Чўлпоннинг бир асрдан кейин амалга ошган таклифлари


Сақлаш
17:46 / 05.01.2026 55 0

ХХ асрнинг 20-йиллари Туркистон учун нафақат сиёсий беқарорлик, балки синовлар даври ҳам эди. Янги тузум ва эски қадриятлар тўқнашган бир паллада зиёлилар зиммасига миллатни уйғотиш билан боғлиқ оғир масъулият юкланганди. Ана шундай мураккаб шароитда Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳам кўплаб замондошлари қатори кураш майдонида эди. Унинг турли матбуот нашрларида босилган хабар, мурожаат ва мақолалари бир шоирнинг эмас, бутун бир даврнинг маънавий портретини очиб беради.

 

Нотинчлик, безовталик ва етилиб бораётган хавф, оғир босим ижод аҳлининг нафақат қаламида, балки шахсий ҳаётида ҳам тобора сезила бошлайди. Афсуски, бундай воқеликлар Чўлпон тақдирини ҳам четлаб ўтмади. У “Дархон”да ишлаб юрган пайтида эҳтимолий хавф-хатарлардан сақланиш учун Андижон ҳарбий инқилоб қўмитасига мурожаат қилади. Вақтинча фойдаланиш мақсадида тўппонча сўраб ёзилган ушбу ариза бугун Андижон вилояти давлат архивида сақланмоқда. Ҳужжат 1923 йил 15 июль санаси билан расмийлаштирилган бўлиб, унга ўша даврдаги муваққат раис Ёрмуҳаммад ўғли “бир дона тўфонча топиб берилсин” деган жавоб қайтарган. Академик Н.Каримовнинг маълум қилишича, бу мурожаат қаноатлантирилиб, Чўлпонга қўмондонлик томонидан “Brauning” русумли тўппонча берилган. Бундай ҳодисалар шоир теграсида нечоғлик мураккаб давр чарх ураётганидан далолат эди.

 

Чўлпоннинг турли газеталарда босилган хабар ва мурожаатномалари унинг фожиали тақдири, шунингдек, бизгача етиб келмаган асарлари ҳақида муҳим ишоралар беради. Жумладан, шоирнинг 1923 йил 18 февралда эълон қилинган мурожаатида “Узун қулоқ бобо” хусусида “Туркистон” газетаси таҳририятига йўллаган хатида Чўлпоннинг бизга номаълум бўлиб қолган икки пардалик саҳна асари мавжуд бўлгани, унинг йўқолиб қолиш сабаблари ҳам ойдинлаштирилади. Парча:

 

“...Менинг “Узун қулоқ бобо” номлиқ 2 пардалик кулги асаримни оққа кўчуруб ўзбек труппасига топширмоқ шарти билан мазкур труппанинг энг муқтадир бир артисти олғон эди. Ҳозир шул асарнинг мазкур артист қўлида борлиғи шубҳалик бўлуб қолди. Эшитганимга кўра, бечора асарим Самарқанд санъат ҳаваскорларига “тортуқ” қилиниб, бериб юборилғон эмиш. Шунинг учун газета орқали эшитдирмакчи бўламанким, бутун ҳақ ва ҳуқуқ ўзимда бўлғон ул асар қайда бўлса ҳам босдирилса ёки саҳнага қўюлса, шунга алоқалик кишиларни ҳукмга тортғумдир”.

 

Чўлпон ижодий меросининг бизгача тўлиқ сақланиб қолмагани тасодифий ҳол эмас, албатта. Доимий кўчишлар, ижара манзиллардаги саргардонлик шоир учун нафақат руҳий, балки ижодий йўқотишларнинг ҳам сабабларидан бири эди.

 

Маълумки, у турли даврларда Тошкент, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Москва каби шаҳарларда таълим ва хизмат юмушлари билан бўлиб, гоҳ таниш-билишларнинг уйида, гоҳ ижара хоналарда яшашга мажбур бўлган. Беқарор ҳаёт тарзи туфайли айрим қўлёзмаларининг йўқолиб қолиши табиий жараён эди. Жумладан, “Туркистон” газетасининг 1923 йил 12 апрель сонида эълон қилинган мурожаатда шундай дейилади:

 

Истакли муҳаррир ўртоғим!

(Бошқармага хат)

 

“Яқинда менинг бир дафтарчам йўқолди. Қоғоз муқовалиқ ул дафтарчага сўнг вақтда ёзғон шеърларимни йиғиб, кўчирган эдим. Агар янгилишмасам, у дафтарчада “Ўйнамоқ ва кулмак истар экан”, “Қиш олдида”, “Қушнинг эсдалиги”, “Нома”, “Қора рўмоллиққа”, “Эчки уйнатувчи қизғаномлиқ шеърларим бор эди. Шуни кўрган-билган ўртоқлар бўлса, ўзимга қайтармоқларини сўрайман. Шунинг йўқлиғи иккинчи шеър мажмуамнинг чиқмаслиғиға сабаб бўлуб турадир. Тўла эҳтиром билан, Чўлпон”.

 

Чўлпон ўз даврининг чин зиёлиси сифатида миллат қадрини кўтаришни, халқнинг бой ўтмиши, тарихий хотирасини асрашни ўзининг муҳим вазифаси деб билади. Шу мақсадда ўз фикрларини очиқ хат, билдирув сифатида газета саҳифаларида чоп эттириб боради. Айниқса у Навоий, Улуғбек, Увайсий ҳақидаги чиқишлари орқали миллатнинг кўҳна меросига эътибор қаратади.

 

Шулардан бири Чўлпоннинг Ўзбек билим ҳайъатига йўллаган “500 йил” номли очиқ хати бўлиб, “Туркистон” газетасининг 1924 йил 23 сентябрь сонида эълон қилинган. Хатда шоир яқин бир-бир ярим йил ичида Алишер Навоий вафотига 500 йил тўлишини эслатиб, ўз тарихига эга бўлган халқлар бундай саналарни катта байрам сифатида нишонлашини айтар экан, бу борада муҳим таклифларни билдиради:

 

“...Ватандошларимиз руслар Пушкиннинг ҳар 5 йили учун ҳам катта байрамлар ясайдирлар. Ғарбда эса ундай байрамлар жуда катта тантаналар билан ўтказиладир. Бу тўғрида гапни чўзиб ўлтириш ҳожат эмас. Кўз билан кўрганимиз ҳам етиб ортарлиқдир.

 

Шунинг учун мен айтмоқ истайманким, Навоийнинг 500 йиллигини биз ҳам тегишлик даражада тантана билан ўтказишга шу топдан ҳозирлана бошлайлиқ”.

 

(Эслатма: Тадқиқотчи олимларимиз шу ўринда матбаа хатосими ёки Чўлпон адашганини айтади. 1926 йилда, яъни Чўлпон айтмоқчи, яқин бир-бир ярим йил ичида Навоий вафотига 425 йил тўлар эди. Аммо муаллиф “Навоийнинг 500 йиллиги” тантаналари ҳақида гапиради. Чамаси, Чўлпон шоир вафотининг 425 йиллигини ва кейинроқ таваллудининг 500 йиллигини нишонлашни назарда тутган.)

 

Эътиборлиси, муаллиф мақолада Навоий сиймосини абадийлаштириш билан боғлиқ муҳим таклифларни ўзбек билим ҳайъатининг эътиборига ҳавола этади:

 

“1. Ҳозирдан бошлаб яралиқ кишиларимиздан бир ҳайъат ташкил қилиб, 500 йиллик байрамни мумкин қадар тантана билан ўтказиш йўлини топмоқға ўшал ҳайъат вакил қилинсун.

2. Ҳайъат Навоийнинг босилмағон асарларини топиб, босдиришға лозим кўрулгонларини байрамгача босдириш чорасини кўрсун.

3. Навоийнинг мукаммал таржимаи ҳоли ёздирилсун.

4. Навоийнинг шеваларидан терма бир асар тузулуб, нафис қилиниб босдирилсун.

5. Навоий номиға юқори ўқуш юртларининг адабиёт-тил факультетларида ўзбек талабалари учун стипендиялар очилсун.

6. Ўзбекистоннинг пойтахтида Навоийға ҳайкал тикилсун.

7. Баъзи бир ўзбек шаҳарларининг кўча исмлари Навоий отиға қўюлсун.

 

Шоирнинг 102 йил олдин берган таклифи, буни қарангки, бугун тўла-тўкис амалга ошди.

 

Шунингдек, шоир “Мирзо Улуғбек” мақоласида дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган бобомизнинг номи ва илмий ютуқлари эътиборсиз қолаётганидан ташвишга тушади. Қуйидаги мақоладан парчада буюк ота-боболаримизнинг шон-шуҳратини тиклаш ва улуғ меросини асраб-авайлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар аниқ кўринишда намоён бўлади.

 

“...Туркистон халқи, айниқса биз тубжой халқ, ўзимизнинг шу олим кишимизни сира эсга олмаймиз. Унинг исмига биргина, кичкина бўлса ҳам хотира нишона йўқ. Шаҳарларда очилғон мактаблар билангина у улуғ олимни тақдир қилдиқ, деб айта олмаймиз. Сира, сира айта олмаймиз. Тошканд расадхонаси ҳозир бир ишга қадам қўйди. Гирмониядағи “Nasiys” корхонасига буюриб, катта бир телескўп (расадхона дурбини) ясатдирмоқчи ва у дурбинни Тошканд расадхонасига ўрнатуб, унга “Мирзо Улуғбек дурбини” деб ном қўймоқчи.

 

Бу дурбин бир Туркистондагуна эмас, балки бутун дунёда бирдан бир катта дурбин бўладур. Нимагаким, бундоқ зўрлиқда ва бу ўткурликдаги дурбин фақат Амриқодагина бордур. Корхоначи билан сўзлашилган. Дурбин олтун ҳисоби билан 96000 сўмга тушадур. Бу пулдан 40000 сўми пишаки берилса, дурбин 2–2,5 йилда тайёр бўлиб келадур. Ташаббус бошланғон. Иш, фақат шу пулни йиғишда қолғон”.

 

Кўринадики, бу шунчаки саъй-ҳаракатлар эмас, миллат тақдирига жидду жаҳд билан киришишдир.

 

Шунингдек, Чўлпон 1925 йилда “Маориф ва ўқитувчи” журнали 7–8-қўшма сонида “Улуғ ҳиндий” номли мақоласини эълон қилади. Унда ҳинднинг буюк шоири Рабиндранат Тагор улуғлигини Ҳимолой тоғларига қиёс қилиб, шу орқали ўз замонамиз аҳволига ҳам куюнчаклик билан назар солади. Парча:

 

“...Бизнинг ўзбеклар учун ҳали ҳозирға у хил чучмаллик йўқ. Нимага десангиз, ўзбеклар эскидан – ҳеч сабабсиз – аразлағон, хафа; янгига – эндигина суқулиб кирмоқда. У адабиёт майдонида янгиликка нисбатан: ёш бола, гўдак, чақалоқ, эскиликка нисбатан: етим, кимсасиз; беспризорный ўзбошли! Журъат қилиб: “йўлсиз” деб юборайин деймен-у, қўрқамен; негаким бошлаб… ўзим йўлсиз!”

 

Шу ўринда шоир ўзининг ҳам йўлсиз эканига урғу берар экан, айрим бирхилликлар уни зериктирганини, замон билан ҳамнафаслик, янгича ёндашувларга ташналик, ўз замондошларидан умидворлиги ҳақида ҳам тўхталади:

 

“...Ўзимнинг йўлсизлиғимдан бир оз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил!

 

Кўнгил бошқа нарса, янгилик қидирадир: Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқинбойларни ўқиймен, қувонтирадир холос! Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса ҳам менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий, Ҳакимзодаларни ўқумаймен, ўқумаймен, мени шу ҳолға солғон ўшалар!..

 

Нечун очилди кўзим. Қайда кетди уйқуларим?..”

 

Шоирнинг навбатдаги Увайсий” номли мақоласи Ёрқин турмуш” журналининг 1936 йил 4–5-қўшма сонида эълон қилиниб, унда чистонлари билан машҳур шоиранинг аянчли ҳолини-да ҳикоя қилади. Бу маълумотлар шоира таржимаи ҳоли ҳақидаги аччиқ ҳақиқатларни бизга эслатади. Парча:

 

“...Увайсий Марғилонлик бўлган. Умархон ўрдасида хоннинг ўзи бошлиқ бир неча шоир бўлганини (Фазлий, Адо, Ҳозиқ, Гулханий ва бошқалар), уларнинг тез-тез тўпланиб мушовара қилишғанларини эшитгандан кейин, ўша шоирлар мажлисига кирмак ҳавасига тушади. Бунинг учун Қўқонга бормоқчи бўлиб отасидан ижозат сўраганида отаси унинг талабини қайтармаса-да, қизнинг саройдаги шоирлар мажлисига киришига ёрдам кўрсатар деган умид билан Қўқондаги обрўли одамлардан бир дўстининг ҳовлисига юборади. У одам, қизнинг шоира бўлса ҳам ҳали ёш эканини кўриб, иккиланади:

 

– Бу ҳолингизда бориб киролмассиз. Биронта қари хотин қиёфасида бориб кўрсангиз, – деди.

 

Жаҳонойи қари кампир кийимларини кийиб, эски паранжи ёпиниб ўрдага боради. Уни киритмайдилар. Сўнгра у “Забонингни” дея бошланган ғазалидан мана бу икки йўлни ёзиб шоирлар мажлисига киритади:

 

Мени “Латакҳули” деб маҳрум этма боғбон аҳли,

Азал дегони бағрим қонини тўккан бу гулзора.

 

Шундан сўнг уни шоирлар мажлисига киритадилар, Фақат у ерда унинг қари кампир эмас, ёш бир жувон экани билингандан кейин, бирор фитна чиқмасин деб бўлса керак, уни дарҳол сарой ичкарилигига киритиб юборадилар. Шу бўйича Жаҳонойи Умархон саройида қолиб кетади ва сўнгроқ “Жаҳон отин” деб шуҳрат чиқаради”.

 

Чўлпон машҳур “Анор” чистонининг яратилиш тарихига ҳам алоҳида тўхталиб, унинг пайдо бўлишига туртки бўлган ҳаётий воқеа, ижтимоий муҳит билан боғлиқ даврни ҳам айтиб ўтади:

 

“...Жаҳон отинга бир кун, дастурхон устида анорни кўрсатиб, шу тўғрида бир нарса демакни илтимос қилғанлар. Жаҳон отин ўша минутнинг ўзида анор тўғрисида тўрт йўллик бир шеър ёзган. Бадеҳагўлик йўли билан ёзилган бу тўрт йўллик байт анорни қандай гўзал ва санъаткорона тасвир қилади:

 

Бу на гумбаздир, эшиги туйнугидан йўқ нишон,

Неча гулгунпўш қизлар манзил айлабдир макон,

Синдириб гумбазни қизлар ҳолидан олсам хабар:

Юзларига парда тортиғлиқ, турурлар бағри қон.

 

“Юзларига парда тортилган “қизларнинг” бағрлари қон” бўлганини айтган, сарой чўриқизларининг оҳи-зорини тасвирлаб беради”.

 

Чўлпон, шунингдек, 1914 йил 13 декабрда “Садои Фарғона” газетасининг 94-сонида чоп этилган “Тил билмаганлик хосияти” номли мақоласида Петрограддаги Обуховский касалхонасида ярадор бўлган бир туркман ҳақида ёзар экан, унинг ўлими сабабини ўз тилидан бошқа тилни билмаслигида кўради. Бу орқали шоир тил билмаслик баъзан ҳаёт-мамот масаласига айланиб қолишини уқтиради:

 

“...Касалхонада ётганда ҳоли оғирлашгандан кейин ҳаракат қилиб, имо-ишора илан бир нарса англатмоқчи бўлган, туркманча ҳам сўзлаб қараган, лекин касалхонада туркманча биладурган ҳеч бир киши йўқлиги учун анинг мақсудини била олмаганлар.

 

Касалхона идораси Вечерня времягазетаси орқали халққа мурожаат этуб, туркманча биладурған топилиб келгунча бечора туркманни умри вафо қилмай оламдан ўтган. Тил билмаслик “хосият”идан бечора ўзининг дунёдаги васиятларини англатолмай, ожизлик ҳолда дунёдан риҳлат қилган”.

 

Шоирнинг яна бир аччиқ мавзуси халқ орасида эски китоблар савдосининг йўқлиги масаласидир. Шу йўлда А.Қодирий, Чўлпон, Элбек, Н.Алимуҳаммедов, С.Сиддиқлар биргаликда “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1935 йил 27 май сонида “Эски китоблар савдосини қўлга олайлик” мақоласини чоп этади. Парча:

 

“...Жумҳуриятимизнинг турли бурчакларида, ҳар кимларнинг қўлида бекиниб, ортиқча матах бўлиб ётган қимматли асарлар жуда кўп. Булар эгасини тополмай чанг-тупроқ орасида кўмилиб ётади. Ҳолбуки, кундан кунга сони ўсиб турган илмий ходимларимиз учун улар жуда керак. Ундан ташқари, савияси ўсиб, маданий даражаси кўтарилиб турган омма ҳам янги ва эски китобларга талабгор”.

 

Мақолада Туркистондаги аянчли ҳол Иттифоқнинг бошқа қисмлари билан таққосланади:

 

“...Чунончи, Москвада нуқул эски китоблар олиб сотилатурган ўнларча давлат магазинлари бор. Бизда ҳам эски китоблар бойлигининг зўр эканига қарамай, бутун Ўзбекистонда лоақал бир киоска ҳам йўқ. Шунинг учун бу иш аллақандай саводсиз одамлар, тўғриси чайқовчилар қўлида қолиб келмоқда”.

 

Аслида Чўлпон ўзининг илғор сафдошлари, дўстлари қатори жамиятни юксалтирувчи турли йўналишларнинг очилишига хайрихоҳ эди. Шоирнинг “Кўмак” ишлари” мақоласи “Фарғона” газетасининг 1924 йил 31 январь сонида чоп этилиб, унда бугунимизда ҳам муҳим саналган масала, “Ҳозирлиқ қурслари” (Тайёрлов курслари) ва “Хотун-қизлар учун савод қурслари” очилишига рағбат билдирилади. Мақолаларда “Кўмак”нинг ҳаракати билан яқинда 30 кишилик “ҳозирлиқ курслари” очилгани, “ўрта ва олий мактабларнинг келгуси таҳсиллари учун талабалар ҳозирланмоқчи экани, бу масала ижроқўмда тасдиқлангани айтилади.

 

Чўлпон томонидан матбуотда бундай хабар ва мақолалар тез-тез босилиб турган. Уларнинг қамрови кенг ва ўта муҳим. “Тилимизнинг ишланиши”, “Ёзувчиларимиз Чирчиқ қурилишида”, “Катта мактаб эгаси”, “Иш вақти – ишлаш вақти”, “Андижонда янги бонк”, “Қайси жинни”, “Мадрасаларимиз аҳволи”, “Руҳимиз ўлмасун”, “Муттаҳид фронтимизнинг биринчи вазифалари”, “Миллат масаласи”, “Маҳкамаларни тубжойлаштириш”, “Вақф ишлари”, “Тирноқ орасидан кир изланмасун”, “Шаҳарни ёритиш ишлари” ва шу каби юзлаб масалалардаги чиқишлари унинг миллат ғам-ташвиши, дарди билан қанчалик боғланганидан далолат беради.

 

Бобур Элмуродов,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

10:01 / 06.01.2026 0 30
Паразитар тафаккур





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 28778
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//