Жадид боболарнинг битикларини ўқибман, ўрганибман, бўғзимга ҳаяжонлар, қайғулар тиқилибди... лекин уларнинг сиймосини тасаввуримда бирон марта чизмабман. Мана энди Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг ўнлаб расмини бирма-бир кўриб ўтирибман-у, миямда шиддатли давр манзаралари қуюндек айланаётир. Асов қуюнлар аро аввалига бир одамнинг – ўз хочини кўтариб борган Исо алайҳиссаломга ўхшаб (бу балки уйдирма ривоятдир...) – ўз қабрини ўзи ковлаши, жойнамоз устида боши кесилиши каби мудҳиш манзаралар жонланади. Сўнг эса ул мудҳишликлар ўрнини гирдибод ичини-да порлоқ ёғдуларга тўлдирган улуғвор сиймо эгаллайди...
Маърифатпарвар бобомиз деярли барча расмларда ниҳоятда улуғвор тасвирланган. Зеро, Садриддин Айний ёзадики: “Беҳбудий ҳазратлари кўринишида ғоят маҳобатли ва салобатли эди. Аҳволиға воқиф бўлмоғон кимса, мутакаббир деб гумон қилур эди. Лекин ҳақиқатда мулойим суҳбатлик, такаллуфсиз бир одам эди”.
Менга шундай туюладики, миллий адабиётимизу тасвирий санъатимизда ёки, дейлик, эмблема-логотипларда ҳам кўп маъноларни бирваракайига мужассамлашни яхши кўрамиз. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг турли жанр ва турфа услубларда чизилган расмларига ҳам ҳар бир мусаввир чуқур маъноларни жо этмоққа уринган. Нур ва соялар, ранглар нисбатию гоҳо оқ-қора ёхуд қизил рангларнинг қуюқлиги, арабий ёзувлар, интерьер, кийим... буларнинг барида рамзу ишора бор. Ҳатто композициянинг горизонтал ёки вертикаллиги, диагональ ёки квадратлигига қадар... Кўзлар пурмаъно, ўйчан ва ғамгин. Китоб ва битиклар. Олисдаги Самарқанд ва шарқона безаклар. Қорақуш ва ёки одам сумбатли ғанимлар. Муаллақ бош эса маърифат муҳофизининг қай тарзда ўлдирилганини тамсил этади; рассом балки муфтий ҳазратларининг тафаккур одами эканини назарда тутгандир...
Стол ва курсилар ортидан гўё жадидлар сардорининг овози эшитилади: “Энди келайлук жузъий ташаббуҳлар масаласиғаки, бу: курсига (устул) ўлтурмоқ, қошуқ ва чинкича истеъмол этмак, медол тақмоқ, ҳавонинг иссиғлиги учун бош яланғоч ўтурмоқ каби шайлардан иборатдур. Агар бу жузъий ташаббуҳлар ила-да киши кофир бўлаверса, бас, ер юзида бир нафар ҳам мусулмон қолмаслиги лозим келурки, бу мумтанеъдур”.
Элас-элас кўзга ташланаётган туялар карвони ва булутли осмон. Салла ва тасбеҳ. Дарахтлар, дарахтлар, дарахтлар... Барча-барчасига чўнг маъно юкланган. Алҳол, ҳар бир мусаввирнинг ўз Беҳбудийси бор!
Хўш, расм чизиш қўлимдан келса, мен ул мунаввар зотни қандай тасвирлаган бўлардим? Каминада яна бир андиша бор: Беҳбудий ҳазрат падари бузрукворим билан отдошдирлар...
Тасаввуру тахайюлнинг ўнлаб манзаралари аро ниҳоят топдим!
Офоққа бош урган кенглик. Ям-яшил ўт-ўланлар. Қуёш тиллойи рангда, чунки у энди чиқиб келаётир. Нурларидан ўт-ўлан ёлқинланади. Картинага ҳозир кириб келгандек йирик пландаги отлиқ. У қорабайирга салт ўтирганча, пешвозидаги қуёш томон бормоқда. Далада ёлғизоёқ сўқмоқ-да йўқ. Шунинг учун суворий отнинг белига урган ўтлар оралаб боради. Шошилмайди, боши ним солинган кўйи кетаётир. Қўллари пастга осилган – чунки у отини қамчиламайди. Эгнида узун қора чакмон, барлари тонг эпкинида қанотлари намлигидан пастлаб парвоз этаётган субҳ қушларидек учади. Бошида кўркам салла. Унинг юзи бизга кўринмайди, ҳа, кўринмайди. Биз гўё унинг ортидан эргашиб кетаётирмиз...
Расм горизонталига чизилади – тасвирий санъат тилида бу сокинликни англатар экан. Нега сокинлик – ахир, қирқ тўрт йилгина умр кўрган Беҳбудий ҳазратлари ниҳоятда шиддаткор бир тарзда яшаб ўтмадиларми?..
...Жаҳоншумул адиб Чингиз Айтматов 1988 йилда Пекинга боради. Ҳориб-чарчаган ёзувчи ухламоққа шайланар экан, ногоҳ телефон жиринглайди. Қадим Чин юртида унга таниш бирор тирик жон йўқ, ким бўлди экан бу? Қирғиз тилида “ата”, “ақсақал” деган сўзлар эшитилади гўшакдан. Телефон симининг нариги тарафидан она тилида сўйлаётган одам кимлигини билишга қизиққан Чингиз Айтматов суҳбатдошининг жавобидан ҳайратда қолади: “Оқ кема”даги бола қўнғироқ қилаётган экан! У дарёда ғарқ бўлмаган, тўлқинлар оралаб сузиб кетган экан. Суза-суза, дарёдан дарёга ўта-ўта... Хитойдан чиқиб қолибди, Пекин университетига ўқишга кирибди. “Оқ кема”нинг афсонавий муаллифини қирғиз талабалари номидан учрашувга таклиф этиб қўнғироқ қилаётган экан. Эртаси куни учрашувда юзлаб талаба ичидан бир йигитча Айтматовнинг кўзига бошқача кўринади ва адиб ундан “Иссиқкўлдан Хитойга дарёлар оша сузиб келган йигитчамисан?” деб сўрайди. Ўша экан! Нима учун у “Оқ кема”даги боламан” деб таништирди ўзини? “Мен болакайнинг чўкиб кетишини хоҳламадим. У ҳалок бўлмаслиги керак эди. Унинг тақдирини бўйнимга олдим. Болага ёрдам беришнинг бошқа йўли йўқ эди-да!..” дейди у.
Айрим тахминларга кўра, 1919 йилда Маккаи мукаррама сари йўлга чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий йўлда ҳамсафарлари билан бирга айғоқчилар томонидан қўлга олинади. Кейинги мудҳиш тарих эса маълум... Менинг Беҳбудийим эса ҳамон йўлда бўлишини хоҳлайман. Вақт театрусидан мозийнинг мудҳиш ва чиркин саҳнаси тушиб қолсин дейман... Менинг Беҳбудийим теран тафаккурга чўмганча ваҳий нозил бўлган шаҳар томон кетиб бораётир...
Жадид бобомизнинг сафдоши ва фикрдоши Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён”да “куйларга қўшиб махталадурғон” қаҳрамонини тавсифлаб, менда рассомлик санъати бўлганда “сўз билан билжираб ўтурмас”, Раънонинг расмини чизиб кўрсатардим-қўярдим, дейди. Фақат бунинг учун раъно гулининг сувидан кўпроқ керак бўларди. Беназир Қодирийга тақлид қилиб деймизки: инсоният тарихининг Беҳбудий сингари мутафаккирлари, умум бахти йўлида жонини нисор этган фидойилари расмини чизмоқ учун ҳам қуёшдан бўёқдон, мангу яшил сарвлардан мўйқалам керакдир...
Нодира ОФОҚ
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.
“Қуёшдан бўёқдон керак” мақоласи.
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ