Озодлик учун кураш ҳамиша ичимизда яшаб келган – Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиби венесуэлалик Мариа Корина Мачадонинг маърузаси


Сақлаш
17:56 / 07.01.2026 21 0

 

(Ана Корина Коко Мачадо томонидан ўқиб эшиттирилган)

 

Осло, 10 декабрь, 2025

 

Олийнасаб инсонлар, ҳурматли зотлар, Норвегия Нобел Қўмитасининг фахрий аъзолари, дунё фуқаролари ва азиз венесуэлаликларим!

 

Мен бу ерга бир ҳикояни айтиб бергани келдим: бу – бир халқ ҳақида, унинг озодлик сари босиб ўтган машаққатли йўли ҳақида ҳикоя.

 

Бугун мана шу йўл азал-азалдан ўзларига тегишли бўлган манзилларни қайтариб олиш учун яна бир бор бош кўтарган миллионлаб венесуэлаликларнинг овози сифатида каминани қаршингизга бошлаб келди.

 

Венесуэлани халқлар ва маданиятлар қоришувидан шаклланган қатъият бунёд қилди. Биз Испаниядан тил, маданият ва эътиқодни мерос қилиб олдик — бу мерос туб ерлик аждодларимиз ва африкалик илдизларимиз билан бирлашиб кетди.

 

1811 йилда биз испантилли дунёдаги энг биринчи конституцияни ёздик, бу тарихдаги республикачиликка оид дастлабки қомуслардан бири ҳисобланар ва унда ҳар бир инсон суверен қадр-қимматга эгалиги ҳақидаги кескин ғоя ўз тасдиғини топганди. Мазкур конституцияда фуқаролик, индивидуал ҳуқуқлар, эътиқод эркинлиги ва кучлар бўлиниши баён этилганди.

 

Бизнинг аждодларимиз озодликни елкаларида кўтариб юришган. Улар «озодлик баҳам кўрилмагунча тўкис бўлмайди» деган ғояга эргашиб, эркин ва тенг ҳуқуқли фуқаролар яшайдиган жамиятни қуришга кўмаклашиш учун Ориноко[1] қирғоқларидан Потоси[2] тепаликларигача бутун қитъани кесиб ўтишган.

 

Энг бошиданоқ, биз содда ва улуғвор ғояга ишондик: ҳар бир инсон озод яшаш учун туғилган! Мана шу ишонч миллий руҳимизга айланди.

 

Йигирманчи асрга келиб ер ёрилди: 1922 йилда Ла Роса[3]даги тўққиз кунлик Ревентон[4] содир бўлди. Мана сизга нефть ва имкониятлар фаввораси!

 

Шукрки, биз ўша туйқус бойликни билим ва тасаввур учун ёнилғига айлантира олдик.

 

Олимларимизнинг закоси билан офатга нуқта қўйдик. Жаҳоний обрўга эга университетлар, музейлар ва концерт заллари қурдик, ҳур фикр албатта ислоҳотлар олиб қайтишига ишониб минглаб ёш венесуэлаликларни грантлар орқали четга жўнатдик. Шаҳарларимиз Круз-Диэз[5] ва Сото[6]нинг кинетик санъат асарларидан жилваланди.

 

Биз пўлат, алюминий ва сув энергиясини ишлаб чиқардик — Венесуэла тасаввурга сиғдиролган исталган нарсасини қура олишига исбот эди бу.

 

Венесуэла бошпанага ҳам айланди.

 

Дунёнинг ҳар бурчагидан келувчи мигрантлар ва қочқинларга бағримизни очдик: фуқаролик урушидан қочган испанлар, камбағаллик ва диктатурадан тўйган итальяну португаллар, ҳолокостдан азият чеккан яҳудийлар, ҳарбий режимдан қочган Чили, Аргентина ва Уругвай фуқаролари, коммунизм дастидан дод солган кубаликлар ҳамда Колумбия, Ливан ва Суриядан тинчлик излаб келган оилалар. Биз уларни уй-жой, мактаблар ва хавфсизлик билан таъминладик. Шундай қилиб, улар венесуэлаликларга айланишди.

 

Мана ҳақиқий Венесуэла.

 

Биз қурган демократия Лотин Америкасидаги энг мўътадил тузумга айланди, эркинлик эса ижодий куч сифатида намоён бўлди.

 

Аммо энг кучли демократия ҳам фуқаролар эркинликни кутиб ўтириш эмас, балки кишининг ўзи эркинликка айланиши кераклигини унутган паллада заифлашади.

 

Бу онгли, шахсий танлов бўлиб, бундай танловларнинг йиғиндиси ҳар куни янгиланиши лозим бўлган фуқаролик этикасини шакллантиради.

Нефть даромадларининг давлатда тўпланиши тескари мотивни шакллантирди: бу ҳукуматга жамият устидан чексиз қудрат ато этиб, махсус имтиёзлар, ҳомийлик ва коррупцияга йўл очиб берди.

 

Мен мансуб авлод жўшқин демократик даврда туғилдик, шу сабаб буни етарлича қадрламадик. Эркинлик ҳам нафас олаётган ҳавомиз каби умрбоқий деб ўйлардик. Ҳуқуқларимиздан баҳраманд бўлдик, аммо бурчларимиз ёддан кўтарилди.

 

Мени отам тарбиялади, унинг ҳаётий фаолияти – қуриш, яратиш, хизмат қилиш – менга бу мамлакатни севиш унинг келажагига масъулият билан қараш эканини ўргатди.

 

Институтларимиз нақадар заифлашганини англаб етамиз деганча, бир пайтлар демократияни ағдариш учун ҳарбий тўнтаришга бошчилик қилган одам президент этиб сайланди. Кўпчилик харизма қонун устуворлиги ўрнини босиши мумкин деб хомтама бўлди.

 

1999 йилдан бошлаб амалдаги тузум демократиямизни парчалашга ўтди: Конституцияни бузилди, тарихимиз сохталаштирилди, ҳарбий кучларга дарз кетди, мустақил судьялар сиқиб чиқарилди, матбуотга цензура қўйилди, сайловлар манипуляция қилинди, фарқли фикрловчилар таъқиб қилинди ва ноёб этник хилма-хиллигимизга путур етказилди.

 

Нефть бойлиги халқни юксалтиришга эмас, қаддини букишга сарфланди.

 

Миллий телевидение орқали хароба уйларда яшовчи оилаларга кир ювиш машиналари ва музлатгичлар тарқатилди; лекин бу асло тараққиёт нишонаси эмас, хўжакўрсинга қилинган тадбир эди холос.

Ижтимоий бошпана сифатида ажратилган квартиралар саноқли кишиларга итоаткорлик эвазига мукофот ўлароқ инъом этилди.

 

Сўнг вайронгарчилик юз берди: Очиқчасига коррупция, тарихий талончилик. Тузум ҳукмронлиги даврида Венесуэла нефтдан ўтган асрдагига қараганда кўпроқ даромад топди. Лекин уларнинг ҳаммаси ўғирланди.

 

Мамлакат ичкарисида жиноий ва халқаро террорчи гуруҳлар давлатда ўрнашиб кетган бир пайтда, нефть маблағлари хориждан садоқат сотиб олиш воситасига айланди.

Иқтисодиёт 80 фоиздан кўпроққа қулади.

Камбағаллик 86 фоиздан ошди.

Тўққиз миллион венесуэлалик юртини ташлаб қочишга мажбур бўлди.

Булар статистика эмас, булар – очиқ яралар.

 

Бу орада янада оғирроқ, мамлакатни емирувчи ҳолат содир бўлди. Онгли усул эди бу: жамиятни мафкура, ирқ, насл-насаб, турмуш тарзига кўра ажратиш; венесуэлаликларни бир-бирига ишонмасликка, бир-бирининг овозини ўчиришга, бир-бирига душман кўзи билан қарашга ундаш. Улар бизни бўғишди, асир олишди, ўлдиришди, сургун қилишди.

 

Қонхўр диктатурага қарши курашиб келаётганимизга мана қарийб ўттиз йил бўлди.

Биз ҳамма йўлни синаб кўрдик, лекин: махфий мулоқотлар фош этилди, миллионлар иштирокидаги норозиликлар бостирилди, сайловлар сохталаштирилди.

 

Умид бутунлай парчаланди, ҳар қандай келажакка ишонч буткул сўнди. Ўзгариш ғояси ё содда, ёки аҳмоқона бўлиб туюлди. Имконсиз эди ҳаммаси.

Бироқ, ўша умидсизлик тубидан, жуда жўн ва расмиятчилик учундай туюлган биргина қадам, тарихимиз йўналишини ўзгартирган қудратни уйғотиб юборди.

 

Биз, барча душманларга қарши турган ҳолда, бошланғич сайловни ўтказишга қарор қилдик. Бу кутилмаган исёнкорлик эди. Лекин биз халққа ишонишни танладик.

Бир-биримизни қайта кашф этиш учун муттасил бензин танқислиги, ҳар кунлик блекаутлар ва нураб бораётган алоқа тизимига эга мамлакатда қанча йўлу сўқмоқни босиб ўтмадик.

 

Реклама тақиқланган, пул ҳам, номимизни дадил тилга оладиган ОАВ ҳам йўқ — фақат эътиқод билан қуролланган эдик.

Ягона умидимиз эл оғзидаги гапдан эди, яхшики, овозамиз ҳар қандай тарғибот кампаниясидан тезроқ тарқалди. Чунки ичимиздаги эркка ташналик табиий эди.

 

Бизни тарқатиб юбориши кутилган мажбурий миграция, аксинча, бир муқаддас мақсад атрофида жамлади. У ҳам бўлса — юртимиздаги оилаларни қайта бирлаштириш! Бобо-бувилар менга чет элдаги набираларини кўрмай дунёдан кўз юмиш энг катта ҳадиклари эканини айтишди; майин овозига қайғу нафаси сира ярашмайдиган қизалоқлар мендан қитъалар бўйлаб тарқалиб кетган оналарию, туғишганларини қайтариб келишни илтимос қилишди.

Оғриғимиз бир юрак зарбида жо бўлди: «фарзандларимизни уйга қайтаринг!»

 

2023 йилнинг майи, Ниргуа шаҳарчасидаги митингда Кармен исмли ўқитувчи олдимга келди. У менга ҳозиргина Жефа де Cалле[7]си билан учрашиб қолганини айтди: у Кармен яшайдиган кварталга тайинланган тузум агенти бўлиб, уйма-уй юриб кимга ойлик озиқ-овқат талони берилишини ва ким очлик билан жазоланишини ҳал қиладиган киши эди.

 

Нозир аёлни бу ерда кўриб ҳайратга тушган Кармен ундан «Бу ерда нима қилиб юрибсиз?» деб сўрабди.

Жефа де Cалле шундай жавоб берибди: «Перуга қочиб кетган ёлғиз ўғлим бугун шу ерда бўлишимни тайинлади. Агар сизлар ютадиган бўлсангиз, уйга қайтар эмиш. Энди айтинг, сизларга қандай ёрдам бероламан?»

Ўша куни муҳаббат қўрқув устидан ғалаба қозонганди!

 

Икки ҳафта ўтгач, колумбиялик партизанлар ва дорифурушлар эгаллаб олган, ҳатто биргина товуқни ҳам жиноий тўда рухсатсиз сотишнинг иложи бўлмаган Делициас қишлоқчасига кириб бордик. 1978 йилдан бери бу ерга бирорта ҳам номзод оёқ босмаганди.

 

Тоғга кўтарилар эканмиз, ҳар бир камтарона хонадонда ҳилпираб турган Венесуэла байроғига кўзим тушди. Соддалик қилиб, бугун бирор байрам бормиди, деб сўрабман. Кимдир шивирлади: «Йўқ. Бу ерда байроқни яширин сақлашади. Ташқарига олиб чиқиш хавфли. Бугун одамлар келишга журъат этганингиз сабаб сизга миннатдорчилик рамзи сифатида байроқларини баланд кўтаришди.

Сиз кетасиз... биз эса қоламиз, кимлигимизни ҳам аниқлаб олишади…»

 

Барча оила аъзолари ўз ҳаётларини назорат қилган қуролли гуруҳларга қарши турдилар. Биргаликда давлат мадҳиясини куйлаганимизда, суверенитет ягона, мўрт, аммо қатъиятли жўровозлик оҳангида қайта тикланди.

Ўша куни жасорат зулм устидан ғалаба қозонганди.

Митингларимиз минглаб одамларнинг ҳаяжонли учрашувларига айланиб кетди.

 

Бир-биримизни қучоқладик, йиғладик, дуолар қилдик.

Тушундикки, аслида курашларимиз олдида сайлов ҳеч нима эмасди.

Бунда ахлоқ масаласи бор эди: ҳақиқат учун кураш!

Тириклик масаласи: ҳаёт учун кураш!

Руҳият масаласи: эзгулик учун кураш!

Президент сайловига бир йилдан камроқ вақт қолганда, барча демократик кучларни бирлаштиришимиз ва овоз беришга бўлган ишончни тиклашимиз лозим эди. Ўша лаҳза праймеризга айланди: Венесуэла тарихида мисли кўрилмаган умуммиллий фуқаролик тармоғини яратган ўз-ўзини ташкил этувчи фуқаролик ҳаракати.

2023 йил 22 октябрида, барча душманларга қарши турган ҳолда, Венесуэла уйғонди.

 

Миллатимизнинг учдан бир қисмини ташкил этувчи диаспора сайлов ҳуқуқини қайта тиклади.

Кетган ўғил қолган онаси билан ёнма-ён туриб овоз берди.

Навбатлар бир неча кварталгача чўзилди. Сайловчилар шу қадар кўп эдики, бюллетенлар етмай қолди. Биз халққа ишондик, халқ эса – бизга.

 

Етакчиликни ҳуқуқийлаштириш механизми сифатида бошланган ҳаракат миллатнинг ўзига ишончи қайта пайдо бўлишига уланиб кетди. Ўша куни мен ҳар қандай шахсий манфаатдан ҳам зиёда масъулият, яъни мандат олдим. Ўзимни хокисор тутар ва зиммамга юкланган масъулиятни чуқур ҳис этардим.

 

Мазкур хабардан ваҳимага тушгач, амалдаги тузум менга президентлик сайловида қатнашишни маън қилди. Бу ҳар қанча қаттиқ зарба бўлмасин, барибир мандатлар халқники эди.

Шу сабаб, ўрнимга бошқа номзод топишга қарор қилдик.

 

Босиқ ва жасур собиқ дипломат Эдмундо Гонсалес Уррутия ўртага чиқди. Тузум уни ҳеч қандай хавф туғдирмайди, деб ҳисобларди.

Улар миллионлаб фуқароларнинг қатъиятини — барча хилма-хиллиги билан умумий мақсад йўлида бирлашган оловқалб жамиятни менсишмади. Жамоалар, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, талабалар ва фуқаролик жамияти миллат овози эшитилиши учун бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишди.

Сайлов кунига атиги уч ой қолган, бироқ ҳали ҳам ҳеч ким бизнинг номзодни танимасди.

 

Бироқ овозларнинг ўзи етарли бўлмай, олдинда уларни ҳимоя қилиш масаласи ҳам турарди. Бунинг учун бир йилдан ошиқ вақт давомида инфратузилма яратдик: 30 000 та сайлов участкасида 600 000 та волонтёр; ҚР-кодларни сканерлаш учун иловалар, рақамли платформалар, диаспора колл-марказлари. Биз Венесуэланинг энг чекка бурчакларига ҳам мева сотадиган юк машиналари ичига яширилган сканерлар, Старлинк антенналари ва ноутбукларни жойлаштирдик. Технология эркинлик учун курашиш воситасига айланди.

 

Яширин машғулотлар каллайи саҳарлаб черковнинг орқахоналарида, ошхоналар ва ертўлаларда мамлакат бўйлаб контрабанда каби олиб ўтиладиган босма материаллардан фойдаланган ҳолда ўтказиларди.

Ниҳоят сайлов куни келди: 2024 йил, 28 июль. Ҳали пешин бўлмасдан тумонат одам кўчаларни тўлдирганди.

 

Атроф сокин, ҳаво титроқ умидга тўла. Бизнинг жонли кузатувимиз ҳар бир штат ва шаҳар бўйлаб ташрифлар сони ортиб бораётганини кўрсатарди. Шундан сўнг, халқ иродасининг муқаддас исботи бўлган сайлов варақалари аввал телефон, кейин WhatsApp, кейин суратга олиш, кейин сканерлаш ва ниҳоят қўлда, хачирларда, ҳатто каноэда олиб ўтиш орқали бизга етиб кела бошлади.

 

Хақиқат вулқони портлагандай варақалар ҳамма жойдан ёпирилиб келаверди, чунки минглаб фуқаролар бюллетенларни ҳимоя қилиш учун ҳаётини хавф остига қўйишаётганди.

 

Йирик ғалабамизга юзма-юз келган тузум, умидсизликка тушиб, шундай буйруқ чиқарди: аскарлар волонтёрларимизни овоз бериш марказларидан чиқариб юборишлари ва уларнинг сайлов варақаларини олишларига қарши туришлари керак эди.

Бироқ аскарлар буйруққа бўйсунишмади.

Эдмундо Гонсалес ҳар бир штат, шаҳар ва қишлоқни ҳисоблаганда 67 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Ҳар бир ҳисоб-китоб варағи буни тасдиқларди.

Бир неча соат ичида улар рақамли шаклга ўтказилиб, бутун дунё кўриши учун веб-сайтга жойлаштирилди.

Диктатура бунга террор билан жавоб қайтарди.

2500 киши ўғирланди, ғойиб бўлди, қийноққа тортилди.

Уйлар қуршаб олинди.

Оилалар тўлалигича гаровга олинди.

Руҳонийлар, ўқитувчилар, ҳамширалар, талабалар, ҳисоб варағини тарқатган ҳар бир киши қўлга олинди.

 

Буларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан инсониятга қарши жиноят деб ҳужжатлаштирилган ҳаракатлар эди. Халқ иродасини ерга кўмишга қаратилган давлат терроризми эди бу.

Сайловдан кейин ҳибсга олинган 220 дан ортиқ болаларнинг баъзилари электр токи билан қийноққа солинган, калтакланган ва ҳукуматга керак бўлган ёлғонни – исёнда қатнашганлари эвазига мендан моддий рағбат олганликларини тан олмагунча ҳатто бўғиб ўлдирилган. Қамоқхонадаги аёллар ва қизлар ҳозиргача оиласи билан кўришиш, овқатланиш ёки чўмилишга рухсат олиш учун жинсий зўравонликка мажбур чидаб келмоқда.

Лекин шунда ҳам Венесуэла халқи ортга чекинмади.

 

Ўтган ўн олти ойлик махфий фаолиятимиз мобайнида, Венесуэланинг демократияга тартибли ўтишини таъминлаш мақсадида, фуқаролик босими ва интизомли итоатсизликнинг янги тармоқларини барпо этдик.

Шундай қилиб, биз бугун озодлик остонасида турган миллионлаб инсонларнинг акс-садоси янграётган кунга ҳам етиб келдик. Бу мукофот чуқур маъно касб этади; у тинчлик барқарор бўлиши учун демократия зарурлигини дунёга эслатиб туради.

Энг муҳими, биз, венесуэлаликлар, ушбу узоқ ва машаққатли сафар давомида олган сабоғимизни бутун дунё билан бўлиша оламиз: демократияга эришишмоқчимисиз, эркинлик йўлида курашга тайёр туришингиз шарт!

 

Эркинлик танлови эса ҳар куни ривожланишга муҳтож бўлиб, унинг қадри ҳимоя қилишга қанчалар шайлигимиз ва жасоратимиз билан ўлчанади.

Шу сабабдан, Венесуэла масаласи ички чегараларимиздан ҳам ошиб ўтди. Эркинликни танлаган халқ нафақат ўзига, бутун инсониятга наф келтиради.

 

Биз бир-биримиздан юз ўгиришни бас қилганимизда, қанчалик оғир бўлмасин, ҳақиқатга тикма-тик қараганимизда, ҳаётга муҳаббатимиз бизга бардош ва ғалаба учун куч бағишлагандагина эркинликка эришамиз.

 

Ана шу ички уйғунлик, ана шу ҳаётий яхлитлик билангина ёруғ тақдирга пешвоз чиқа оламиз.

Шундагина чинакам ўзимизга айланамиз, яшаш деса арзигулик ҳаётимиз бўлади.

Озодлик сари босиб ўтилган йўлда қалбларимиз тубида ётган ишончни уйғотдик — у ҳаётимизга теран маъно берди, буюк келажакни тотувликда қуришга бизни тайёрлади.

Бундан чиқди, тинчлик аслида муҳаббат дегани.

Бу муҳаббат аллақачон эртангни кунимизга таъсир ўтказди.

Венесуэла яна эркин нафас олажак!

 

Биз қамоқхона эшикларини очиб, минглаб ноҳақ қамалганлар ёруғликка чиқишини, уларнинг эрки учун курашдан тўхтамаган яқинларининг бағрига отилишини томоша қиламиз.

Невараларини қўйнига ўтказиб, қадим тарихда ўтган аждодлари эмас, ўз ота-оналарининг жасорати ҳақида эртак айтадиган бобо-бувиларни учратамиз.

 

Ниҳоят турли ғоялар устида овозларини эркин кўтариб, қўрқмасдан, берилиб баҳс юритаётган талабаларни кўрамиз.

Биз яна бир-биримизни қучоқлаймиз. Яна севиб қоламиз. Кўчаларимизни тўлдирган кулги ва мусиқага қулоқ тутамиз.

Дунё аҳли учун одатий ҳолга айланган хурсандчилик бизга ҳам насиб этади.

 

Азиз венесуэлаликларим, бугун бутун дунё нималарга эришганимиздан ҳайратда. Тез орада у давримизнинг энг таъсирли воқеаларидан бирига гувоҳ бўлади: дилбандларимиз уйга қайтишади ва бир пайтлар ватандан кетаётган минглаб одамлар орасида туриб йиғлаган ерим – Симон Боливар кўпригида туриб, уларни ёрқин келажакка ишонч билан кутиб оламан.

 

Чунки озодлик учун кураш ҳамиша ичимизда яшаб келган.

Ва энди ўзимизга қайтяпмиз. Уйимизга қайтяпмиз.

Ушбу машаққатли йўлдаги қаҳрамонларни шарафлашга ижозат берсангиз.

Улар – сиёсий маҳбусларимиз, таъқибга учраганлар, уларнинг оилалари ва барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари; бизга бошпана берганлар, қорнимизни тўқлаганлар ва бизни ҳимоя қилиш учун ҳаётини хавфга қўйганлар; сукут сақлашдан бош тортган журналистлар, дадил овозимизга айланган санъаткорлар; менинг ажойиб жамоам, устозларим, сиёсий ва ижтимоий фаол ҳамкасбларим; бутун дунё бўйлаб бизга қўшилган ва ҳимоя қилган етакчилар; уч фарзандим, қадрли отам, онагинам, уч синглим, бутун ҳаётим давомида мени қўллаб-қувватлаган қўрқмас ва меҳрибон эрим; ҳамда энг муҳими, азбаройи муҳаббатидан уйи, оиласи ва ҳаётини хатарга қўйган миллионлаб Венесуэла халқи.

 

Бу шараф уларники!

Бу кун уларники!

Келажак уларники!

Ташаккур!

 

Шохруҳ УСМОНОВ таржимаси

Oyina.uz


[1] Ориноко — Венесуэла ва Колумбия ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Америкадаги энг катта дарёлардан бири (барча изоҳлар таржимонники)

[2] Потоси — ҳозирги кунда Боливия ҳудудига кирувчи, денгиз сатҳидан энг баландда жойлашган шаҳарлардан бири.

[3] Ла Роса — Венесуэланинг Зулиа штати, Маракайбо кўли соҳилидаги Кабимас шаҳри яқинидаги нефть кони

[4] Ревентон — испанчада «портлаш», «отилиш» маъносини англатади. 1922 йил 14 декабрда нефть конида содир бўлган портлаш шундай аталади. Унинг оқибатида 100 000 баррель нефть отилиб чиққан, ҳодиса тўққиз кун давом этган.

[5] Карлос Круз-Диэз — кинетик ва оптик санъат ривожланишида муҳим роль ўйнаган венесуэлалик ижодкор (1923-2019)

[6] Хесус Рафеал Сото — венесуэлалик рассом, ҳайкалтарош, кинетик ва оптик санъат асарлари муаллифи (1923-2005)

[7] Жефа де Cалле Полиcиа — маълум кўча, даҳа ёки маҳаллага бириктирилган полиция нозири

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

10:01 / 06.01.2026 0 38
Паразитар тафаккур





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 28964
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//