқ кўрсатилган Тумнахон ёки Тумбинахон Турк хоқонлигини қурган Туман хоқонга тўғри келиши кўзда тутилса, ўтмишимиз билан боғлиқ айрим чалкашликларга аниқлик киритилган бўлур эди.

 

Қисқаси, Амир Темур шажарасида ўрин олган Эрдамчининг негизида эски туркча “эрдам” (фазилат) сўзи ётиши ўз-ўзидан бўлмай, унда туркийларга хос кишиларнинг эрдамига қараб от қўйиш анъанасининг изларини кўрамиз. Эски чоғларда турмуш йўсинида кўпроқ овчилик етакчи бўлган мўғуллар кўпинча ўз болаларига овчи қушлар отини қўйиб, бундай отларга “мерган” сифатини қўшганлар. Эски туркларда эса билгалик – билимдонлик ардоқланиб, болаларга кўпроқ ушбу тушунча билан боғлиқ отлар берилиб, “билга” сифати қўшиб айтилган. Бизнингча, Эрдамчи оти ҳам шу анъанинг бир кўринишидир. Қизиғи шундаки, Амир Темурнинг ота-боболари ўлароқ тилга олинган Қорачор, Эрдамчи, Бойсунғур, Қочули каби туб туркий атамаларнинг учраши ва уларнинг айримлари Турк хоқонлиги чоғидаёқ кенг тарқалгани англашилади: Қорачор ~ Қора-чўр “Улуғ-чўр” (“чўр” — қўшин бошлиғи)) ва б.лар.

 

Эски туркларда кишиларнинг фазилатлигига, довюраклигига, билимдонлиги айрича ардоқланганини кўрсатадиган яна бир ўзига хослик – жамиятда “эр-ат” (киши оти) қозониш улуғлик белгиси бўлганидир. Биргина Турк хоқонлиги эмас, балки ундан кейин келиб-кетган ўнлаб туркий давлат уюшмалари ўтмишидан сўзловчи турли тиллардаги ёзма манбаларда бошқарувчилар – хоқон ва беклар ўз шахсий оти билан эмас‚ кўпроқ унвон – атоқлари, эпитетлари билан тилга олингани кўзга ташланади. Айниқса‚ бу ҳолат Турк хоқонлиги, Уйғур ва Қирғиз хоқонликларига тегишли эски турк битиктошларида ўзининг ёрқин ўрнакларига эга. Хитой йилномаларида ҳам бирор турк хоқонининг “ўрунлиқ” (тахт)га чиқишдан олдинги оти қандай бўлгани кўрсатиб ўтилади. Қизиғи шундаки, уларнинг ҳам кўпчилиги атоқли от эмас‚ унвон ёки эпитет (сифат) кўринишидадир.

 

Бизнингча, бу тутум негизида эски туркларга хос анъана – кишиларга айнан болаликдаги оти билан эмас‚ ўз вақтида жамиятдаги ўрнига қараб берилган унвони ёки лақаби билан юзланилгани кузатилади. Ўрхун‚ битиктошларда эр аты – «эр йигит номи/унвони»‚ эр ат булты – «эр йигит унвони/лақабига эга бўлди» каби билгилар учраб‚ изланувчилар бу билгиларни эски туркларда ҳар бир киши болалик‚ ўсмирлик ва етуклик ёшида турли исмлар билан аталиши анъанаси билан очиқлайдилар [Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 108; Tekin 2003: 233-235]. Ушбу сўз бирикмаларини биргина унвон ёки эпитет деб тушунмасдан‚ кишиларнинг кўрсатган довюраклиги учун жамият томонидан берилган атоқ – лақаби деб қараш тўғрироққа ўхшайди. Бироқ‚ битиктошларда эр ат сўз бирикмасига атайин урғу берилиб‚ кишилар бирор унвон ва эпитетлари билан тилга олинаётганда учраши бу масалага бирмунча бошқача ёндашишни талаб қилади.

 

Эр ат қозониш жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун бош шартлардан бири бўлиб‚ унга эришиш учун даъвогар ўзининг яхши фазилатларини кўрсатиши‚ шу жумладан, уруш-савашларда довюраклик кўрсатиши шарт бўлган. Битиктошлардаги эрдамэр эрдами сўзларининг негизида кўпроқ шу тушунча ётади. Кул тегин битиктошида Билга хоқон тилидан келтирилган «Умай-тег ўгум қатун қутинга иним Кул тегин эр ат булты – (илоҳа) Умайдек онам хотун қути учун иним Кул Тегин эр от (эр йигитлик унвони) топди» деган билги учраши бундан деярли бир ярим минг йил илгари эски турклар жамиятида эр йигит бўлиб етишиш элга хизмат қилгани учунгина эмас, оналар қути – бахти эвазига “эр оти”га эришилади деб тушунилганини кўрсатади [қар. Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 108].

 

Юқорида «ёзма манбаларда Турк хоқонлиги беклари – амалдорлари ўзининг чин оти билан деярли тилга олинмаган‚ кўпинча уларни ўзлари эга бўлган унвон ва эпитетлари орқали биламиз» деб урғулаб ўтдик. Бундай дейишимизнинг яна бир сабаби, хоқонлик чоғида яшаб ўтган тарихий кишиларнинг кўпчилиги бир­бирига ўхшаш‚ унвон ва эпитетлар билан эслатилишидир. II Шарқий Турк хоқонлиги асосчиси Қутлуғ (682–691) «элни‚ давлатни тўплаган» англамидаги Эл­тäриш сифати билан битиктошларда тилга олинган бўлса [Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 78, 104], унинг укаси Бўгу­чўр Қапған хоқон (691­716) Тан империяси томонидан *Эл­тариш улуғ шанюй (хит. сйе­тйе­ли­ши да шан­юй) унвонига лойиқ кўрилгани хитойча йилномаларда келтириб ўтилади [Togan, Kara, Baysal 2006: 240]. Бу эса Эл­тариш Қутлуғ хоқоннинг ҳам аслида ўз оти эмас‚ балки эпитети ёки фахрий унвони билан тилга олинган деб қарашга етаклайди.

 

«Эр йигитлик унвони», яъни эпитети бирор кишининг етуклик ёшида қозонилиб‚ то у вафот этгунгача мансаб босқичларида кўтарилиш чоғларида ҳам унвонларига қўшиб ишлатилган. Шу ўринда юқорида тилга олинган Шарқий турк хоқонлари – Қутлуғ Элтариш ва Бўгу­чўр Қапған отлари бунинг ёрқин ўрнаклари эканини айтиб ўтиш керак. Уларнинг бирортаси ушбу хоқонларнинг чин оти бўлмай‚ бир қисми эр ат бўлса‚ иккинчи қисми юксалиш босқичларда эгаллаган унвонларидир. Бундай дейишимиз негизида хитой йилномаларида Эл­тариш хоқон ора-сира *Қутлуғ­чўр‚ *Қутлуғ­шад‚ *Қутлуғ­хоқон кўринишларида эслатиб ўтилган бўлса‚ Қапған хоқон хитой ва тибет манбаларида Бўгу­чўр‚ экси турк битиктошларида эса Бўгу­хоқонБўгу­шад кўринишида тилга олиниши ётади [Rybatzki 2000: 223].

 

Бундан англашиладики‚ Элтариш ҳам, Қапған ҳам кейинчалик хоқон унвонини олишдан аввал шад‚ ундан ҳам олдин эса чўр унвонига эга бўлган кезлардаёқ қутлуғбўгу эпитетларини қозонган эдилар. Улар сирасига турк хоқонларидан Қутлуғ Элтариш хоқоннинг Билга (716–734) ва сўнгги турк хоқони Ўзмиш (742–744) кабиларни ҳам қўшиш мумкин. Улардан биринчисининг унвони хитой йилномаларида би­гя ша (*билга­шад)‚ эски турк битиктошларида Билга­хоқон шаклида‚ иккинчисиники эса битиктошларда Ўзмиш­тегин‚ хитой йилномаларида у­су­ми­ши ке­хан (*ўзмиш­хоқон) кўринишларида берилади [Rybatzki 2000: 222-230; Каржаубай 2002: 76]. Чамаси, ушбу эпитетлар уларнинг «эр йигитлик унвонлари» бўлиб‚ улар етуклик чоғида жамият ва сиёсий ҳаётда кўрсатган фазилати – “эр эрдами”дан келиб чиқиб, бундай номларга эришганлар.

Эски турклар жамиятининг ўзига хос томонларидан бири бу –хотин-қизларнинг ўз эркига эга бўлганликларидир. Туркий эл-улуслар давлатчилиги тарихида юксак ўрин тутадиган Турк хоқонлиги бошқарувида ўнлаб хотун – маликалар фаол қатнашган бўлиб, улардан бири Эл-билга хотун бўлган. Эски туркчада “эл” – давлат, “билга” эса “билимдон, доно” маъноларини англатиб, хоқонлик хотун – маликаларидан бири Эл-билга, яъни “Элнинг, давлатнинг доноси” дейилиши ўз-ўзидан бўлмаган. 682 йилда туркларни Табғач (Хитой) тутқунлигидан қутқариб, хоқонликни мустақил ва улуғ давлатга айлантирган Қутлуғ хоқонга “элни, давлатни қайтадан терган, тўплаган англамида “Эл-тäриш” унвони берилган бўлса, унинг ёнида туриб, мустақиллик учун курашган, давлат бошқарувида фаол қатнашган аёли “Эл-билга” унвони билан улуғланган. Эл-билга хотун Турк хоқонлигини юксалтирган ака-ука Билга хоқон ва шаҳзода Кул тегинларнинг онаси бўлган. Юқорида урғу берилганидек, у “(илоҳа) Умайдек онам хотун қути учун иним Кул Тегин эр от (эр йигитлик унвони) топди” деб тилга олинади. Эл-билга хотуннинг Умайга ўхшатилиши эски турк давлатчилигидаги тушунчаларга уйғун келади. Умай – чақалоқларни асровчи, мўл-кўлчилик, қут-барака келтирувчи, уруш чоғида аскарларни қўриқловчи илоҳа (фаришта) ўлароқ ардоқланган. Шунингдек, Тангридан хоқонга берилувчи ҳокимият белгиси – “қут” ҳам Умай орқали етказилган деб тушунилган.

 

Қисқаси, бундан бир ярим минг йилча олдин ота-боболаримиз жамиятида “тўрали бўлмоқ” (қонунга бўйсуниш), “эр эрдами” (киши фазилати)га эга бўлиш, “эр оти” (йигитлик оти, шаъни)ни қозониш энг юксак фалсафий тушунчалар ўлароқ билинган, ардоқланган.

Ғайбулла БОБОЁР,

Тарих фанлари доктори, профессор

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29044
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//