2025 йил ўзбек тилида нашр этилган энг яхши 10 асар


Сақлаш
16:58 / 29.12.2025 9 0

XXI асрнинг чорак даври ҳам поёнига етмоқда. Мазкур ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлару сунъий интеллектлар билан омихталашиб кетган талатумли асрда мунтазам китоб мутолаа қилиш долзарб масалага айланди. ХVII асрдаёқ оммавийлашган китобхонлик маданияти бугунги кунга келиб сон жиҳатдан ўсиб бораётган бўлса ҳам, сифат борасида сусаяётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Хусусан, Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликда китобхонлик маданиятида кескин ўзгаришлар содир бўлди. Аввало, бозор иқтисодиёти – капитализм сабаб ўқирманларда танлов имконияти анча кенгайди, натижада эса китобхонлар энди нафақат муаллиф ва асарларни, балки нашриёт, таржимон ва муҳаррирларни ҳам танлашни бошлади. Бу орада сифатсиз китоблар, яроқсиз таржималар, мантиқсиз матнлар кенг урчиди. Шу сабаб ҳам 2025 йилда ўзбек тилида нашр этилган тарихий, ижтимоий, фалсафий, бадиий, дидактик ва болалар адабиётидан энг сара 10 та китоб рўйхатини тайёрладик.

 

«ОЛТУН ЁРУҒ»

 

Мазкур сутра туркий халқлар маданий ҳаётидаги энг муҳим саҳифалардан бирини ташкил этади. Асар ёзма манба сифатида қадимги туркий халқларнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрнини белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Милодий I асрда ёзилган «Олтун ёруғ» (олтин сингари нур) бевосита «Авесто» билан боғлиқ манба ҳам ҳисобланади. Йигирма аср бурун Марказий Осиёда истиқомат қилган орийларнинг жанубга – Ҳиндистонга кўчиши ва туркий қавмлар томонидан Кушон империясининг барпо этилиши, бугунги жанубий Ўзбекистон ҳудудларида буддавийлик динининг кенг ёйилиши ҳинд, уйғур, хитой, шунингдек ўзбек халқларини бир тамаддунга бирлаштирувчи «Олтун ёруғ» асари яратилишига сабаб бўлди. Асар тил жиҳатдан ҳам «Авесто»га яқин, фақат товушларда ўзгаришлар рўй беради, мифологик қаҳрамонлар орасида ҳам умумийлик бор. Шунингдек «Авесто» зардуштийликни, «Олтун ёруғ» эса махаяна мазҳабини тарғиб этиш учун ёзилган бўлсада, икки асарда ҳам туркий халқлар маданиятига оид бир қатор култлар мавжуд. Масалан, олов – оташнинг муқаддаслиги, ёки улуғвор, ноёб ўсимликлардан умрбоқийлик ичимлигини тайёрлаш, ер ости ҳукмдори – Эрликхоннинг икки асарда ҳам учратиш мумкинлиги шулар жумласидандир. Яна асар қорахонийлар китобат ва чиғатой адабий тилининг шаклланишига ҳам катта таъсир кўрсатган. «Олтун ёруғ»нинг илк тадқиқот ишлари ўтган асрнинг ўнинчи йилларида рус олими С.Э.Маловнинг Хитойга қарашли Гансу провинциясидаги Виншгу қишлоғи буддавийлик ибодатхонасидан қўлёзмани топиб олиниши билан бошланди. Илк бор профессор Радлов томонидан таржима қилинди. Кейинчалик эса туркий тиллар орасида биринчи уйғур, кейин эса ўзбек тилларда татбиқ этилган матнлар нашр этилди. Айниқса, 2025 йил Насимхон Раҳмон томонидан татбиқ этилган «Олтун ёруғ» асарининг нашр этилиши ўзбек китобхонлик маданияти учун бебаҳо туҳфа бўлди десак, янглишмаган бўламиз.

Нашриёт: Забаржад Медиа

Адади: 200 нусха

 

«ТУРКИСТОН КУНДАЛИГИ» – ФРИЦ УИЛФОРТ

 

Муҳандислиги сабаб Ўрта Осиёга жўнатилган австриялик захирадаги зобит Фриц Уилфорт 1915-1921 йиллар оралиғида Наманган, Жиззах ва Фарғонада ўтказган кунларини кундалигига қайд этиб борар экан, бир томондан Самарқанд, Помир ва Олой тоғ тизмаларидаги фусункор оламга мафтун бўлса, бир томондан «Босмачилар ҳаракати», Жиззах қўзғолонининг тирик гувоҳига айланади. Биринчи жаҳон уруши пайти Чор империясига асир тушган зобитларни узоқ юрт – Туркистонга жўнатилиши, маҳбусларнинг тинимсиз қўним ерларини ўзгартирилиши, ўша йилларда халқимиз, ота-боболаримиз томонидан тўхтовсиз амалга оширилган миллий озодлик ҳаракати – «босмачилик»дан дарак беради. Уилфорд кундалигида қайд этганидек эркка бўлган ташналик оқибатида «газетадаги хабарлар эскириб қолаётган эди». Шунингдек, китобда аянчли ют – очарчилик йиллари ҳам тилга олинади, халқнинг ўсимлик илдизлари билан қурсоғини тўйдиришга мажбур бўлганликлари қирғизларга менгзалади. Қўқон Мухториятининг эълон қилиниши ва қизил армия томонидан шафқатсизларча озодлик сиймосининг йўқ қилинишига ҳам Уилфорд ўз кўзлари билан шоҳид бўлади. Бундан ташқари, Туркистонда кечирган олти йил ичида халқнинг маданий, маърифий, қадим урф-одатларига ҳам гувоҳ бўлади. Пироварди эса ўз она юртига қайтади. Китоб – кундалик нафақат тарихни севувчи, балки қадриятларга содиқ, асл ўзлигини қўмсаган китобхонлар учун ҳам бирдек қадрли. Асар «Аслият тарихи» номли рукнда чоп этилган.

Нашриёт: Академнашр

Адади: 1000 нусха

 

ЖАДИД АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИ

 

Илк нашр этилганда катта адабий резонансларга сабаб бўлиб, ўқирманлар орасида жадид адабиётига муҳаббат кескин оширган «Жадид адабиёти намояндалари»нинг навбатдаги туркум китоблари ҳам, шубҳасиз йилнинг, балки сўнгги ўн йилликнинг ҳам энг яхши китоблари сирасидан жой олди. Тўпламнинг бу галги китобларида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов каби таниш номларга кўзимиз тушса, Мўминжон Тошқин, Элбек(Мирмашриқ Мирюнусов), Фозилбек Отабек ўғли сингари нотаниш исмларни ҳам учратамиз. Шунингдек, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг икки томлик олдин нашр этилмаган таржималари ҳам туркумга ўзига хос жило бахш этган. Авлоний ва Фитрат қўлида тарбия топган Элбек асарларини тўплашда профессор Баҳром Ирзаев, Чўлпон билан елкадош таълим берган, бизга болаликдан таниш асар «Робинзо Крузо»нинг илк таржимони Фозилбек Отабек ўғли ва энг сўнгги жадид – Тошқин асарларини тартиблашда филология фанлари бўйича фалсафа доктори Искандар Мадғозиевларнинг иштироки эса туркум қийматини янада оширади. Ўқирман «Жадид адабиёти намояндалари» рукнида тайёрланган китобларни мутолаа қилар экан, ўзини шу ватаннинг онгли фуқароси, юрт ва миллат тақдири учун масъул инсон сифатида ҳис этади.

Нашриёт: Забаржад Медиа

Адади: 2000 нусха

 

«ОЧЛИК» – КНУТ ҲАМСУН

 

Ҳамсун ихлосмандлари учун бу йил омадли келди, «Очлик» романи бир эмас, икки нашриёт томонидан, айри-айри тилдан таржима қилиниб, ўқирманларга тортиқ этилди. Биз эътироф этмоқчи бўлган нашр эса устоз таржимон Қодир Мирмуҳаммедов томонидан ўзбек тилига эврилган бўлиб, асарнинг асл моҳияти кўпроқ сақланиб қолган. Зотан устоз ўзининг хотираларида таъкидлаганларидек: «шўрванинг шўрваси бадҳазм бўлади». Лекин норвег эмас, балки рус тилидан таржима қилинишига қарамасдан асарда Ҳамсун руҳияти тўлақонли сақланиб қолган. Роман мутолааси чоғида: «...инсон бошидан ўтказган вазиятларини мулоҳаза этиб хулоса чиқаради. Масалан бугунги башар – биз учун очлик тушунчасининг моддий англами йўқ. Чунки ҳеч биримиз хом гўштни ейишга қадар бўлган очлик танимизни маҳв этганига дучор бўлмаганмиз. Биз фақатгина маънавий очлик соҳиб ва соҳибаларига айланиб бормоқдамиз. Агар электр токи узилса, телефон ва гаджетларимизнинг қуввати ўчса, атрофимизда вақт секинлашганига, маъно кирганига гувоҳ бўламиз. Биз айнан шу очликка дучормиз. Вақт қадрланувчи замонларга бўлган интилувчи маънавий очликка», каби хулосаларга келиши табиий. Бундай ташқари Ҳамсун ижоди серқирра бўлиб, ҳар ким асар мутолаасидан ўзига хос хулосаларга келади.

Нашриёт: Янги аср авлоди

Адади: 2000 нусха

 

ДУНЁ ШEЪРИЯТИ

 

Китоб муаллифи ҳар доим ҳам ёзувчи бўлавермайди, таржимон ҳам бўлиши мумкин. Карим Баҳриев эса айнан шундай, таржимаси қадрланиши керак бўлган муаллифлардан. Ўттиз йиллик умр жо бўлган бир ярим минг саҳифадан ортиқ тўпламда 144 мамлакат шеъриятидан 494 шоирнинг шеърлари жам бўлган. Бундан ташқари китобда фольклор намуналари, халқ қўшиқлари, баёт ва исми номаълум шоирларнинг ишлари ҳам ўрин олган. Бир дунё, 5 қитъа, 9 бўлга, 144 мамлакат, 494 шоир ижодини жамлаган китоб! Шу тариқа ўзбек ўқирмани учун Бангладеш, Бутан, Комбоджа, Лаос, Непал, Осетия, Тайван, Ангола, Габон, Гамбия, Кот-Дъивуар, Уганда, Венгрия, Кипр, Люксембург, Куба, Пуэрто-Рико, Янги Зеландия, Гондурас, Гаити ва Доминикан шеърияти каби янги дебочалар очилди. Бундан ташқари тўплам сўзбошисини Ўзбекистон Қаҳрамони, моҳир таржимон Иброҳим Ғафуров салмоқ билан ёзганликлари ҳам китоб қиймати осишига хизмат қилган.

Нашриёт: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси

Адади: 1000 нусха

 

ҚЎРҚУТ ОТА КИТОБИ

 

Қўрқут ота китоби – туркий халқларнинг энг қадимий достонларидан бири бўлиб, мифопоэтик асослари уч минг йиллик қадимий тасаввурларга бориб тақалади. Достонларда туркий қавмларнинг давлат ва салтанат тиклаш йўлидаги курашлари, ижтимоий ҳаёти, урф-одат ва дунёқараши рамзий тарзда ифода этилган. Мифологик жиҳатдан «Қўрқут ота китоби» «Гўрўғли» достонлари туркумининг якуний босқичи саналади. Ҳар бир ривоятда халқ донишманди Қўрқут ота саҳнага чиқиб, воқеа- ларни умумлаштирувчи ҳикмат ва насиҳатлар айтади. Достоннинг ёзма нусхалари ХИВ-ХВИ асрларга оид бўлиб, ХIХ аср бошида Германияда ориэнталист Ҳ. Ф. вон Дис томонидан достоннинг айрим қисмлари таржима қилиниб чоп этилиши билан жаҳон илмий жамоатчилиги эътиборини тортди. Ундаги қадимий мифлар ва рамзий образлар бутун дунёда катта шов-шув кўтарган, натижада достон туркий халқлар меросидан ташқари, умуминсоний тафаккур хазинасининг муҳим бўлаги сифатида ЮНEСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Достоннинг ўзбекча таржимаси эса Муҳаррем Эргин нашри асосида тайёрланиб, «Жаҳон мифологияси» рукнида чоп этилган.

Нашриёт: Янги аср авлоди

Адади: 5000 нусха

 

«ОҚСОЧ ҲИКОЯСИ» – МАРГАРEТ ЭТВУД

 

Маргарет Этвуд давримизнинг энг кароматгўй мурувватпешаларидан ҳисобланади. Асарларида тилга олган воқеа-ҳодисалар, хавфлар кўп ўтмай содир бўлади. «Оқсоч ҳикояси» ҳам шундай башоратли китоблардан бири сифатида кўп шов-шувларга сабаб бўлган. Айниқса, иқлим ўзгариши асносида фарзанд кўриш камайиб кетиши шулар жумласидан. Асар сиёсий ёки диний тизим ҳақида эмас – инсоният ўзининг тизимга айлантириб юбориш фожиаси ҳақида. Китоб руҳий жароҳатни босқичма-босқич, шошмасдан очиб боради. Ўқир экансиз, ҳикоя сизни ташқаридан кузатмайди, ичингизга кириб, эътиқодингиз, қўрқувингиз, қадриятларингиз билан суҳбатга киришади, турфа саволларни ўртага ташлайди. Китобда тилга олинган тизимнинг энг хавфли томони эса қурол эмас, унга кўниккан онгдир. Этвуд шу «кўникиш»нинг оғриқларини қулоғингизга шивирлайди. Шунинг учун ҳам асарнинг якуни кўпчилик кутгандек портлаш эмас – сокин бўшлиқдан иборат. Балки айнан шу бўшлиқнинг ўзи энг баланд ҳайқириқдир: Ҳар қандай тарихчи яхши биладики, ўтмиш бу фақат акс-садолар билан тўлган буюк зулматдир. Овозлар бизгача етиб келиши мумкин, аммо сўзлари уларнинг ўзи чиқиб келган макон мавҳумоти билан тўйинган. Қанча уринмайлик, бугунги нурафшон кунларда уларнинг мазмунини ҳар доим ҳам аниқ чақолмаймиз. Этвуд ҳақида, асар ҳақида, тузуму тизимлар ҳақида кўп гапириш мумкин, аммо китоб бир бор ўқиб кўрилгани афзал адабиётлар сирасига киради. Таржима адабиётимизда бундай китоблар сонининг ошиб бораётгани қувонарли.

Нашриёт: Мусаффо

Адади: 3000

 

УСБОРНE

 

Британиянинг Усборне нашриёти томонидан тайёрланган «Пул», «Кимё» ва «Биология» китоблари таржимаси ёшлар учун замонавий билим эшигини очувчи, содда, равон ва визуал материалларга бой илмий-оммабоп қўлланмалардир. Мазкур китоблар мураккаб тушунчаларни енгил ўзлаштириладиган шаклга келтириши, рангли чизмалар, диаграммалар ва реал ҳаёт мисолларидан фойдаланиши билан ажралиб туради. «Пул» китоби ўқувчиларга иқтисодиёт асослари, пулнинг тарихи, молиявий тизимлар, банклар, жамғарма ва бюджет бошқаруви бўйича содда, амалий ва бугунги замонда айниқса зарур бўлган билимларни беради. «Кимё» китобида моддалар тузилиши, элементлар, реакциялар ва кундалик ҳаётдаги кимёвий жараёнларни қизиқарли изоҳлар орқали очиб бериб, фанга қизиқишни уйғотади. «Биология» китоби эса тириклик оламининг тузилиши, инсон организми, ўсимлик ва ҳайвонлар ҳаёти, экологик мувозанат каби мавзуларни аниқ, содда ва болалар учун қулай усулда ёритади. Ушбу уч китобнинг нашр этилишдаги энг катта аҳамияти – болалар ва ўсмирлар учун илмий саводхонликнинг мустаҳкам асосларини яратиш, яъни молиявий фикрлаш, табиий фанларни тушуниш, дунёни илмий нуқтаи назардан кўриш кўникмаларини шакллантириш. Мазкур уч китоб нафақат болалар учун, балки катта ёшлилар учун ҳам бирдек фойдали.

Нашриёт: Фаренгейт

Адади: 3000

 

«365 ТАВСИЯ» – Й.О.КОМАРОВСКИЙ

 

«365 кун» – машҳур педиатр Евгений Комаровский томонидан ёзилган ва ота-оналарга болалар саломатлиги ҳамда парвариши ҳақида бир йил давомида кундалик тарзда содда, тушунарли ва амалий маслаҳатлар берувчи қўлланмадир. Китобнинг асосий мақсади болани тарбиялаш ва асраш жараёнидаги кераксиз қўрқувлар, ортиқча дори-дармонлар ва чалкаш маълумотлардан ҳоли тарзда, содда ва илмий асосланган ёндашувни тарғиб этишдир. Унда болани тўғри овқатлантириш, гигиена, уйқу режими, иммунитетни мустаҳкамлаш, мавсумий касалликлардан ҳимояланиш, уй шароитида тўғри парвариш, шунингдек, ота-она ва бола ўртасида соғлом муносабатларни шакллантириш каби мавзулар кундалик мақолалар тарзида ёритилган. Ҳар бир саҳифа бир кунлик фойдали тавсия бўлиб, китоб йил давомида ота-оналарга йўлдош бўла оладиган, ўқилиши енгил, жўн ва ҳаётий маслаҳатлар билан бойитилган амалий қўлланмадир. Асарнинг ўзбек тилида нашр этилиши биздек болажон халқ учун бебаҳо туҳфа десак, муболаға бўлмас.

Нашриёт: Академнашр

Адади: 2000

 

«МEНИНГ ҲИКОЯМ» – МИШEЛЬ ОБАМА

 

«Менинг ҳикоям» — АҚШнинг собиқ биринчи хоними Мишель Обаманинг ҳаёти, ёшлиги, қийинчилик ва ютуқлари ҳақида самимий тилда ёзилган мемуар. Китоб муаллифнинг болалик йилларидан бошлаб Чикагодаги оддий маҳаллада ўсган даври, ўқиш ва мартаба сари қилган саъй-ҳаракатлари, жамиятдаги тенглик масалалари билан тўқнашуви, турмуш ўртоғи Барак Обама билан танишуви ва Оқ Уйдаги ҳаётигача бўлган катта йўлини изчил ҳикоя қилади. Унда Мишель Обама ўзлигини топиш, жамиятдаги ўрни, аёллар учун имкониятлар, ирқий тенгсизлик, оилавий қадриятлар ва масъулиятли фуқаролик мавзуларини очиқ, ҳалол, ҳаётий мисоллар билан баён этади. Асарнинг энг муҳим жиҳати Мишель аёллар, ёшлар ва орзулари бор ҳар бир инсонни ўз йўлини топишга ундаши, муваффақият фақат тайёр имкониятлардан эмас, балки қатъият, меҳнат ҳамда ўзига бўлган ишончдан туғилишини кўрсатганлигидир. «Менинг ҳикоям» оддий қизнинг кучли, таъсирчан шахсга айланиш жараёнини ёритиб, ўқувчини ҳам ўз ҳаёти ва танловларини чуқурроқ ўйлашга чорлайди. Асар бугунги кунда дунё бўйлаб энг кўп ўқилган илҳомлантирувчи мемуарлардан бири бўлиб, инсоннинг ким бўлиши ва кимга айланиши ўз қўлида эканини эслатиб туради. Гарчи китобнинг сўзма-сўз таржимаси кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган бўлса ҳам, бу ҳол асар қиймати ва ўзбек тилида чоп этилиш ютуғини эътироф этишимизга халал бермайди.

Нашриёт: Асахий Боокс

Адади: 3000

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

13:12 / 26.12.2025 0 30
Худоёрхон ёздирган асарлар

Адабиёт

12:12 / 24.12.2025 0 563
"Қаҳр" – Арзон сотилган мавзу





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 27136
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//