От йили – катта сакрашлар даври бўладими?


Сақлаш
16:09 / 30.12.2025 30 0

Инсон ҳар доим келажакни англашга, вақтнинг юрагини тинглашга интилган. Аждодларимиз эса бунинг йўлини осмону заминни, фасллар алмашинувини ва ҳаётнинг такрорланиб турувчи қонуниятларини синчиклаб кузатиш орқали топган. Мучал тизими ана шу тафаккурнинг маҳсули сифатида шаклланиб, халқ ҳаётига чуқур сингиб кетган.

 

Туркий тақвим – ўн икки ҳайвонли мучал тизими пайдо бўлишига турли-туман сабаблар келтирилади. Бизнингча, энг муҳим омил Марказий Осиёнинг табиий шароити бўлган. Кескин континентал иқлим, тўрт фаслнинг алмашиб туриши, деҳқончилик ва чорвачилик билан боғлиқ турмуш тарзи узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини ишлаб чиқиш заруратини юзага келтирган.

 

“Девону луғотит-турк”да ёзилишича, туркийлар мучал йилларининг ҳар бирида недир ҳикмат бор деб ўйлаган. Масалан, сигир йилида уруш кўпаярмиш, чунки ҳўкизлар бир-бири билан шохлашади. Бу йилда ёмғир-қор мўл ёғади. Қиш узун келади. Товуқ йилида овқат кўп бўлади. Чунки товуқнинг емиши дондир, товуқ донни топиш учун ер титади. Тимсоҳ (наҳанг) йили кирганида ёмғир яхши ёғади. Чунки тимсоҳ сувда яшайди. (“Девон”да мучал тизимининг тўртинчи йили балиқ эмас, тимсоҳ деб аталган.)

 

Кейинчалик, айниқса, ҳозирги кунда мучалнинг мана шу башоратчилик билан боғлиқ хусусияти кўпчиликка ёқиб қолди. Бугуннинг одами мучал деганда одатда йиллик башоратларни тушунади. Бу эса азалдан дин намояндаларининг эътирозига сабаб бўлган ва мучалнинг хурофот дея изоҳланиб, тақиқланишига ҳам олиб келган. Аслида ўн икки ҳайвонли тақвимнинг фол кўриш билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мазкур иримлар асло башоратгўйлик эмас, балки халқнинг асрий тажрибаларини ўзида мужассамлаштирган фалсафий тафаккури маҳсули.

 

Инсон табиатнинг бир бўлаги, табиатдаги ўзгаришлар бизга таъсир этмай қолмайди. Шундай экан, “фалон йил ундай келади, пистон йил бундай келади” каби гаплар аслида узоқ кузатувлар хулосаси, илмий прогнозлардир. Башоратлар айнан йил соҳиби бўлмиш ҳайвоннинг муҳим хислати билан боғлиқ экани эса мучални номлашда етти минг ўлчаб, бир кесилганидан дарак.

 

Мучал ҳисоби бошқа маданиятларга ўтиши билан баъзи ўзгаришларга учраган. Муайян маданиятнинг ўзига хос ижтимоий-тарихий ва табиий-географик шароитидан келиб чиқиб, йилларнинг хислатлари ҳам бир-биридан фарқланади. Масалан, Олтой қозоқлари сигир йили мўътадил келишига, қорачойлар эса ёмон йил бўлишига ишонади.

 

Ўзбек халқ мақоллари орасида шундай намуналар учрайдики, аждодларимизнинг ўн икки ҳайвонли тақвим асосида йилларни олдиндан тахмин қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва турмуш шароитини режалаштириш тажрибасидан дарак беради. Масалан, “Барс йили – бойлик. Қуён йили – қаҳатчилик” мақолини олайлик. Мучалнинг учинчи йили йўлбарс номи деб аталиб, бу ҳайвон куч, серҳаракатлик рамзи деб қаралади. Халқ кузатувига кўра, мазкур даврда ҳосил мўл бўлган, савдо-сотиқ юришган. Қадимда одамлар шунга қараб катта режалар тузган, мол кўпайтирган, захира қилган. Ундан кейин келадиган қуён йилида эса кўпинча қаҳатчилик кузатилган. Қуён йили ют бўлар, деган мақол ҳам бежиз айтилмаган. Ушбу дарранданинг беқарорлик ва эҳтиёткорлик рамзи эканига эътибор қилинг. Кўпинча қаттиқ совуқ бўлган, ҳосил кам чиққан. Буни билган халқ олдиндан дон ва озуқа жамғарган, исрофдан сақланган. Йўлбарс йилининг баракотидан имкон қадар асраб қўйган.

 

“Сигир йили – тўқлик, Қўй йили – йўқлик”. Сигир йили барқарорлик ва тўқлик билан боғланади. Қўй йили эса ем-хашак танқислиги билан эсланади. Шунга қараб чорвадорлар қайси йилда молни кўпайтириш ёки камайтиришни аввалдан белгилаган.

 

Қиш қаттиқ келса – ит йили, деган мақолни эшитгансиз. Мучал тизими об-ҳаво билан ҳам зич боғланганини айтдик. Аждодларимиз ит йилининг ёз фаслида келгуси қаҳратон эҳтимолини ҳисобга олиб, ем-хашак, ёқилғи ва озиқ-овқатни кўпроқ ғамлаб қўйган. “Ит йили эксанг, Тўнғиз йили ўрасан”, деган мақол ҳам йиллик деҳқончилик тажрибасига асосланади. Гарчи ит йилининг қиши қаттиқ келса, қор-ёғин кўп бўлса-да, бу келгуси йил учун барака саналади. Шу боис тўқсонбости экинлардан кўпроқ экиш маслаҳат бериляпти.

 

Мақоллар орқали мучал тизимининг деҳқончиликни режалаштириш, чорвачиликни бошқариш, қишга тайёргарлик кўриш, халқона прогноз қилиш воситаси сифатида амалий аҳамияти кўриняпти. Яъни мучал ота-боболаримиз учун фақатгина тақвим эмас, балки ҳаёт стратегияси вазифасини бажарган.

 

Олдимизда от йили турибди. Бу борадаги қадимий қарашлар ҳам кўпчиликни қизиқтирса керак. От йили ўн икки ҳайвонли даврий тизимдаги еттинчи йил бўлиб, баҳорги тенгкунлик – Наврўздан бошланади (2026-йил 21–22 март). Мазкур мучал туркий ва бошқа шарқ халқлари томонидан ҳаракат, сафарлар ва тезкорлик рамзи сифатида қабул қилинган. От йилида ер унумдорлиги ва ҳосилнинг кўплиги билан боғлиқ ҳодисалар кузатилган. Инсон фаолиятида сафарлар ва ҳаракатлар учун қулай йил ҳисобланган. Жасорат, тезлик, қатъият ва катта ишларни фаол бошлаш палласи сифатида кўрилади. От йили одатда янгиланиш, ўзгариш ва янги имкониятлар йили бўлиб келади.

 

Хўш, ўтмишда от йилида қандай муҳим ҳодисалар кузатилган? Мазкур мучал даври тарихий бурилишлар, ҳарбий ҳаракатлар интенсивлиги, глобал ўзгаришлар, иқтисодий ва сиёсий бурилишлар, маданий инқилоблар билан кечади, бу эса “йил эгаси”нинг ҳаракат, кураш, ўзгариш, янгиланиш энергиясига мос тушади. Мисол учун 1990–1991-йиллардаги от мучалида Совет Иттифоқи парчаланиши юз берганини эслаш кифоя.

 

Албатта, ҳар бир от йили учун ягона сабаб-натижа муносабати йўқ. От йили фаоллик, ҳаракат, ўзгариш билан тимсол қилинса ҳам, реал тарихий воқеалар кўплаб бошқа сабабларга ҳам боғлиқ бўлиши табиий. Шахсий ҳаёт ёки ижтимоий-сиёсий жараёнларни фақат мучал билан изоҳлаб бўлмайди, бироқ бу қарашлар халқ тафаккурида ҳаёт ритмини англаш ва унга мослашиш воситаси бўлиб хизмат қилган.

 

Мучал бугунги кун учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. У бизни башоратга эмас, масъулиятга, тасодифга эмас, режалиликка чорлайди. Табиат билан ҳисоблашиб яшаш, имкониятни ўз вақтида кўра билиш, қийинчиликни олдиндан сезиб, унга тайёр туриш – мучал фалсафанинг бош ғоясидир бу! Шундай экан, туркий тақвимни кечаги кун ёдгорлиги деб эмас, балки вақт билан ҳамнафас яшашни эслатувчи маънавий мерос сифатида англаш лозим.

 

Бугун биз янги давр остонасида турибмиз. Олдимизда от йили – ҳаракат ва янгиланиш рамзи бўлган босқич очилмоқда. Бу йил халқ хотирасида доимо жўшқинлик, ташаббус ва катта қадамлар билан уйғунлашиб келган. От йили – эски қолиплардан чиқиб, янги марраларни кўзлашга палласидир! Вақт биздан сусткашликни эмас, дадилликни, кутишни эмас, ҳаракатни талаб қилмоқда!

 

Фаррух ЖАББОРБЕК

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 27289
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//