Шахсий адоват асосида ёзилган бир манба асосида Шайбонийхонни сотқинга чиқариш мумкинми?


Сақлаш
12:02 / 30.12.2025 17 0

ХV аср бошларида Олтин Ўрдада сиёсий инқироз кучаяди. Жўжихон наслидан бўлган Абулхайрхон Дашти-Қипчоқдаги ўзбек қабилаларини бирлаштириб, Ўзбек улуси деб аталган давлатга асос солади. Қарийб 40 йиллик ҳукмронликдан сўнг, яъни 1468 йилда Абулхайрхон вафот этади ва унинг ўрнига ўғли Шайх Ҳайдархон тахтга ўтирди.

 

Бироқ Абулхайрхон вафотидан кейин Дашти-Қипчоқдаги хон ва султонлар Шайх Ҳайдархонга қарши исён кўтарди ва бир неча йил давом этган курашлардан сўнг уни ўлдирди. Шу тариқа, Абулхайрхон асос солган давлат парчаланиб кетади.

 

Бобоси ва амакиси вафотидан сўнг Муҳаммад Шайбонийхон бир неча юз кишидан иборат қўшин тўплаб, тахт учун кураш бошлайди. Аммо душманлари кучли бўлгани сабабли у Туркистон вилоятидан паноҳ излашга мажбур бўлади. Бу вақтда Туркистон вилояти ҳокими амир Муҳаммад Мазид Тархон эди. Амир Мазид Тархон Шайбонийхонни иззат-икром билан кутиб олиб, унинг шарафига зиёфатлар уюштиради.

 

Шайбонийхон 1470–1480 йилларда Дашти Қипчоқда ўз ҳокимиятини ўрнатиш учун кураш олиб боради. Бироқ муваффақият қозонолмагач, у Бухоро вилоятига йўл олади. Шайбонийхон икки йил давомида бу ерда қолиб, бухоролик уламолардан Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ақида каби ислом илмларини ўрганди. Бухоро ҳокими амир Абдулали Тархон орқали у бир неча бор Темурийлар ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзо билан учрашиб, суҳбатлашади.

 

Шайбонийхон ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида яна Дашти-Қипчоққа отланди. Аммо бу сафар ҳам у қозоқ етакчилари Маҳмуд Султон ва Бурундуқхондан мағлубиятга учраб, Хоразм томонга чекинишга мажбур бўлди. Шайбонийхон аскарларининг таъминоти учун Хоразм ва Астрабод атрофларига талончилик юришларини уюштириб, Манғишлоқда вақтинча қўним топади.

 

Султон Аҳмад Мирзо Тошкентдаги мўғул хонларининг Самарқанд ва унинг атрофларига талончилик юришларига чек қўйиш ҳамда Тошкентни мўғул хонларидан тортиб олиш мақсадида Тошкент ҳокими Султон Маҳмудхонга қарши ҳарбий юриш уюштиришга қарор қилади. Султон Аҳмад Бухоро ҳокими Абдулали Тархонга Шайбонийхонни юришга жалб қилиш вазифасини юклайди.

 

Абдулали Тархон Шайбонийхонга мактуб юборади: «Ул ҳазратнинг улуғ бобоси Абулхайрхон марҳаматда етук ва шафқатда олий даражали зот бўлгани боис Султон Абу Саид Мирзога ёрдамга келиб, Мовароуннаҳр мамлакатларини қўлга киритиб, уни Султон Абу Саид Мирзо қўлига топширган эди. Агар сиз ҳазратлари ҳам мукаррам ва муаззам ота-боболарингизнинг йўлини тутиб, Султон Абу Саид Мирзонинг катта фарзанди бўлган Султон Аҳмад Мирзога ёрдам берсангиз ва мазкур золим гуруҳларни тор-мор қилиш учун юриш жиловини бу томонга бурсангиз, ишончимиз комилки, бу иш сиз ҳазратларининг лутфу карамига муносиб бир фазилат бўлур.»

 

Шайбонийхонга бу таклиф маъқул келиб, Бухорога йўл олади. Шайбонийхон қўшини Хоразмда дам олиш учун тўхтаганида, Султон Ҳусайн томонидан Хоразм ҳокими этиб тайинланган Абдулҳолиқбек унинг ҳузурига кўплаб тортиқ ва совға-саломлар юборади. Қоракўл ҳокими Ҳусайн Арғун ҳам Шайбонийхонга турли туҳфа ва ҳадялар инъом қилади.

 

Султон Аҳмад қўшини 150 минг кишидан иборат эди. Шайбонийхон қўл остидаги навкарлар сони эса атиги 300 нафар эди.

 

1488 йилда Чирчиқ дарёси бўйида бўлган жангда Султон Аҳмад Мирзо мўғуллардан енгилади. Бу жанг тафсилотлари манбаларда турлича тасвирланади.

 

Хусусан, Мирзо Ҳайдар Дуғлот ўзининг «Тарихи Рашидий» асарида бу жангни қуйидагича баён қилади: «Икки томон ҳам уч кун давомида жанг қилмади. Тошкент хони Султон Маҳмудхон Султон Аҳмадга қарши Шайбонийхон билан яширин сулҳ тузиш учун унга махфий тарзда одам юборади. Чирчиқ дарёси бўйида икки хонзода учрашиб, яширин сулҳ тузади. Сулҳга кўра, эртаси куни бўладиган жангда Султон Маҳмудхон қўшини Султон Аҳмад қўшинининг Шайбонийхон ҳам саф тортган, Абдулали Тархон бошчилик қилаётган қисмига қаттиқ зарба берган пайтда Шайбонийхон жангни ташлаб чиқиб кетишига келишиб олинади.

 

Эртаси куни Султон Аҳмад қўшини Чирчиқ дарёсини кечиб ўтиб, Султон Маҳмудхон қўшинига ҳужум қилади. Жанг қизиган чоғда, яширин аҳдномага мувофиқ, Шайбонийхон жангни ташлаб чиқиб кетади ва таъминоти ҳамда ўлжа олиш мақсадида Султон Аҳмад қўшинининг орқа қисмида қолган таъминот бўлимига ҳужум қилиб, уни талайди. Бу хабар тезда тарқалиб, Самарқанд қўшинидаги қолган авбошлар (ёлланма саркардалар) ҳам жангни тўхтатиб, ўз қўшини таъминотини талон-тарож қилишга киришади.

 

Натижада, Султон Аҳмад қўшинининг сафи бузилиб, тартибсиз равишда тарқалиб кетади. Оқибатда унинг қўшини оғир мағлубиятга учрайди ва лашкарнинг катта қисми қирилиб кетади. Султон Аҳмад Мирзо эса тирик қолган амиру навкарлари билан Самарқандга чекинади».

 

Муаллифи номаълум бўлган «Таворихи гузида, нусратнома» ва Муҳаммадёр Араб Қатағоннинг «Мусаххир ал-билод» асарларида эса бу жанг бутунлай бошқача баён қилинади. Мазкур манбаларда қайд этилишича, Шайбонийхоннинг кундан кунга ортиб бораётган обрўси самарқандликлар орасида қўрқув ва ваҳима уйғотгани боис улар Шайбонийхоннинг жонига қасд қилишга уринади. Хусусан, самарқандликлар бир зиёфат уюштириб, шу зиёфат давомида Шайбонийхонни ўлдиришни режалаштиради. Аммо Шайбонийхонга хайрихоҳ бўлган айрим кишилар бундан хабар топиб, хонга суиқасд ҳақида етказади.

 

Султон Аҳмад хонни зиёфатга таклиф қилганида, Шайбонийхон ўзининг икки юз нафар аскари («Мусаххир ал-билод»да бу рақам 300 нафар деб кўрсатилган) билан ташриф буюради. Самарқандликларнинг норозилигига қарамай, бу икки юз нафар аскар зиёфат уюштирилган ўтовнинг атрофига жойлашиб, уни ўраб олади. Натижада, режалаштирилган суиқасд амалга ошмай, муваффақиятсиз тугайди.

 

Иттифоқчи қўшин Кўк Гумбаз манзилига келиб тушади. Султон Аҳмад ва унинг амирлари яна ўша шум ният билан зиёфат ташкил қилиб, Шайбонийхонга махсус чопар юбориб, бу галги мажлисга ҳам келишини илтимос қилади.

 

Бу хиёнат йўлига кирган мунофиқларнинг ғаразли мақсади ва тузган шум режасидан яхши хабардор бўлган Шайбонийхоннинг юрагида ғазаб оташи алангаланиб, чопарни ёнига чақириб шундай деди:«Мен сизларнинг режангизни билиб турибман. Лекин хавотир олманглар, мен сизларнинг иттифоқчингизман. Агар ёмон ниятларингизни қўйиб, биз билан бундан аввалгидек яхшилик йўлида юрадиган бўлсангиз, сизлар билан иттифоқ бўлиб душманингизни даф этайин. Аммо агар ёмон ниятларингиздан қайтмасангиз, зиёфатингизга бормайман. Ҳаттоки борсам ҳам, кўпингизни ўлдирурман.»

 

Бу сўзлар мирзо ва бекларга етказилгач, Дарвиш Муҳаммад Тархон, Муҳаммад Ҳожибек ва Амир Абдулалибеклар Шайбонийхон ҳузурига келиб, ғаразгўйлар хон ва мирзо ўртасидаги яхши иттифоқчилик алоқаларини бузиш мақсадида ёлғон хабарлар тарқатганини маълум қилади.

 

Султон Аҳмад Мирзо Шайбонийхон билан Илонўтти довонидан ўтиб, Жиззах қасабасига келиб қўналға ташлагач, Султон Аҳмад Шайбонийхондан ўз одамлари билан ҳировул бўлишини сўрайди. Шайбонийхон бу илтимосни тўғри ҳарбий маслаҳат сифатида қабул қилиб, қўшиннинг олд қисми сифатида бир манзил олдинга боради ва Ховос мавзесида тўхтайди.

 

Тун ярмидан ошгач, шу орада бекиниб турган Тўлунхожа бошчилигидаги мўғул лашкари шабихун(тунги ҳужум) йўсинида Шайбонийхон устига бостириб келади. Шайбонийхоннинг укаси Маҳмуд Султон бу гуруҳга қарши урушга отланади. Биринчи ҳамладаноқ у душман аскарлари сафига ёриб кириб, уларни тўзитиб юборади. Натижада мўғул лашкарининг етакчиларидан бўлган Тўлунхожа ва Умар Телбаларни асир олишга муваффақ бўлади.

 

Бу ғалаба хушхабари Султон Аҳмад қулоғига етгач, воқеа қанчалик қувонч ва шодлик сабабчиси бўлмасин, у ва яқинларининг юрагидаги ваҳима ва қўрқув бир неча баробар ортади. Шайбонийхон эса шу тарзда ўз одамлари билан илғор йўсинда дарёдан ўтиб, Шоҳрухияга яқин жойда қўналға солади. Шу орада Султон Аҳмад ўз давлат арбоблари билан тил бириктиргани ва уларнинг ҳануз ўз қарорида тургани Шайбонийхонга яна маълум бўлди.

 

Шундан сўнг Шайбонийхон Тошкент йўли орқали Туркистон томонга юришга буйруқ беради. Мўғуллардан Ҳайдарбек, Яҳёбек ва Аҳмадбек бошчилигидаги тўрт минг отлиқ Султон Аҳмад лашкарининг келишини кутиб турганди. Шайбонийхоннинг қўшинини узоқдан кўрганда, улар уруш сари йўналиш олади.

 

Бироқ Муҳаммад Шайбонийхон одам юбориб, мўғул амирларига қуйидаги сўзларни етказади: «Бизнинг кўнглимиз Султон Аҳмад Мирзо билан хуш эмас. Энди эса қариндошим Султон Маҳмудхон билан ярашиб, алоқаларни яхшилашга ниятимиз бордур.»

 

Бу хабарни эшитган мўғул амирларининг юраги қувонч ва шодликка тўлиб, шошилинч тарзда Шайбонийхон ҳузурига етиб келади ва уни Тошкент томон олиб кетади. Тошкентда Султон Маҳмудхон ва Шайбонийхон учрашиб, улар ўртасида сулҳ тузилади. Бу воқеадан хабар топган Султон Аҳмад эса Самарқанд томонга чекинади.

 

Мўғуллар Самарқанд лашкари орқага чекинаётганини эшитгач, уларнинг орқасидан таъқиб қилади. Султон Аҳмад аскарларининг кўпчилиги Чирчиқ дарёсидан ўтишга уринган пайтда ўзларини сувга ташлаб, «фано дарёси»да ҳалок бўлади.

 

Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» асарида ҳам бу жанг ҳақида қисқача тўхталиб ўтилади. Асарда қуйидаги маълумотларни учратамиз: «Султон Аҳмад хоннинг қадамини ўзининг жаҳонбонлик қудратини орттирувчи омил деб билиб, инъом ва эҳсон эшикларини хон ҳаёти йўли сари очди. Сўнг Мўғулистонни эгаллаш учун йўлга тушиб, олам олувчи ўша хонни ҳам ўзига ҳамроҳ қилганича Тошкент устига юрди. Шоҳрухия атрофида етишилгач, Самарқанд қўшинининг ҳировул қисмига бош бўлган Шайбонийхон Мирзо Султон Аҳмаддан хавфсираб, Тошкент томонга қочиб кетди ва Султон Маҳмудхон Кошғарий билан учрашиб, унинг давлати этагига осилди. Султон Аҳмад Мирзо эса ноилож ҳолда бузуқ аҳволга тушиб, оти тизгинини Самарқанд томонга бурди. Шайбонийхон эса озгина вақт Тошкентда тургач, у ердан Арқуқ қалъасига йўл олди».

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида амакиси Султон Аҳмад Мирзонинг олиб борган урушларини баён этар экан, Чирчиқ жанги ҳақида қуйидаги маълумотларни қайд қилади: …. Яна бир мартаба Тошканд навоҳисида, Чир суйининг ёқасида Султон Маҳмудхон била, агарчи масоф(уруш) йўқ эди, мўғулнинг чопқунчиси бирин-кетин черикнинг кейинидан келиб парталға илик қўйғон била, мунча қалин черик уруш йўқ, талош йўқ, бир-бирига боқмай бузулдилар, кўпроқ черик эли Чир суйида ғарқ бўлдилар».

 

Баъзи тарихчилар Мирза Ҳайдар Дуғлот асарида келтирилган маълумотларга асосланиб, Шайбонийхонни сотқинликда айблайди. Бироқ юқорида берилган бошқа манбалардаги маълумотларни таққослаш ҳамда Мирза Ҳайдар Дуғлотнинг Шайбонийхонга нисбатан адовати борлигини инобатга олган ҳолда, Шайбонийхон сотқинлик қилгани ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

 

Мирза Ҳайдар Дуғлотнинг отаси 1508 йилда Хуросонда Муҳаммад Шайбонийхон буйруғи билан қатл этилган. Шу сабабли муаллиф ўз асарида Шайбонийхон шахсиятига холис ёндашмайди. Бундан ташқари, асар 1544–1546 йиллар оралиғида ёзилган бўлиб, муаллиф мазкур воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлмаган.

 

Чирчиқ жангига энг яқин тарихда ёзилган асар – «Таворихи гузида, нусратнома»дир. Бу асар 1504 йилда ёзилган. Муҳаммадёр Араб Қатағон ҳам ХВИИ бошларида «Мусаххир ал-билод» асарини ёзишда айнан шу манбадан фойдаланган.

 

Агар Шайбонийхоннинг Чирчиқ дарёси бўйида сотқинлик қилгани ҳақиқат бўлганида, унинг ашаддий душмани бўлган Бобур Мирзо бу ҳақда ўз асарида албатта қайд этган бўларди. Бу давр воқеаларини ёритган Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» асари эса Сафавийлар ҳукмронлиги остидаги Хуросонда 1529 йилда ёзиб тугалланган. Шайбонийлар ва Сафавийлар ўртасидаги муносабатлар кескин бўлганини ҳисобга олсак, агар Шайбонийхон ҳақиқатан сотқинлик қилган бўлса, ушбу асарда ҳам бу ҳол қайд этилиши табиий эди.

 

Чирчиқ жанги воқеалари юзасидан мавжуд манбаларни солиштириш шуни кўрсатадики, Шайбонийхоннинг «сотқинлик қилгани» ҳақидаги даъво асосан Мирза Ҳайдар Дуғлотнинг «Тарихи Рашидий» асарига таянади. Бироқ муаллифнинг Шайбонийхонга нисбатан шахсий адовати, воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлмагани ва унинг маълумотлари бошқа манбалар билан тасдиқланмагани ундаги маълумотларнинг ишончлилигини шубҳа остига олади.

 

Чирчиқ жангига яқин тарихда ёзилган «Таворихи гузида, нусратнома» ҳамда унга таяниб ёзилган «Мусаххир ал-билод» асарлари воқеани бутунлай бошқача ёритади. Шунингдек, Шайбонийхон рақиби Бобур Мирзо, сафавийлар таъсирида ёзилган Хондамир асарида ҳам Шайбонийхоннинг сотқинлик қилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди.

 

Демак, мавжуд ёзма манбалар таҳлили Муҳаммад Шайбонийхоннинг Чирчиқ жанги чоғида сотқинлик қилгани ҳақидаги фикр тарихий ҳақиқатга мос келмаслигини кўрсатади.

 

Усмонов Абдуллажон

ФА Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 27289
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//