Турғунбой Абдуллаев 1884 йил Марғилон шаҳри яқинидаги “Ингичка” қишлоғида дунёга келган. Отаси Абдуллажон махсум билимдон, ўзига тўқ ҳунарманд косиблардан бўлиб, фарзанди ўғлининг яхши таълим олиши учун барча шароитни яратиб берган. Турғунбой эски мактаб ва мадраса таълими билан чекланмасдан, рус-тузем мактабида рус тилини, замонавий фанларни ҳам ўзлаштиради.
Ёш бўлишига қарамай Турғунбой Абдуллажон махсум ўғли 1912 йил Файзиобод волостига мингбоши вазифасига сайланади. У волостга тегишли қишлоқлар ва қишлоқ фуқароларининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, маҳаллий ҳокимият орқали вилоят уезди билан шартнома тузиб, ички Россиядан металл қувурлар келтиради. Марғилонсойдан келувчи ариқларнинг сувини қувур орқали исрофсиз “Ингичка”, “Сармазор”, “Эшонгузар”, “Файзиобод” қишлоқларига олиб боради. Натижада халқнинг деҳқончилигига барака киради. Асосий кўчаларга тош ётқизиш ва бошқа ободончилик ишларини йўлга қўйиб, эл-юрт олдида янада катта ҳурмат қозонади.
Қаҳрамонимиз 1917 йил Туркистон Мухторияти эълон қилинганида қувончдан оламга сиғмади. Туркистон тараққийпарварларининг муқаддас орзулари ифодаси бўлган Мухторият тадбирларида фаол иштирок этди. Афсуски, арман дашноқлари ва қизил армия томонидан Мухторият ҳукумати янчиб ташланди. Қўқон, умуман бутун Фарғона водийси даҳшатли тарзда қонга ботирилди. Мана шундай бир шароитда Фарғонанинг эр йигитлари истиқлол ва ҳуррият йўлида “Ё ҳаёт, ё мамот” деб муқаддас курашга бел боғладилар.
Туркистоннинг тараққийпарвар уламолари, ватанпарвар бой-боёнлари озодлик йўлида жонини тиккан юрт қаҳрамонларини қўллаб-қувватлашга киришади. Турғунбой Абдуллаев ҳам улар қаторидан ўрин олди. Аввалига Муҳаммад Аминбек, Шермуҳаммадбеклар иштирок этган қурултойларда қатнашиб, уларнинг йигитларини моддий-маънавий қўллашга ҳаракат қилди. Советларнинг тиш-тирноғи билан қуролланган гуруҳлари водийни олов ичида қолдириб, бола, қиз-аёл демай қирғин қилгани ортидан истиқлол курашчилари шаҳарларни ташлаб тоғларга чекинишга мажбур бўлди. Советлар қишлоқларга минглаб хуфяларини йўллаб, уларни қўллаётганларни қўлга олган заҳоти отиб ташлашни бошладилар.
Шундай бир вақтда – 1919 йил Турғунбой Абдуллаев ҳам компартияга аъзо бўлиб, “Файзабод” қишлоқ кенгаши раислигига сайланади. Бироқ махфий тарзда истиқлолчилик ҳаракати аъзоларини қўллаб-қувватлашни давом эттиради.
1920 йил 6 июнь куни Туркфронтнинг Фарғона вилояти махсус бўлими томонидан № 21689-сонли “Турғун Абдуллаев ва бошқалар” жиноят иши очилади. Унга кўра Турғун Абдуллаев ва бошқа бир қатор Фарғонанинг таниқли инсонларига нисбатан кузатув белгиланади. Шундан сўнг турли номдаги хуфялар томонидан уларнинг ҳар бири ҳақида кўплаб хабарлар жамлана бошлади. Жумладан, хабарларда 1920 йил 13 сентябрь куни мулла Турғун 5000 сўм миқдорида “босмачилар”га пул юборгани ва унинг Бакир деган йигити “босмачилар” учун қишлоқлардан нон жамғаргани, мулла Турғун Кенжа исмли йигитни Горчаков (Марғилон)га “босмачилар”га ахборот тўплаш учун юборгани, 22 сентябрь куни Ходжаев деган кимсанинг айтишича, мулла Турғунбой Бакирдан “босмачилар”га 25000 сўм пул юборгани, яна бир қанча йигитлари орқали нон жамғаргани ёзилган.
Ишнинг асосий мазмуни шундан иборатки, Туркфронтнинг махсус вакили Николай Александрович Ушаров томонидан Аркадий Хананянц номли кимса кузатувга олинган. Унинг 1920 йил 4 октябрь санаси билан ёзилган ахборотида “...Аркадий Хананянц Шермуҳаммадбекнинг яқин одами Мамаджон Охунов орқали ундан кафолат хати олган. Шу туфайли бошқалар ташқарига чиқа олмайдиган вақтда ҳам Аркадий казармадан бемалол чиқиб кетади. Бирор муаммо туғулса, ўша хатни кўрсатади ва қутулиб кетади. Бир куни у билан бирга Нурмуҳаммадбек билан учрашиб, ош едик. Суҳбат жараёнида шу нарса аниқ бўлдики, Емиленко, Назарлар “босмачи”лардан доимий тарзда пул олиб турадилар. Хананьянц уларнинг бошида туриб, энг катта пулни ўзи ўзлаштиради. Эвазига уларга қурол ва ўқ-дорилар кейинги юриш режаларини, қизил аскарнинг йўл хариталарини етказиб турадилар. Улар ўзаро жуда яқин алоқада. Армани гуруҳ раҳбарларининг баъзиларига ҳам шахсан Ноиби амири лашкар Шермуҳаммадбек қўрбоши томонидан гувоҳнома тақдим этилган. Хусусан, Клахов Василевичга берилган гувоҳномани қўлга киритдим. 1920 йил 4 сентябрда Мамажон Охуновга ҳам Фарғона фронти томонидан гувоҳнома берилган” дейилган.
Николай Александрович Ушаровнинг 1920 йил 7 октябрдаги Турккомиссиянинг ЧК раиси Петерсга махфий хатида, тўрт киши бўлиб Фарғона (Скобелов)да Шермуҳаммадбек томонидан юборилган қўрбошилар билан келишишга киришгани битилган.
Ишда 1920 йил 10 октябрь санасида мулла Турғун Абдуллаев билан ўтказилган ягона сўроқ баённомаси мавжуд. Унда мулла Турғун ўзининг Файзобод совети раиси эканлиги, 7-8 таноб ери ва ота касби тўқувчилик билан тўрт фарзандини улғайтираётганини айтиб, ўзига қўйилган айбловларни рад этади. Номлари айтилган инсонларни танимаслигини маълум қилади. Бироқ Турғун Абдуллаев ҳақида баённомада унинг ёнидан 2 та ўқ отар қурол (винтовка) ўқлари билан аниқлангани битилган.
1920 йил 19 октябрь куни Туркфронтдан Зинков тайёрлаган қарорга кўра Шермуҳаммадбекни қурол билан таъминлаган гуруҳ устидан № 1579-рақамли иш очилади.
1920 йил 22 октябрь куни эса иш доирасида Туркфронтнинг Фарғона махсус бўлими ҳарбий кенгаши томонидан Турғунбой Абдуллаев (38 ёш), Муҳаммаджон Аминов (28 ёш), Тешабой Устабеков (30), Абдуллажон Ражаббоев (32), Қирғизбой Азимбоев (37), Васил Игнатевич Емиленко (30), Абдуназар Муҳаммад Ярбеков (25), Ҳомиджон Исматбоев (43), Олимжон Лутфуллаев (25), Ғофур Оталиков (27), Ядгоржон Умаров (30), Израил Малексетович Мадундев (24), Абдуқодир Зулфиқоров (21), Сотиболди Халилов (40 ёш)ларни Шермуҳаммадбек фойдасига жосуслик қилганлик, Шермуҳаммадбекка қурол сотганлик, қуролсозлик қилганлик, от сотганлик каби айбловлар билан отувга, Шарипхон Гапаров (32 ёш), Расул Абдуразаков (38), Мирафзал Мираҳмадов (36), Ёқубжон Муҳаммад Қобулов (30), Маҳмудбува Тожибоев (38), Ражаб Рўзибоев (23), Рўзмат Умаралиев (38), Мадумар Абдуллаев (39), Юсуфбой Мадумаров (30), Охунбува Ўрунбоев (48), Комилжон Абдураҳимхўжа (19), Олимжон Алибоев (13), Ғофуржон Ҳошимбоев (51), Иса Гафурбоев (31 ёш)лар билан, ҳатто Камарбону Исадуллаева, Марҳамат Мирҳидоятова, Шарофат Эрмуҳаммедова каби аёллар ҳам Туркистонда тинчлик ўрнатилганига қадар деган муддат билан концлагерга ҳукм қилинади. Илҳом Қўлдошев жуда ёшлиги учун болалар уйига юборилади. Камолиддин Халилов (45 ёш) деган кимса эса ишни ташкил этиш учун ёлланган ходим сифатида зудлик билан ҳибсдан озод этилади.
Юқорида олий жазо қўлланиб номлари қайд этилган айбланувчиларнинг барчасининг мол-мулклари мусадора этилиб, 23 октябрь куни соат 13:00 да Фарғона шаҳридаги махсус объектда отиб ташланди.
Концлагерга ҳукм этилганлар эса 1920 йил 11 декабрь куни поездларга жойлаб абадий совуқ ўлкаларга йўлланади. Ишнинг асосий айбдорларидан бўлган Аркадий Хананьянцнинг ўзи қочиб кетганлиги сабабли иш жараёнида кўринмаган. Фақат 1920 йил 9 ноябрь куни Аркадий Хананянц ҳам қочиб юрган вақтда қўлга олиниши билан сўроқсиз отиб ташланади. Аслида у тергов қилинганида жуда кўп сирлар очилиб кетиши мумкин эди. Афсуски, бу сирларни ўзи билан олиб кетди.
1921 йил 14 ноябрь куни Мирабзал Мираҳмедов Петерснинг буйруғи билан концлагердан қамоққа ўтказилади ва шу сана билан мазкур – № 21689-рақамли иш ниҳояланган. Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз керакки, мулла Турғун Абдуллаев ва унинг барча сафдошлари ҳамон ўзларининг оқланишларини кутиб турибди.
***
Музейимизга келган Турғун мингбоши Абдуллаевнинг чевараси, Тошкент давлат юридик университети 3-босқич талабаси Розиқов Файзуллоҳ Хуршидбек ўғли боболари ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилди: “Кекса инсонларнинг хотираларига кўра катта бобомиз Абдуллажон махсум косиб бўлиб, дин-шариат билимларига ҳам қизиққан эканлар. Марғилон уламолари билан доимий мулоқотда бўлиб, боғларида суҳбатлар ўтказиб турар эканлар. Ўғли мулла Турғун ҳам замона илмларини ўзлаштириб, ўша замонларда Файзиобод, Ингичка, Эшонгузар, Баланд Масжид қишлоқларига мингбоши лавозимига сайланган. У киши қишлоқ аҳли ободлиги учун Марғилонсойдан метал қувурларда сув келтирган экан. Ҳозиргача маҳалламиз Қувурбоши деб номланади.
Мулла Турғунбой Абдуллаев ўғли Муҳаммадсиддиқ билан.
Абдуллажон махсум бобомизнинг суҳбатларида дин аҳллари билан бирга шаҳарнинг саҳий ва диёнатли бойларидан Мирҳожибой ҳам қатнашиб, суҳбатларнинг бирида қизлари борлигини ва маъқул келса мулла Турғунга келин қилиб беришини айтади. Таклиф қабул қилиниб, қизлари Хайринсо билан Турғунбой бобомиз никоҳланади. Мулла Турғун ва Хайринсо бувимиздан тўрт фарзанд Муҳаммадсиддиқ, Муҳаммадумар, Муҳаммадусмон, Ҳалимахонлар дунёга келган. Турғунбой мингбоши бобомиз шаҳид этилгач, катта фарзандлари Муҳаммадсиддиқни бобоси Мирҳожибой тарбиялаб, Марғилон шаҳрида уйлантирганлар. Мирҳожибой бобомиз уйларини ўз ихтиёри билан шаҳар мактаби ва болалар уйларига топшириб совет қатағонидан қутилиб қолган экан. Муҳаммадсиддиқ бобомизнинг 10 нафар фарзанди – 6 ўғил, 4 қизи бўлган. 1940 йилда ота жойи “Сармазор” қишлоғига кўчиб келганлар.
Муҳаммадсиддиқ бобомиз ҳам билимли, зиёли инсон бўлиб, тайёрлов идораларида ҳисобчи, иш юритувчи, уруш йилларида колхоз раиси лавозимларида ҳалол меҳнат қилганлар. Бугун мулла Турғунбой мингбоши авлодлари турли соҳаларда юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар”.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ