Гаспиралининг тараққиёт ҳақидаги фикрлари


Сақлаш
15:40 / 08.01.2026 19 0

Бугунги глобаллашув, маданий интеграция ва сивилизацион жараёнлар жадаллашган даврда Ислом сивилизациясининг жаҳон тарихидаги ўрни ва аҳамиятини илмий асосда ўрганиш тобора долзарб масалага айланиб бормоқда. Айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб юртимизда Ислом сивилизацияси марказининг ташкил этилиши нафақат муҳим илмий воқеа, балки тарихий хотирани тиклаш, миллий ва умуминсоний меросни чуқур англаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ушбу марказ фаолияти доирасида Ислом тамаддунининг илм-фан, маданият, ҳуқуқ, ижтимоий тафаккур ва маънавий ҳаёт ривожига қўшган ҳиссасини холис ва тизимли тадқиқ этиш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Шу нуқтайи назардан қаралганда, ХИХ аср охири – ХХ аср бошларида яшаб ижод қилган буюк маърифатпарвар ва жадид мутафаккири Исмоил Гаспиралининг “Ислом сивилизацияси” номли асари ҳам бугунги илмий изланишлар учун алоҳида аҳамият касб этади. Хўш, сивилизация ўзи нима?

 

Инсоният тараққиётининг моддий ва маънавий ютуқларини умумлаштирувчи, тарихий ривожланиш босқичларини изоҳловчи муҳим илмий тушунчалардан бири бу – сивилизациядир. Илмий адабиётларда “сивилизация” атамаси кўпинча “маданият”, “тараққиёт”, “ижтимоий ривожланиш” каби сўз ва бирикмалар билан узвий боғлиқ ҳолда қўлланилади. Айрим тадқиқотчилар сивилизацияни жамиятнинг техник ва ташкилий ривожланиш даражаси билан изоҳласа, бошқалар уни маънавий-ахлоқий қадриятлар, дунёқараш ва ижтимоий онг шаклларининг уйғунлиги сифатида талқин этадилар.

 

Сивилизация атамасига олимлар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Хусусан, Эдуард Бернард Тайлор сивилизацияга “Маданият ёки сивилизация кенг этнографик маънода инсон жамият аъзоси сифатида эгаллаган билим, эътиқод, санъат, ахлоқ, ҳуқуқ, урф-одат ва бошқа қобилият ҳамда малакалар мажмуасидир” [1] деб таъриф берган бўлса, Вил Дюрант “Сивилизация – бу маданий ижодкорликни таъминловчи ижтимоий тартибдир” [2], деб изоҳлаган.

 

Шу билан бирга машҳур “Сивилизациялар тўқнашуви” асарининг муаллифи Самуел Ҳантингтон “Сивилизация – бу инсонлар эга бўладиган энг юксак маданий бирлашма даражасидир” [3], дейди.

 

Бундан ташқари машхур “Муқаддима” асарининг муаллифи Ибн Ҳалдун сивилизацияни “Умрон (сивилизация) – бу инсонларнинг жамият бўлиб яшаши, эҳтиёжларини қондириши ва тараққий этиш жараёнидир” [4], деб таърифлаган.

 

Юқоридаги тўрт таъриф мазмунан бир-бирига яқин. Ушбу таърифларнинг барчаси сивилизация атамасига, умуман олганда, ижобий баҳо берган.  Бироқ олмон файласуфи Освалд Шпенглернинг сивилизация атамасига нисбатан ёндашуви анча бошқача маънога эга.

 

Освалд Шпенглер “Сивилизация – бу маданиятнинг муқаррар тақдири, унинг органик ривожланишидаги сўнгги босқичидир” [5], деган. Хўш, бу нима дегани?

 

ХХ аср фалсафий тафаккурида тарих ва маданият тараққиётига циклик ёндашувни асослаб берган мутафаккирлардан бири Освалд Шпенглер (1880–1936) ҳисобланади. Унинг “Ғарбнинг таназзули” (Дер Унтерганг дес Абендландес, 1918) асарида илгари сурилган “Сивилизация – бу маданиятнинг муқаррар тақдири, унинг органик ривожланишидаги сўнгги босқичидир” деган консепсияси тарих фалсафасида муҳим назарий бурилиш ясади. Ушбу фикр орқали Шпенглер сивилизацияни тараққиёт чўққиси эмас, балки маданиятнинг ички имкониятлари тугаб бораётган босқичи сифатида талқин қилади.

 

Шпенглер назариясида маданият тирик организмга қиёсланади. У туғилади, ўсади, камол топади ва муқаррар равишда қариш ҳамда сўниш жараёнини бошдан кечиради. Маданиятнинг ушбу “ҳаётий цикли” якунига етган паллада у сивилизацияга айланади. Шу маънода, сивилизация маданиятнинг давомчиси эмас, балки унинг ички руҳий мазмуни йўқолганидан кейинги ташқи кўринишидир (Яъни, маданият бу моҳият, сивилизация эса шаклдир – М.Алижонов).

 

Шпенглер учун маданият ижодкорлик, рамзийлик, мифологик тафаккур ва руҳий теранлик билан тавсифланса, сивилизация техника, рационализм, шаҳарсозлик, бюрократия ва оломон инстикти билан белгиланади. Демак, Шпенглернинг фикрича сивилизация бу маданиятнинг ўлими яқинлашаётганлигини англатади. Ёки бошқача қилиб айтганда сивилизация бу – маданиятнинг қарилик давридир.

 

Жаҳон тарихида Ислом сивилизацияси ҳам инсоният тараққиётига чуқур ва барқарор таъсир кўрсатган йирик маданий-тарихий ҳодисалардан бири ҳисобланади. ВИИ асрда Арабистон яриморолида вужудга келган Ислом дини қисқа вақт ичида кенг географик ҳудудларга ёйилиб, нафақат диний эътиқод тизими, балки ўзига хос ижтимоий, ҳуқуқий, сиёсий, илмий ва маданий қадриятларга асосланган сивилизацион маконни шакллантирди. Ушбу сивилизация доирасида дин ва дунёқараш, илм ва эътиқод, маънавият ва ижтимоий амалиёт ўзаро узвий боғлиқ ҳолда ривожланди ҳамда жамият тараққиётининг муҳим омилига айланди. Арнолд Тойнбининг таърифи билан айтганда “Ислом сивилизацияси инсоният тарихидаги энг тез шаклланган ва бошқа тамаддунларга нисбатан энг кенг ҳудудларга ёйилган сивилизациялардан бири” [6] бўлди.

 

Ислом сивилизациясининг асосий манбаи бўлган Қуръони карим ва Суннат инсонни нафақат ибодат субекти, балки фаол ижтимоий мавжудот сифатида талқин қилди. Билим олиш, тафаккур юритиш, адолат ва масъулият тамойиллари Ислом сивилизациясининг консептуал пойдеворини ташкил этди. Айнан шу асосда ўрта асрларда Бағдод, Бухоро, Самарқанд, Қоҳира, Дамашқ, Қуртоба каби илмий-маданий марказлар шаклланиб, фалсафа, мантиқ, математика, астрономия, тиббиёт, тарихшунослик ва тилшунослик соҳаларида юксак илмий мактаблар вужудга келди. Шу ўринда биргина Қуртоба (ҳозирги Испаниядаги Кордова шаҳри) ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

 

Татар уламоси ва тараққийпарвар Ризоуддин ибн Фахриддин Қуртоба ҳақида тўхталар экан қуйидагиларни ёзади: “Давлати Уммавия замонида Қуртобанинг 200 та жомейи масжиди, 600 та карвонсаройи, 200,000 минг хонадони ва 2 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган. Дин, луғат, риёзиёт, тарих, география, тиб, ҳайъат, фалсафа, санъат, хуллас диний ва дунёвий илмларнинг барчаси Қуртобада ўқилган ва ўқитилган. Қуртобада бу вақтда катта ва мукаммал суръатда тиббиёт мактаби мавжуд эди. Оврўпада энг биринчи қурилган тиббиёт мактаби шу бўлган экан. Мазкур мактабга ҳатто Оврўпа ҳукмдорлари ҳам даволангани келишган ва улар бу ердаги маданият ва тараққиётни кўриб ҳайрон қолганлар.

 

Қуртоба халқининг китоб тўплашлари ҳақидаги хабарларни файласуф ва олим Шайх Абу Бакр ибн Заҳро: “Ишбилияда (Ҳозирги Севиля) вафот этган олимнинг китоблари сотиладиган бўлса Қуртобага, мусиқачининг асбоблари сотилиши керак бўлса Ишбилияга келтирилар эди”, деб ёзган” [7].

 

Бироқ ХИХ асрга келиб юксак тарзда саноатлашган Ғарб дунёси деярли бутун мусулмон оламини мустамлака қилишга эришди. Ана шундай оғир ва мураккаб замонда мусулмонлар ичидан етишиб чиққан кўплаб олимлар тарихга юзланган ҳолда, мустамлака ҳолатига тушиб қолган, илғор фан ва тараққиётдан асрларча орқада қолган, бир-бирлари билан ўзаро қадим-қадим низолари ичида тортишаётган мусулмонларни порлоқ ўтмишидан ибрат олишга, замонга қараб хулоса чиқаришга, дунёвий илм-фансиз тараққий этиб бўлмаслигига ишонтиришга, инонтиришга ҳаракат қилдилар. Исмоил Гаспиралининг “Маданияти исломия” асари ҳам айнан шу мақсадда ёзилган эди.

 

Исмоил Гаспиралининг ушбу асари 1889-йилда китоб ҳолида чоп этилишидан олдин “Таржимон” газетасининг 1884-1885-йиллардаги сонларида мақолалар шаклида ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган. Булар қуйидаги сонлардир: “Таржимон” газетаси: 1884-йил 17-июн, № 22; 1884-йил 1-июл. № 24.; 1884-йил 30-июл. № 27; 1884-йил 17-центйабр. № 32; 1884-йил 16-октйабр. № 35; 1884-йил 11-ноябр. № 40; 1884-йил 19-декабр. № 45; 1885-йил 8-январ. № 1.

 

Исмоил Гаспирали ушбу асарини аслида “Маданияти Исломия” номи остида оммага ҳавола этган. Бироқ асарнинг мазмун-моҳияти ва муҳокама қилинган мавзулар маданият тушунчасидан кўра сивилизация атамасига кўпроқ мос келади. Шу сабабли биз ушбу рисола номини “Ислом сивилизацияси” тарзида таржима этишни лозим топдик.

 

 

Асар сҳаклан кичик ҳажмда бўлса-да, унда жуда кўп илмий ва биографик маълумотлар келтирилган. Асарнинг бошида муаллиф мусулмон олимларининг кишилик маданияти ривожига қўшган ҳиссаларини батафсил қайд этадиган бўлса, газетанинг 500 саҳифаси ҳам етмаслигини урғулаган ҳолда, “Шу боисдан ҳам биз мазкур вазиятда ёлғиз бир неча мақола доирасидагина мусулмонлар эришган тараққиёт даражасини кўрсатишни ҳамда умуман сивилизация ривожига қўшган ҳиссаларига эътибор қаратишни мақсад қилдик”, деб ёзади.

 

02

 

Яна унинг қайд этишича, бу ёруғ оламда турли халқлар яшайди ва уларнинг барчаси бир-биридан фарқ қилади. Хўш, бу фарқлар нимада? Худо бир инсонни бошқа инсондан устун ёки паст қилиб яратмаган бўлса, бошқача қилиб айтганда, Худо одамларни туғма юқори ва қуйи табақаларга бўлмаган бўлса [8], халқлар ўртасидаги бу фарқлар қаердан келиб чиқди?  Исмоил Гаспиралининг урғулашича, бу ерда гап тери рангида, у ёки бу халқ нуфусидаги фарқларда эмас, балки турмуш тарзи, билим даражаси ва дунёқарашларидаги тафовутлар ҳақида бормоқда.

 

Исмоил Гаспиралининг маданият (сивилизация) хусусидаги мулоҳазалари ҳозирги замон учун ҳам ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Хусусан, у халқларни бу борада учта даражага бўлади.

 

Биринчи даражада инсоннинг ижтимоийлашуви ниҳоятда паст бўлиб, у табиат билан буткул биргаликда ҳаёт кечиради. Унда кийим-кечак, оила, доимий турар жой каби ижтимоий институтлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли, бу ҳолат шунчаки биологик тириклик ҳисобланади. Озиқ-овқатнинг тайёр шаклда – мева, балиқ ва ов орқали таъминланиши эса меҳнатнинг ишлаб чиқариш характерига эга эмаслигини кўрсатади. Хуллас, ушбу даража инсоният тарихининг энг ибтидоий босқичи бўлиб, бу ҳали сивилизациянинг йўқлигини англатади.

 

Иккинчи даражани эса ўтиш босқичи сифатида изоҳлаш мумкин. Бу ерда инсон биологик мавжудотдан ижтимоий мавжудотга айлана боради. Оила ва жамият тушунчаларининг пайдо бўлиши сивилизацияга томон қўйилган муҳим қадам бўлса-да, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, доимий турар жой ва моддий барқарорликнинг йўқлиги бу босқичнинг ҳали мукаммал эмаслигини кўрсатади. Шу сабабли бу поғонани “ярим сивилизациялашган” деб ҳисоблаш мумкин.

 

Учинчи даража эса тўлиқ сивилизациялашган жамиятдир. Бу босқичда инсон ҳаёти барқарорлик, қулайлик ва тартибга эга бўлганлиги билан ажралиб туради. Унда оила, никоҳ ва бошқа жамият институтлари мустаҳкам, ижтимоий муносабатлар юксак даражага кўтарилган бўлади. Кишиликнинг бу даражасида шаҳар ва қишлоқларда муқим ҳолда яшаш, доимий ва қулай турар жойларга эга бўлиш имконияти мавжуддир. Бундан ташқари ушбу босқичда деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо каби фаолият турлари гуллаб-яшнайди.

 

Асар 8 бобдан иборат бўлиб, унинг биринчи боби маданият (сивилизация) тушунчасиннг мазмун-моҳиятига бағишланган (Бу ҳақида қисман юқорида тўхталиб ўтдик – М.Алижонов.).  Иккинчи боб эса бевостида Ислом сивилизациясига бағишланган бўлиб, унда Исломнинг сивилизация сифатидаги ўрнини шубҳа остига оладиган европалик тадқиқотчиларга юзланган ҳолда: “Бироқ европалик олимларнинг анчагина қисми мусулмонларнинг жаҳон сивилизацияси тараққиётидаги ўрнини инкор этиб, сивилизация асослари бевосита қадимгилардан тўғридан-тўғри қабул қилинган деган фикрни илгари суришга уринадилар. Биз бу нуқтайи назарни қабул қила олмаймиз. Қадимги юнон сивилизациясининг якуни билан Европа сивилизациясининг илк шаклланиши орасида қарийб ўн икки асрга яқин вақт бор…

 

Наҳотки бутун дунё шунча аср мобайнида мутлақ жаҳолатга чўккан ҳолда яшаган бўлса? Нега Европа бутун бир минг йилликни бой бериб, юнон фанини ўзлаштириш ва сивилизацияни барпо этишни шунчалик кеч бошлади?” деб ёзади. Исмоилбек ўзининг ушбу сўзлари билан сивилизация Европадан олдин ислом дунёсига ёйилганини ва мусулмонлар уни тараққий қилдириб, нуқсонларини бартараф этиб, Европага қайта топширганлигини, Аристотел, Платон каби ўнлаб машҳур юнон олимларининг асарларини Европага танитганлар айнан мусулмонлар эканлигини дадил қайд этади. Бундан ташқари у ғарблик олимларнинг ичида инсофлилари ҳам борлигини таъкидлаб, америкалик илм-фан вакилларидан Дрейпернинг “Европа тафаккур тараққиёти тарихи” китобида ёзилган “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир”, деган фикрни исбот сифатида келтиради.

 

Бундан ташқари муаллиф айрим европалик олимларнинг “Мусулмон сивилизацияси бу араб сивилизациясидир”, деган саёз қарашларига қарши чиқиб, “…европаликлар мусулмон сивилизациясини “Араб сивилизацияси” деб нотўғри ифода ишлатадилар. Қандай қилиб ўрта асрларда бутун Европа учун илмий ва адабий тил лотин тили бўла туриб, унда франсуз, инглиз, немис ва бошқа олимлар ижод қилган бўлсалар, худди шунингдек мусулмонлар орасида ҳам сўнгги даврларгача илмий тил араб тили бўлиб келган. Европа фан ва сивилизациясини “Лотин сивилизацияси” деб аташ қанчалик асоссиз бўлса, исломни қабул қилган турли қабилалар саъй-ҳаракати билан яратилган сивилизация ва илмни ҳам “Араб сивилизацияси” деб аташ шунчалик нотўғридир”, деб ёзади.

 

Муаллиф бу борадаги чалкашлик кўплаб одамлар мусулмон олим ва мутафаккирларини фақат араб миллатига мансуб бўлган деб ўйлашларидан келиб чиққанини урғулаб, аслида, улар орасида араб бўлмаган олимлар ҳам кўплигини, масалан, “Ибн Сино – турк (баъзи манбаларда эронлик), Форобий ҳам турк, Салоҳиддин Айюбий эса курд эди”, деб ўз фикрини изоҳлайди.

 

Исмоил Гаспирали ушбу асарининг кейинги бобларида мусулмонларнинг астрономия, математика, география, тиббиёт, фалсафа, ҳуқуқшунослик, тарих ва адабиёт соҳаларида мусулмонлар эришган ютуқларни келтириб ўтади ва бу муваффақиятлар кейинчалик Европанинг илм-фан борасидаги улкан тараққиёти учун асос – фундамент бўлиб хизмат қилгани, ўз навбатида ушбу асосни қўйишда Туркистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг ҳам ўрни беқиёс аҳамиятга эга бўлганини таъкидлайди.

 

Исмоил Гаспирали Туркистон халқи ичида ҳам саводхонлик, модерн тафаккур ва миллий тарбияга асосланган замонавий илм-фан ва маданият йўлига даъват қилувчи етакчи сифатида танилди. Хусусан у вафот этганида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сиддиқий Ажзий, Абдулла Авлоний, Камий, Садриддин Айний, Ашурали Зоҳирий,  Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Тавалло, Рожий Фахриддин, Мирмуҳсин Шермуҳаммедов ва бошқа кўплаб туркистонлик зиёлилар Исмоил Гаспиралининг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб мақола ва шеърлар ёзиб матбуот саҳифаларида эълон қилган. Шунингдек, шоир Абдулҳамид Чўлпон у билан бевосита мактублар алмашган.

 

Хулоса ўрнида айтганда, унинг газета ва рисолалари, янги усул мактабларига доир консепсияси ва маърифий ташаббуслари, шунингдек, туркий дунёдаги илмий-маънавий уйғонишга қўшган ҳиссаси бу ўлкада ҳам катта қизиқиш ва эътирофга сазовор бўлди. Шу тариқа Исмоил Гаспирали шахси нафақат Қирим ва Волга бўйи ҳудудида, балки Туркистонда ҳам жадидчилик ҳаракатининг асосий рамзи ва маърифий уйғониш тимсоли сифатида ном қозонди. Унинг Туркистон ўлкасида бу даражада машҳур бўлишида “Ислом сивилизацияси” асарининг ҳам ўзига хос ўрни бор.

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1)          Tylor E. B. Primitive Culture. London: “John Murray”. 1871. – P. 1.

2)          Dyurant V. The Story of Civilization. Nyu-York: “Simon & Schuster”. 1935. – P. 1.

3)          Huntington S. P. The Clash of Civilizations and the Remaking of World Order. New York: “Simon & Schuster”. 1996. – P. 143.

4)          Ибн Ҳалдун. Ал-Муқаддима. Қоҳира: “Дор ал-Фикр”. 2004. – С. 67.

5)          Spengler O. The Decline of the West. Vol. I. Munich: “C.H. Beck”. 1918. – P. 31.

6)          Toynbee A. J. A Study of History. Vol. IV. London: “Oxford University Press”. 1939. 172.

7)          Ризоуддин ибн Фахриддин. Ибн Рушд. – Петербург: “Иброҳим Идрисов” нашриёти. 1905. – Б. 9-10.

8)          Юкичи Фукузава. Илмга чақириқ. – Истанбул: “Елкан пресс” нашриёти. 2025. – Б. 7.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

10:01 / 06.01.2026 0 40
Паразитар тафаккур





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 28989
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//