Шаҳноза Раҳмон: Таълим жамият тараққиётининг пойдевори экани маълум. Кейинги йилларда мамлакатимиз олий таълимида кўплаб ютуқларга эришилди, аммо ҳали шундай муаммолар борки, улар таълим сифатини янада яхшилаш, такомиллаштиришни талаб этади. Мазкур соҳа ҳам, муаммолар ҳам бундан юз, ҳатто эллик йил олдингисидан кескин фарқ қилади: бугун дунё ҳамжамияти инсоннинг яшаш жойи, эътиқоди, таҳсил тури ва даражасидан қатъи назар, таълимнинг умумжаҳон стратегиясини шакллантиришни кўзлаган. Боз устига, ҳамма соҳада ақлли роботлару сунъий интеллектни бошқара оладиган кадрларга эҳтиёж ортяпти... Истиқболда мамлакатимиз олий таълим тизимини мутараққий давлатлар даражасига кўтармоқ учун ҳозирдан нималарга аҳамият бериш керак?
Машҳура Шералиева: Саволингизга талабалар билан ишлаш тажрибасига таяниб жавоб берсам. Таълимнинг натижаси кўп жиҳатдан профессор-ўқитувчи ва талаба ўртасидаги муносабат қандай ташкил этилишига боғлиқ. Ўқитувчи таълим натижасига – сифатли кадр тайёрлашга масъул, бунинг учун эса замонавий шарт-шароит лозим. Олий таълимда мураббийлик вазифасининг тюторларга ўтказилиши бу йўлда дадил қадам бўлди. Профессор-ўқитувчи энди ўзини назоратчи эмас, чинакам билим берувчи устоз мақомида ҳис эта бошлади. Бироқ таълимда жаҳон стандартлари даражасига етмоқ учун бу камлик қилади, албатта.
Дунё бўйича юқори 300 талик рейтингга кирган Корея илғор технологиялар институтида (KAIST) талаба ҳафтада битта ўқув адабиётини ўзлаштириб топшириши керак экан. Профессор-ўқитувчи ҳамма талабанинг билимини бирма-бир текширишга улгурмаслиги табиий. Шу боис ўқитувчига юқори курс талабаларидан ёрдамчилар тайинланар, уларга маош ҳам берилар экан. Бизда эса ҳозир тежаш принципи устувор: гуруҳларда талаба сонини ошириш, ўқув юкламаси ҳажмини орттириш, аудитория машғулотлари ўрнига пул тўланмайдиган мустақил соатларни кўпайтириш... Шахсий тажриба ва ҳамкасблар фаолиятини кузатишдан чиқарган хулосамга кўра айтсам, ўқитувчи семестр давомида талабаларнинг бир ёки икки ўқув адабиёти бўйича билим-кўникмасини текширишга улгуради, холос. Рўйхатда эса кам деганда ўнта адабиёт кўрсатилади (жаҳон андазалари даражасига чиқмоқ учун хорижий адабиётлардан фойдаланиш шарт қилиб қўйилган). Ҳа, шунчаки кўрсатилади, чунки уларни ўзлаштириш муҳим эмасдек. Хорижий адабиётларни ўрганиш, мустақил таълимни жорий этиш, вазифалар ижроси юзасидан комиссия тузиш, дарс соатлари юкламасини ошириш каби чоралар билан мутараққий давлатлар даражасига кўтарилиб қолмаймиз. Бизда ҳам, дейлик, Корея илғор технологиялар институтидаги каби киройи шароит яратиш лозим.
Фанларга ажратилган соатлар кескин қисқаргани сабабли битта ўқитувчи беш-олти фандан машғулот олиб боряпти. Бу эса таълим сифатига салбий таъсир этади, ихтисослашувга йўл бермайди. Кунига ўртача тўрт соат дарс ҳам ўқитувчининг бор қувватини олиб қўяди – на илмий изланишда, на иқтидорли талабалар билан ишлашда самара бўлади.
Университетимизнинг “Илмий хабарнома” журналида масъул котибман. Яқинда таҳририятимизга тилшуносликка оид бирданига ўн битта мақола келса денг. Ҳаммаси рисоладагидек, лекин... ўзбек мардум ёзганга ўхшамайди. Маълум бўлишича, мақолаларнинг барчаси сунъий интеллект маҳсули экан. Кечагина магистратурани битириб, бугун университетда дарс бераётган ўша “мутахассис”лар илмий ишни ҳам шу йўл билан тайёрлашига шубҳа қилмайман. Бу ҳол эртага олий таълим кимнинг қўлига ўтар экан деган хавотирли ўйларни уйғотади.
Ш.Р: Энди адабиётга келсак... Замонлар ўтса-да, қимматини йўқотмайдиган мумтоз романлар мутолааси инсоннинг руҳий олами ва мураккаб табиатини англашга ёрдам беради. Китобхон бой тил, бетакрор образлар, пишиқ-пухта сюжет воситасида турли даврлардаги ижтимоий-сиёсий, маданий воқеликни идрок этади. Бироқ бугунги романнавис тасвирдан кўра тадқиққа берилиб кетгандек. Гоҳида эса жамиятдаги адолатсизликни фош этиш истаги устунлик касб этади. Қаҳрамонни жабрдийда ўлароқ кўрсатиш мақсадида ясалган қўлбола саҳналар, зўрма-зўракилик ҳафсалангизни пир қилади. Ғоя “ҳиди”ю публицистика “ранг”ларининг барқ уриб туриши, ҳаётийлик даъвосида фактларнинг қалаштирилиши каби қусурлар китобхонни асл санъат намунаси бўлган романлардан узоқлаштиради. Ёдингизда бўлса, белорус ёзувчиси Светлана Алексиевичнинг “Урушнинг аёлга ёт қиёфаси” деган асарига нуфузли Нобель мукофоти берилганида (2015) “бадииятдан йироқ, романга хос хусусиятлари йўқ”лиги боис кескин танқидга учраган эди. Романнависликнинг бу хил “ривож”и ҳақида қандай фикрдасиз?
М.Ш: Мумтоз романлар ёзилган даврларда юзлаб бўлмағурлари ҳам дунё юзини кўргани бор гап. Масалан, улуғ адиб Оноре де Бальзак йилига ўнлаб романни қаторлаштириб ташлаганки, охир-оқибат мунаққид Жюль Ренарнинг “Ёмон ёзишга, эҳтимол, биргина Бальзак ҳақлидир” деган киноясига нишон бўлган. Достоевский қиморда орттирган қарзларини тўлаш учун ёзган асарларнинг барчаси ҳам мумтоз мақомда эмас, албатта. Сираси, биз севиб ўқийдиган романлар давр синовидан ўтиб, сараланиб етиб келган. Шу кунда яратилаётганлари ҳам вақт ғалвирида эланади, асл санъатга дахлдор бўлмаганлари ўз-ўзидан унутилади. Ҳозирги романларнинг ўн, йигирма ва ҳатто элликтадан биттаси қолса ҳам, шунинг ўзи адабиётимизни бойитиш учун етарлидир.
“Тасвирдан кўра тадқиққа берилиб кетиш” ҳақидаги фикрингизга қўшилолмайман. Романдагина эмас, умуман, бадиий асарда тадқиқни тасвирдан ажратиб бўлмайди. Чинакам санъаткор тасвир орқали ҳаётни бадиий тадқиқ этади. Ғоянинг жўн ифодаси, публицистик руҳ етакчилиги, зўрма-зўракилик – воизлик устун келаётганидан. Бу ҳол воқеликни бадиий идрок этмоқ учун жиддий тўсиқ мавжудлигини ҳам кўрсатади. Менимча, бунинг икки асосий сабаби бор. Биринчиси – ахборот оқими, кўлами одамларни теран ўйлаш, мушоҳада этиш имконидан маҳрум қилаётир. Шиддаткор замон ахборотни танлаб, саралаб олишга изн бермайди. “YouTube”да қаторасига видео кўрган, “Facebook”даги турфа хил постларга кўз югуртириб чиққан, “Telegram”даги баҳс-мунозараларда қатнашган кишининг мияси бир-бирига мутлақо алоқасиз маълумотлар билан тўлади, бу маълумотларнинг катта қисми онгостига чўкади. Одам бошқа юмушларни қилаётганида ёки ҳатто ухлаётганида ҳам онгости ўша ахборотни қайта ишлашда давом этади. Нейрофан ва психолингвистика соҳасида тадқиқотлар олиб борган Татьяна Черниговская айтадики, мияга кирган маълумот унда муқим ўрнашади. Шу боис уни кераксиз ахборот – “чиқинди” билан тўлдирмаслик керак. Энди ижодкор одамнинг ҳолатини тасаввур қилинг...
Ижод жараёнида онгости муҳим вазифани бажаради; у табиатига кўра рамз, метафора, образлар дунёсидир. Миясини кераксиз ахборот эгаллаган одам эса ижодий салоҳиятини тўлиқ сафарбар этолмайди. Марҳум адиб Аҳмад Аъзам бир асарини ишдан бўшаб олиб, хотиржам ўтириб ёзганини айтган эди. Ижодкор учун зарур вақтда узлатнишинлик қанчалар аҳамиятли! Дейлик, 1980-йилларга қиёсласак, бугунги ижодкор учун узлатнишинлик, ахборотдан парҳез қилиш янада муҳим экани аёнлашади.
Иккинчи сабаб: бугун хорижий сериал, фильмларни кўриш кенг оммалашди. Уларнинг аксарида “забунликдан юксакка”, “адашган ўғилнинг қайтиши” каби сюжет схемалари такрорланади. Романларда “адолатсизликни фош этиш истаги устунлик қилиши”, “қаҳрамонни жабрдийда ўлароқ кўрсатиш мақсадида ясалган қўлбола саҳналар” – сюжет схемаларининг восита эканини унутиб, уларни мақсадга айлантириб олиш натижасидир.
Одамнинг ўрнини сунъий идрок биратўла эгаллаб олади деган хавотир бор. Эндиликда сунъий идрокнинг одамга ўхшаб асар ёзиши мумкинлиги эмас, балки одамнинг СИ сингари схематик асар битаётгани, унда ижодий тафаккурнинг емирилиб-парчаланиб-йўқолиб бораётгани хатарлироқдир.
Замонавий ўзбек романчилигига сўнгги чорак асрда ёзилган “Динозавр”, “Бозор”, “Мувозанат”, “Шовқин”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар”, “Жазирамадаги одамлар”, “Боқий дарбадар” каби асарлар мисолида баҳо бериш қулайроқ менга. Ушбу романларда матн – муаллиф ёки қаҳрамоннинг кўнгил изҳори, ғоянинг яланғоч ифодаси даражасида қолиб кетмаган, билъакс, яхлит бадиий концепция ҳаётни англаш, ижтимоий муаммолар ҳақида холис, ҳаққоний мушоҳада юритиш имконини беради.
Илгари газета-журнал таҳририятлари, нашриётларда нашъу намо топган адабий муҳит энди йўқ ҳисоби: 90-йилларнинг адабиётга ўгай шароитида аста-секин барҳам топди. Қирқ ёшни қоралаганларнинг роман битмоққа журъат этмаётгани, ўттиз ёшлиларнинг ёзгани жанрнинг “катта ҳажмли воқеабанд асар” деган ибтидоий талабидан нари ўтмаётгани сабаби қалам аҳлини носир сифатида шакллантирадиган адабий муҳит бўлмаганидадир?! Устоз–шогирдлик муносабатларида ҳам мунтазамлик, изчиллик йўқ... Назаримда, ўзбек адабиёти бадиий тафаккур ривожида эришган даражани сақлаб қолиш, уни кейинги босқичга кўтариш кўпроқ якка ижодкорларнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ.
Светлана Алексиевичнинг романига келсак... Иккимизга ҳам яхши маълумки, у асар бадиияти учун эмас, “Нобель берувчилар”нинг сиёсий манфаатларига мувофиқлиги сабаб мукофотга ноил этилган. Кейинги йилларда сиёсий мезонга устуворлик бериш одатга айлангандек. Адабиёт ўз қонуниятлари асосида ривожланаверади. Нобель мукофотининг эса сўз санъати тараққийсига на ижобий, на салбий таъсири бўлган.
Ш.Р: Анъанага кўра, адабиётда аёл бахти оилавий қадриятлар призмаси орқали талқин қилинади: севиш, жуфтига садоқат, оила аҳлига хизмат қилиш, фарзанд тарбияси, масъулият, жавобгарлик, фидойилик... ва ҳатто қурбонлик. Бундай “қисмат”га ҳатто темиртан Аломат ҳам дош беролмади! Дарвоқе, Шароф Бошбеков “Темир хотин” асарида илк маротаба ўзбек аёли учун оилавий бахт ўзни унутиб яшаш эканини кўрсатди, “Бу бахтми ё бахтсизлик?” қабилидаги мушоҳадаларга туртки берди. Алигьери Данте “Илоҳий комедия”да идеаллаштирган Беатриче ўз ўрнини юқори ижтимоий мақомга эришиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган шуҳратпараст Скарлетт О’Ҳараю Бекки Шарпга ўхшаш образларга бўшатиб берганига анча замон бўлди. Бугун миллий адабиётимизда ҳам шу типдаги қаҳрамонларни яратишга уриниш мавжуд. Масалан, ёзувчи Зулфия Қуролбой қизи “Ойимтилла” романи орқали ўзбек адабиётига биз кўниккан, ҳатто ошкор ё пинҳон хоҳлаган аёл тимсоли – қўллари қадоқ Қумрига мутлақо тескари бир қиёфани олиб кирди. Бироқ ушбу роман ҳам “дунё темирдай мустаҳкам ва кучли одамларники” эканига ишонадиган, ҳамиша баланд дорга осилишни кўзлайдиган нилуфарларнинг ҳаёт тарзи аёл учун бахтми ё бахтсизлик деган саволга жавоб бермайди...
М.Ш: Шарқ бўладими ёки Ғарб – бундан қатъи назар, жамиятни эркаклар бошқаради. Жамият тақдири эркаклар бирдамлиги нимага (яхшиликками ёки ёмонликка) хизмат қилишига боғлиқ. Давлат ва жамият бошқаруви коллектив онгда эркак киши образи (“ота” архетипи) орқали ифодаланади. Шу боис инсоният тарихининг аёлларга дохил қисми эркаклар фикрига таъсир этишга уринишлардан иборат десак адашмаймиз.
Ижтимоий иерархия – моҳиятан эркаклар жамоалари иерархиясидир. Ҳар бир соҳа, ҳар бир жабҳада ички поғонага эга эркаклар жамоалари – норасмий гуруҳлар шаклланади. Ўғил болалар ўсмирлик давридаёқ ўша гуруҳларга кириб боради. Жамоа аъзоларининг қобилиятию имкониятига қараб уларнинг вазифаси ва иерархиядаги ўрни белгиланади. Ҳар бир эркак ўзининг яшаб қолиши тизимнинг бехато ишлашига боғлиқ эканини яхши англайди. Вақт ўтиши билан ўрин алмашув содир бўлиши табиий, чунки кучлар нисбати ўзгариб туради. Ўсмирликда яккаш жисмоний куч-қувват асосий мезон бўлса, кейинроқ унинг ўрнини бошқа омиллар эгаллайди. Австриялик файласуф Герхард Шварц эркакларнинг бу хил норасмий гуруҳлари илдизини қадимда жамоавий ов қилиш, бирлашиб душманга қарши курашиш натижасида шаклланган кўникмаларга боғлайди. Унингча, “Аёл киши якка ҳолда кучли, эркаклар эса биргаликда қудрат касб этади”. Эътибор берсангиз, ўзаро яхши таниш аёллардан кўра нотаниш эркаклар бир-бирини тезроқ, осонроқ тушунади. Эркакларда минг йиллар давомида шаклланиб, ўзгармай келаётган кўникмалар аллақачон улардаги жамоавий онгсизлик архетипларига айланиб улгурган-да.
“Темир хотин”даги Қумрининг ҳаёти нега тўкис эмас? Уйим-жойим, болам-чақам дейдиган аёл бўлгани учунми? Йўқ, ундай эмас. Манфаатлари мудом ҳисобга олинмайдиган, ижтимоий иерархиянинг энг қуйи поғонасидаги эркакнинг хотини бўлгани учун! Аёллар муаммоси кўтарилгани, “Темир хотин” деб номланганига қарамай, асар бош қаҳрамони – Қўчқордир.
“Ойимтилла”даги Нилуфар ҳам дастлаб Қумри каби қўли косов, сочи супурги бўлиб, эри, қайнонаси ва бошқаларнинг хизматини бекаму кўст бажаради. Иккинчи эрининг болаларини ўз фарзандидек кўриб, меҳр беришга интилади. Муаллиф “у пайтларда ўзи ҳам, туйғулари ҳам тозароқ эди” деб ёзадики, қаҳрамоннинг “дунё темирдай мустаҳкам ва кучли одамларники” эканига ишонч ҳосил қилиши, янада баландроқ мартабаларга интилиши, бу йўлда одамийлиги, иффат-номусини ҳам қурбон қилишдан қайтмасликка ўрганиши кейинроқ, аста-секин содир бўлади.
Нилуфар образи орқали ижтимоий иерархиянинг юқори поғонасидаги эркакдан фойдаланиб баланд мақом-мартабага эришган аёлларнинг фақат битта типи кўрсатилган. Ҳаётда бундай аёлларнинг камида уч хилини учратамиз: 1) Нилуфар типи; 2) ушбу романдаги каби “катта лавозимда ишлайдиган адаси ва эри”нинг (акаси, тоғаси, амакиси...) соясида мартабага эришган Рисолат типи; 3) пора ёки бошқа хизматлари бадалига мансабдор эркакдан ҳомий ясаб олган, яъни юқори лавозимни сотиб олган аёллар. Учала тоифа вакиллари ҳам юқори мансабга ўз қобилиятини намоён этиш, умум манфаатига хизмат қилиш учун эмас, балки шахсий манфаат (уй-жой, беташвиш ҳаёт, шон-шуҳрат...) дея интилади. Улар ўзига ҳомийлик қилган кишинигина эркак ўлароқ ҳурмат қилади. “Ойимтилла” асари қаҳрамонининг айнан вазир ўринбосарига тобеликни тан олиши сабаби ҳам эркакнинг шахсияти эмас, юқори лавозими, холос. Шўрлик муовин эртага ишдан кетса, Нилуфар ҳеч иккиланмай ундан воз кечади. Бу бир қарашда жамиятнинг ҳозирги равиш-рафтори, тараққиёт таъсирида аёл кишида юз берган эмансипациядек кўринади. Аслида эса бу – регрессия. Регрессия бўлганида ҳам, беш юз ёки минг йил эмас, миллион йил ортга, яъни аёл киши ўзини энг кучли эркак – қабила бошлиғининг мулки сифатида табиий қабул қилган ибтидоий даврга қайтиш демакдир.
Рўзғорига ҳаром пул аралашишини хоҳламайдиган хотинидан кўра манфаатпараст Нилуфар ўзига маънан яқин эканини юксак мартабали “ҳомий” Акобир Сайдалиевичнинг ўзи ҳам билади. Кишининг ваколати қанча кўпайса, масъулияти ҳам шунга яраша ортади. Буни англамаслик ёки тан олмаслик билан зиммадаги масъулият соқит бўлмайди. Сайдалиевич оиласи фаровонлиги, яқинларининг келажагини таъмин этмоқ учун лавозимидан кўп ва хўб фойдаланади. Нилуфарни ҳам нуфузли лавозимга кўтариб, ноқонуний қилмишларини хаспўшлашга кўмаклашади. Роман воқеалари давомида маълум бўладики, Сайдалиевич бир оила бошлиғи қадар камолга етган, лекин катта бир соҳани бошқариш даражасида улғаймаган экан.
Нилуфар кабиларга бахтиёр сифатини қўллаб бўлмаслиги аниқ. Мақсадга етмоқ йўлида кўнгли суймаган эркак билан муносабатга киришиш аёл руҳининг вужуд билан алоқаси узилганидан дарак беради. Нилуфар эса туйғуларини совуққонлик ила идора этмоққа ўрганган. Ҳаёт тарзи бахтсизлик эканини ҳис қилмаслик, англамаслик ўнғайроқ ҳам унга.
Қумри ва Нилуфар қарама-қарши қутбдаги аёллар бўлса-да, ҳар иккиси ҳам эркак кишида “тўғри яшаяпманми?” деган иштибоҳ туғдирмайди, уни эркакча қадриятлардан (адолат, қатъият, масъулият, жавобгарлик) узоқлашиб кетаётгани ҳақида ўйлашга ундамайди. Шу иккиси оралиғидаги аёл эса ҳам шахсий, ҳам ижтимоий муносабатларда улардан фарқли муаммоларга дуч келади: кўр-кўрона итоаткор бўлмагани ёхуд шахсияти, номусини мансаб, сохта обрў ва моддий неъматлар йўлида қурбон қилмагани боис у эркагу аёллар томонидан бирдек инкор этилиши мумкин.
Модомики, аёллар образининг тадрижи ҳақида сўз очилган экан, адабиётимиздаги ғалати бир тенденцияга диққатингизни тортмоқчиман. Ҳеч эътибор қилганмисиз, янги ўзбек насридаги аксар асарларда қаҳрамон ҳаётида икки хил аёл мавжуд (“Кеча ва кундуз” – Чўлпон, “Эрк” – П.Қодиров, “Шовқин”, “Паризод” – Э.Аъзам, “Мувозанат”, “Исён ва итоат” – У.Ҳамдам, “Парим бўлса...” – А.Йўлдошев). Ҳатто энг диёнатли қаҳрамонимиз Нормурод Шомуродов (“Диёнат” – О.Ёқубов) ҳам истисно эмас. Бу ерда гап “Ўткан кунлар” ёки “Сароб”даги каби қаҳрамон севган ва севмаган аёл ҳақида эмас, аксинча, у учун бирдек қадрли бўлган, бирини танлаб, иккинчисидан воз кечиб бўлмайдиган аёллар ҳақида.
Аёл киши эркак билан муносабатда (шахсий ёки ижтимоий эканидан қатъи назар) ҳамиша ўзга сифатида унинг руҳиятидаги англанмаган, қоронғи томонга ишора қилиб туради. Кўп ҳолларда аёлнинг айбсиз айбдор бўлиб қолиши шундан – у ўзи англамаган ҳолда эркак руҳиятининг мувозанатига путур етказиши, ботиний зиддиятларнинг юзага қалқиб чиқишига туртки бўлиб қолиши мумкин. Юқорида саналган асарларда ҳам ана шундай ҳолат кузатилади – қаҳрамон ҳаётидаги икки аёл унинг руҳиятидаги бўлинишни юзага чиқаради. Бу аёлларни икки қутбга ажратиб бўлмайди. Асосий масала уларнинг икки хил тип эканида эмас, балки қаҳрамон руҳиятининг бир қисми бир аёл билан муносабатда, бошқа қисми иккинчиси билан муносабатда реаллашаётганида. Бу ҳол қаҳрамоннинг бутун одам бўлиб яшай олмаётганини билдиради.
Агар эркак руҳиятининг бир-биридан айро қисмларини ўзаро боғлаш, уйғунлаштиришга эришолмаса, иккиёқлама ҳаётга маҳкумдир. Ўз навбатида, аёл ким, қандай бўлишидан қатъи назар, эркак ҳаётида ягона бўлолмайди. Табиийки, бундай қисмат ҳеч бир аёлга тўкис бахт тортиқ этмайди.
Ш.Р: Нобелчи адиб Томас Элиот адабиётда умрбоқий асарлар яратилишини тарихдаги муҳим воқеалар, мустабид тузумлар ва золим подшоҳлар даври билан боғлайди. Демак, истеъдоддан ташқари, ёзишга ундайдиган кучли дард, изтироб ҳам бўлмоғи лозим экан. Алишер Навоий даҳосининг пайдо бўлишига темурийлар таназзули билан боғлиқ воқеалар катта таъсир кўрсатган. Бобур Мирзо ижоди ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Ёхуд Лев Толстой муҳораба кўрмаганида, дунё адабиёти “Уруш ва тинчлик” сингари муҳташам асар билан бойимаган бўларди эҳтимол. Машҳур Габриэль Гарсиа Маркес ҳамкасби Марио Варгас Льоса билан суҳбатда “Колумбияда ўн бир марта фуқаролик уруши юз бермаганида, “Ёлғизликнинг юз йили” романи ёзилмасди...” дея тан олган. Олмон адибаси Ҳерта Мюллер таъкидича, оиласи сталинча мустабид тузум томонидан хўрликка учрамаганда, китоблари бу қадар муваффақият қозонмаган бўларди. Адольф Ҳитлернинг ваҳший сиёсати қурбонига айланган венгриялик ёзувчи Имре Кертес ҳам “Қисматсиз” романи Ҳолокост давридаги азоб-уқубатларининг ҳосиласи эканини қайд этади...
Биз яшаётган асрда ижтимоий фожиалар кўлами янада ортган. Одамзод тўхтатиш имконсиз бўлган хавфли ўйин гирдобига тушиб қолгандек. Тиллару маданиятларнинг ўлими, ўзлигини йўқотаётган миллатлар, экологик фалокатлар, XXI асрда ҳам тинмаётган урушлар, очарчилик, кўз кўриб қулоқ эшитмаган хасталиклар... моддиюнчилик чангалидаги дунё инқирози кучаяётганини кўрсатаётир. Энг даҳшатлиси эса – шиддат! Ҳамма фожиалардан хавфлироғи шу, назаримда. Чунки инсон тафаккури дунё саҳнасида рўй бераётган тезкор воқеаларни идрок этмоққа ожиз. Шу боис у гоҳида бефарқ, гоҳида карахт... Ёзувчиларнинг ўз даври муаммоларидан кўра кўпроқ ўтмишга мурожаат қилаётгани сабаби ҳам шудир балки? Шиддат шунчаликки, китоб ёзиб тугалланмай мавзу эскириб қолаётир – эҳтимол шу ҳам давр драмаларию фожиаларини қаламга олмоққа тўсқинлик қилаётгандир?
М.Ш: Мулоҳазаларингизни ўқиган муштарийда юксак бадиият намуналари дунёга келмоғи учун ижтимоий фожиалар рўй бериши керак экан-да, деган хулоса пайдо бўлмайди, деб умид қиламан. Зотан, ижтимоий фожиа қурбонлари – уруш уқубатини тортган, сталинча тузумдан зулм кўрган, ҳитлерча ваҳшийлик қурбони бўлганларнинг барчаси мазкур фалокатларнинг бор кўлами, сабабию оқибатларини бирдек англаб етмагани каби, уларнинг ҳаммаси ижодкор бўлиб кетгани, бошдан кечирганларини бадиий асарга муҳрлагани йўқ. Демак, бу ўринда истеъдод кучию ижтимоий дарднинг шахсийланиш даражаси ҳақида гапирмоқ жоиз.
Устозлар бадиий асарнинг поэтик хусусиятларини ижтимоий шарт-шароит белгилаб беришини таъкидлаган. Ижодкор феномени ёки адабий авлодни шакллантирадиган энг муҳим омил ҳам давр ижодкор олдига қўядиган миссиянинг англаниши ва қабул қилинишидир. Жадид маърифатпарварлари, Абдулла Орипов феномени ёки 70-йиллар адабий авлодининг майдонга чиқиши ана шундай миссияни англаш натижаси эди.
Ижтимоий воқеликнинг адабиёт тараққиётига таъсири зоҳирий аломатлардан кўра мураккаброқ бўлади. Сиз эсга олган давр шиддати, ёзувчиларнинг кўпроқ ўтмишга мурожаат қилиши ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.
Аслида, адабиётнинг вазифаси давр воқелиги, драмаларини тасвирлаш эмас. Агар бунинг акси деб ҳисобласак, у ҳолда воситани мақсад деб санаган бўламиз. Зеро, тасвирланаётган воқелик муаллиф учун, бадиий концепция ифодаси учун воситадир. Шунга кўра, давр драмаларини акс эттирмасликни ички ёки ташқи цензура натижаси дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Адабиёт ўз табиатига кўра мудом ўтмиш билан иш кўради – унда яқин ёки узоқ тарих тасвирланади. Воқеликни бадиий идрок этмоқ учун ижодкор ундан узилиши лозим-да. Қолаверса, бадиий асарда қаламга олинган ўтмиш пировардида бугунги кунни англаш, тадқиқ этиш, баҳолашга хизмат қилади.
Ҳозирги замон шиддати юзадаги ўзгаришларга дохил, назаримда. Инсон моҳиятан олтмиш йил олдинги одамдан у қадар фарқ қилмайди, олтмиш йил аввалги муаммо ҳали ечим топиб улгургани йўқ.
Француз адабиётшуноси Жан-Франсуа Лиотарнинг метанарративлар инқирози, социолог Жан Бодрийярнинг симуляция ва файласуф Ги Деборнинг “спектакль жамияти” (“томоша жамияти”) ҳақидаги назарияларида 1960–1970-йиллардаги ижтимоий вазият яхши тавсифланган: ўша хулосалар икки сиёсий лагерга мансуб мамлакатларга бирдек тааллуқли. Коммунистик мафкура шаклидаги метанарратив инқирозини англаш натижасида ўзбек адабиётида майдонга чиққан 70-йиллар адабий авлодининг асосий миссияси – “спектакль жамияти”нинг таъсирига берилмаслик, унинг мазмун-моҳиятини идрок этиш эди. Сиёсий қутблар орасидаги чегаранинг йўқолгани важҳидан мазкур миссия янада ўткирлашди – тоталитар давр асоратларидан халос бўлиб улгурмаган жамиятимиз капитализмга хос истеъмолчиликка асосланган “спектакль жамияти”нинг хусусиятларини ўзлаштирди. Назаримда, 70-йиллардан кейин ижодкорларнинг адабий авлод сифатида шаклланмагани сабаби истеъдод кучидаги тафовутда эмас. Жамият тараққиёти мобайнида кейинги авлодлар олдига бошқа муҳимроқ вазифа қўйилмади, яъни 70-йиллардаги маслак ҳалигача ўз кучида турибди. Ўшанда моҳияти фош бўлган “спектакль жамияти”нинг хусусиятлари авлоддан авлодга узатиляпти, бунда жамиятнинг ҳар бир қатлами иштирок этяпти. Бадиий адабиётда “мавзунинг эскириб қолгандек” туюлиши боиси ҳам шу. Мавзу гўё янгиланмагандек – эллик-олтмиш йил аввал адабиёт олдига қўйилган муаммони бадиий идрок этишга қайта-қайта уринишлар бўлмоқда.
Адабиётшунослар Шаҳноза РАҲМОН ва
Машҳура ШЕРАЛИЕВА суҳбати.
“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ