Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг шахсияти ва мероси нафақат ҳарбий ютуқлар, балки оилавий насл-насаб ва маданий-ижтимоий муҳит билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Темурийлар даври ёзма манбаларининг аксариятида Амир Темурнинг онаси Тегина бегим (хотун) экани якдиллик билан таъкидланади. Шунингдек, Саркарданинг она тарафдаги бобоси сифатида Садр аш-Шариъа (тахминан 1290–1346/747 йил в.) номи қайд этилган. Аммо унинг тўлиқ исми-шарифи манбаларда турлича шаклларда келтирилган. Жумладан, Шарафиддин Роқимийнинг “Тарихи томм” асарида Садр аш-шариъа Абдулла ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа, 1712 йилда ёзилган муаллифи номаълум форсий “Темурнома”да Садр аш-Шариъа Убайдуллоҳ ибн Тож аш-шариъа Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Маҳбубий ал-Бухорий, айрим тадқиқотларда эса Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Маҳмуд ал-Маҳбубий ал-Бухорий шаклида келади. Шунингдек, исмга қўшимча тарзда келган мазкур унвон ҳам манбаларда турлича ифодаланган: Садр аш-Шариъа ал-Асгҳар (кичик Садр аш-Шариъа) ёки Садр аш-Шариъа ас-Соний (иккинчи Садр аш-Шариъа). Бу унвон ушбу хонадон вакилларининг авлодма-авлод илмий обрўсини акс эттириб, уни буюк бобоси Аҳмад ибн Убайдуллоҳ (Садр аш-Шариъа ал-Акбар)дан фарқлаш учун юқоридаги шаклларда қўлланилган.
Амир Темур ва Темурийлар даврида ўнлаб тарихий манбалар (Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Тарихи арбаъ улус”, Муиниддин Натанзий “Мунтахаб ут-таворих”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Ҳофизу Абру “Зубдат ут-таворих” ва бошқалар) яратилган бўлса ҳам уларининг аксариятида Соҳибқироннинг она томондан аждодлари ҳақида деярли қайдлар учрамайди. Темурийлардан кейинги даврларда жумладан, ХVIII-ХIХ асрлар манбалари ҳисобланган Салоҳиддин Тошкандийнинг туркий тилдаги ва номаълум муаллифнинг форсий тилдаги “Темурнома”ларида ҳамда Шарафиддин Роқимийнинг “Тарихи томм” асарида Амир Темурнинг бобоси Садр аш-Шариъа ҳақида маълумотлар келтирилган.
Садр аш-шариъа юқорида айтилганидек, аслида исм эмас, унвон ҳисобланган. Негаки, Тегина бегимнинг ота аждодлари шариат пешволаридан саналиб, Тож аш-шариъа нисбаси билан ҳам улуғланганлар. Садр аш-шариъа ҳақида форсий тилдаги “Темурнома”да шундай дейилади: “Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон дар ҳафсаду сию панж дар вақти Баёнқулихон, дар замони Шайхул олам Сайфиддин аз модар таваллуд кард аз духтари Садр ас-Шариъа Тегина Хотун аз модар. Сабаби ўро меҳнат ҳо расид. Баъд аз ранжи бисёр падараш ўро аз Занжирсарой дар Шаҳрисабз бурд”. Бу ерда Амир Темур Баёнқулихон ҳокимият тепасида турган даврда Шайх ул-олам Сайфиддин (Боҳарзий) замонида Садр ас-Шариъанинг қизи Тегина Хотундан туғилгани, онасининг у туфайли кўп ранжлар кўргани, сўнг отасининг Темурбекни Занжирсаройдан олиб кетгани баён этилган.
Мазкур маълумотларга қўшимча қайдлар Салоҳиддин Тошкандийнинг туркий тилдаги “Темурнома” асарида қуйидагича: “Ҳазрати Амир Темур Соҳибқироннинг оналаридан туғилмоқликларини баёнида Садр аш-Шариъанинг қизлари Тегина Бегим Моҳдан, андин сўнг бу ўғил сабабидин кўб машаққатлар тортиб келганда Амир Темур Амир Чоку (Жоку) уйида (ҳозирги Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳудудида – У.С.) тарбият топади”.
Садр аш-Шариъа ҳақидаги узуқ-юлуқ маълумотлар Чиғатой хони Тармаширинхон ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрга келиб, бир муддат минтақада меҳмон бўлган араб сайёҳи Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”сида ҳам келтирилган. Манбада Ибн Баттута саёҳати давомида Қаршида Чиғатой хони Кебекхон даври, одиллиги ҳақида кўп нақллар эшитганини ёзади. Ибн Баттута 1333 йилда Урганчдан Бухорога келади. Бухорода Сайфиддин Бохарзийнинг набираси, машҳур шайх Яҳъё билан учрашади. Бу ҳақда манбада шундай қайдлар мавжуд: “Биз Бухоро четида, Фатҳобод номи билан машҳур бўлган жойда тўхтадик... Бу ерда мени Маккани тавоф қилиб қайтган улуғ шайхнинг (Сайфиддин Бохарзийнинг) вориси Шайх Яҳъё меҳмон қилиб, ҳурматлади. У шаҳарнинг энг ҳурматли кишиларини тўплади. Мен шу ерда олижаноб олим – фиқҳшунос “Садр аш-Шариъа” унвонига эга бўлган зотни учратдим”. Ибн Баттутанинг мазкур маълумоти ҳам ХIV аср биринчи ярмида Бухорода Садр аш-Шариъа машҳур уламолардан бўлганини кўрсатади. Садр аш-Шариъанинг бобоси Тож аш-Шариъа Маҳмуд ибн Садр ал-Шариъа ал-Акбар ҳам таниқли уламолардан бўлиб, “Виқоя” асарининг муаллифи бўлгани мазкур давр фиқҳий асарларида таъкидланади. Шунингдек, унинг катта бобоси Садр аш-Шариъа ал-Акбар (Аҳмад ибн Убайдуллоҳ) эса “Талқиҳ ал-Уқул” асарининг муаллифи ҳисобланади. Мазкур маълумотлар ҳам хонадоннинг бир нечта вакиллари ҳанафий мазҳаби олимлари бўлганини исбатлайди.
Садр аш-Шариъа отаси Жамолиддин Масъуд ва бобоси Тож аш-Шариъа Маҳмуддан таълим олган. Илмий салоҳияти ҳанафий фиқҳ, усул ал-фиқҳ, калом (теология), мантиқ, араб тили грамматикаси, ҳадис, фалсафа ва бошқа фанларни қамраб олган. У Мотуридия ақидасига амал қилган ҳанафий олим бўлиб, ўз даврида Бухоронинг энг обрўли шахсларидан бири сифатида танилган. Садр аш-Шариъа ўз даврида фиқҳ ва усул ал-фиқҳ соҳасида янги ёндашувларни жорий этган олимлардан бири эди. У ҳанафий мазҳабнинг анъанавий йўналишини (фақиҳлар йўли) ва мутакаллимлар (мантиқий-фалсафий) йўналишини бирлаштириб, синтез яратган. Унинг асарлари кейинги асрларда ҳанафий мадрасаларида асосий дарслик сифатида ўқитилган. Манбаларнинг шаҳодат беришича, у ҳижрий 747 йилда (милодий 1346-1347 йилда) Бухорода вафот этган ва ўша ерда дафн этилган.
Тадқиқотчилар ўртасида “Садр ас-шариъа” номи устида ҳар хил қарашлар мавжуд. Айрим тадқиқотчилар уни тўқима образ сифатида талқин қилишса, баъзи олимлар унинг тарихий шахс бўлганини таъкидлайдилар. “Темурнома”ларнинг шаҳодат беришича, Садр аш-Шариъа Убайдуллоҳ хонадони вакиллари Бухоронинг тагли-тугли оилаларидан бўлиб, диннинг улуғ пешволаридан саналган. Улар Бухоронинг машҳур кишилари сифатида фиқҳшуносликда тенгсиз эдилар. Шу сабабли мазкур хонадон вакиллари “тож аш-шариъа” – “шариат ҳужжати”, “садр аш-шариъа” – “шариат улуғи” каби номлар билан улуғланган.
Садр аш-шариъа хонадони вакиллари ҳақидаги қисқа қайдлар Темурийлар даври тарихчиси Фасиҳ Ҳавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида ҳам эслатилган. Муаллиф 1309 йил хусусидаги маълумотларга тўхталганда мавлоно Тож аш-шариъа Абу Абдуллоҳ Умарнинг Карманада вафот этгани ҳақида ёзади. Шунингдек, 1329 йил маълумотларида Бурхон аш-шариъа Маҳмуднинг Карманада вафот этишига доир қайдларни келтиради.
Садр аш-шариъанинг қизи Тегина бегим эса тахминан 1318 йилда туғилган, 1334 йилда Амир Темур отаси Амир Тарағай Баҳодирга турмушга чиққан ва бу никоҳдан кейинчалик Темурбек (Амир Темур) туғилган. Тегина бегим 1353 йилда Хўжа Илғорда (Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида жойлашган қишлоқ) вафот этган. Амир Тарағай Баҳодир ва Тегина бегим никоҳи хусусидаги маълумотлар айнан Амир Темур ва Темурийлар даврининг асосий манбаларидан ўрин олмагани сабабли айрим хориж тадқиқотчилари, жумладан, Беатриcе Форбес Манз бу маълумотни афсонавий ёки Амир Темур авлодлари томонидан шажарани “диний нуфузли қилиш” мақсадида ўйлаб топилган деб талқин қилинади. Бироқ кўпчилик шарқшунослар ва ҳанафий тарихчилар мазкур алоқани қабул қилишади ва Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий соҳибқирон Амир Темурнинг она томондан бобоси сифатида тан олинади.
Садр аш-Шариъа ал-Асгҳар (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий) ХIV аср, Мовароуннаҳрнинг етакчи ҳанафий олими бўлиб, фиқҳ, усул ал-фиқҳ ва астрономия соҳасида муҳим из қолдирган. Унинг ва аждодларининг қолдирган илмий мероси – ўнга яқин фиқҳий асарлари ҳанафий таълим тизимида асрлар давомида асосий ўрин эгаллаган. Садр аш-шариъа хонадонининг барлос қабиласи етакчиларидан бўлган Амир Тарағай оиласи билан қариндошлиги ва бу никоҳдан Амир Темурнинг туғилганлиги унинг шахсияти ва соҳибқирон барпо қилган империянинг диний-маънавий асосларини тушунишда муҳимдир. Бу алоқа Амир Темурнинг нафақат ҳарбий, балки маданий ва диний меросини ҳам бойитган омил сифатида қаралиши мумкин.
Севинч УЛАШОВА,
Алфраганус университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ