Россия фанлар академияси ҳар йили аҳолининг интеллектуал салоҳияти, илм-фанга қизиқиши ва эътиборини аниқлаш мақсадида кенг масштабли сўровнома ўтказади.
Бу йил ҳам истисно бўлмади, аммо натижалар рус илмий ҳамжамиятида жиддий хавотирлар уйғотди. Чунки сўровномада 18-24 ёш орасидаги иштирокчиларнинг 20 фоизи “Ер коинот маркази экани ва қуёш унинг атрофида айланиши”га мутлақо ишонишини айтган, 16 фоизи эса “одамлар ва динозаврлар бир пайтда яшаган”ига шубха қилмаган[1].
Сўровнома муаллифлари — олимлар ҳайрон. Нима бало, эртанги кун эгаларини қуёш уряптими? Улардан қанақадир нисбийлик назарияси эмас, мактабгача таълимнинг сўнгги босқичларида бериладиган энг оддий, примитив билимлар сўралган-ку!
Тадқиқотчилар фикрича, ёшларда ибтидоий ёки илк ўрта асрлар одамига хос тафаккур намоён бўлиши — шунчаки мактабда яхши ўқимаслик натижаси эмас, балки ахборот муҳитидаги “шовқин” ва псевдоилмий контентнинг ғалабаси.
Танқидий таҳлил таназзули
Гап шундаки, кишилар ахборотни мия тузилмаларидаги иккита алоҳида механизм асосида қайта ишлайди.
Биринчиси, миянинг лимбик тизимида жойлашган “Паразитар” (ёки реактив) тафаккур. У кўпроқ — қўрқув, ёқтириш/ёқтирмаслик ёки азалдан шаклланган одатлар асосида тезкор хулосалар чиқариш, ҳақиқатга ўхшаб туюладиган, ҳиссий акс-садо берадиган ва мавжуд қарашларни тасдиқлайдиган маълумотларни қабул қилиш, конспирологияга муккасидан кетиш (дейлик, вакцина одамни яна қайта маймунга айлантиришига ишониш) билан характерланади.
Бундан ташқари, паразитар тафаккурда мантиқ илми кўп ҳам безовта қилинмайди, факт ва далиллар ортидан югуриш ортиқча юкдек кўринади, ҳақиқат — ёрқин образлар, рамзлар ёки авторитетлар билан ўлчанади.
Иккинчиси, бош миянинг префронтал пўстлоғидаги нисбатан янги тузилма — “Неокортикал” тафаккур. У одамлардаги танқидий таҳлил, абстракт фикрлаш ва узоқ муддатли мақсадлар йўлида оний роҳатланишни кечиктириш (масалан, олим бўлиш учун йиллаб ўқиш) учун масъул.
Ҳозир вазият шунақаки, замонавий онлайн-платформалар ўзининг тасма айлантириш маданияти, ҳиссиётга таянадиган алгоритмлари билан кўпроқ паразитар тафаккурни тарбиялаяпти, рағбатлантиряпти. Танқидий, неокортикал фикрлаш модели эса аксинча, секин-аста ишлашдан тўхтаяпти.
Кичик интеллектуал элита ва бошқарилувчи омма
Олимларнинг қайд этишича, дунёнинг илмий манзараси билан кундалик тасаввурлар ўртасидаги жарлик кенгаймоқда. Илм-фан шоу сифатида қизиқ, лекин фикрлаш усули ва билимлар тизими сифатида эмас. Мазмун қолиб, “ярқироқ ўрам” истеъмол қилинмоқда.
Агар вазият ўзгармаса, жамият яқин келажакда неокортикал фикрлайдиган, илмни тушунадиган кичик интеллектуал элита ҳамда қисқа метражли шилта контент томонидан “парваришланган”, конспирологик қарашларга кўр-кўрона эргашадиган ва осон манипуляция қилинадиган бошқарилувчи оммага бўлиниб кетади.
Келинг, бу қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қиламиз: агар жамиятнинг катта қисми танқидий таҳлил қобилиятини йўқотса, демократик сайловлар ўз маъносини йўқотади, нафрат тили, “биз ва улар” тафаккури кучаяди, дезинформация урчийди, умуман жамият бир бутун субъект эмас, балки мўрт, тез парчаланадиган объектга айланади ва ҳоказо.
Нима қилиш керак?
Бу хавфларнинг олдини олишнинг ягона йўли — таълимга бугунги рақамли инфомуҳит хусусиятларидан келиб чиқиб янгича ёндашувларни тезкорлик билан татбиқ этиш. Ҳозирги мега-технологик даврда таълим деганда фақат диплом/шаҳодатнома бериш, ёдлатиш ёки болаларни бир жойда маълум вақт ушлаб туриш эмас, балки уларда мантиқ, танқидий таҳлил, тизимли фикрлаш, гипотезалар билан ишлаш кўникмаларини ҳам шакллантирадиган энг қимматли институт кўз олдимизга келиши керак.
Айни пайтда давлат рақамли муҳитда ёшлар билан бевосита ишлайдиган илмий коммуникация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, олимларнинг ёшлар орасида нуфузини ошириш ва уларни таниқли медиа-шахслар (блогерлар, подкастерлар) билан ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, ёш авлодга илм-фаннинг аҳамиятини тушунтириш устида доимий бош қотириши лозим.
Акс ҳолда, технологиялар, алгоритмлар ёки сунъий онг ривожлангани сайин “рақамли варварлар” ҳам кўпайиб бораверади, жамият сифатида эса орқага, ҳўв оша тошдан найза ясаб, гулхан атрофида ирим-сирим қилиб юрадиган даврга қайтиб қоламиз.
Дилшод НУРИЛЛОҲ,
журналист
[1] https://rg.ru/2025/11/18/opros-kazhdyj-piatyj-rossiianin-schitaet-chto-solnce-vrashchaetsia-vokrug-zemli.html
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ