Туркий элларнинг ёзилмаган қонунлари, тамойиллари, урфу одатлари, қадриятлари кўп. Мучал уларнинг орасида энг муҳим қадриятлардан биридир. Чунки мучал боланинг туғилишидан то умрининг охирига қадар кечадиган биологик ўзгаришлари билан бирга, унинг ижтимоийлашуви, шахс сифатида шаклланиш босқичларини ҳам белгилаб беради.
Ўзбекларда ҳозир мучал ёши деганда фақат ўн икки ёш тушунилади. Шунинг учун ўн икки ёшга тўлган болага мучал тўйи ўтказиш ҳозиргача сақланиб қолган. Қадимда эса ҳар ўн икки йилда мучал тўйи ўтказилган. Туғилган кун фақат 12 йилда бир марта нишонланган. Бу 12, 24, 36, 48, 60, 72, 84, 96 ёшларга тўғри келади. Ҳар ўн икки йил умрнинг алоҳида босқичи – бўлаги саналган[1]. Шимол туркийлари, хусусан олтой, тува, дўлған, якутларда бу босқичларнинг ҳар бирида ҳозиргача нишонланади – мучал тўйи ўтказилади.
Мучал ҳисобининг ҳар бир босқичида инсоннинг жисмоний, ақлий ва руҳий ривожланиши кузатилади ва шу сабаб бу даврлар алоҳида номлар билан аталган. Қадимда илк 12 йил – болалик даври, 12 ёшдан 24 ёшгача – ёшлик даври, 24 ёшдан 36 ёшгача – етуклик даври, 36 ёшдан 48 ёшгача – ўрта ёш даври, 48 ёшдан 60 ёшгача – қора соқол, 60 ёшдан кейин оқ соқоллик даври деб аталган экан. Ҳозирги замон герантология[2] фани ҳам айнан шу ёшларда инсон организмида жиддий ўзгаришлар бўлишини инкор қилмайди.
Марказий Осиёда 12 ёшдан ўғил болалар “бўзбола”, қизлар “бўйетган” (бўйжеткан) деб аталган. Чунки айни шу ёшда бола ҳам жисмонан ҳам руҳан балоғатга етиб, жинсий ҳаётга тайёр бўлган. Шу ёшда қизларнинг сочи битта қилиб ўрилган ва турли тақинчоқлар тақилган. Агар у турмушга чиқса сочи иккита қилиб ўрилган. 12 ёшдан ўғил болага қамчи берилиб, отни мустақил бошқаришига рухсат этилган. Шу ёшдан унга оғир ишлар ҳам топширила бошланган. Ҳар иккала жинс вакили ҳам 24 ёшгача турмуш қуришга рағбатлантирилган. 24 ёшгача турмушга чиқмаган қиз – “қари қиз”, йигит эса “қари йигит” аталган. Шу ёш оралиғида ақл тиши чиқади. 24 ёшда киши организми ўсишдан тўхтайди, бу кишининг ёшлик даври тугаб, етуклик даври бошланганини англатган.
36 ёшгача инсон етилишда давом этади. Йигитларни шиддат, аёлларни қизлик латофати тарк этмайди. Аммо 36 ёшда руҳий инқироз даври бошланади. Организмда илк қариш аломатлари сезилади. Бу ёшда одам ўйлаб иш тутадиган, умрнинг мазмунига кўпроқ эътибор қаратадиган бўлади. Ой тақвимига кўра шу ёшда кишининг ёшига яна бир ёш қўшилади.
48 ёшгача ҳам организм ўсишда давом этади ва ундан кейин қарилик бошланади. Соқолга оқ оралайди, аммо буткул оқариб кетмайди. Аёлларда климакс даври (менопауза) бошланади ва айнан шу ёшларда аёл туғишдан тўхтайди.
60 ёш – беш мучал яшаган одам қари саналади. Бу ёшдан аксар одамларнинг сочи оқаради. Юзларда қариларга хос нур пайдо бўлади. Олтойларда “Алтан jаш – алтын jаш” деган мақол бор ва бу “олтмиш ёш – олтин ёш” деган маънони англатади. Туркийлар оламида 60 ёшдан ошган одамга чуқур эҳтиром кўрсатилган.
Шу ўринда ўзбек тилидаги “қариш” ва “қартайиш” сўзларига эътибор қаратамиз. Айни сўз бошқа туркий тилларда ҳам мавжуд. Аммо уларнинг иккиси ҳам бир маънода қўлланилади. Аслида эса қариш 60 ёшдан, қартайиш 72 ёшдан бошланади.
Туркий элларда 84 ёш алоҳида нишонланган. 84 ёшда (84х12=1008) минг ойлик тўй ўтказилган. Минг ойлик тўй ўзбекларда ҳозир ҳам сақланган, – бу тўйни кўпчилик ислом дини билан боғлашга ҳаракат қилади.
84 ёшдан кейин 96 ёшгача инсон физиологиясида катта инқирозлар бошланади. Юрак ва қон томирлари эластиклигини йўқотади. Мушаклар бўшашади (саркопения), суяклар кичрая бошлайди, мияда унутиш, хотира пасайиши кучаяди. Мия ҳажми тахминан 20% га камайиши мумкин. Натижада қарияларда 1–12 ёшга хос бўлган, болаларча қилиқлар пайдо бўла бошлайди. Шу сабаб қўйидаги мақол пайдо бўлган: Боши бола, охири бола...
96 ёшли одамнинг ўз оти бўлган: Умрзоқ. 96 ёшдан кейин камдан кам одам яшаб қолади. Шунинг учун бу одамлар Умрзоқ (умри узоқ) аталган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, туркийлар умри узоқ бўлишини кўпам исташмаган. Айниқса қаригандан ётиб қолишдан қўрқишган, худодан “тик турганда жонимни ол” деб сўраб юришган. Буни кўпчилик ор ва номус, “болаларига юк бўлмаслик” каби важлар билан изоҳлашади. Аммо олтойларда бошқа бир сабаб келтирилган. Унга кўра, жуда узоқ яшаган одам ўзининг болалари ёки туғилмаган авлодларининг ёшини ўғирлашда айбланар экан. Буни олтойлар қуйидагича ифодалашган: “балдардыҥ јажын алып јат, оноҥ келген улустыҥ јажын ÿлежип јат” (болаларининг ёшини олаяпти, туғиладиган авлоднинг ёшини бўлиб олаяпти).
Туркий таомилига кўра, биз юқорида келтириб ўтган ҳар бир босқич – мучал йили инсон ҳаёти учун хатарли йил саналган. Шунинг учун мучали кирган одамларга эҳтиёт бўлиш, ўзини ўтга-чўққа урмаслик буюрилган. Мучал тўйлари эса уларни ёмон кўзлардан асраш учун эҳсон ўлароқ нишонланган.
Мучал сўзининг маъноси
Мучал сўзи туркий десак, унинг кўламини бироз торайтирган бўламиз. Мучал олтой пластидаги (қатламига тегишли) сўздир. Чунки “мучал” барча туркий тиллар қатори формал фарқлар билан мўғул, тунгус-манжур, корейс ва япон тилларида ҳам учрайди. Мучал қарлуқ ва ўғуз диалектларида кўпроқ муча ёки муче, қозоқ, қорақалпоқ, нўғай тилларида муше, татар тилида мўче, бошқирд тилида мўсе, якут тилида муҳе, тува тилида мочу, хакач тили муче, тува тилида мөчү, айрим татар диалектларида муца, ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида мича шаклида истифода этилади. Мучал мўғул тилида мөчлөг шаклида учрайди. Бурят, қалмиқ тилларида ҳам мучал сўзи сақланган. Шунга кўра хулоса қилиш мумкинки, бу сўз олтой пластига тегишлидир. Айни хулоса мучалнинг пайдо бўлиши даврини янада узоқроққа милоддан аввалиги III асрлардан нарига – Олтой даврига олиб боради.
Мучал ана шу “муча” ўзагидан ясалган ва у бўлак, аъзо каби маъноларни англатади. Одам ёки чорва молларининг танаси ўн икки бўлак – мучага бўлинган: бош, умуртқа, икки ёнбош, икки қўлнинг билаклари, тирсаклари, икки оёқнинг сонлари ва болдирлари. Оддий халқ тилида айни “муча”лар бошқача номланган ва унда суяклар эътиборга олинган: бош, умуртқа, икки ёнбош суяги, икки елка суяги, икки тос, икки сон, икки болдир суяги. Буни қипчоқ ўзбеклари суякка кўра фарқлашган: бош, умуртқа, икки жонбош, икки жоврин (яғрин), икки тўқ жилик (илик), икки ошиқ жилик, икки қари жилик. Бу аъзоларни қассоблар ҳозиргача фарқлай олишади. Тўйларда қари жилик, тўқ жилик, бош (калла-поча форс тилидан ўзлашган) қисми алоҳида тоифадаги одамларга махсус тортиқ қилинган. Қари жилик еганнинг умри узун, фарзандлари кўп бўлади, тўқ жилик еган илиги тўла, бақувват бўлади, бош қисмини еганнинг ақли тўла бўлади. Бу отасўз. Тўйларда куёвларга қари жилик тортилиши шундан.
Муча сўзи фақат тана аъзоларига нисбатан эмас, бошқа ҳолатларда ҳам қўлланилади. Қозоқ ва қирғиз тилларида муча сўзи аъзо (ижтимоий) маъносида ҳам қўлланилади: Қозоғистон жазушилар одағи мушеси, Қирғиз парламенти мучеси. Севортяннинг этимологик луғатида муча сўзининг инсон ва ҳайвон аъзолари, оёқ ва қўл, гавда, тана, бир бўлак гўшт маънолари ҳам келтирилган[3]. Демак, “муча+л” сўзи бўлаклардан йиғилган бутунни англатади.
Мучал қандай тақвим?
Шарқ халқларида янги йил 21 март – баҳорги тенгкунликдан кейин, 22 мартдан, демак мучал ҳам шу кундан бошланган. Туркийлар аввал ой календаридан фойдаланишган. Эътибор беринг-а, нега туркийлар ойни айнан “ой” деб аташган. Яъни, осмон жисмининг номини олишган. Чунки номадик маданиятда йил, фасл, ой, кун ҳисоби хотирада юритилган. Кунни ва соатни аниқлаш учун эса қуёшдан фойдаланилган. Соат ўтовнинг кераси орқали тушган қуёш нурининг ўзгаришига қараб аниқланган[4]. Кун (сутка)ни аниқлаш учун эса қуёшнинг чиқиши ва ботишини кузатиш кифоя қилган. Аммо ойларни аниқлашда қуёш календари иш бермаган, ойнинг ҳаракатига қараб аниқлаш эса анча қулай бўлган. Чунки ойда ўн иккита фаза мавжуд ва туркийлар ой циклларини икки катта фаза ажаратишган: янги ой ва эски ой; Ой туққандан кейин тўлин ой ҳолатигача “янги ой”, тўлин ойнинг кичрайиб тугашигача бўлган давр “эски ой” дейилган. Ойнинг кичик цикллари ҳам маълум номлар билан аталган. Мусулмонлар ҳилол деб атайдиган янги туққан ой – тувғаной, сал каттаргани ўроғой, тўлган ҳолати тўлғаной деб аталган. Ойнинг биринчи фазасидаги ярим ҳолати яримой, иккинчи фазасидаги шу ҳолат ёрти ой (жарти ай) дейилган. Туркийлар ойнинг ўзгаришига қараб кунларни санашган ва ойни белгилашган. Инчунин, ойнинг неча кунлик бўлганини чама билан ҳам аниқласа бўлади. Бу усулда йилларни белгилаш тартибни яҳудийлик динидаги қарайимлар қизиқ бир ном билан номлашган: Улуғ Ата Санавы[5]. Бундаги “Улуғ Ата” ким? Бу жумбоқ. Қараимлар балки Ўғузхонни, балки Ёфас ўғли Туркни шундай атагандир. Нима бўлганда ҳам қараим турклари ҳозиргача яҳудий календари билан бирга ўн икки йиллик мучал тақвимини ҳам сақлаб келади.
Шу ўринда яна савол туғилади. Нега туркийлар ўн икки йиллик мучал ҳисобини қабул қилишган. Нега ҳисоблашга осон ва қулай ўн йиллик цикл эмас, ўн икки йиллик цикл танланган?.
Туркийлар азалдан осмон илмини яхши билишган. Ҳар бир сайёранинг ҳаракатини кузатиб боришган. Чунки номадлар турмуш тарзида фасллар алмашинувини билиш, табиий офатларни олдиндан аниқлаш ҳаёт-мамот масаласи бўлган. Шунинг учун осмон жисмларининг ҳар бир ҳаракатини кузатишга мажбур бўлишган.
12 йиллик мучал ҳисоби Юпитернинг Қуёш атрофида орбитасини бир марталик тўлиқ айланиб чиқиш вақтига кўра бергиланган. 12 йил – бу бир юпитер йили ҳисобланади. Юпитер галактикамиздаги энг йирик планета бўлгани учун у бутун коинотга катта таъсир ўтказган[6]. Умуман олганда туркийлар Юпитерни ёмон юлдузлар қаторига қўшишган. Шунинг учун чўпонлар уни “эшшакқирар” – эшакларга қирғин келтирувчи деб аташган. Кошғарий луғатида эса Юпитернинг “қорақуш” деган номи зикр этилган[7]. Инчунин, Юпитердаги ўзгаришлар кўпинча ерда иқлим ўзгаришлари ва табиий офатларга сабаб бўлган. Айни сабабга кўра одамларга мучал йилида эҳтиёт бўлиши тайинлаган. Мучал тўйлари ҳам аслида шу йилдан омон ўтиб олиш учун “садақа” ҳисобланган.
Мучал йили энг узун тун (21 декабрь), энг узун кун (21 июнь), икки тенг кунлик (21 март, 21 сентябрь) билан ҳам мослаштирилган. Аниқроғи, осмон гумбазидаги Қуёш, Ой, катта сайёралар ва кўпчилик кичик сайёраларнинг йил давомидаги ҳаракат циклига мослашган. Яъни, ой фазалари ва қуёш йили (фасллари) билан синхронлаштирилган. Шу тариқа аралаш, синкретик тақвим яратилган. Шундай экан, мучал тақвимини соф ой ёки соф қуёш ёки ой-қуёш тақвими деб атаб бўлмайди. Мучал тақвими Ой, Қуёш ва сайёраларнинг циклик ҳаракатига мослашган оригинал тизимдир.
Мучал ҳисобининг пайдо бўлиши – афсоналар ичидаги ҳақиқатлар
Ўн икки йиллик мучал ҳисобининг жорий этилиши ҳақида кўплаб афсоналар сақланган. Уларни сақлаб қолганлар асосан туркий халқлар ва қисман мўғул, қалмиқ, бурят, черкас, япон, корейс, хитой халқларидир[8].
Айтишларича, турк хоқони ўзи хон бўлгунга қадар ўтган урушларнинг қачон бўлганини аниқлаб, таҳлил қилмоқчи бўлади ва ҳар доим йилида адашиб кетади. Шундан сўнг кенгаш чақириб, оқсоқоллар, билгелар, билгирлар, тўралар, беклар билан кенгашади. Йиғилганлар ҳам ўша саналарни аниқлашда турлича фикр айтиб, ўзаро тортишиб қолишади. Шунда хоқон шундай дейди: “кўрдингизми, ҳозир биз тортишаяпмиз, агар чора кўрмасак бутун авлодларимиз тортишишади. Шунинг учун йилларни ҳисоблашга аниқлик киритишимиз, ҳар бир йилни аниқ бир сўз билан атаб боришимиз керак!”. Бу таклиф ҳаммага маъқул бўлади.
Хоқоннинг буйруғи билан одамлар ҳайвонларни ҳайдаб келиб, Или дарёсига солишади. Қайси ҳайвон дарёдан сузиб ўтолса, ўшаларнинг номи билан йилларни номлашга келишиб олишади.
Дарёдан биринчи туя чиқиб келади. Кейин кетма-кетлик билан сигир, йўлбарс, қуён, балиқ, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит ва чўчқа сузиб чиқади. Шу тариқа йиллар тақсимланиши керак эди, аммо бир муммо чиқиб қолади. Туя ўзи билмай устида сичқонни олиб ўтган эди. У қирғоққа етганда унинг боши устида келган сичқон ерга биринчи бўлиб тушади ва буни ҳамма кўради. Кенгаш бу масалани кўриб чиқиб, биринчи йил номига туянинг ўрнига сичқонни ёзишади. Шундан “йилдан қолган туя” деган ибора қолган.
Қозоқларда сақланган яна бир афсона ҳам жуда қизиқарли. Унга кўра, хоқон олдида мучал йили бўйича кенгаш бошланганда ҳовлидаги ҳайвонлар биринчилик учун баҳс бошлашади. От айтади: “Албатта, мен жилоғаси – биринчи йил бўламан, чунки одам мени минади, мен унинг узоғини яқин қиламан, у менинг сутимдан қимиз тайёрлаб ичади, жунимдан арқон ва ип тайёрлайди. Мен одамнинг чин йўлдошиман”.
Туя унга қўшилмайди: “Сен одамга ишлаётган бўлсанг ҳақингни олаяпсан. Арпа, сули, йўнғичқа еб юрибсан. Ишласанг ўзинг учун ишлаяпсанку. Мана мен одамнинг оғирини енгил қиладиган. Сен мен кўтарган юкни кўтариб кўрчи? Мен оғир юк билан ойлаб йўл юраман. Одам нимани берса, ўшани ейман. Тиконми, шувоқми – ноз қилмай ейвераман. Сув берса ичаман, бермаса нолимайман, ташналикка чидаб юравераман. Албатта жилоғаси мен бўлишим керак”.
Шунда сигир бошлаб қолибди: “Мен одамнинг ерини ҳайдайман. Одам менинг сутимни ичади, ундан қаймоқ, қурт, ёғ тайёрлайди”. Унга қўй қўшилибди: “Мен-чи, мен?! Қозоқнинг ўтови нимадан. Менинг жунимдан тайёрланган кигиздан. У менинг ҳам сутимни ичади, ундан қаймоқ, қурт, ёғ тайёрлайди”. Ит вовуллабди: “Агар мен бўлмасам, ҳамманг бўрига ем бўлардинг. Туни билан ухламай одамни қўриқлайман. Ёв келса хабар бераман, уни уйғотаман”. Шунда товуқ айтибди: “Азонда ҳаммангизни мен уйғотаман. Тухум бераман. Патларим ёстиқ бўлади.” Уларнинг тортишувини тинглаб ўтирган сичқон одамга ёқадиган бирон яхши хислати йўқлигини билиб, айёрона иш тутибди: “Бу баҳслардан фойда йўқ. Яхшиси, амалда синашиб кўриш керак. Мисол учун, ким тонгда қуёшнинг чиқишини биринчи бўлиб кўрса, ўша йилни бошлаб берсин.” Шунда туя кибрланиб ўрнида турибди: “Мен ҳаммадан баланд бўлсам, ким ҳам мендан олдин кўриши мумкин қуёшни?”. У шундай дея сичқонни қўллаб қувватлабди. Ҳамма кўнибди. Одамлар ҳам чиқиб, барчаси қуёш чиқишини кутишибди. Қуёш чиқаётганда туя мағрур туриб кузатар экан, айёр сичқон сакраб унинг бошининг учига чиқиб олибди ва ҳаммага қарата: “Ана қуёш”, дея кўрсатибди. Шундай қилиб, “бўйим бор деб суюнган туя йилдан қолибди”.
Қалмоқларда сақланган бошқа бир манбада туя мучалдан чиқиб кетмагани, ўн икки йилда ҳам сақлангани айтилади. Унга кўра туянинг қулоғи сичқонникига, кўзи илонникига, лаби қуённикига, кўкраги йўлбарсникига, устидаги букриси маймунникига, бўйни аждарникига, товони сигирникига, думи чўчқаникига, тиззаси итникига, бошининг тепаси товуқникига, ёллари отникига ўхшаши билан, туя мучалда сақланган дейилади[9].
Шарқ халқларида мучал йили билан боғлиқ афсона ва эртаклар, маталлар, мақоллар жуда кўп. Бу ҳақда фольклоршунос Алексей Бурикин ажойиб маълумотлар тўплаган. Бироқ афсоналарнинг аксарияти примитив хусусиятли ёки бир-бирини такрорлайди. Уларда аниқ саналар акс этмаган. Шунинг учун мучал ҳисобининг келиб чиқишини далиллар билан асосланган илмий маълумотларга шарҳлаш ўринли бўлади.
Мучал тарихи
Мучал қаерда пайдо бўлган?
Европа олимлари мучал ҳисобининг эҳтимолий ватани сифатида тўртта жойни кўрсатишган: Ҳиндистон, Хитой, Яқин Шарқ (Миср) ва Марказий Осиё.
Ҳиндистон мучал йилининг ватани бўлиши мумкин эмас. Чунки уларнинг ўз календари бўлган ва мучал ҳисобига эҳтиёжи бўлмаган. Қолаверса, ҳиндлар календарларидан ҳайвон номларидан фойдаланмаган. Эрон ва Ҳиндистонга мучал ҳисоби туркийлар ва хитойликлар орқали кириб борган.
Мисрликларнинг мучал йили ҳам оригинал тизим эмас. Уларнинг мучал ҳисоби ҳам туркийлардан ўзлашган. Мисрликларнинг мучал ҳисобида туркий мучалга бир нечта ўзгаришлар киритилган: от – эшак, барс – шер, қўй – эчки, сичқон – мушук, чўчқа – гўнгқўнғиз, қуён – қарчиғай, товуқ – ибис билан аламаштирилган[10].
Хитойликлар дастлаб 10 йиллик циклдаги тақвимдан фойдаланишган. Мучал тақвими Хитойга Турк хоқонлиги даврида кириб борган. Шунинг учун мучал ҳақидаги илк манбалар Тан империяси давридаги Таншу китобида ёзилган. Тан империяси Хитойнинг шимолий қисмида ҳукм сургани ва кўплаб туркийлар уларнинг империясига киргани эса Ўрхун битикларидан маълум. Хитой олимлари, хусусан, 19-асрда яшаган Ван Инлия, Юнь-сун ва Оу-бэй тахаллуси билан танилган Чжао Инлар ёзиб қолдиришган. Уларнинг асарларини таҳлил қилган хитойшунос француз олими Эдуар Шаванн бу ҳақда ўзининг “Le cycle turc des douze animaus” асарида батафсил маълумот қолдирган[11]. Демак, “мучал”нинг мукошифлари туркийлар ва бошқа олтой халқлари бўлган.
Мучалнинг тарихи жуда қадим даврларга бориб тақалади. Агар қарайимларнинг “Улуғ Ата санави”га далил сифатида қарасак, мучал ҳақидаги афсонада айтилган хон Ўғузхон бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, мучал йилининг тарихи беш минг йил олдинга силжийди.
Илк ёзма манабаларимизда мучал йили ҳақида маълумотлар сақланган. Ўрхун ёзувларида, “Ирқ битиги”да, “Олтун йаруқ”да ва бошқа уйғур ёзувларида, Берунийнинг қатор асарларида, Кошғарий луғатида, Жамолиддин ибн Муханнанинг “Китаб хуллийат ул-Инсан ва хулат ул-лисан” асарида, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний”сида мучал ҳақида маълумотлар берилган.
Қултегин битигида қўйидаги ёзувлар бор:
Қултегин қўй йилида, етти йигирмада (ўн еттинчида) учди. Тўққизинчи ой, етти ўтузда (йигирма еттинчида) йўқартурдик (кўмдик). Барқин бадизин, битиг тошин бичин (маймун) йилининг еттинчи ой, етти ўтузда (йигирма еттинчида) кўп алқадимиз (кўпчилик бўлиб алқадик, дуо қилдик, абадийлаштирдик).
Ирқ битигида барс йили тилга олинган.
Барс йили, иккинчи ой беш йигирма (ўн бешинчи) кунида Тайғундан манустандаги (ибодатхонага) кичик диндар бурвагуруга ва эшидичимиз (тингловчимиз) Исиг сангун ва Итачук учун битдим.
“Олтун йаруқ”да қуён йили тилга олинган. Уйғур ёзувларида сичқон йили (Küskü jyl), товуқ йили (Taqyqu jyl), маймун йил (Bicin jyl), от йили (Jont jyl), Қисаси Рағбузийда ит йили (It jyl) тилга олинган.
Бундан кўринадики, мучал йил ҳисоби туркийлар ҳукм сурган бутун ҳудудларда кенг таркалган.
Мучал йилидан қандай мақсадларда фойдаланилган?
Тарихдан маълум, илк тақвим Мисрда кашф этилган ва у деҳқонларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Нил дарёсининг тошишини аввалдан аниқлаш учун олиб борилган кузатишлар давомида яратилган. Мучал тақвими эса табиат ҳодисаларини олдиндан башорат қилиш, чорвадорларнинг йиллик циклдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан. Шунинг учун йиллар ҳайвон номлари билан номланган.
Мучал йили – бу оддий тақвим. У, аввало, тарихий воқеаларни вақт тартибида қайд этиш, давлат ва жамият ишларини тизимлаштириш, учрашувлар, иш ва таътилларни режалаштириш, экин экиш ва ҳосилни йиғиб олиш вақтини аниқлаш, тўй, байрам, маросимлар, ибодат вақтини белгилаш учун хизмат қилади. Мучал йили ҳам шу вазифаларни бажарган. Аммо... одам зоти борки, ўзига ўзи зиён қилгувчидир. Асрлар силсиласида одамлар мучал йилларини ҳам шакраллаштириб, ирим-сиримлар билан бежашган.
Қадимда аждодларимиз йилларни оғир ва енгил йилларга ажратишган[12]. Одамларнинг характерини кўпинча улар туғилган йилларга номи берилган ҳайвонларнинг характери билан боғлашган. Бу монийлик ва буддизм таъсирида шаклланган бўлиши мумкин. Чунки бора-бора мучал ҳам фолбинларнинг қуролига айланган. Ирқ битигида мучал йилларининг келтирилиши айнан шу мақсадларга йўналтирилган. Демак, буддизм элементлари Уйғур хоқонлиги даврида туркийлар оламига кириб келган ва мучал йилигига мослаштирилган.
Мучал йил ҳисоби ислом даврида ҳам сақланиб қолган. Ҳижрий йил тақвими билан параллел тарзда қўлланилиши сабаб, икки тақвимнинг симбиози ҳам юзага келган. Шунинг учун сўфий фолбинлар ва қушночлар ҳам мучал тақвимидан ўз мақсадларида фойдаланишган.
90-йиллар – исломий руҳ уйғона бошлаган, аммо китоблар йўқлигидан ҳамма билган-билмагандан сўраб ўрганадиган давр эди. Бир дўстимиз “эшон” оти бор бир кишидан бориб “бу йил рўза тутишни бошласам бўладими, йўқми?” деб маслаҳат сўрабди. Эшонбобо эса “китоб”ини кўриб, “бу йил ит йили – ҳаром йил экан, шошмай тур кейинги йилдан тутарсан!” деб маслаҳат берибди. Ўша йиллари газета, журналларда ҳам мучал ҳақида мақоллар кўпайди. Яна камига мунажжимлар башорати рукни остида буржлар ҳақида ҳам эслатмалар пайдо бўлган ва бу кўпинча диний қадрият сифатида табдил этилар эди. Аслида эса мучал ҳисоби ва буржларнинг биронта монотеистик динга алоқаси йўқ. Мучал йилларнинг, буржлар эса ойларнинг ҳисобини олиш учун зарурат ўлароқ шаклланган.
Мучал ва буржга кўра башорат қилиш, фол очиш, инсонларнинг характерини, тақдирини белгилаш соғлом одамнинг иши эмас. Бу иш ҳиндуийлик, буддавийлик, синтоийлик каби динлар ёки шаманизм, анимизм каби анъанавий эътиқод шаклларига хос бўлиб, монотеистик динларда қаттиқ қораланади. Негизи, бундай амаллар атрология аталмиш сохта фан билан боғлиқ бўлиб, одамларни чалғитишдан бошқа нафи йўқ. Атрология олимлар томонидан ҳам танқид қилинади. 1975 йилда 186 нафар дунёнинг энг машҳур олимлари, улар қаторида 18 нафар Нобель мукофоти лауриятлари ҳам “Астрологияга қарши эътироз”ларини эълон қилишган[13].
Унда мучал ҳисоби нима учун керак?
Мучал ҳисоби ўз вазифасига кўра, муҳим саналарни ёдда сақлаш ва уларни аниқлаш, вақтни тартибга солиш, шунга кўра ишлар ва тадбирларни режалаштириш учун керак бўлган.
Мучал ҳисоби чорвадор кўчманчилар томонидан кашф этилган ва у ўтроқ халқлар учун, хусусан шаҳар учун мос келмайди. Шунинг учун Хитой, Ҳиндистон ва Европаликлар ундан етарлича фойдалана олишмаган. Марказий Осиё чўлларида ва ўрмонларида эса мучал ҳисобидан воз кечишнинг иложи йўқ. Чунки ҳамон минглаб чақирим майдонларни эгаллаган, цивилизациялар мутлақо таъсир этмаган ҳудудлар мавжуд бўлиб, бу ерларда чорвадорлар осмон жисмлари ҳаракатини билмаса чорваси нобуд бўлади.
Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ҳам мучал йилини билса зарар қилмайди. Бу зарурат туғилганда ҳар бир инсонга керак бўлади. Ҳар 12 йилда инсон жисмоний, ақлий ва руҳий жиҳатдан янгиланиши, бу унинг умридаги улғайиш ва қариш босқичлари эканини геронтологлар аллақачон эътироф этган. Шу жиҳатдан мучалга эътибор эътирозга сабаб бўлмайди. Қолаверса, бу бизнинг ота-боболаримизнинг кашфиёти, илмий мерос ва қадриятдир. Аммо мучал ҳисобини оккультизм[14] билан боғлаш, муштарийлар сонини кўпайтириш учун қайсидир астрологнинг берган сохта маълумотларини матбуотда эълон қилиш ахлоққа зиддир.
Мучал йилларига ном берган ҳайвонлар характери шу йилда туғилган одам характерига таъсир этмайди. Характерда ген, тарбия ва хулқ асосий ўрин тутади. Йиллар ҳалол ва ҳаром йилларга бўлинмайди. Гарчи, ўн икки ҳайвондан олтитаси сигир, қуён, балиқ, от, қўй, товуқнинг гўшти ҳалол, қолган олтитаси сичқон, йўлбарс, илон, маймун, ит ва чўчқанинг гўшти ҳаром бўлса ҳам унга мутассибона ёндашиш хатодир.
Ҳар йили бир нарсанинг гувоҳи бўламиз. Янги йил (Григорий календари бўйича) келишидан олдин ижтимоий тармоқлар, телевидение ва бошқа матбуот воситаларида мучал тақвимидаги навбатдаги ҳайвон ҳақида ахборотлар кўпаяди. Аммо ҳеч ким фаросат этмайдики, мучал йили январ ойидан бошланмайди. 2026 йил январда от йили кирмайди. От йили 2026 йил 22 мартдан бошланади.
От яхши ҳайвон. Афсонада отнинг ўзи айтганидек, “одам уни минади, у одамнинг узоғини яқин қилади, сути, қимизи, жунидан фойдаланади”. Аммо бу билан от йили бошқа йиллардан баракали, шу йилда туғилган одам бахтли бўлавермайди.
Анвар БЎРОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси
[1] Тадина Н.А. О жизненных этапах человека в контексте традиции счета возраста у алтайцев. Томский журнал ЛИНГ и АНТР. 2023. 3 (41). – С. 154-164.
[2] Gerontologiya (qadimgi yunoncha γέρων “qari odam” + λόγος “ta'limot” so‘zlaridan olingan) – inson qarishining biologik, ijtimoiy va psixologik jihatlarini, uning sabablari va unga qarshi kurashish usullarini o‘rganadigan fan.
[3] Севортян Э.В. Этимологический словарь тюркских языков. 7- том . – М.: Наука, 1974. – С. 96-98.
[4] Аракчаа, Л.Д. Солнечные лучи как определитель времени в юрте / Л.Д. Аракчаа – Текст: непосредственный // Юрта – традиционное жилище кочевых народов Азии. Тезисы Международного конгресса – Кызыл, 2004. – С. 133-134.
[5] Улугъ Ата Санавы. Народный календарь караев. http://karai.crimea.ru/391-ulug-ata-sanavy.-narodnyjj-kalendar-karaev.html
[6] Oğuzhan Jeyhan. Türk Astrolojisi-2. https://archive.ph/20130104145343/http://www.ntvmsnbc.com/id/25085903/#selection-1947.0-1949.31
[7] Девони луғатут турк(индекс-луғат). Тошкент. “Фан” нашриёти. 1967. – 350 б.
[8] Захарова И.В. Двенадцатилетний животный цикл у народов Центральной Азии. Труды Института истории, археологии и этнографии академии наук Қазахской ССР. Том 8. – Алматы: 1960. – С. 32-65; Самойлович А. Об изменениях в 12-летнем животном цикле у некоторых турецких племён // Известия Таврической учёной архивной комиссии. 1913, № 49 . – Симферополь: Типографія Таврическ. Губерн. Земства. 1913. – С. 133–138.
[9] Бурыкин А.А. Календарный 12-летний животный цикл в фольклоре калмыков и других народов Азии // Монголоведение. 2020. Т. 12. № 4. С. 679–691.
[10] Захарова И.В. Двенадцатилетний животный цикл у народов Центральной Азии. Труды Института истории, археологии и этнографии академии наук Қазахской ССР. Том 8. – Алматы: 1960. – С. 32-65.
[11] E.Chavannes. Le cycle turc des douze animaus. “T'oung Pао”, 1906, T. VII, стр. 68.
[12] Тадина Н.А. О жизненных этапах человека в контексте традиции счета возраста у алтайцев. Томский журнал ЛИНГ и АНТР. Tomsk Journal LING & ANTHRO. 2023. 3 (41). – С. 154-158.
[13] Пружинин Б.И. Псевдонаука сегодня // Вестник РАН. 2005. № 2. С. 117–118.
[14] Оккультизм (лот. occultus – яширин, махфий) – инсон ва коинотдаги яширин кучлар, тубан дунё билан боғлиқлик мавжудлигига ишонч билдирувчи ва улар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилувчи таълимотилар ва амалиётлар мажмуаси; у алхимия, астрология, магия кабиларни ўз ичига олади. Бу фан, фалсафа ва динни ўзига хос тарзда бирлаштирган, илмий билимларга зид бўлган “махфий билимлар” йўналиши.
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Жараён
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ