Ўзбеклар такиясининг кашфиётчи шайхи – Иброҳим Адҳам ҳаёт йўли


Сақлаш
18:37 / 19.12.2025 363 0

Ривоятларга кўра, ҳаж зиёрати учун йўлга чиққан Иброҳим Адҳамнинг оиласи Истанбулда, Ускудардаги Султонтепа мавзесида дам олиш мақсадида чодир тикиб, ўзбек палови тайёрлай бошлашади. Ўша вақтда раиятнинг аҳволини ўрганиш мақсадида оддий аҳолидек кийиниб олган Усмонийлар султони Маҳмуд II шу атрофдан ўтиб кетаётиб, чодирга кўзи тушади. Паловнинг хушбўй ҳиди димоғига урилади. Чодирга яқинлашиб, уларнинг кимлигини, қаердан келиб, қаерга кетишаётганини сўрайди. Оила дарров нотаниш меҳмонни чодирга таклиф қилиб, меҳмон қилади, самимий суҳбат қурилади. Меҳмондўстликдан мамнун бўлган султон саройга қайтгач, меҳмонлар учун Султонтепада Такия қуришни буюради. Такия – Усмонийларда бир тариқатга мансуб дин вакилларининг ўзаро мажлис ва суҳбатлар ўтқазадиган, дарвеш ва сўфиларнинг тез-тез тўпланиб турадиган жойи бўлиб, саёҳатчилар учун вақтинчалик бепул бошпана, хонақоҳ сифатида ҳам хизмат қилган. Ўша даврдан бошлаб Султонтепадаги Ўзбеклар Такияси Туркистондан келган ҳожи ва уламолар хизматига топширилади. Бу ердаги бошқарувни Туркистондан келган Нақшбандия тариқатидаги шайхлар амалга оширган.

 

Шайх Иброҳим Адҳам 1829 йили Султонтепадаги ўзбеклар такиясида дунёга келади. Бобоси Муҳаммад Ражаб, отаси Содиқ афанди(вафоти 1846 йил) ҳам такия шайхлигини бажарган бўлиб, Иброҳим Адҳам уларнинг изидан боради. У шайхлик қилган ярим аср давомида такия нафақат диний муассаса балки санъат ва ҳунармандчилик ҳамда маданият марказига айланади.

 

Шайхнинг абрулаган қоғозлари

 

Иброҳим Адҳам «Комий» тахаллуси билан турк, араб, форс тилларида шеърлар машқ қилган, арман ва озарбойжон тилларида ҳам мукаммал гаплаша олган. Тарихий манбаларда шайхнинг бир қанча ҳунарларни эгаллагани эслаб ўтилади. Жумладан, дурадгорıк, темирчилик, кандакорлик, наққошлик, муҳрсозлик, тўқимачилик, машинасозлик, меъморчилик, деҳқончилик билан ҳам шуғулланганидан халқ унга “Ҳазорфан Шайх” (минг ҳунар эгаси) деб мурожаат қилган. Шайх шуғулланадиган энг машҳур ҳунарларидан бири Абри баҳор санъати бўлиб, уни отаси Содиқ афандидан ўрганади. Абри баҳоркитоб тайёрлаш ҳамда безаш санъатлари туркумига кирувчи санъат тури бўлиб, у табиий бўёқлар ёрдамида сув юзасига «чизилган» ранго-ранг нақшни махсус қоғозга ўтказиш йўли билан ҳосил қилинади. Ушбу бўялган қоғозлар абрули ёки абруланган қоғозлар ҳисобланиб, асосан, тарихий қўлёзма асарларнинг жилд, муқовалари, муқоваларнинг ички қисмини, хаттотлик, миниатюра асарларини безашда ва ҳатто нотариал ишларда ҳам фойдаланилган. Усмонийлар давлатида ўша даврда ушбу санъат билан шуғулланадиганлар қолмаган бўлиб, унутилиш ёқасига келиб қолган эди. Иброҳим Адҳамнинг отаси Содиқ афанди ушбу санъатни Бухородан Истанбулга олиб келгач, Абру Баҳор санъати Истанбулда қайта тикланади. Аждодларимиз туфайли ушбу санъат бугунги кунгача Туркияда эбру санъати сифатида яшаб келмоқда.

 

Иброҳим Адҳам ушбу санъатни яшатибгина қолмай, уни янада ривожлантиради. Санъатда айни вақтгача унинг номи билан аталадиган янги усулни кашф қилади. Иброҳим Адҳам тайёрлаган асарларини гоҳ султон саройи, гоҳ бозорда сотиб, қилган даромади билан бутун оиласини ҳамда такияга келган меҳмонларнинг сарф-харажатларини таъминлаб келган. Шайх 1867 йили Париждаги халқаро кўргазмада иштирок этиб, ихтиро ва асарлари учун махсус медаль билан тақдирланади.

 

Шайхнинг абрулаган қоғозлари

 

Иброҳим Адҳам 1869 йили Туркия тарихидаги илк касб-ҳунар ўргатувчи мактабга мудирликка тайинланади. Шайх бу ерда илм бериш билан бирга кашфиётлар қилишдан, изланишдан тўхтамайди. Мактабда дарс бераркан, у Усмонийлар давлати тарихидаги илк қўрғошин қувурни қуйишга муваффақ бўлади. Бу билан чекланиб қолмаган шайх Усмонийлар тарихидаги яна бир илкка имзо чекади: шайх буғ билан ишлайдиган қайиқ моторини ихтиро қилиб, уни сол қайиққа ўрнатади. Кейин ушбу сол билан Ускудардан Қузғунжук соҳилига қадар сузиб ўтгани тарихий манбаларда қайд қилинган. Бугун Туркияга борган кўпчилик сайёҳларнинг асосий зиёрат масканига айланган Султон Аҳмад масжидининг эшикларидаги бежирим темир тутқичларни ҳам шайх афандининг ўзи ясаган экан. 

 

Иброҳим Адҳамдан унга бегона соҳалардаги янги бирор усул ҳақида сўралганда, унинг жавоби «Тажрибани самога олиб кетмадилар-ки, биз ҳам синаб кўрамиз» шаклида бўлар экан. Шунинг ўзиёқ шайхнинг янгиликлардан қўрқмайдиган, изланувчан инсон бўлганини кўрсатади. Ёшлигидан ўқчиликка ҳам қизиққан Иброҳим Адҳам 1876 – 77 йилларда юз берган турк-рус урушида Ускударда ташкил қилинган «Миллий Табур» бирлигининг қўмондони этиб тайинланади ва жангда иштирок этади.

 

Умрининг охирги йилларида фитначилар тарафидан султон саройида у ҳақида «Такияга тўп тўкиб, саройни ҳавога учириб юборади» деган миш-миш тарқатилади. Шу сабаб шайхни саройдан узоқроққа – Каъба таъмири учун Маккага жўнатишади. У Маккада бўлган вақтида бир инсон жонига қасд қилиб, ўзини зам-зам қудуғига ташлайди, одамлар қанча уринишса ҳам жасадни қудуқдан чиқара олишмайди. Шундан сўнг Макка мири шайхдан ёрдам сўрайди. Иброҳим Адҳам жасадни чиқариш йўлини топиб, узоқ вақт сувсиз қолган Макка аҳолиси дуосини олади. Шайх бундай ҳодиса такрорланмаслиги учун дурадгорлик ва темирчилик ҳунарини ишга солиб, қафас ясатиб, қудуқ ичига жойлаштиради. Қудуққа оддий оёқ кийим тушиб кетса ҳам қафасни осон кўтариб-туширадиган мослама ҳам ўрнатиб беради.

Шайх 1904 йил 75 ёшида Истанбулда вафот этади ва такия яқинидаги қабристонга дафн этилади. Иброҳим Адҳам умри бўйи Баҳоуддин Нақшбанд айтганидек «Дилба ёру — дастба кор» — дили Аллоҳда, қўли эса ҳамиша меҳнатда бўлди, шу шиор асосида яшади. Агар Истанбулга йўлингиз тушса, Иброҳим Адҳам қабрини ва такияда ҳозиргача яшаб келаётган, ўзининг аждодлари Бухородан эканини яхши биладиган шайхнинг авлодларини ва музейини зиёрат қилишингиз мумкин.

 

 Бобурмирзо ҲАКИМОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 34826
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//